Адвокат аросатда қолди…

РУКУН: Жавобсиз қолган нолалар

ОдилҲа, шундай бўлди: Прокуратура терговчисининг 10 минг АҚШ доллири миқдорида пора олиш билан боғлиқ жиноятига оид далилий ашё – овозли тасмани қўлга киритган Ўзбекистонлик адвокат қонун қўли билан адвокатлик соҳасидан қувилди. Нафақат ҳайдалди… Ўзбекистонда “урф”га кирган “Туҳмат” моддаси асосида ажабтовур одамдан жиноятчи ясаб ҳам қўйишди…. Адвокатнинг эси бўлса прокурор билан беллашадими? “Сичқоннинг ўлгиси келса, мушук билан ўйнашади” деб ана шунга айтсалар керак-да!
Кузатиб турсангиз, Ўзбекистон қонунлари фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш, қўриқлаш учун эмас, аксинча, одамларни айбсиз айбдор қилиш, турмага тиқиш учун ўйлаб топилган “ўйиндек”, гуё…
Ўзбекистоннинг қаерига қарама айнан қонунчиларнинг кирдикорларидан дод-вой, оҳ-воҳ чекканларга рўпару бўласиз….
Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳуқуқ илмини ўзлаштирмаган оддий аҳолини жимжилоғида ўйнатишлари-ку, аниқ-а, айни кунларда улар ҳатто кўп йиллик тажрибага эга, “қилни қирқ ёрадиган” адвокатларни ҳам ўз мақомларига йўрғалатишга қодир. Бунга Сурхондарёлик адвокат Сайдулло Жаннаевнинг бошига тушган кўргуликлар асос бўлиши мумкин.
Таҳририят

Ўзбекистон Республикаси Бош
прокурори Р.Х.Қодировга
Сурхондарё вилояти Термиз тумани
«Тинчлик» маҳалласида яшовчи
Жаннаев Сайдулло Қулқараевич томонидан

Т А К Р О Р И Й     М У Р О Ж А А Т

Ҳурматли Рашиджон Ҳамидович мен, Сизнинг номингизга кўп марта Сурхондарё вилоятининг айрим маъмурий органлари қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларимни паймол қилинаётганилиги ҳақида ёзма мурожаат қилганман. 

Аминманки мени мурожаатларим Сизгача етиб бормасдан кимнинг устидан шикоят қилган бўлсам шу маъмурий органларига қайтиб юборилганлиги оқибатида аризаларим ҳозирги кунгача холисона текширилмасдан қолмоқда. Аксинча вилоят прокуратураси аризамни текширмасдан ноқонуний равишда менга нисбатан ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми билан яъни «туҳмат» қилди деб жиноят ишини қўзғатди.

Шу сабабли бундан кейин ўз ҳақ-ҳуқуқларимни ҳимоя қилиш учун Сизга мурожаат қилмасдан БМТ, интернет орқали Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларига мурожаат қилишга мажбур бўлмоқдаман.

Ахир мен ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман, Ўзбекистон Республикасини Конституциясини ва амалдаги қонунлари тан оламан ва ҳурмат қиламан. Мени ўзим олий маълумотли юрист, қолаверса адвокат бўла туриб, менга нисбатан вилоятимиздаги прокуратура органларининг ноқонуний ҳаракатлари жонимга тегиб кетди, шунинг учун халқаро ташкилотларига мурожаат қилишга мажбурман, балки шундан сўнг менинг мурожаатларим Сизгача етиб борса керак деб ўйлайман.

Бундан кейин нима бўлса ҳам тақдиримдан кўраман, Менга нисбатан прокуратура ва бошқа маъмурий органларининг бундай ноҳақ ҳаракатлари давом этаверса ажалим тўлган бўлса ўлишга ҳам розиман.

Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси ва унинг ҳудудий бўлимларига Ўзбекистон ҳудудида қонунларни бир хил ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш, фуқароларнинг мурожаатларини қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқиш каби вазифалари юклатилган.

Мен аризаларимда аниқ фактларни кўрсатиб, вилоятимиз Адвокатлар палатаси бошлиғи лавозимини эгаллаб турган Аҳмад Каюмов ва унинг никоҳида бўлмаган лекин ўрталарида икки нафар фарзанди бўлган «Сурхон ҳақиқат маскани» адвокатлик ҳайъати бошлиғи Гулнора Сулаймонованинг адвокатлик касб этикасига тўғри келмайдиган ғайриқонуний ҳаракатларига чек қўйишни сўраб, прокуратура органига мурожаат қилдим.

Аризаларимда келтирган фактларни прокуратура қонунда белгилаб қўйилган тартибда текширмасдан 2012 йил 22-декабр куни мени асоссиз маъмурий жавобгарликка тортди.

Асоссиз қўзгатилган маъмурий иш ЖИБ Термиз шаҳар судида 2013 йил 14-январь куни кўрилиб, шу суднинг қарори билан шикоят аризам тўлиқ текширилмасдан, шошма-шошарлик билан менга нисбатан маъмурий иш қўзгатилган деб иш материалини Сурхондарё вилоят прокуратурасига қўшимча текшириш ўтказиш учун қайтарилди ва суд қарорида қайси ҳолатлар қандай тартибда текшириш лозимлиги кўрсатиб берилди.

Шунга қарамасдан вилоят прокурори Р.Эшмирзаев суд қарорида белгилаб берилган тергов олди ҳаракатларини бажармасдан, барча процессуал ҳуқуқ-нормаларини бузиб, 2013 йил 31-январь куни менга нисбатан Ўз.Рес. ЖКнинг 139 моддаси 3-қисми «а,г» бандлари билан жиноят ишини қўзғатди.

Вилоят прокурорининг жиноят ишини қўзғатиш ҳақидаги асоссиз қарорига нисбатан мен Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига, Ўз.Рес. Олий мажлис қонунчилик палатасига, Ўз.Рес. Миллий хавфсизлик хизматига шикоят қилдим. Лекин шикоятим бўйича биронта текшириш ўтказилмади ва вилоят прокуратураси чиқарган қарорининг қонунийлиги урганиб чиқилмади, фақат 06.04.2013 йилда Ўз.Рес. Бош прокуратураси №15/1883-2012-сонли жавоб хатида менинг шикоят аризамни Сурхондарё вилоят прокуратурасига юборганини менга маълум қилди.

Ваҳоланки, мен вилоят прокуратураси (жиноят ишини қўзгатиш ҳақида) асоссиз чиқарган қарорига нисбатан шикоят қилган бўлсам-да, Ўз.Рес.Бош прокуратураси кимнинг устидан шикоят қилган бўлсам-да, айнан шуларга шикоятимни юбориб, Ўз.Рес. «Фуқаролар мурожаатлари» тўғрисидаги қонун талабини қўпол равишда бузди. Бу ҳолатни қандай тушуниш мумкин?
Натижада, Жарқўрғон туман прокуратураси ЖПКнинг 22-моддасида кўрсатилган тартибда жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқламасдан процессуал ҳуқуқ-нормаларини қўпол равишда бузиб, 2013 йил 15-апрелда мени жиноят ишида «Гумонланувчи» ва 2013 йил 30-апрелда «Айбланувчи» тариқасида жалб қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

Жарқўрғон туман прокуратураси шикоят аризам бўйича текшириш ўтказмасдан мени асоссиз айблагани учун, мен Ўз.Рес. ЖПКнинг талаблари асосида 2013 йил 1-май куни Жарқўрғон туман прокурорига Илтимоснома киритдим, унда жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун қайси шахсларни сўроқ қилиб, уларни мен билан юзлаштиришни, қандай ҳужжатларни талаб қилиб олишни ва қандай экспертизаларни тайинлашни сўрадим.

Ўз.Рес. ЖПКнинг 377-моддасига асосан тергов органи илтимосномани уч сутка ичида кўриб чиқиб, менга бу ҳақда ёзма хабар бериши лозим эди. Бирок мени илтимосномада кўрсатилган бирорта ҳам важларим текширилмасдан, Ўз.Р. ЖПКнинг талаби бўйича жавоб бериш муддатларини қўпол равишда бузиб, 2013-йил 23-май куни илтимосномамни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилишди. Қарорида нима асосларга кўра илтимосномам рад қилингани умуман кўрсатилмаган.

Бу ҳолатни қандай тушуниш мумкин, агарда қонунийликни назорат қилувчи орган ўзи қонун талабига риоя қилмаса?

Шуни айтиш жоизки, прокуратуранинг 31.01.2013 йилдаги жиноят ишини қўзғатиш ҳақидаги қарорида, гуёки мен Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи адвокат Аҳмад Қаюмовга жиноят ишини айбланувчи фуқаро Ж.Тошматов фойдасига ҳал қилиш эвазига 10 минг АҚШ доллар олганлигида ҳамда адвокат Г.Сулаймонова никоҳсиз туққан фарзандини Тошкент шаҳрида яшовчи туғмас Фотха исмли аёлга бериб юборганлигида туҳмат килганим баён этилган.

Шундай экан, мен аризамда судланган фуқаро Ж.Тошматовни укаси Р.Тошматов адвокат А.Каюмов билан пул масаласида гаплашган овоз ёзув дискасини тергов органига тақдим килган эдим. Лекин бу асосий далил ҳисобланган адвокат А.Каюмовни овози эканлигини тасдиқлаш учун тергов органи тегишли экспертиза тайинламади. Бундан ташқари судланган Ж.Тошматов ва унинг укаси Р.Тошматовлар тергов жараёнида жиноят иши буўйича умуман сўроқ қилинмади, мен билан уларни юзлаштирмасдан, бу важим ўз тасдиғини топмаган деб хулоса қилишган. Бу ҳолатни қандай тушуниш мумкин?

Шунингдек адвокат Г.Сулаймонова пала-партиш ҳаёт кечириб, Термиз шаҳар Истомина кўчаси 8-уйда яшовчи Гаппаров Абдусалом билан ишқий муносабатда бўлиб ундан никоҳсиз яна бир нафар Сабрина исмли фарзанд туққан. Ушбу ҳолат бўйича тергов органи Г.Сулаймоновани қўни-қўшни турган гувоҳларни сўроқ қилмади, туғруқхонадан тегишли маълумотларни олмади, Сабринани отаси А.Гаппаров эканлигини тасдиқлаш учун генетик экспертизасини тайинламади ва умуман айтганда ҳакиқатни аниқлаш учун бирон бир тергов ҳаракатини амалга оширмади.Адвокат Г.Сулаймонованинг Сардор исмли 1994-йилда туғилган фарзандини «туғилганлик ҳақида»ги гувоҳномаси нима сабабларга кўра 2004 йилда ўзгартирилгани сабабини аниқламасдан ушбу ҳолатлар бўйича туҳмат қилди деб мени айблади.

Жарқўрғон туман прокуратураси мени ёзма мурожаатларимдаги ва илтимосномамдаги бирорта ҳам важларимни текширимасдан 23-май куни жиноят ишини терговини тугатиб қуйидаги хатоларга йўл қўйди ва мени қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларимни паймол қилди.

1.Жиноят ишида Абдуллаева Фотҳанинг Сурхондарё вилоят прокурори Р.Э. Эшмирзаевнинг номига ёзилган аризаси ва берган тушунтириш хати мавжуд бўлиб, ушбу ариза ва тушунтириш хатини Ф.Абдуллаева 29.01.2013 йилда вилоят прокуратурасига такдим қилган.

Аризам бўйича 29.01.2013 йилгача Термиз шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилган текширишга Ф.Абдуллаева умуман чақирилмаган ва унинг Тошкент шаҳрида яшаш манзили ҳам прокуратурага номаълум бўлган. Прокуратура ўтказган текшириши жараёнида унга умуман маълум қилинмаган ва текшириш жараёнида ундан тушунтириш хати ҳам олинмаган бўлса-да, қандай ҳолатда, кимдан, қачон Ф.Абдуллаева хабар топиб Термиз шаҳрига етиб келгани ҳамда ўз ташаббуси билан ўз номидан қарши ариза киритиб, тушунтириш хатини ёзиб кетгани жиноят иши материалларида ёпиглигича қолиб келмоқда. Бундай ҳолат тергов холисона ўтказилмаганидан далолат беради.

2. Жиноят ишида Тошкент шаҳар Юнусобод тумани «Юнус ота» маҳалла раиси М.Хатамова томонидан 2011йил ва 2013 йилда берилган «турмушга чиқмаган фарзанди йўқ» деган мазмундаги ксерокопия маълумотлари мавжуд бўлиб, уларда маълумотнома ВТЭКга ва Ф.Абдллаеванинг иш жойига берилгани қайд этилган.

Табиийки, бу ҳолатда савол туғилади: нима сабаб бўлдики тергов органи Жиноят Процессуал қонун талабига кўра, ўз ташаббуси билан белгиланган тартибда, сўровномаси орқали ушбу маълумотларни тегишли органларидан олмасдан ва маълумотларнинг асл нусхаларини жиноят иши материалига қўшмасдан, номаълум йўллар билан олинган ўзларига далил ҳужжат қилиб олишган, шубҳа уйғотувчи маълумотларнинг ксерокопия нусхаларини жиноят ишига қўшган.

Тергов органининг бу ғайриқонуний ҳаракати ҳам тергов ноҳолисона ўтказилганидан ва жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб этилиши лозим бўлган шахсларнинг қилмиши яшириб келинганидан далолат беради.

3. Жиноят ишида Тошкент шаҳар «Юнусобод» тумани 14-мавзе 1-уй 8-хонадонда яшовчи Фотха Абдуллаеванинг Сурхондарё вилоят прокурорига 29.01.2013 йилда ёзган Аризаси, тушунтириш хати ҳамда Жарқўрғон туман прокурорига 22.04.2013 йилда уни жабрланувчи деб эътироф этиш ҳақидаги аризаси ва жабрланувчини жиноят иши материаллари билан таништириш баённомаси бўлиб, ундаги имзолар Ф.Абдуллаеванинг паспортидаги шахсий имзосидан фарқ қилиб тургани яққол кўриниб турибди, шундай бўлса-да тергов органи ушбу шубҳали имзоси бўлган ариза ва тушунтириш хатларни далил сифатида кимдан қабул қилиб олиб, ҳаттоки процессуал ҳужжатлар ва (баённомани) сохталаштирган.

Шунга эътибор қаратиш жоизки, фуқаро Ф.Абдуллаева Тошкент шаҳрида яшаб келишига қарамасдан 22.04.2013 йилда жабрланувчи сифатида уни эътироф этишни сўраб Жарқўрғон туман прокурорига ариза ёзган ва шу куннинг ўзида терговчи Б.Хайдаров уни жабрланувчи тариқасида эътироф этиш ҳақида қарор чиқарган, кейинчалик 27.04.2013 йилда уни барча жиноят иши материаллари билан таништириб баённомани имзолатган.

Ф.Абдуллаеванинг аризаси кўздан кечирилган такдирда,ариза почта орқали берилмагани аниқланади.Демак, Ф.Абдуллаева Сурхондарё вилоят Жарқўрғон туман прокуратурасига шахсан ўзи келиб, аризасини топшириб 27.04.2013 йилгача Сурхондарё вилоятида бўлиши керак. Ф.Абдуллаева тушунтириш хатида умуман вақти йўқлигини эрталаб ишга кетиб кеч соат 21-00да уйга келишини баён қилган. Демак, бундай иш билан банд бўлган инсон қандай қилиб ва қачон Сурхондарё вилоятига келиб юришига вақт топган?

Бундан ташқари, тергов органи қачон ва қандай тартибда уни жиноят иши материаллари билан таништириш учун чақиргани жиноят ишида ёпиқлигича қолмоқда. Шу сабабли юқорида кўрсатилган далил ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги экспертиза йўли билан аниқланиши лозим бўлади.

4.Жиноят ишида А.Қаюмов никоҳсиз яшаб юрган ва ўрталарида икки нафар фарзанди бўлган фуқаро Пардаева Ферузанинг 06.04.2013 йилдаги Гувоҳ тариқасидаги сўроқ баённомаси бўлиб, унда А.Қаюмовни адвокат сифатида танишлигини у билан бирга яшамаслигини ва ўртасида фарзанд йўқлигини билдирган. Худди шундай А.Қаюмовни 03.04.2013 йилдаги сўроқ баённомаси бўлиб, унда А.Қаюмов ҳам Ф.Пардаева билан бирга яшамаслигини билдириб, аризамдаги фактларни туҳмат деб кўрсатма беришган.

Тергов органи фақат Ф.Пардаева ва А.Қаюмовни беришган ёлғон гувоҳлик кўрсатмасига асосланиб, аризадаги фактлар аниқланмади деб хулоса қилган. Табиийки, бу ҳолатда савол туғилади:Нима сабабдан ҳақиқатни аниқлаш учун тергов органи қонунда белгиланган тартибда Ф.Пардаеванинг фарзандаларини туғилганлик гувоҳномасини талаб қилиб олмади,туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалардаги ёзувлари асосида текширишни холисона ўтказмади?Нима сабабдан тергов органи Ф.Пардаева яшаб турган уйида қўшниларини сўроқ қилмади? Керак бўлса генетик экспертизасини тайинламади? Агарда бу ҳаракатлар ўтказилганида А.Қаюмов билан Ф.Пардаева бирга битта оила ва битта хўжалик ташкил этиб, ўрталарида икки нафар фарзанди борлиги аниқланар эди. Бундан ташқари А.Қаюмов ресторанда Ф.Пардаевадан бўлган фарзандига тўй қилиб берганини кўпчилик юристлар жамоаси билишади,кўпчилиги шу туйда иштирок этишган. Бу ҳолатни қандай яшириш мумкин?

Тергов органи иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун Ф.Пардаевани сўроқ қилганида биронта савол бермаган, бу эса тергов ҳаракати нохолисона ўтказилганидан далолат беради.

Вахоланки, мени туҳматда айблаш учун юқорида кўрсатилган ҳолатлар бўйича ҳақиқат аниқланиб, кейинчалик тергов органи аниқланган фактлар асосида мени ёки уларни айблаш масаласини ҳал этиши лозим эди.

Жарқўрғон туман прокуратурасининг бу каби ноқонуний ҳаракати белгилаб берган қонун устуворлиги тамойилингиз талабига зид эмасми?

Адвокат А.Қаюмов ҳозирги кунгача кўп маротоба “Мен ва ўғлим Анвар Қаюмов МХХ ходими бўламиз, улар томонга ишлаймиз, шу сабабли қайси жойга шикоят қилсанг ҳам менга ҳеч нарса қилаолмайсан, агар шикоят қилаверсанг ўзинга ва оила аъзоларинга ёмон бўлади, мана сенга нисбатан жиноят иши кўзғатиб, адвокат тизимида ишламайдиган қилиб қўйдик-ку” деб мени огоҳлантирган эди.

Ҳозирги кунда менга нисбатан асоссиз ва ноқонуний қўзғатилган жиноят ишидан ҳамда менга ўтказилаётган тайъзиқларга қараганда адвокат А.Қаюмовни маъмурий органлари ходимларидан кимдир тўғридан-тўғри ҳимоя қилиб келаётгани кўринади.

Юқорида қайд этилган ҳолатларга асосан, менга нисбатан процессуал қонун талабларига зид равишда қўзғатилган жиноят ишини назорат тартибида урганиб чиқишингизни, натижаси бўйича айибдор шахсларга нисбатан жавобгарлик масаласини ҳал қилишларингизни сўрайман.

Менинг аризамда келтирган барча важларимни бошқа маъмурий органлари ходимларининг аралашувисиз қонун доирасида текширилишини таъминлашингизни илтимос қилиб сўрайман ҳамда мени ва оила-аъзоларимни шахсий хавфсизлигимизни таъминлашингизни илтимос қилиб сўрайман.

Жаннаев С.
2013-йил 3-июнь

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares