(якуний нутқ)
Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик партияси Қурултойининг Кун тартиби якунланиш арафасида.
Шунингдек, Қурултойда биз билан бирга ва интернет орқали биз билан бирга иштирок этаётган вакилларга ўз ташаккуримни билдираман.
Қурултой вакиллари бугун нафақат “Бирдамлик”чилар учун, балки ўзбек миллати учун, барча юртдошларимиз учун ҳаётий зарур сиёсий қадам ташланди ва карор кабул килинди. “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати янги “Бирдамлик” Халқ Демократик партиясига айланди.
Партиямиз Қурултойи ўн тўрт ярим йил давомида орттирилган сиёсий, ташкилий, назарий ва амалий тажрибани ва йиғилган масалаларни таҳлил этди.
Биз сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий, тиббий, бандлик, технология ва маданий жабҳалар бир-бирига узвий боғлиқ эканини, халқимизга ўн тўрт ярим йилдан бери тушунтириб келаяпмиз. Қашшоқлик, оммавий ишсизлик, болалар меҳнатидан аёвсиз фойдаланиш, кўплаб бегуноҳ кишиларнинг қамалиши диктатура тутган йўлнинг нақадар адолатсиз эканини кўрсатади. “Биз шахснинг ҳақиқий озодлиги, унинг иқтисодий хавфсизлиги ва мустақиллигисиз мумкин эмаслигини аста-секин, лекин янада аниқроқ тушундик. Йўқсиллик ва озодликбирга бўла олмайди”, – деган АҚШни “улуғ депрессия”дан олиб чиққан президент Франклин Рузвельт. (Франклин Рузвельт «Беседы у камина» http://www.gramotey.com/?open_file=1269033897#TOC_id1059605 )
Йўқсилликдан тўқчилликка, мустабидликдан ҳурриятга ўтиш учун биз мулкдорликнинг ҳамма шаклларини, айниқса кичик ва ўрта бизнесни қўллаймиз, бозор иқтисодиёти, тадбиркорлик йўлини тўлиқ очамиз. Чунки дунёдаги қатор ривожланган мамлакатларда мулкдорликнинг турли шакллари, қонун устуворлиги етарли даражада таъминланган, фуқароларни демократия шароитида озод, инсон ҳуқуқларига риоя қилинган, фаровон ҳолатда яшашларига замин яратилган. Биз учун бу ибрат ва тарих тасдиқлаган тараққиёт мактабидир.
Улуғ ўзбек миллатининг, Туркистоннинг асл фарзанди Абдулҳамид Чўлпон нидосидек:
“Халқ истаги: озод бўлсин бу ўлка,
Кетсин унинг бошидаги кўланка,
Бир қўзғалур, бир кўпирар,
бир қайнар, Бир интилур,
бир ҳовлиқар, бир ўйнар,
Йўқлиқни-да, очликни-да йўқ этар,
Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар…
Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!”
Халқимиз дарди, “Бирдамлик” дарди. Партиямиз Қурултойи якунида миллатдошларимиз, юртдошларимиз юрагидаги, руҳидаги энг олий, энг юксак истакларини баралла, биргаликда бор шуруримиз, бутун кучимиз ила хитоб қилайлик:
ЎЗБЕКИСТОН ОЗОД БЎЛАДИ!
ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛАРИГА ОЗОДЛИК, ДЕМОКРАТИЯ, ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ВА АДОЛАТ!
НОЗЎРАВОН КУРАШ – ОЗОДЛИК ЙЎЛИДИР!
ЎЗБЕК ОЗОД ВА БОЙ БЎЛСИН!
БИРДАМЛИК! БИРДАМЛИК! БИРДАМЛИК!
Баҳодир Хон Туркистон – Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик партиясининг Раиси