Нодавлат, нотижорат ташкилотлар фаолияти қониқарлими?

 Dilshod  NURXONOV
Dilshod NURXONOV

 

Бугунги кунда дунё мамлакатларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида нодавлат, нотижорат ташкилотларнинг  ўзига хос ўрни ва роли мавжудлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Демократик тамойилларини ўз бошқарув тизмига жорий этган мамлакатларда бу турдаги тузулмаларнинг фаолияти ҳар бир жабҳада яққол сезилиб туради.

Боиски, демократик давлатларда нотавлат, нотижорат ташкилотлар  (кейинги ўринларда ННТ деб юритилади)нинг эркин фаолият олиб боришлари учун жамики ҳуқуқий асослар яратилган.

Шу боис ҳам ННТлар ўзлари фаолият олиб бораётган мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий жабҳаларида, қолаверса, кундалик ҳаётнинг хар бир соҳаларида эркин ва фаол иштирок этадилар. Жамиятдаги мавжуд муаммоли масалалар юзасидан юқори ҳукумат ташкилотлари олдига ўз талабларини кечиктирмай кўндаланг қўя оладилар.

Қарабсизки, ҳукуматнинг юқори идоралари ННТлар кўмаги билан мамлакатдаги ўз ечимини кутаётган муаммолардан бохабар бўладилар ва ўз навбатида бор диққат-эътиборларини мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратадилар.

Демократик давлатларда турли йўналиш ва соҳаларда фаолият олиб боришга ихтисослашган нодавлат-нотижорат ташкилотларга нодавлат ташкилот сифатида беписанд нигоҳ билан қаралмайди, аксинча, ННТлар жамиятдаги мавжуд иллатларни бартараф этиш йўлидаги кўмакчилар сифатида қадрланади.

Шу сабаб ҳам илғор фикрли мамлакатларда ННТларнинг обруи баланд, қўлллари узун бўлади. Ва айтиш мумкинки, ННТлар жамиятдаги мураккаб вазиятларни газак олиб кетишини олдини олишда амалдаги ҳукуматга чин маънодаги ёрдамчи саналади.

Расмий малумотларга қараганда, шу кеча кундузда вақтли матбуотларда биргина Ўзбекистонимизнинг ўзида 6000 га яқин надавлат, нотижорот ташкилотлари мавжуд эканлиги хусусида бот-бот таъкидлаб ўтилади.

Бироқ сон жиҳатидан устунлик ҳеч нарсани ҳал қила олмаслигини мана шу рақамлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Негаки, олти мингга яқин ННТлар фаолият юритишига қарамасдан, жамиятимизда уларнинг ўрни мутлақо сезилмайди.

Шу маънода, ҳеч бир иккиланмасдан, мамлакатимиздаги ННТлар фаолияти мутлақо қониқарсиз дейиш мумкин.

Бундай хулосага келишга тўлиқ асосларимиз бор. Боиски, Ўзбекистондаги ННТлар фаолиятидаги амалий натижа реал ҳаётда ўз аксини топмаётир.

Ўзбекиcтондаги мавжуд нодавлат, нотижорат ташкилотлар ҳукумат ва жамият ҳаётига оид ишларда фаол иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум. Мамлакатимизда ННТларга ўгай кўз билан қарашдек номаъқбул тенденция шаклланганки, бу ҳолат, табиийки, жамият ривожининг оқсашига олиб келмоқда.

Таассуфлар бўлсинки, Ўзбекистонда нодавлат, нотижорат ташкилотлари томонидан ташкиллаштирилган тадбирлар ҳам номига, хўжакўрсингагина ўтказилади, холос.

ННТларнинг амалий ҳаракатлари ҳақиқий ҳаётдан мутлақо узилиб қолган. Шу боис ҳам мазкур ташкилотлар фаолиятида самара деган нарсани сезиш душвор..

Хўш, шундай экан, муаммонинг ечимини топиш учун нима қилмоқ зарур?

Зеро, ҳар бир мамлакат ҳар томонлама камол топишни, ривожланган мамлакатлар қаторига қўшилишни ўз олдига мақсад қилиб қўяр экан, энг аввало бунингдек жамиятда нодавлат, нотижорат ташкилотлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилмоғи лозим ва ННТларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироклари учун жамики шарт-шароитлар муҳайё этилмоғи шарт.

Шунингдек, мавжуд ННТлар ўртасида ўзоро алоқалар ўрнатилиши зарур деб ҳисоблаймиз. ННТлар ўзоро ҳамкорликда ҳаракатда бўлсалар, нодавлат, нотижорат ташкилотларининг олдига қўйилган сунъий ғовларни бартараф этиш осонроқ ва қулайроқ бўлур эди.

Қолаверса, НТТлар фаолиятини кучайтириш учун ривожланган ҳорижий давлатларнинг илғор тажрибага эга бўлган нодавлат, нотижорат ташкилотлари билан яқиндан алоқа ўрнатиш, ўзоро тажриба aлмашиш, уларнинг кўмагига таяниш ҳам фойдадан ҳоли бўлмаган бўларди, албатта.

Дилшод НУРХОНОВ

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares