СУИСТЕЪМОЛ БЎЛАЁТГАН ИШОНЧЛАР

Нурсултон НазарбоевЯқинда Қозоғистоннинг Tengrinews.kz сайтида нафақат Марказий осиёликларни, балки бутун дунё аҳлини қизиқтирадиган мақола эълон қилинди. Мазкур мақоланинг номи “Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ўз интервьюсида 2016 йилда бўлиб ўтадиган сайлов ҳақида гапирди” деб номланган. Сарлавҳа шубҳасиз, ҳеч кимни беэътибор қолдирмайди, бироқ шундай бўлса-да, назаримизда мақола орқали ўқувчи ўзи кутган жавобга тўлалигича эга бўла олмайди. Чунки жавоблар кишини қониқтирмайди.

Американинг Bloomberg агентлиги мухбирлари Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев билан ўтказилган интервьюсида ундан 2016 йилда мамлакатда бўлиб ўтадиган сайлов ҳақида маълумот беришини, шунингдек, Қозоғистонда ҳокимият алмашиниши даврига боғлиқ кечадиган жараёнларга оид таҳлилий мулоҳазаларини сўраган. “Қизиқарли савол, менга бу каби мазмунга эга саволлар билан кўпчилик тез-тез мурожаат қилишади ва табиийки жавобим кўпчиликни қизиқтиради. Юртимиз ўз мустақиллигини қўлга киритган дастлабки йилларда мен келгусида қандай йўл орқали ривожланишимиз кераклиги, кимлардан тажриба олишимиз лозимлиги, қайси давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатишимиз даркорлиги ва бизга қайси етакчи-ю раҳномалар тўғри йўл кўрсата олишлари ҳақида кўп бора ўйлаганман. Ана шундай ўйларим алал-оқибат биз ҳар қандай тақдирда ҳам ўз йўлимизни топишимиз, ҳеч бир раҳнамо-ю ҳеч қайси давлатнинг сиёсий позицияларини такрорламаслигимиз лозим, деган қарорга олиб келган. Чунки биз ўз тарихимиз ва ўтмишимизга эга халқмиз. Масалан, Ли Куан Юнинг бошқарув ишлари бизни ҳар томомлама  қизиқтиради. Шундай бўлса-да, биз Сингапурнинг шаҳар-давлат эканини, уни Қозоғистон билан солиштириш асло мумкин эмаслигини унутмаслигимиз керак. Аммо уларнинг таълим, соғликни сақлаш, мамлакатга инвестиция киритишга оид олиб борган ишлари биз учун ниҳоятда қизиқ. Шунингдек, бизни Маргарет Тэтчернинг ўз юртида хусусийлаштириш ишларини тезкор суръатларда олиб боришга доир фаолиятлари ҳам қизиқтиради. Қозоғистон Конституцияси генерал де Голль конституциясидан кўп нарсаларни ўзлаштирди, десак ҳам хато бўлмайди. Демак, ҳамма ҳам ўтиш даврини бошдан кечиради, қотиб қолган ҳеч нарсанинг ўзи йўқ. Зеро мамлакатимизда барча ҳолату жараёнлар тугал ўрганилган Конституция бор. Мамлакатимизда ҳар беш йилда сайлов бўлиб турибди, сайлов жараёнида халқ кимни танласа, ким ғалаба қозонса шу киши давлатни бошқаради” деди Юртбоши.

Давлат раҳбари хорижий оммавий ахборот воситаси ходимларининг “2016 йилда бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этасизми?” деган саволига “Мен 2016 йилнинг декабригача сайланганман, олдиндан бир нарса деб айта олмайман, вақт келгач ҳаммасини айтамиз”, дея жавоб берди.

Нурсултон Назарбоев суҳбат жараёнида мухбирларга Қашаған нефть конида олиб борилаётган ишлар хусусида, нефть қазиб чиқаришнинг келажаги ҳақида гапириб берди. Президентнинг гапига қараганда, Қашаған нефти 2018 йилгача мамлакат иқтисодиётининг йилига 6% дан кам бўлмаган даражада ўсишини таъминлай олишини, мазкур лойиҳа тўла қувват асосида ишлай бошлагач эса кон масканидан кунига 370 минг баррелдан кўп нефть ишлаб чиқарилажагини алоҳида таъкидлади. Лойиҳалаштириш ишларининг иккинчи даврида эса, бу кўрсаткич миқдори икки ҳиссага ошиши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини тилга олди.

“Қозоғистон қанча баррель нефть қазиб чиқариш кераклигини ҳал қилиши шарт. Қолган масалаларни эса, келажак авлод вакиллари ҳал қилади” деб айтишимиз мумкин. Бироқ биз бундай йўл тутмаймиз,  ишимизни давом эттирамиз”, – деди Президент.

Мақоланинг қисқача мазмуни шундай. Хўш, ушбу мақола биз ўзбекистонликлар учун нимаси билан қизиқ? Қизиқ томони шундаки, ўзбекистонликларни ҳам Н. Назарбоевга берилган худди шундай савол, яъни “И. Каримов навбатдаги президент сайловида иштирок этармикан?” деган савол ва унинг жавоби ниҳоятда қизиқтиради. Назаримизда, агар Каримовга ҳам журналистлар томонидан ана шундай саволлар берилса, бизнинг юртбошимиз ҳам бундай мазмундаги саволларга қисқа, аниқ, лўнда қилиб жавоб бермайди. Чунки демократия тамойиллари топталган юртимизда бундай саволларга очиқ жавоб олиш игна билан қудуқ қазигандан кўра оғир.

Боз устига кланлар ўртасидаги муроса-ю мадоралар барҳам топмагани, катта қизнинг ота юзини шувут қилиб қўйгани ва бошқа сабаблар, президентимизнинг навбатдаги сайловда ўз номзодини қўйиш-қўймасликка оид саволга аниқ жавоб беришига йўл қўймаса керак. Халқимиз эса, юртимизда амалдаги Президентдан кўра ақлли, билимли, зиёли, дипломат инсон йўқ, деган сўзларга қаттиқ ишонишади. Бироқ ўз ишончлари суистеъмол бўлаётганини мушоҳада қилишга юраклари дов бермайди… Бир сўз билан айтганда, Назарбоев ҳам, Каримов ҳам бундай саволларни “гарчанд жуда қизиқ савол, деб қабул қилсалар-да” аслида ёқтирмайди. Чунки бизда ҳам, қўшни давлатда ҳам сиёсий ўйинлар ҳамон барҳам топганича йўқ, аксинча, янада чигаллашмоқда. Бунинг натижасида ҳар иккала халқ вакилларининг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлмоқда, халқ хоҳиш-иродаси эътибордан четда қолмоқда.

Асил ЭЛЎҒЛИ

http://mulkdor.com/news/суистеъмол-бўлаётган-ишончлар/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares