Ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамро оламдан ўтди

4 май куни тонгда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раиси, 59 яшар Бахтиёр Ҳамро вафот этди. Тошкентдаги Воҳидов номли махсуслаштирилган кўкрак жарроҳлиги маркази тиббий хулосасига кўра, у ичак саратони билан хасталанган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси 4 май куни аср намози пайтида Жиззах шаҳар Заргарлик маҳалласида тупроққа берилади.

Бахтиёр Ҳамро мустақилликнинг дастлабки йилларидан мухолифатчилик ҳаракатларига қўшилди, сўнгра ҳуқуқ ҳимоячилиги борасида фаолият кўрсатиб келди. У мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятига доир кескин чиқишлари билан танилган, бу борада кўплаб ҳисоботлар муаллифи эди.

Ҳуқуқ фаоли шу йил бошида қароргоҳи Дублинда жойлашган нуфузли  Frontline халқаро ташкилоти мукофотига номзод бўлганди.

Франциядаги «Ўтюраклар клуби» раҳбари Мўътабар Тожибоева мазкур воқеа муносабати билан Озодлик радиосига берган суҳбатида Бахтиёр Ҳамронинг инсон ҳуқуқи фаолларига таъқиб ва тазйиқлар жуда кучайган бир шароитда ишлаб келганини таъкидлаган эди.– Андижон воқеаларидан кейин жуда кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилар мамлакатдан ташқарига чиқиб кетди. Бахтиёр Ҳамроевда ҳам шундай имконият бор эди. Бироқ у мамлакат ичкарисида қолиб, ўз фаолиятини давом эттирди. Бир неча бор уни калтаклаб ҳам кетишди, тош билан уриб бошини ҳам ёришди. Унга тазйиқ ўтказаман деб, ўғлини ҳам қамашди. Бироқ Бахтиёр Ҳамроев ўз фаолиятини давом эттирди. Ичкаридаги вазият ҳақида доим халқаро ташкилотларни ва хорижий оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиб турди. Ўтган йилда саломатлиги ёмонлашгани боис фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Бироқ шундан кейин тўшакда ётган бўлса ҳам¸ фаолиятини давом эттирди,- деган эди Мўътабар Тожибоева.

Бахтиёр Ҳамро  ўтган йил сентябр ойидан бошлаб тўшакка михланиб қолган. Унинг хотини Муяссар опанинг Озодликка айтишича,оғир дардга чалингганига қарамай Бахтиёр Ҳамро фаолиятини давом эттирган. У “токи оёқдан йиқилмагунимча ишлайвераман” деган эди.

www.ozodlik.org

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares