Баҳодир Хон Туркистон: ҲОЗИРГИ СИЁСАТ НАТИЖАЛАРИ ҚИММАТГА ТУШИШИ МУМКИН

Баҳодир Хон Туркистон Ўзбекистонга, амалдаги ҳукуматга душман эмас, дўст! У мухолифат сафига ўтган кунидан, “Бирдамлик”ка асос солганидан то шу пайтгача ўзининг давлат бошқарувига, сиёсий масалаларга доир фикрларини, ғояларини очиқ-ойдин айтиб келаётган баҳодир шахс. Боболаримиз “Дўст ачитиб, душман кулдириб гапиради”, деб беҳуда айтмаганлар. Сиёсатчи ҳукумат билан мухолифат ёнма-ён фаолият юритиши керак, мухолифатсиз ҳар қандай давлатнинг тараққиётга юз тутиши қийин, деган фикрда. Баҳодир Хон Туркистон Ўзбекистонни иқтисодий жиҳатдан қудратли давлат сифатида кўриш орзусида. Унда мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш, ўз ғоялари билан ёрдам бериш иштиёқи устун, бошқа демократик давлатлардаги каби юртимизда ҳам адолатли сайловлар ўтказилишини сидқидилдан хоҳлайди, ана шундай сайловларда иштирок этиш тарафдори. Қуйида Баҳодир Хон Туркистон билан бугунги кунда долзарб бўлган масалаларга бағишлаб ўтказган суҳбатимизни ўқишингиз мумкин.

– Баҳодир Хон Туркистон, «Бирдамлик» Халқ демократик ҳаракатининг бундан икки йилча олдин онлайн тарзида ўтказилган йиғилишларидан бирида «Ислом Каримов диктатура тизимини яратди, Мирзиёев давом эттиради», деган нутқингиз билан иштирок этган эдингиз. Бу нутқингиз ижтимоий тармоқларда эълон қилинган, анча баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди. Айниқса, эндигина давлат раҳбари лавозимини эгаллаган Шавкат Мирзиёевнинг Каримов диктатурасини давом эттиришига доир фикрингизга қарши ўшанда ўзига хос «тошбўрон» бўлганди, яъни фикрингизни қўлловчилар билан бирга қаршилар ҳам юзага чиққанди. Мана, Шавкат Мирзиёевнинг Президент бўлганига ҳам икки йилдан ошди. Сизнингча, Президентимиз Устозим дея эътироф этаётган Ислом Каримов сиёсатидан тамомила воз кечиб, янги сиёсий йўлдан кетмоқдами ёки давлат бошқаруви ишларида эскича усуллардан фойдаланмоқдами? Бу ҳақида қандай фикрдасиз?

– Авваламбор, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Шавкат Мирзиёевнинг амал пиллапояларидан тезкор суръатларда кўтарилишига, диктатор И. Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримованинг эътиборига тушишига, унинг Татьяна Каримов яратган коррупция пирамидасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариши туртки берди, деб биламан. Шахсан Шавкат Мирзиёев ўз қўл остидаги амалдорлардан катта миқдорда пора олиб, юқорига, Татьяна Каримовага етказиб турган. Мана ўзингиз ўйлаб кўринг, республикамизда 12 та вилоят бор. Ҳар бир вилоятга ҳоким бўлиш нархи ярим миллион АҚШ долларидан бир миллион АҚШ долларигача бўлган суммани ташкил қилди. Ўзбекистонда коррупция занжири 1996 йилдан кейин кенгайган бўлса, 1996-2016 йилгача, ўтган 20 йил оралиғида вилоят ҳокимлари бир неча марта ўзгарди. Улардан олинган пулларнинг асосий қисми Татьяна Каримовага етказилиб турилган. Республикада 181 та туман, жумладан, 163 та қишлоқ туманлари ва 18 та шаҳар туманлари бор. Ҳар бир туманга ҳоким бўлиш 50 минг АҚШ долларидан 100 минг АҚШ долларигача баҳоланган. Бу пуллар ҳам асосан Татьяна Каримованинг қўлига оқиб бориб турган. Мана шу асосий пораларни Татьяна Каримовага Шавкат Мирзиёевнинг ўзи етказиб бериб турган. Унинг Татьяна Каримова ва Ислом Каримовларга бўлган садоқати, бўйинсинувчанлиги, мулойимлиги ўз вақтида МХХнинг раиси Рустам Иноятов ва диктатор президент Ислом Каримов томонидан доим яхши баҳоланган, бу эса Ш. Мирзиёевнинг юқорига қараб амал пиллапояларини эгаллаб боришига ижобий таъсир қилган. Ҳар бир туманда 10-20 тадан ширкат хўжаликлари бор. Ҳар бир хўжаликка раҳбар, яъни раис бўлиш 5 мингдан 10 минг АҚШ долларини ташкил қилган. Бу пуллар туман, вилоят раҳбарларидан ташқари Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг чўнтагига тушиб турган, бундан Татьяна Каримова манфаатдор бўлмаган. Худди шундай коррупция занжирини прокуратура, Ички ишлар, Суд-адлия тизими ва бошқа соҳа тизимларида ҳам кузатиш мумкин. Ҳар бир соҳанинг ўз шавкатлари бўлиб, улар соҳадаги йиғилган пораларни Татьяна Каримовага узатиб турган. Шу ўринда «нега республикамизнинг собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров Татьяна Каримовага пора етказиб бериб турган бўлса, у қамоқда? деган оддий савол туғилиши мумкин. Сабаби Шавкат Мирзиёев билан Бош прокурор ўртасида бошидан келишмовчиликлар бўлган. Шавкат Мирзиёев ўзининг президент ваколатидан келиб чиқиб, Бош прокурорни қамади, аммо унга номигагина жазо берилади, Бош прокурор ўзлаштирган миллиардлаб долларларга тегилмайди, чунки собиқ Бош прокурор бу пулларни “пешана тери билан” топган. Унинг мол-мулки мусодара қилинмайди, қилинган тақдирда ҳам номига, бир оз қисмигина қилиниши мумкин. Шавкат Мирзиёевгача Бош вазир бўлган Ўткир Султонов доим халқ ва давлат манфаатидан келиб чиқиб диктатор Ислом Каримов билан тортишиб, баҳслашиб фаолият олиб борган. Собиқ Бош вазир Хитойга газ сотиб, Афғонистонга электр энергиясини сотиб Ўзбекистонга бошқа давлатлардан кириб келаётган пулларни ўзлаштириш масалаларига қатъий қаршилик қилган. Халқ манфаатларини ҳимоя қилиб чиққан Бош вазир Ўткир Султонов шундай ҳааркатлари орқали Каримовга ёқмаган. Шу сабабли у Ўткир Султоновни ишдан четлаштириб, ўрнига Бош вазир лавозимига садоқатли Шавкат Мирзиёевни олиб келган. Шавкат Мирзиёев даврида диктатор Ислом Каримов ва унинг рафиқаси Татьяна Каримоваларнинг нафси янада ҳакалак отди. Улар Шавкат Мирзиёевга топшириқ бериб, халқ бойлиги бўлган табиий газ ва электр энергиясини чет давлатларга Шавкат Мирзиёев имзоси билан сотишни, тушган маблағларни ўзлаштиришни бошлади. Мамлакатда коррупция, порахўрлик янада авж олиб кетди. Халқнинг аҳволи жиддий ёмонлашиб бораверди. Шавкат Мирзиёев нафақат диктатор И. Каримовнинг садоқатли шогирди, у советча руҳда ўқиган, тарбияланган аппаратчи ҳамдир. Ундан ҳақиқий демократияни, бозор иқтисодиётини кутиш ғирт бемаънилик. Чунки у чин юракдан, қалбидан бу қадриятларни тушунмайди. Мирзиёев демократик тузум ва бозор иқтисодиёти ҳақида тахминан шундай фикрда: “биз шундай йўл тутсак ишимиз юришиб кетади”, деган фикр билан иш қилмоқда, аммо демократия ва бозор иқтисодиётини, унинг моҳиятини теран тушуниб, англаб, меҳр қўйиб бундай йўлга ўтишга ҳаракат қилаётгани йўқ. Ўзбекистонни 1989 йилдан 2019 йилгача бошқариб келган собиқ коммунистлар – диктатор И. Каримов ҳамда унинг рафиқасига тегишли умумий ноқонуний йиғилган бойликлар миқдорини тахминан 50 миллиард АҚШ доллари деб айтиш мумкин. И. Каримов атрофидаги унга яқин (Рустам Иноятов, Рашиджон Қодиров, Шавкат Мирзиёев, Рустам Азимов, Ботир Парпиев, Зокир Алматов, Фозилжон Муллажонов, Бўритош Мустафоев, М. Абдусаломов, Абдулазиз Комилов, Зелимхон Ҳайдаров ва ҳакозо олигархларнинг умумий мулки тахминан 60 миллиард, Ўзбекистондаги қолган барча раҳбарларнинг умумий бойлигини 30 миллиард АҚШ доллари деб тахмин қилиш мумкин. Шу кунгача жами 140 миллиард АҚШ доллари ҳисобидаги Ўзбекистон халқининг мол-мулки мамлакатни 30 йилдан буён ноқонуний бошқариб келаётган ўғри-қароқчи раҳбарлар ва уларнинг ҳамтовоқлари томонидан ўзлаштирилди. Умуман, Ш. Мирзиёевдан бошлаб, барча раҳбарлар ўз бойликлари ҳақида Солиқ деклорациясини тўлдириши керак, аммо булар бу ишни қилолмайдилар, чунки сирлари ва ноқонуний бойликлари очилиб қолади. Ҳозирги вақтда Шавкат Мирзиёев ўзининг янги командасини шакллантириш йўлида янги раҳбарларни ишга олмоқда, шу сабабли вақтинчалик пора олди-бердисига чек қўйилган.

— Сиз ўзингизнинг деярли барча чиқишларингизда давлатчилик сиёсатида биринчи навбатда сиёсий ислоҳотлар амалга оширилиши кераклиги, сиёсий ислоҳотларсиз барча ислоҳотлар бефойда экани ҳақида гапирасиз. Юқорида номи тилга олинган мақолангизда ҳам “Мамлакатда ўтказилмоқчи бўлган ҳар бир ислоҳотнинг асоси, ўзаги сиёсий ислоҳотга бориб тақалади. Сиёсий ислоҳотлар аввал бошдан тўлиқ ўтказилиб якунланмас экан, қолган барча ислоҳотлар ҳам ҳеч қандай самара бермайди. Уларнинг барчаси ярим йўлда чала ҳолда қолиб кетаверади”, дегансиз. Ҳолбуки, Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг охирида ўзбекистонликларга мурожаатида бир неча соҳалар ислоҳи ҳақида гапирдилару лекин сиёсий ислоҳот хусусида ҳеч нарса демадилар. Бу нимани англатади? Сизнинг ислоҳотларга доир тавсифингиз тўғри бўлса, у ҳолда яна бир йилимиз ҳавога совурилмайдими? Умуман, Шавкат Миромоновичга сиёсий ислоҳотлар ўтказишга узил-кесил қўл уришга нималар тўсқинлик қилмоқда?

– Шавкат Мирзиёев сиёсий ислоҳотларни амалга оширишни хоҳламайди. Энди бу ёғига мен ҳам сиёсий ислоҳотлар ўтказилсин, деб бошқа ёзмасликка ҳаракат қиламан. Сабаби сиёсий ислоҳотлар ўтказиш муддати тугади. И. Каримов ўзининг бошқаруви даврида мамлакат демократик йўлда боряпди деб гапириб, амалда мамлакатда диктатурани ривожлантирди. Ш. Мирзиёев эса демократия ҳақида устозидан кўра кўпроқ шовқин солмоқда, халқни уйғонишга чорламоқда, аммо мухолифатдаги Бирдамлик Халқ Демократик партиямиз фаолиятига тиш-тирноғи билан қаршилик қилмоқда, интернетни бўғиб ташлади, сўз ва матбуот эркинлиги ҳамон назоратда. Партиямиз фаоллари доим тазйиқ ва босимлар остида яшамоқда. Афсуски, Ўзбекистон бундан кейин янада инқирозга кириб бораверади. Ш. Мирзиёев даврида мамлакат янада чўкади.

Баҳодир Хон Туркистон, Ўзбекистонда жорий йилга “Фаол инвестиция ва ижтимоий ривожланиш йили” деган ном берилганидан, албатта, хабарингиз бор. “Ислом Каримов диктатура тизимини яратди, Мирзиёев давом эттиради” деб номланган мақолангизда мамлакатга инвестиция киритиш учун энг муҳим ва зарур шароитлар мавжуд бўлиши кераклигига алоҳида тўхталгансиз ва Ўзбекистонимизда бундай шароитлар ҳали-ҳануз етарли даражада шаклланмаганини атрофлича шарҳлагансиз. Дарҳақиқат, чет эллик инвесторларнинг юртимизга ихтиёрий равишда кириб келишига яхшигина тўғаноқ бўла оладиган омиллар бисёрлиги кундалик ҳаётимизда очиқ-ойдин кўриниб турибди, масалан, интернет муаммоси. Сизнингча, давлатимиз раҳбарининг инвестицияга доир ғоялари нечоғли рўёбга чиқади?

– Инвесторни мамлакатга чақириш дегани, бу инвесторга ўз ватанидан ҳам қулай шароитларни яратиб бериш деганидир. Агар юзлаб турли-туман шароитлардан ҳатто биттаси ҳам етарли бўлмаса, инвестор шартта бурилиб ортга қайтади. Қолаверса, инвесторга ҳамма шарт-шароит яратиб берилгани билан унга гарант керак. Бу гарант мамлакатда мавжуд бўлган, амалга оширилган ислоҳотларнинг кўлами билан ўлчанади. Инвестор қисқа муддатга келмайди, у ўз инвестициясини қайсидир мамлакатга бир неча ўн йилларга мўлжаллаб киритади. Мамлакатда ҳамиша ҳукумат алмашинуви силлиқ кечса, демократик қадриятлар йўлга қўйилган бўлса, бу инвестор учун асосий гарант бўлади. Диктаторларнинг берган ваъдаларига кўп потенциал инвесторлар ишонмайди. Чунки диктаторлар тахтдан ағдарилиши, ёки вақти-соати келиб ёхуд тасодифан оламдан ўтиши мумкин, шунда маълум бир зарбани инвестор ҳам ўзига қабул қилади. Кўпчилик инвесторларни диктатор билан яқинликда, коррупцияга боғлиқликда айблаши аниқ. Бундай ҳолларда инвестор емаган сомсасига пул тўлаб қолиши тайин. Шу сабабли мамлакатга келаётган инвесторлар иложи борича сиёсатдан анча узоқ бўлишга, диктаторлар билан яқинлашмасликка ҳаракат қилишади. Аксинча, демократик давлат раҳбарлари билан яқинлашишга уринишади.

– Ўзбекистонликлар Шавкат Мирзиёев ислоҳотларининг сустлиги боисини икки хил таснифлашади. Биринчи тоифа Ш. Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида иш бошлаганига эндигина икки йил бўлгани, 27 йил ғафлатда яшаган давлатни ва халқни уйғотиш учун икки йил жуда кам муддат экани билан, иккинчи тоифа эса, бунинг акси ўлароқ, сиёсий майдонда икки йил етарли муддат экани билан изоҳлашади. Лекин диққатли бўлсак, Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам шу кунгача бир неча ҳокимларни ва бошқа давлат ташкилоти ҳамда идоралари раҳбарларини ишни эплай олмаганликда айблаб, 6 ой, 1 йилга қолдирмасдан эгаллаб турган лавозимларидан озод қилмоқда. Ахир янги лавозимда иш бошлаган ҳокимларнинг ҳам бошлаган ишини 6 ойда ниҳоясига етказиши менимча, ҳозирги шароитда осон иш бўлмаса керак. Масалан, ўз иши қолиб инвестиция киритиш ишлари билан андармон бўлиб юрган бояқуш ҳоким ўзи раҳбарлик қилаётган туман, шаҳар ёки вилоятга инвесторга боғлиқ ҳолда инвестиция киритишни кечиктириши мумкинку. Сиз айтганингиздек, инвесторлар ҳам анойи эмас, аввал шароитни ўрганади, шароитни ўрганиш учун ҳам табиийки, муайян муддат ўтиб кетади. Бу мисолни “бошқарув тизимида икки йил муддат кам” дегувчиларга қарата айтгим келди. Сизнингча, ислоҳотларнинг суст кечиши сабаби нимада?

– Бошида айтганимдек, мамлакатда сиёсий ислоҳотлар амалга оширилмади. Мухолифат ислоҳотлар ичида бўлиши, амалдаги ҳукумат ва мухолифат ўртасида ҳақиқий соғлом сиёсий рақобат юзага келиши керак эди. Бу нарсалар амалга оширилмагандан кейин мамлакатда қолган ислоҳотларни амалга оширишга уриниш самарасиз, бефойда бўлиб қолаверади. Умуман, Ш. Мирзиёев мамлакатни нотўғри йўналишда олиб кетяпди. Мана у мамлакат бошқарувини қўлга олганлигига икки ярим йил бўлди. Бу муддат ҳар қандай раҳбарнинг фаолиятини баҳолаш учун етарли муддат саналади. Мамлакатда ҳамон яккаҳокимлик ҳукм сурмоқда, диктатура кучаймоқда. Мухолифатнинг фаолиятига умуман йўл берилмади, ҳамма ёқда назорат, қуруқ ғоя. Халқ Ш. Мирзиёевга ҳам, унинг бошқаруви ва сиёсатига ҳам ишончини йўқотяпди, шу жумладан, у тайинлаётган раҳбарлар ҳам бундай шароитда ўзини кўрсатолмаслиги табиий ҳол деб биламан. Афсуски, Ш. Мирзиёев Ўзбекистонни ҳозиргидан кўра кучли инқирозга етаклайдиган сиёсат олиб бормоқда, бу сиёсатнинг натижаси барчамиз учун қимматга тушушини биз кейин тушуниб етамиз. Унда анча кеч бўлади. Асосий оғирлик яна Ўзбек халқининг гарданига тушиши биз учун жуда аламлидир.

Суҳбатдош: Рўзибой Азимий

Copyright © 2018 Birdamlik.Info