УЙГА ЎҒРИ ТУШДИ, БИРОҚ…

Ofis balkonining surati, 2012 yilda olingan“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев Тошкентнинг Ал Хоразмий мавзеси, 31-даҳа, 4 –уйнинг 1-қаватидаги 19-хонадонни харид қилганига икки йилдан ошиб қолди.

Мақсад, кенжа укаси Бекзод Чориевнинг номига рамийлаштирилган 4 хонали мазкур хонадондан “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими офис сифатида фойдаланиши кўзда тутилган эди.

“Бирдамлик” офис сифатида фойдаланиб турган мазкур хонадонга келганлар, жуда яхши билишади, Бекзоднинг уйи  офис кўринишида эмас, миллий шаклда, ўзбекона  услубда дид билан кўнгилдагидек жиҳозланган.

Мазкур хонадонни четдан кузатганлар, бу уйда бирор бир ўзига тўқ оила истиқомат қилади деб ўйлашлари табиий.

Маълумки, отаси Ҳасан Чориев ноҳақ қамалганидан кейин Шаҳрисабзга, ёлғиз қолган кекса онасининг олдига қайтишга мажбур бўлган Бекзод Чориев, табиийки, мазкур хонадонга кўз-қулоқ бўлиб туриш учун менга Учтепа туман давлат нотариал идораси орқали ишончнома берган эди.

Мазкур хонадонда ҳеч ким истиқомат қилмасди. Онда-сонда Ҳаракат тадбирлари ўтказилишни ҳиобга олмаганда, офис деярли кимсаиз қоларди. Айниқса, тунлари….

Очиғи, кейинги пайтларда мавзеда ўғирликлар содир этилиётганлиги хусусида эшитгандим.

Айнан 4 уй қаршисидаги 4 қаватли уйнинг хонадонларидан бирига бундан 2-3 ой муқаддам тушган ўғри хонадонни шип-шийдам қилиб кетганлиги хусусида ваҳимали гаплар ҳам оралаб қолганди.

Шу боис ҳам уй-жой ширкати раҳбари Дилором опа (фамилияларини билмайман) “Бу хонадонга бирор киши кўз-қулоқ бўлмаса бўлмайди. Ўғри оралаб қолган” дея ёз ойларида бир-икки огоҳлантирган ҳам эдилар…

Буни қарангки, ўғриларнинг ишқи бизнинг офисимизни “шилиб” кетиш учун айнан 2014 йилнинг 10 январдан 11 январга ўтар кечаси тушиб қолибди…

Рости, агар Худо касофатлардан асрайман деса, фалокатдан қутқариб қолиш унинг қудрати олдида ҳеч гап эмас экан.

… 10 январдан 11 январга ўтар кечаси  одатимга кўра то тонгги соат 4.00 ларга қадар интернет титкилаб ўтирдим. Адашмасам, соат 4.00 дан ўтганлардагина тушакка чўзилгандим.

Телефон жирингидан уйғониб кетдим. Қизимнинг телефонига қарасам, болаларимнинг отаси экан.

“Эшикни оч, мен келдим” дедилар. Уйқусираб, эшикни очдим. Қарасам, турмуш ўртоғим йўқ.  Бир маҳал яна телефон қайта жиринглаб қолди: “Нега очмаяпсан?” деган савол билан силтаб ташладилар.

Ҳайратим ошиб, уйқум қочди. “Очдиму, ўзингиздан дарак йўқ” дедим ажабланиб.

“Мана, эшикнинг тагида турибман, эшик ичкаридан қулф-ку?” дедилар.

Ҳайронлигим янада  ошди.

“Қанақасига қулф бўлади, мана, эшик қия турибди-ку?” дедим…

Кейин аниқланишича, турмуш ўртоғим кела-кела мени Ал-хоразмийда – офисда деб ўйлаб, 31 даҳага, 4 – уйга қайрилган эканлар.

“Мен Алгоритмдаги уйнинг эшиги тагида турибман. Эшик ичкаридан қулф, сен ичкаридамисан?” сўради турмуш ўртоғим.

“У ер бетон, совуғу? Нима қиламан музхонада. Фарҳоддаман,  23-кварталда” жавоб қилдим умр йўлдошимга.

“Нега унда Алгоритмдаги уйда одам бор? Эшик ичкаридан қулф?” дедилар улар ажабланиб.

“Нега энди эшик ичкаридан қулф бўлар экан? Ахир калит биргина ўзимда бору? Ҳатто уй соҳибида ҳам калит йўқ-ку? Шу тобда ичкарига ким кириб олган бўлиши мумкин? Келинг, мени олиб кетинг, ўзим бориб кўрайчи?” дедим юрагим ёрилгудек бўлиб.

“Мен боргудек бўлсам, ичкаридаги одам қочиб кетади-ку, ўзинг таксига ўтириб кела қол” дедилар дадамиз.

Айтганларидек қилиб, шошилганча таксига ўтирдим.

Бу пайтда соат тонгги 5 дан 27 дақиқа ўтган экан.

Ал-хоразмий даҳасига етиб келдим. Болаларимнинг отаси адашаётган бўлиши мумкин деган хаёлда эшикка калит солдим, бироқ, ичкаридан тамбаланганлиги учун эшик очилмади.

Кўнглимга турли шубҳа-гумонлар оралади. Шу заҳотиёқ “02” га сим қоқдим…

Очиғи, “02” га ишим тушмаганига минг йиллар бўлиб кетганди… Аксига олиб, бу рақам ўзгарганми, йўқ, мобил телефонда ўзгачароқ териларкан чамаси, қўл телефонда “02”га туша олмадим… Қизимга қўнғироқ қилиб, масалага аниқлик киритишга мажбур бўлдик.

Аниқланишича, мобил телефондан “102” рақами терилса, ИИБнинг навбатчилик қисмига уланаркан киши…

Ҳартугул, ҳаялламай уландим, навбатчилик қисмида гўшакни кўтарган ходимга вазиятни тушунтирдим: “Уйга кимдир кириб олган чамаси, ичкаридан берк. Қўрқаяпман. Ҳаво совуқ, илтимос, тезроқ келинглар” дея ўтиндим….

Аввалига 31-мавзенинг милиция таянч пункитидаги навбатчи ходимлар – участка нозирлари бўлса керак (икки киши), уларнинг ортидан кўп куттирмай, ИИБ ваъда қилган “наряд” етиб келди…

Учтепа туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходими ва участка нозирлари ҳам эшик ростанам ичкаридан қулф эканлигига ишонч ҳосил қилишгач, уйни айланиб, орқа – балкон томондан ўтишди.

Ва кўп ўтмай қайтиб келишди.  “Орқа балконнинг панжараси кесилган, жой очилган, ойна синган, ичкарида одам бўлиши керак. Ўғри кирганга ўхшайди. Сиз ўша ердан кириб, эшикни ичкаридан очинг энди” деди жиноят қидирув бўлими ходими турмуш ўртоғимга қараб.

Умр йўлдошим тўладан келганлиги сабабли, “Розиман, бироқ ўғри кирган  жой менга торлик қилади-да. У ерга мен сиғмайман, кираолмайман. Бирорта озғинроғингиз кирсангиз яхши бўларди” дея эътироз билдирдилар…

Кейин жиноят қидирув бўлими ходимларидан бири ўғри очиб қўйган орқа “дарича”дан ичкарига кириб, эшикни ичкари қулфини очиб берди.

ИИБ ходимлари ва участка нозири қуршовида ўзимни ичкарига урдим…

Очиғи, хонадондаги нарсалардан умидимни узиб бўлгандим. Уйнинг бор-йўғини шилиб кетишга улгуришган бўлса керак, деб юрагим увишган эди…

Ичкарига кирганимда ҳамма нарсаларнинг “тит-пити” чиқиб ётганлигига, нарсалар сочилиб, столлар тортмалари очилиб, ёйилиб ётганига кўзим тушди…

Дарҳол нарсаларни кўздан кечирдим…. Қизиқ, гарча барча буюмлар тартибсиз, ер билан битта бўлиб сочилиб, очилиб ётган бўлишига қарамасдан, шукурки, ҳамма буюм ва жиҳозлар жой-жойида эди….

“Пулингиз ё тилло буюмларингиз бормиди?” мени сўроққа тутди жиноят қидирув бўлими ходими.

“Йўқ, умуман пул ёки тилло буюмнинг ўзи йўқ эди. Шу рўзғорга керакли буюмлардан бошқа нарса йўқ эди. Ҳамма  нарса жойидага ўхшайди” дедим ўпкамни босиволиб….

“Бу уйга тажрибали ўғри кирмаганга ўхшайди. Акс ҳолда, бор нарсангиздан жуда бўлган бўлардингиз. Бу ерга ҳасаки ўғрилар киришган”, деди жиноят қидирув бўлими ходими тахминлаб.

“Ўғрида калит бўлганми, нега у эшикни ичидан қулфлаб олган?” дедим ҳайратимни яширмай.

ИИБ ходимлари кулишди.

“Уй эгаси келиб, эшикни очиб қолишидан қўрқиб, қочиб кетишга фурсати бўлиши учун, эшикни ичидан маҳкамлаб қўйган. Ўғрининг ақли етган нарсага сизнинг ақлингиз етмайдими?” кесатишди улар….

ИИБ ходимлари “ёз-чиз” ишларини амалга ошириш мақадида бизни милиция таянч пункитига етаклашди. Бордик.

Учтепа туман ИИБ бошлиғи номига битта, Учтепа туман прокурори номига битта “Тушунтириш хати” ёздиришди…

Мен журналистман. Менга айтиб туришнинг ҳожати йўқ. Шусиз ҳам бўлган воқеаларнинг “каштасини келиштириб” ёзиш қўлимдан келарди.

Бироқ жиноят қидирув бўлими ходими ёш бўлишига қарамасдан, мендан ҳам асабийроқ экан: “Опа, намунча шошма-шошарлик қиласиз. Ўз билганингизча ёзманг, менинг айтганларим бўйича ёзинг” деди буйруқ оҳангида.

Яхши деганча, ходимга қулоқ солдим.

Бир маҳал у “Ҳеч кимга даъвойим йўқ. Ариза ёзмоқчи эмасман” дея “диктовка” қилиб қолса, бўладими?

“Нега энди ҳеч кимга даъвойим бўлмас экан?  Нега энди ариза ёзмасканман? Ахир балконнинг панжарасини қирқишган, ойнани синдириб киришган-ку?” дея эътироз билдирдим унга.

Ўзини таништирмаган ходим афтини норози бужмайтирди: “Нега ёлғон гувоҳлик бераяпиз? Айтингчи, нимангиз йўқолган?” деди қўпол оҳангда.

“Тўғри, ҳамма нарса жойида. Лекин ўғирликка уриниш бўлган. Бу факт. Уйни остун-утун қилишган. Шунинг ўзи ариза ёзишимга асос эмасми? Бугун ўмаришга улгурмаган бўлса, эртага қайтиб келмаслигига кафолат борми? Бугун бу ерга тушган ўғри, эртага бошқа бировнинг ҳам томини тешмаслигигачи? Жиноятни олдини олиш керакми?” дедим норози оҳангда.

“Сиз бизга ишни кўпайтирманг, опа, бизни тўғри тушунинг. Қоғозбозлик кўпайиб кетади. Ўзингиз ҳам терговга қатнайвериб, эсингиз кетади. Қолаверса, ҳеч нарсангиз йўқолмабди, шукур қилинг. Одатда, бор-будидан айрилиб қолганлар, ариза ёзганлар, лекин очилмай қолган жиноятлар қанча. Сизда бунақанги кўнгилизликлар бўлмаган-ку?”, деди жиноят қидирув бўлими ходими мулойимлик билан, кейин бирдан айёрона оҳангда деди, “Бу киши сизга ким бўлади? Нега бу одам ярим тунда сиз ўтирган Фарҳоддаги уйга бормасдан, Алгоритмда юрибди? Билиб қўйинг, ариза ёзгудек бўлсангиз, биринчи гумон мана шу одамга – эрингизга тушади”.

Бу гапни эшитиб, кўзларимдан ўт чақнаб кетди.

“Ўша ўғри очган туйнукка эрим сиғмайман деганларига  ўзингиз гувоҳ. Керак бўлса, бармоқ изларини олишингиз мумкин. Эрим қинғир иш қилади, мен милиса чақираман, биз жиннимизми, то тонггача ухламасдан, санғийдиган одамларга ўхшаймизми? Сиз бизни ким деб ўйлаяпсиз?” одатимга кўра бирдан “ловуллаб” кетдим…

Гапга участка нозири аралашди: “Опа, шукур қилиш ҳам керак. Ҳаммани уйқудан қўйиб чақирдингиз, бордик, кўмак бердик. Эшигингизни очдик, кирдик, кўрдик, ҳамма нарсангиз жойида, ҳеч нарса ўғирланмаган. Ўзингизниям, бизниям овора қилиш керакми сизга?” деди ялингансимон…

Қарашсаки, бўлмади, кейин хужжат суриштиришга тушишди: “Уй кимники, сиз ўзингиз кимсиз? Қаерда ишлайсиз? Нега уй эгаси сизга калитни берган? Нега сизга ишончнома қолдирган? Уй эгаси билан қандай боғлиқлик томонингиз бор? Биз сиз билан гаплашмаймиз, уй эгасини чақиртирамиз. Сиз қонун жиҳатидан бу уйга даҳлсиз одамсиз. Ўзингиз ҳам гумондор бўлиб қолишингиз ҳеч гапмас…” ва ҳо козо….

Улар у дейишди, мен бу дедим, хуллас, ҳиқилдоғимга келтиришди…

Очиғи, уйқусизлик дардига мубтало бўлганлигим сабабли, соат тонгги 4.00 ларда бироз мизғиб олиш илинжида бир эмас, иккита уйқу дори ичгандим… Аксига олиб, кун ёйила бошлаганда дори ўз таъсирини кўрсатар, кўзларим юмилиб кетаёзганди…

Охийри ИИБ ходимлари билан тортишиш бефойда эканлигига кўзим етгач, соат 9.00 лар эди, адашмасам, “Ҳеч кимга ҳеч қандай даъвойим йўқ” деб ёзиб бердиму, жоним халос бўлди…

Ўғирлик жинояти содир бўлишига бир баҳия қолди. Ўғирликка уриниш бўлган. Бўлгандаям қандоқ! Лекин … Ўзбекистон ИИБсига бунинг даҳли йўқ. Ёпиғлиқ қозон ёпиқлигича қолса, бўлгани…

Мен бу зерикарли ҳикояни нима учун айтаяпман: мана, мен ўз ҳақ-ҳуқуқини таниган, қонунни яхши билган олий маълумотли  бир фуқаро сифатида шу тонгда Ўзбекистон ИИБсига бас кела олмадим, ҳуқуқий манфаатларимни ҳимоя қилишга ожизлик қилдим…

Улар қандай талаб қилишган бўлса, шу мазмунда тилхат қолдиришга мажбур бўлдим…

Энди Ўзбекистондаги менинг каби минглаб аҳолининг ҳақиқий аволини ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг….

Ва яна мени ажаблантирган нарса шу бўлдики, ўғирлик жиноятини содир этилишига бир баҳия қолди, муқаррар ўғирликка уриниш бўлди. Бироқ, ИИБ ходимлари нима учун бу жиноятни иссиқ изида очиш ўрнига,  ҳақиқатдан кўз юмишди? Нега кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олишди? Намунча бефарқлик қилишди?

Аслида Ўзбекистон ички ишлар тизими ходимларининг иш услуби шу зайилда совуққон ва лоқайдликдан иборатмикин, ёки бу ерда мен билмайдиган бошқа бир синоат ҳам бормикин?

Наҳотки биринчи қаватдаги балкон решоткасини қирқишади-ю, қўшнилар бехабар қолади?

Биласиз, ярим тунда овоз акс-садо беради, тўғрими?

Наҳотки, ўғри ярим тунда биринчи қават ойнасини чил-чил қилади-ю, бирорта зоғ эшитмайди?

Ахир, биринчи қават балконига кириш учун ҳам камида нарвон керак бўлади кишига….

Ён-атрофдагиларнинг мазкур ҳолатга берган “ташҳеси”га қараганда, ўғрига турмуш ўртоғимнинг кутилмаган ташрифи халал берган. Акс ҳолда ўғирлик жинояти содир этилиши муқаррар бўлган…

Қолаверса, мазкур хонадонга кўчадаги тасодифий  ўғри ўлжали бўлиш илинжида  киришга уринмаганлиги ҳам аниқ…

Бу хонадонда ҳеч ким яшамаслигини билган жиноятчи томонидан уй узоқ вақт кузатувга олинган…

Мабодо, ИИБ ходимлари исташса, бармоқ изларидан жиноятчини бир зумда топишлари муқаррар эди.

Шундай бир вазиятда нега ИИБ ходимлари ўз касбларига бу қадар совуққонлик қилишди экан-а?

“Уйга ўғри тушиш” эпизодида  айнан ана шунингдек ўз касбига лоқайд, боқибеғам орган ходимларининг ўзларини қўли бўлмасайди деб қўрқаман…..

Хўш, бу ҳолатдан ниманинг “ҳиди” келмоқда сизнингча?

Мазкур воқелик Ўзбекистонда сайловолди мухолиф ҳаракат фаолларига қарши таҳдид ва таъқиб компанияси бошлаб юборилганлигидан далолат эмасмикин, мабодо?

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares