Менинг йўлим шудир!

(Ёхуд, баъзи танқидларга жавобим)

Кириш;

Muhammadsolih AbutovЯқинда фаесбукдош дўстларимдан бир иккитаси менинг радиодаги фаолиятимга танқидий фикрлар билдиришди. Бу ҳақида олдинроқ менга бошқалар орқали ҳам хабар етказишган эди. Танқидларда асосан менинг илмонийлар (демократлар) тоифаси билан суҳбатлар уюштиришим ва динни етарли даражада ҳимоя қилмаслигим экани айтилади.

Мен бу масаладаги саволларга ўз жавобимни ва ўзимни бугунги тутган позициямни кенгроқ мақола тарзида ёзиб эълон қилишимни айтган эдим. Мана шу мақола менинг шу каби танқидларга жавобим ва бугунги тутган позициям нимадан иборатлигини оммага маълум қилишдир.

Ўзбекистондаги диний уйғониш

Биз ўзбеклар 70 йил даҳрийлик ғояси ҳукмрон бўлган диёрда яшаб ўсиб улғайдик. Ва табиийки, динни тушунишдан оммавий суратда бошқа мусулмон диёрларидан анчагина орқада қолдик. Бу ҳолат мустақиллик деган даврга келиб ҳам кўп ўзгаргани йўқ.

Аммо, бугун ҳар ҳолда чегаралар нисбатан очиқ ва интернет пайдо бўлди. Булар ўз навбатида ўзбеклар диний онгини тушунчаларини ошишига сабаб бўлди ва бўлмоқда.

Ўтган асрнинг 90 йилларида эсган эркинлик шамоли юртимизда бир қанча машҳур дин даъватчиларини пайдо бўлишига имконият берди.
Абдували қори, Обид қори ва ҳокозо каби қори акалар элга даъватлар қила бошладилар. Бу даъватлар кимга қандай таъсир кўрсатди. Динни озми кўп тушунган одамлар билан ўзларини ҳанафий мазҳабчи деб билган имомлар ва ёки ҳали динга жиддий эътибор бермаган оддий одамлар орасида жанжаллар пайдо бўла бошлади. Диндорлар ёки у ё бу имом атрофида янги шаклланаётган диний гуруҳлар ўзларини ҳали диний тушунчаси шаклланмаган одамлардан узоқ тута бошладилар. Аввалига диндорлар орасидаги мавжуд бўлган нисбий бирлик кўп ўтмай йўқолди.

Энди диндан озроқ хабардор бўлганлар билан умуман бехабарлар орасида адоват бошланди. Аслида эса икки тараф ҳам мусулмонлар эдилар.

Турли йўналишдаги гуруҳлар пайдо бўла бошлади. Диндорлар орасида ўзаро ихтилофлар авж олди. Аммо, бу ҳали ўзаро оғзаки суҳбатларда намоён бўларди. Ҳали интернетда ёзишадиган пайтлар эмасди. Диндор жамоатлар нисбатан диндан узоқ одамлардан узоқлаша бошлади. Бу жараён то шу кунгача давом этмоқда.

Булар умумий воқеъалар тасвиридир. Булардан ёши каттароқ бўлган ҳамманинг хабари бор. Бу ҳолатнинг кейинги босқичига назар солайлик.

Фиқҳий ва ақидавий ихтилофлар

Динимизда кўплаб масалалар борки, бир хил тушунилмайди. Бу масалаларда асрлардан бери ихтилофлар мавжуд. Шулардан бири
чин мусулмон бўлиш ёки диндан чиқиб кофир бўлиш масаласи, ва имон ва амал яхлит бир нарсами ёки алоҳидами? Деган, масала ва шаръий ҳукм юрмаётган давлатлардаги мусулмонлар устидаги вазифалар каби масалалар.

Бу каби ихтилофли масалаларга биз кейинроқ кириб келдик. Бугунги ўзбек мусулмонлари ҳам шу масалаларга нисбатан тутган позициясига қараб турли гуруҳларга ажралганлар. Бугун бир гуруҳ ёки бир имом барча ўзбек мусулмонлари номидан гапириш ваколатига эга эмас. Ҳатто расмий имомлар ҳам бундай ваколатга расман эга бўлишсада, халқ уларни тан олмаслигини яхши тушунадилар. Ҳар гуруҳни ўзи тан олган имоми ва муфтийси бор.

Намоз дин устуни бўлган амал ҳисобланади. Уни тарк этган киши ким дейилади? Бу мавзу асрлар оша турли фиқҳ мактаблари орасида бир хил тушунилган эмас. Беузр намоз ўқимаган одамни баъзи фақиҳлар кофир бўлиб диндан чиқади дейишган. Баъзилари кабира гуноҳ қилган бўлади лекин, кофир эмас дейишади. Буларни ҳар бирининг жиддий ақлий ва шаръий далиллари бор.

Диний гуруҳлар ичида хоҳлаб хоҳламай қуролли кураш манҳажини танлаган тоифалар пайдо бўлди. Ва улар ўз олдиларига шаръий ҳукмлар билан бошқариладиган давлат қуриш каби диний сиёсий мақсадларни қўйишди. Айни шу мақсадни кўзлаган Ҳизбут Таҳрир исломий партияси ғоялари ҳам Ўзбекистонга кириб келди.

Бугун ҳам бу масалаларда ўзбек диний гуруҳлари орасида яхлит ва аниқ тушунча йўқ. Бу масалалар турлича тушинилади ва талқин қилинади. Юқорида зикр қилганимиз динга ҳали жиддий эътибор бермаган кишиларни бугун илмонийлар деб аталади. Бу атама араб диёрларида асосан ҳаётда динни ўрнини чеклаш тарафдори бўлган ва жамиятда тўла эркинлик бўлишини истайдиган қатламга нисбатан ишлатилади.

Истаймизми йўқми, араб ва мусулмон оламидаги атамалар ва турли тушунча ва ихтилофлар ўзбек диндорлари орасида ўз аксини топди. Бу нарса бугунги ўзаро муносабатларда яққол намоён бўлмоқда.

Диний гуруҳларнинг ўзаро муносабатлари

Албатта, бу мавзуга киришдан олдин унга қайси қандай муносабатда бўладиган гуруҳлар таркибига назар соламиз.
Баъзи диндорлар бу мусулмонлар орасидаги ички ихтилофларни четдаги ёвуз кучлар тарафидан атайин уюштирилаётаган фитна деб ҳисоблайдилар. Бу энг содда ва осон тушунтиришдир.

Баъзилари, бу ихтилофлар умматнинг ўзаро битта давлатга бирлашмаганлиги ва сиёсий бирлик бўлмагач, турли ҳукмдорлар ва тузумларнинг манфаат учун ўзаро кураши натижасида келиб чиққан деб биладилар.
Бу фикрда қисман ҳақиқат бор деб биламан.

Бошқалари эса бу ихтилофлар диний ақида ва фиқҳни ҳар хил тушунишликдан келиб чиққан деб айтишади. Яъни, бу ихтилофлар ўзаги айнан ташқи омиллар эмас, балки шу ички манбаларнинг тушунишликдаги хилма хилликдир. Мен шу фикрга тўла қўшиламан.

Хуллас, шу омиллар таъсирида уммат гуруҳларга бўлинган ва бир бирларини рад қилиб талашиб тортишишади.

Бу талашиб тортишиш тарихи минг йилларга бориб тақалади. Шиа ва сунннийлар орасидаги бошланган ихтилофга 14 аср бўлди.
Мазҳаблараро ва фирқалараро ихтилофлар жараёни доимо давом этиб келган. Ва бугун ҳам ўша жараён давом этмоқда.

Бугун ҳатто битта мазҳаб ва битта ақида устида турган гуруҳларнинг ҳам, сиёсий манҳажлар ва мақсадлар учун ўзаро тортишувлари ва ҳатто қон тўкишгача боришаётганларини кўриб турибмиз. Интернет майдонидаги виртуал курашни гапирмасак ҳам бўлади.

Бугунги ўзбек диний гуруҳлари ўзаро келишмовчилиги борлигидан ва дунёдаги мусулмон давлатларидаги турли хил диний гуруҳлар бир бирларини қонини тўкаётганлигидан қатъий назар, улар битта нарсада бирлашадилар. У ҳам бўлса, ўзлари илмоний деб ҳисоблаган одамлардан олиб қочиш ва уларга қарши душманлик назарида қарашликдир.

Ҳизбутларми, Салафийларми, жиҳодчиларми бошқасими ким бўлмасин айни шу тоифни душман тутишади. Баъзилари уларни кофир деб билишади. Бошқалари кофир дейишгача бормасада, уларга қарши кураш позициясида туришади.
Энди илмонийлар кимлигига бир назар солсак.

Диний гуруҳларнинг илмонийларга муносабатлари

Илмонийлар (демократлар) ёки жамиятда диннинг ролини чеклаш тарафдорлари бугунги ислом оламида барча мамлакатда мавжуддир. Бу қатлам Марказий Осиё давлатларида аҳолининг ярмидан кўпини ташкил этади. Миср, Сурия, Ироқ, Иордания, Кўрфаздаги қатор араб давлатларида ҳам шундай. Саудия, Яман, Фаластин ва шимолий Африкадаги мусулмон мамлакатларда нисбатан камроқ. Ўзбекистонда эса бу қатлам 80% дан кўпроқ деб тахмин қиламан.

Аммо, Ўзбекистон илмонийларининг Миср илмонийларидан фарқи шуки, Мисрликлар динни асосларини тушуниб, онгли рад қилишган. Биздагилар эса, тушунмасдан туриб илмонийлар гуруҳига қўшилиб қолган одамлардир. Улар яшаётган жамият уларни ўзлари билмаган ва истамаган ҳолда шундай қилиб қўйган. Бу тоифа орасидан у ёки бу диний тоифа сафига ўтувчилар доим топилади. Бу жараён ошкораликдан бери тўхтаган эмас. Бугунги диний гуруҳлардаги диндорлар ҳаммаси кечаги илмонийлардир. Улар Марсдан тушган мусулмон бўлиб тушган эмаслар.

Шу халқ ичидан чиққан оддий ўзбекларнинг фарзандларидирлар. Улар орасида даҳрийлик даврида ақидаси шаклланган ва динга нисбатан онгли равишда салбий муносабатда бўладиган ҳақиқий илмонийлари бор. Аммо, ҳали ўзини у бу масалада аниқ фикри шаклланмаган ва ким қаёққа тортса кетаверадиган кимсалар бор. Улар ичида динга мойиллиги бўлиб, лекин кўп нарсаларга ўзи жавоб топа олмаётган ва қандай муносабатда бўлиши лозимлигини ўзлари ҳал қилолмаётган одамлар бор. Уларнинг ҳаммасига ёвқарашлик қилиш ва диндорлар гуруҳидан узоқ тутиб муносабатлар қилишлик менимча нотўғридир.

Бугунги ихтилофли масалаларда менинг тутган мавқеъим

Менга бугунги диний гуруҳлар ақидаси ва манҳажлари бегона эмас. Мен ҳаммасини яқиндан танийман ва лекин ўзим салафийлик манҳажидаман. Яъни, ақидада ва динга амал қилишликда салафий, мақсадга элтувчи манҳаж масаласида Қарзовийнинг васатийя манҳажидаман. Бу мавқеъимга тасодифан адашиб келиб қолмаганман. Бу мавқеъга келишим кўп йиллик шаръий ва ақлий изланишлар ва хулосалар натижасидир.

Ақидамда яҳудлар, мушриклар ва насронийларни кофир деб биламан. Мусулмонларни шиа ва суннийларни барчасини (Баъзи тоифалар мустасно) мусулмонлар деб ҳисоблайман.

Ўзим аҳли суннат тарафидаман. Уммат устидаги Халифани умматнинг кўпчилиги ихтиёрий тан олиши билан қонуний бўлади ва кейин унда уммат устидан шаърий ҳукмларни юргизиш учун ваколат пайдо бўлади деб тушунаман. Амирлар ўз қавмининг аксарияти тан олиб байъат бериши билан қонуний бўлади. Уларда агар Халифадан ваколат олмаса, ўзича қавми устида шаръий ҳукмни юритиш ваколати бўлмайди. Бугунги у ё бу гуруҳни ўзича у бу шахсларни устидан шаръий жазо бераётгани умуман ноқонуний амалиёт деб биламан. Бир бирини қирғин қилаётган жиҳодчи гуруҳларни катта гуноҳ қилаётган фитнага тушганлар деб тушунаман. Мусулмон мамлакатларидаги Раҳбарларини ва у ерлардаги ҳукумат вакилларини умумийятла кофир деб айтмайман.

ИАК, Сиси, кабилар ва буларга хизмат қиладиган МХХ, Суд, ва Прокурорлар бундан мустасно. Динни рад қилувчи, Худони ва пайғамбарни рад қилувчи кимсаларни кофир эканига шубҳам йўқ. Аммо, бу кимсалар ўз фикрини айтиш ва ўз эътиқодида қолишга ҳақли деб биламан. Илмонийларга яъни, бутун дунёдаги ва Ўзбекистондаги илмонийларга ёки демократия қурамиз деяётганларга нисбатан муносабатим, уларни диндан чиққан кофир деб билмайман.

Менинг такфир масаласидаги аниқ тиниқ мавқеъим шуки; “Ла илоҳа иллоллоҳ, Муҳаммадан Расулуллоҳ! деган одамни ким бўлишидан қатъий назар кофир деб ҳисобламайман!

Лекин, ислом аҳкомларидан демократия қонунлари афзал деган фикрни куфр деб биламан. Бу гапни айтган шахсни кофир демайман. У адашаяпди дейман.

Бугунги мавжуд шароитда демократиядан фойдаланиш лозим деб ўйлайман. Ўзбекистонда демократиятик тузум қурулиши мусулмонлар учун манфаатли бўлади деб ишонаман.

Бунга қатор ақлий ва воқеъий далиллар бор. Зарарлар келиши ҳам эҳтимолилдан соқит эмас.

Имон келтириб аммо, ислом арконларига амал қилмайдиган одамларни, агар ўша амалларни фарзлигини тасдиқ қилиб бажараётган бўлса, кофир деб ҳисобламайман. Агар шунақа одам намоз ўқимаётган ёки ароқ ичаётган бўлишса, кабира гуноҳ қилаётган мўмин одам деб ҳисоблайман. Яъни, уларни куфрга чиқаришликдан узоқман. Ҳозир Ўзбекистонда ёки Марказий Осиё Республикаларида Халифат ёки исломий давлат қурилишига ақлий ва шаръий далилим ожизлик қилади. Ҳар нарсани қазода битилган вақти муддати бўлишига, шу муддат келса бу диёрда ҳам исломий қадриятлар тўла ўз қард қимматини топишига умид қиламан иншааллоҳ!

Ҳар қандай жамиятда динни ва диний шахсиятларни тадрижийлик асосида вужудга келган ва ривожланган ва яна шу тарзда ривожланиши шарт деб тушунаман. Хаёлпарастлик қилиш, воқеъликга номувофиқ уринишлар, буюрилган динда фойдалик нарса эканига ишонмайман. Ироқдаги халифаликни тўғри йўлдаги рошид халифалик деб тан олмайман.
Дунёдаги барча мусулмонларни мазҳабидан манҳажидан қатъий назар диндош биродар деб биламан. Аммо, баъзи манҳажлар кўзлаган мақсадга олиб бормайди ва амалда хато қўлланилаяпди деб ҳисоблайман.

Худкушликни мусулмонларнинг курш воситаси қилиб олинишига қаршиман. Озчилик кўпчиликга қарши урушиши вожиб бўлмаган амал деб биламан. Иккита зарар турганда кичикроқ зарарни танлаш мақсадга мувофиқдир.

Илмонийларга менинг шахсий муносабатим

Бугунги Ўзбекистон аҳолисининг 90% ни мусулмонлар ва 10% ни насроний динига мансуб шахслар ташкил этади. Шу 90% мусулмонлар қатламининг 80% илмонийлар ташкил қилади.
Мен шахсан ўзим ҳам бугунги барча тақводорлар ҳам ўша илмонийлар гуруҳидан бўлганмиз дейишим мумкин. Яъни, 20, 30 йил олдин динни сиёсий мақсадларини тушунадиган одамлар бўлган эмас. Бизнинг диний тушунчамиз бирданига шу бугунги кундагидек бўлиб қолган эмас. Менинг қирқ беш йиллик умримнинг қирқ йили шу диний тушунчаларимнинг шаклланиш жараёни бўлди десам хато бўлмаса керак.

Сиёсий мақсадларим эса, оламшумул глобал мақсадлар эмас. Мақсадларим жуда чегаралангандир.

Бугунги Ўзбекистондаги ИАК режимига барҳам бериш керак деган қатъий ишончдаман. ИАК режимининг амалдорларини ҳам ўша илмонийлардан ташкил топган деб биламан.

Аммо, ҳозир куч билан давлат тиклаш учун уринишлик жуда кўп беҳуда қон тўкишликга ва халқ учун кўплаб зарарлар келтиришига қатъий ишонаман. ИАК режимини қулатиш учун демократ бўлсин, коммунист бўлсин, мушрик бўлсин, диндор бўлсин ким бўлишидан ва қайси миллат вакили бўлишидан қатъий назар ҳамкорлик қилиш керак деган фикрдаман. Келажакда айнан шу илмонийлар билан Ўзбекистонда тинч ва эркин яшашимиз учун лозим бўлган мулоқотни бугундан бошлаш керак деб тушунаман. Истаймизми йўқми бугун ўзбек жамиятида илмонийлар кўпчиликни ташкил этадилар. Ва улар гарчи ўзаро ихтилофлари бўлсада, бундан кейин ҳам кўпчилик бўлиб қолаверадилар деб ўйлайман. Айнан шуларни ташқи кучлар қўллаб қувватлаши эҳтимоли катта. Диний гуруҳларга бундай қўллов бўлиш эҳтимолдан жуда узоқдир.

Диктатор Қаддофийни ёки Асадни режимини қулатиш учун куч ишлатиш халқаро ҳамжамият наздида мумкин ва қонуний бўлсаю, ИАК зулмини тугатиш учун ҳам шундай йўл тутиш мумкин эмас дейилишига тушунолмайман.

Бу режимга қарши курашга на мухолифат ва на имкону шароитни ўзи йўқ бўлсада, барибир режимга қарши сўз билан бўлсада мафкуравий курашда давом этиш шарт деб биламан. Бугун радиосуҳбатлар қилиб унга турли тоифа ватандошларни таклиф қилаётганимни ва турли фикрдаги одамларни ўзаро фикр алмашишга в бир бирини тушунишга ҳаракат қилаётганимни сабаби ҳам ана шулардир. Бир тоифа ўзи алоҳида бирор нарсага эришолмайди. Агар ҳамма тоифалар орасида ҳамкорлик йўлга қўйилса, шубҳасиз имкониятлар кенгаяди. Асосий масала шу мақсад йўлида ҳар қандай одам билан бўлсада гаплашиб мулоқот қилаолишликдадир. Менинг йўлим шу. Бу мулоқот ўша илмонийларни диний савиясини ошишига ва илмонийлар гуруҳидан чиқишига олиб келишини унутмаслик керак. Агар натижа бўлмаса ҳам, уларга ҳақни етказиб қўйганни савобини оласиз. Қолаверса, ҳамманинг амалини қиёматда Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб китоб қилади. Дунёда кўнгилни кенгроқ қилиб, мулоқотни давом эттириш лозим.

Хулоса;

Бу мақолада келтирилган турли масалаларга доир менинг мавқеъимни белгиловчи қатор шаръий далилларим бор. Уларни бу кичик мақолада зикр қилиш имконсиздир. Диндан хабардор одамлар бу далилларни биладилар. Хатоми тўғрими, кимгадир ёқадими йўқми, булар менинг тутган мавқеъимдир. Шу асосда мен фаолият қилаяпман. Менга эътироз билдирувчилар иддао қилган шахслар ёки майда нарсаларга алоҳида тўхталмадим.

Мен нисбатан кенгроқ каттароқ доирада айни шу иддаоларга жавоб беришга ҳаракат қилдим. Менинг ҳаммага мулоқот таклифим сабаби ҳам шудир. Мен ИАК режими амалдорларини ҳам Прокурор, МХХ раиси, Суди ва ҳаказоларини ҳам мулоқотга чақирган бўлардим. Мен ИАКни ўзи билан ҳам суҳбатлашишга тайёрман. Уларнинг тарафдорларини ҳам чақирардим. Агар улар сўз майдонида ўзларини ҳақлигини исботлаша олсалар уларга қойил қолардик.

Агар айбим бўлса тан олиб узр сўрардим. Аммо, одатда ботил тараф сўз майдонига чиқмайди. Ботил доимо куч билан ўзини сўзини ўтказишга уринади. Менинг фаолиятимга муносабат турличадир. МХХлар мени террорист дейишади. Демократлар мени диндор деб тушунадилар. Диндорлар мени демократ дейишади. Бугун мени ўз сафига қўшадиган гуруҳ қолмади. Ҳатто, шоирлар мени шеър ёзолмайсан деб ўзидан четлатишса, журналистлар мени яхши журналистлик қилаолмаганликда айблашади. Ҳуқуқбонлар мени сиёсатчи десалар, сиёсатчилар имом дейишади. Ҳаммаси мени улар истагандек одам бўлолмаганим учун ва улар истагандек фаолият қилмаганим учун ёқтиришмайди. Мен уларни ўзларини ҳам шу мен қилаётган каби фаолиятни қойилмақом қилиб бажариб иш дегани мана бундай бўлади деб, кўрсатишларини истар эдим.

Мен қилолмаётган нарсаларни нега ташқарида туриб гапираётганлар ўзлари қилишмаяпди? Ҳатто суҳбатга чақирганда қатнашолмайдилар.

Менинг фаолиятимга эътибор бериб кузатиб келаётган дўстларга ва душманларгаям инсофли бўлишни ва улар ўйлаётгандек фаолиятда бўлишим менинг зиммамда на шаръан ва на қонунан вожиб эмаслигини тушунишларини истар эдим.

Чунки, динга мен ўзим тушунган ҳолда амал қиламан. Мен сизлар ўйлаётган ёки истаётган каби эмас, ўзим истаётгандек амал қиламан. Мени амалларимни эса Роббимнинг Ўзи баҳолайди.
Агар менинг мавқеъимда тўғрилик бўлса Аллоҳ мени собитқадам қилишини ва агар хато бўлса тўғри йўлга солишини Ўзидан тилаб қоламан.

Агар менинг бу жавобимга кимни эътирози бўлса, марҳамат мен уни радиоблогимда суҳбатга чақираман. Ўша у киши хато деб билган жойларини муҳокама қиламиз. Ҳақиқий баҳони эса ҳаммамизга Аллоҳу Роббил оламинни Ўзи беради.

Охирги сўзим эса, оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамд бўлсин!

Муҳаммадсолиҳ Абутов.

1 январ 2015 йил

http://siyosat.wordpress.com/2015/01/01/менинг-йўлим-шудир/#more-6344 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares