ОШ – ИНҚИЛОБИЙ БОСҚИЧЛАР!

 

ТАДБИРИ ВАТАНДОШЛАРИМИЗНИ ҲАМДАРДЛИК САРИ ЧОРЛАСИН

 Birdamlik Harakati

Биласиз, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати  Инқилобий босқичлар, Оммавий шодлик, Оммавий шикоят, Оқсаройга шошилинг, Оммавий дардингизни айтинг, Оммавий Оқ либос кийинг  каби тушунчаларни ўзда мужассам этгувчи  – ОШ тадбирига асос солган.

ОШ тадбирининг мазмун-моҳияти  Ўзбекистон фуқароларини диктатор Каримовнинг зўравонликка асосланган адолатсиз режимига қарши ўз норозиликларини Оқ либослар кийиш орқали намойиш қилишга даъват этишга қаратилган.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Мустақиллиги ва Конститутция қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилиши анъанага айланган ОШ тадбирини оммавийлаштириш мақсадида тадбир доирасида ҳар гал “Оқ либос” расмлар танлови эълон қилинар ва Ҳаракат томонидан ғолибларга ютуқ тариқасида  салмоқли миқдорда  молиявий мукофотлар таъсис этилар эди.

Хўш, навбатдаги ОШ тадбири доирасида ташкил этилажак “Оқ либос” танлови ғолибларини бу гал қандай саворинлар кутмоқда?

Буни билиш, ўйлаймизки, ҳамма учун бирдек қизиқ. Шу сабаб ҳам биз юқоридаги каби ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олиш учун “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевни суҳбатга тортдик.

ЖУРНАЛИСТ: – Баҳодир Ҳасанович, суҳбатимиз аввалида сиз етакчилик қилаётган “Бирдамилк” Халқ Демократик Ҳаракати томонидан оммавийлаштириш илинжида ўтказилаётган ОШ тадбиридан кўзланган муддаога  яна бир бор қисқача изоҳ бериб ўтсангиз.

БАҲОДИР ЧОРИЕВ: – Ватандошларимизга жуда яхши маълум, Ҳаракатимиз ОШ тадбирига асос солган.

ОШ тадбирининг ҳар бир иштирокчиси Каримовнинг ёлғонларга қурилган тузимига қарши ўз норозилигини Оқ либос кийиш орқали изҳор қилиши керак. Бу Ҳаракатимиз тарғиб қилаётган нозўравон курашнинг ўзига хос бир кўриниши ҳисобланади.

Мақсадимиз, ОШ тадбирини оммавийлаштиришга эришиш. Тўғри, дастлабки қадамлар самарасиз бўлаётгандек кўринаётган бўлиши мумкин. Бироқ, ишонаманки, бора-бора халқда мурожаат ва чақириқ, чорловларимизга нисбатан маълум бир кўникма ҳосил бўлади. Халқ, албатта, ОШ моҳиятини, оммавий бўйсунмаслик мағзини тўла англаб етади.

Айтишингиз мумкин, бу каби тадбирлар нима беради деб… Хўш, бундан мақсад нима?

ОШ тадбири кишиларни ўзларидаги қўрқув ҳиссини енгишга,  журъат туйғусини шакллантириш, тарбиялашга ундайди ва ўргатиб боради.

Халқимизда “Тома-тома кўл бўлур” деган ибора бор. Шу маънода, ноумид шайдон дейдилар: Бугун ОШ иштирокчилари 100 та, эртага 1000 та, яқин келажакда эса миллонларни ташкил этса ажаб эмас.

Шу ўринда мен юртдошларимизга такрор айтмоқчиман: Сизу бизга фаровон турмушни четдан келиб ҳеч ким қуриб бермайди. Демократик жамиятга биз, ўзимиз бирлашиб, уюшиб, ҳамжиҳатликда курашиб эришмоғимиз даркор.  Токи норозиликлар, ўз ҳақини, озодлигини  талаб этиш, оммавий тус олмас экан, орзуларимиз сароблигича қолаверади…

ЖУРНАЛИСТ: – Айтингчи, бу йилги ОШ тадбири доирасидаги “Оқ либос” расмлар танлови ғолибларини қандай совринлар кутмоқда?

БАҲОДИР ЧОРИЕВ: – Айтишим мумкин: Бу галги ОШ даги “ОҚ либос” расмлар танловининг наинки ғолибларини, балки барча иштирокчиларини, бутун Ўзбекистон аҳлини, ватандошларимизни ҳеч бир моддият, симу зар, бойлигу бисот билан ўлчаб бўлмайдиган СОВРИН кутмоқда. Бу – ҳақиқий ҳурлик, озодлик, эркинлик…

ЖУРНАЛИСТ: –  Демоқчисизки, бу сафар “Оқ либос” расмлар танловига пул мукофотлари ажратилмайган?

БАҲОДИР ЧОРИЕВ: – Тўғри топдингиз. Шундай. Бу гал Ҳаракат ОШ доирасидаги “Оқ либос “ расмлар танловига ҳеч қандай молиявий совринлар қўймасликка қарор  қилди.

ЖУРНАЛИСТ: – Сир бўлмаса, нега?

БАҲОДИР ЧОРИЕВ: – Сир эмас, албатта. Бунинг объектив ва субъектив сабабларига қисқача изоҳ беришим мумкин.

Ҳали мен юқорида халқ бу гал баҳоси йўқ, бебаҳо ЮТУҚҚА эга бўлади дедим…. Албатта, молиявий рағбатлар, бу – бир марталик ҳадя ҳисобланади. Лекин инсон ҳуқуқлари топталмайдиган, фаровон, эркин, ҳур, демократик жамиятда умргузорлик қилишданам ортиқ туҳфа борми юртдошларимиз учун?  Биз ватандошларга нимани ваъда қилаяпмиз? Айнан шуни эмасми? Агарда халқ ҳақиқатдан ҳам Ҳаракатимиз ғояларига эргашадиган бўлса,  норозилик ва  бўйсунмасликни оммавий тус олдиришга эришгудек бўлса, биз Ўзбекистон аҳолисига ваъда қилаётган нурафшон кунлар нақд деяверинг. Демак, ҳаммаси халқимизнинг ўз қўлида. Агар аҳоли ўзларидаги қўрқув ҳиссини енга олса, журъатлироқ бўлишга ўзларида куч топа олса, жисплашса, бир мушт бўлиб тугилса, бир ёқадан бош чиқариб, бирдам бўлса – демак, билингки, Элимизга энг катта мукофот  – фуқаролик жамиятида яшаш насиб этади. Айтингчи, бунинг бирор бир баҳоси борми? Ўзбекитон аҳолисининг демократик жамиятда даврон суришларини қай бир қиймат билан баҳолаб бўлади: тоннами, миллион ёки миллардлар биланми? Бунинг баҳоси йўқ, албатта.

ЖУРНАЛИСТ: – Мен-ку, буни тўғри тушунгандек бўлдим, бироқ Ўзбекистон аҳолиси тўғри талқин қилармикин? “Оқ либос” расмлар танлови ғолибларини моддий рағбатлантирмаслик тўғрисидаги Ҳаракат қарори ОШ тадбири танлови иштирокчиларининг кескин камайиб кетишига туртки бўлмасмикин? Нима дейсиз?

БАҲОДИР ЧОРИЕВ: – Ҳақсиз. Ўзбекистон шароитида ҳамма нарса бўлиши мумкин. Буни ҳам инобатга олган ҳолда қарор қилганмиз. Биласизми, нега?

Назаримда, навбат-навбати билан ОШ тадбири доирасидаги “Оқ либос” расмлар танловига молиявий соврин ажратмасликка келишилди. Нега?  Негаки, биз шу орқали  ОШ тадбири иштирокчиларини, элдошлар истак ҳоҳишини, таъбир жоиз бўлса, “элакдан ўтказиш” илинжидамиз.

Ҳар гал кишини бир савол қийнайди: “Оқ либос” расмлар танлови ғолиблари, ва умуман, ОШ тадбири иштирокчилари эгниларига Оқ либос илиб, ёинки Оқ шарф ташлаб, нима сабабдан майдонга чиқадилар? Мақсад нима? Муддаочи?

Каримовнинг диктатурага асосланган тузимига чин маънода қаршилиги сабаб, тузимга барҳам бериш илинжида норозилик изҳор қилиш учунми, ва ёки Ҳаракат томонидан қўйилаётган катта миқдордаги молиявий мукофотларга эга чиқиш учунми? Мана, гап қаерда? Бу саволга қачонлардир жавоб топиш керакми, йўқми?

Мана, навбатдаги ушбу ОШ тадбиримиз айнан ана шу каби саволларга сўзсиз жавоб беради деган хаёлдаман.

Биз, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистонлик ватандошларимиз 3-2-1 минг долларлик мукофотни қўлга киритиш илинжида –зафар қучиш  учун эмас, ўлмас ва умрбоқий мақсадлар  орзусида – Каримовнинг зўрликка, порахўрликка, ёлгонга, адолатсизликка, инсонни хўрлашга, тахқирлашга  асосланган тузимидан мутлоқ ғолиб келиш истагида ОШ тадбирларимизда иштирок  этишларини, эгниларига Оқ либос кийишларини ич-ичимиздан истардик.

ОШ нинг ўтган галги тадбирларида кимлар иштирок этганлиги бизга маълум. Шу маънода, қани, кўрамиз, бу галги ОШ иштирокчиларини, кимлар ташкил қилар экан? Шу маънода, олдинги иштирокчилар ва ғолибларнинг иштирок этиш-этмаслиги уларни асл мақсадларини, қалб истакларини намоён қилади….

Шу боис ҳам гоҳи-гоҳида тадбир «тактика»сини ўзгартириб туриш фойдадан ҳоли бўлмайди. Шу маънода, айтишим мумкинки, ушбу ОШ қайсидир маънода Ўзбекистон аҳли учун, ОШ нинг олдинги иштирокчилари учун бир синов даври ҳисобланади….

Моддий рағбат қўйилмаслиги тадбир иштирокчиларини саралаб олишга кўмак беради…

Бу билан мен Ҳаракат “Оқ либос” расмлар танлови ўтказиш ва ғолибларни моддий рағбатлантиришга тамомила чек қўйди деган фикрдан йироқман. “Бирдамлик” ХДҲ Бошқарув Ҳайъатининг қарорига мувофиқ бу анъана давом этади деган умиддаман.

Қолаверса, ушбу ОШ танловининг энг фаол иштирокчиларининг ҳар бирлари ҳақида Ҳаракат томонидан камида 10 дақиқалик видеорепортаж тайёрлаш ҳам режада бор.

Ва ҳар галгидек, ОШ тадбирида Оқ либосда суратлар олинади ва мазкур расмлар сайтимиз саҳифаларида ўз аксини топади деган умиддаман.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни таъкидлаб ўтишни истардим: “Оқ либос” расмлар танловига моддий рағбат қўймаслик таклифи айнан Ҳаракатимизнинг Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқуловадан чиққанди.

Унинг таклифи Бошқарув Ҳайъати томонидан ўрганиб чиқилди ва ҳамма, жумладан, мен ҳам бу таклифни қўллаб-қувватладим.

Ушбу қароримизнинг самараси ўлароқ навбатдаги ОШ тадбирига кам сонли одам чиқиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу эса биз ҳали халқимиз юрагига йўл топа олмаганимизда ёки йўл топган бўлсак ҳам, лекин элдошларимиз қалбидаги қўрқувни, лоқайдликни ва каримовчи ОАВ тарғиб этаётган ёлғонга ишонишни бартараф қила олмаганимизда деб биламиз.

Демак, янада фаол ишлашимиз, ҳар бир қишлоқда, ҳар бир шаҳарда Ҳаракатимиз иштирокчиларини сонини оширишимиз ва нозўравон кураш ғояларини янада кенгроқ тарғиб этишимиз керак. Шу йўналишда ўз Радио ва ТВмизни фаолиятини тизим сифатида олиб бориш йўллари ҳақида ўйлаяпмиз.

ЖУРНАЛИСТ: Украинада мухолифат раҳбарлигидаги аҳолининг оммавий чиқишларини “Бирдамлик” қандай баҳолайди?

 

БАҲОДИР ЧОРИЕВ: -Албатта, Украинадаги шароит билан, Ўзбекистондаги шароит ўртасида жуда катта фарқ бор. Буни мен ва Ҳаракатимиз Бошқарув аъзолари яхши тушинамиз. Ўзбекистонда диктатура, Украинада сайловлар орқали президентлар алмашаяпди, хукумат ва парламент Конституция ва қонунлар асосида нормал фаолит кўрсатади. Хокимият ва мухолифат муносабатини қонунлар белгилайди.

Хозир Киев ва бошқа шаҳарларда украин мухолифатини якдил, келишмовчиликларни орқага суриб қўйиб,  аҳолини Европа Иттифоқи билан яқинлашишга чорлаши ва ўз ортидан миллиондан зиёд фуқароларни эргаштира олиши ҳар қандай тасаннога молик.

Биз бу тажрибани диққат билан ўрганмоқдамиз ва ўрганишни давом этамиз. Моҳиятан “ОШ – инқилобий босқичлар!” тадбирининг ва биз эълон қилган суст бўлсада давом этаётган, Оқ тинч нозўравон инқилобни Биринчи босқичи заминида, Украинада кузатилаётган ҳолатни, Ўзбекистонда барпо этиш, яратиш мақсади ётади.

Хеч кимда шубҳа бўлмасин, бугин бўлмаса эртага, эртага бўлмаса, яқин келажакда ўзбеклар ҳам нозўравон кураш услубларини ишга солиб, уюшқоқлик билан, оммавий равишда кўчаларга чиқишлари сиёсатшунослар, социал инженерлар ва амалий сиёсат соҳиблари таърафидан такидланмоқда.

Биз ҳам бундай жараёнлар бошланиши учун тинмай фаолият олиб бормоқдамиз.

Мен ҳурматли Ҳаракатимиз иштирокчиларини, кўп минг сонли сайтимиз ўқувчиларини, АҚШ президенти Барак Обаманинг “Умид шижоати. Америка орзусини қайта уйғониши ҳақида фикрлар” номли китобида такидлаган, ҳамдардликни сиёсатда ва ҳаётда чуқур моҳият ва беқиёс аҳамиятга эга эканини унитмасликка чақираман.

Азиз Ватандошларга эслатиб ўтмоқчиман, “Бирдамлик” мурожжатларига амал қилиш маҳсули – диктаторни тарих аҳлатхонасига улоқтиришимиз, фуқаролик жамияти сари қадам қўйишимиз, оммавий мулкдорликка таянган жамият ва давлат барпо қилишимиз ва озод,  тўкин, тинч ва фаровон турмуш шароитини яратишимизга имконият беради.

Бир биримизга ҳамдард бўлсак, нозўравон кураш байроғини баланд кўтарсак,  озод, адолатли, фаровон Ўзбекистонни барпо этишимиз мумкин. Зеро, Ҳаракатимизнинг халқимиз дардларига малҳам бўлишдан бошқа мақсади йўқ.

Мен барча Ватандошларимизни Инқилобий босқичлар сари дадил одим отишга, Оммавий Шодлик, Оммавий Шикоят, Оқ саройга шошилинг, Оммавий дардингни айт – ОШ тадбирида фаол иштирок этишга чақираман. Биз билан бўлсангиз, кам бўлмайсиз!

ЖУРНАЛИСТ: – Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Суҳбатни Ҳаракатнинг Ўзбекистон бўлими матбуот котиби Салима Рустамоваолиб борди.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares