“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатининг Чимкентда ўтказилиши мўлжалланган ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари томонидан белгиланган манзилда бўлиб ўтишига изн берилмаган Иккинчи қурултойига доир воқеаю ҳодисалар ва тафсилотлар Ўзбекистон ҳукумати мухолифатга нисбатан ҳамон агрессив муносабатда эканини яққол намоён қилди.
Аслида барча “Бирдамлик”чилар қатори мен ҳам мазкур Ҳаракат фаолиятига Ўзбекистон ҳукуматининг тоқатсизлиги Ислом Каримов бошқаруви даврида қандай бўлса шундайлигича қолганлигини, Шавкат Мирзиёев бошқаруви даврида “Бирдамлик”ка нисбатан муносабат ижобий томонга заррача ўзгармаганлигини олдиндан сезиб юрардим. Буни Ҳаракат етакчиси, (ҳозирда Партия) Баҳодир Хон Туркистоннинг “Бирдамлик” ХДҲ фаолиятини қонунийлаштириш, ЎзР Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказишга доир ёзма мурожаатлари жавобсиз қолганлигидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзган аризаларига, Ўзбекистон Республикаси ДХХ раиси номига ёзган хатларига жавоб берилмаганлигидан, Баҳодир Хон Туркистоннинг Ўзбекистонга Қурултой ўтказиш учун келиш мақсадида АҚШдаги Ўзбекистон элчихонасига мурожаати қониқтирилмаганлигидан, бундан ташқари, “Бирдамлик”нинг Ўзбекистонда яшовчи фаолларига турли босимлар ўтказиш чоралари бир зум тўхтатилмаганлигидан ҳам аниқ билиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, шу пайтгача Ўзбекистон ҳукумати “Бирдамлик” ХДҲнинг нормал фаолият юритишига йўл бермай келмоқда. Бунга “Бирдамлик” ХДҲнинг жорий йилнинг 15-сентябрида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиши керак Қурултойолди йиғилиши ўтказилмагани, аниқроғи, йиғилишни ўтказишга ҳукумат изн бермагани яққол мисол бўла олади. Худди шу куни эрталаб соат 8:00 да “Бирдамлик” ХДҲнинг Ўзбекистондаги етакчиси Қаҳрамон Маҳмуднинг Тошкент шаҳридаги уйига Ички ишлар органи ходимлари бостириб келиб, унга тегишли органнинг тегишли чақирув қоғозларини кўрсатмаган ҳолда уни Тошкент шаҳар Олмазор туман ИИБда эрталабки соат 8:30 дан то кеч соат 17:30 га қадар ноқонуний равишда ушлаб турган. Шундай ҳолат “Бирдамлик”нинг Самарқанд вилоятидаги фаоли Зафар Хандамов билан ҳам рўй берган. ДХХ топшириғига кўра Зафар Хандамов ҳам Самарқанд вилояти, Қўшработ туман ИИБ бўлимида эрталабдан кечгача ноқонуний равишда ушлаб турилди. Бу чоралар камлик қилганидек, ҳукумат одамлари Қурултойолди йиғилиши ўтказилиши лозим бўлган Тошкент шаҳар Миробод тумани Фарғона йўли кўчасида жойлашган “Чашмаи нур” кафесини ҳам ёптириб қўйди. Хулласи калом, “Бирдамлик” худди илгаригидек ўз фаолиятини ошкора тарзда юритишга чоғлангани сари ҳукумат ва ДХХ унинг фаоллари билан яширин тарзда, мавжуд қонунларга зид равишда шуғулланишни авж нуқтага чиқарди. Бунга Ҳаракатнинг 15-ноябрь кунига белгиланган Иккинчи Қурултойида қатнашиш учун Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига сафарга отланган 50 нафарга яқин фаоллар билан рўй берган ҳар хил ҳодисалар мисол бўла олади. 10 ноябрдан бошлаб Ҳаракат фаолларининг ҳаракатига жиддий назорат ўрнатилди. Ички ишлар органлари ходимлари айрим фаолларнинг уйига бориб қонунга зид равишда уларнинг паспортларини олиб кетиб қолишди, Ўзбекистон чегарасига етиб келган фаолларнинг чегарадан ўтишига эса Чегарачилар рухсат бермади. Қурултой ўтказилиши белгиланган манзилга етиб борган мени ва сафдошларим Клара Жўраева, Рустам Пўлатов, Зафар Хандамовларни эса 14-ноябрь куни Ўзбекистон ҳукуматининг, Ўзбекистон ДХХнинг илтимоси ва талабига биноан Қозоғистон томон Қозоғистондан кучли босим ва таъқиблар остида чиқариб юборишди. Бир сўз билан айтганда, Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистон ҳукумати чалган ноғорага чиройли қилиб ўйнаб беришди. “Бирдамлик” ХДҲ етакчиси Баҳодир Хон Туркистон эса Қозоғистон ҳудудига киритилмади. Шу тариқа Қурултойнинг белгиланган манзилда, фаоллар иштирокида юзма-юз ўтказилишига барҳам берилди. Лекин, шундай бўлса-да, Қурултой 15-ноябрь куни Интернет орқали Онлайн тарзда юксак савияда бўлиб ўтди. Ҳаракат ўз олдига қўйган мақсадига эришди. Шу куни амалдаги “Бирдамлик” ХДҲ “Бирдамлик” Халқ демократик партиясига айланди. Партиянинг янги Дастури ва Низоми тасдиқланди.
Кучли баҳс-мунозаралардан кейин Баҳодир Хон Туркистон “Бирдамлик” ХДПнинг раиси этиб сайланди.
“Бирдамлик” партияси ўз олдига қўйган мақсадига эришибгина қолмасдан, ўзини қонун устуворлиги таъминланган демократик давлат дея ҳисобловчи Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳукмрон доира вакиллари устидан чиройли ғалаба қозонди…
Менимча, Ўзбекистон ҳукумати “Бирдамлик” ХДҲнинг иккинчи қурултойини ўтказишга қаршилик қилиб, жиддий хатога йўл қўйди, юқорида таъкидлаганимдек, бу ҳозирги ҳукуматнинг мухолифатга бетоқатлигини ошкора намойиш қилди. Ҳаётда амалга оширилаётган, масалан, айрим мухолифат вакилларини қора рўйхатдан, халқаро қидирувлар рўйхатидан чиқариш, шунингдек, мухолифат вакиллари билан музокаралар ўтказишга изн бериш, уларнинг Ўзбекистонга келишига рухсат бериш каби ишлар шунчаки рамзий, косметик ишлар эканлигини том маънода билдириб қўйди, халқаро ҳамжамият олдида яна бир карра юзи шувут бўлди. Шахсан мен, Ўзбекистонимни бой, қудратли давлатлар қаторида кўргим келади. Бироқ, Ўзбекистон ҳукумати ҳозирги қолоқ, қонунлар ишламайдиган, коррупцияга белигача ботган, инсон ҳақ-ҳуқуқлари бир тийинга қиммат бўлган қашшоқ давлатдан келажакда бадавлат ва кучли давлатга айланиши учун албатта мухолифатга тоқатли бўлиши керак, мухолифатнинг фикрига қулоқ тута олиши керак, мухолифат билан сиёсий майдонда ёнма-ён курашиши керак деган фикрдаман. Биз Ўзбекистонимизни ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсадида унинг ютуқларини кўра олган ҳолда камчиликларига, нуқсонларига ва бошқа салбий қарашларига нисбатан ҳамиша мухолифона қарашда бўлишимиз шарт. Шундагина қадимдан буён буюк инсонлар юрти бўлган, ҳозирда хароб аҳволга тушиб қолган Ўзбекистонимиз тараққий топади, гуллаб-яшнайди. Биз эса бошимизни мағрур кўтариб, “мен ўзбекистонликман” деб фахрлана оламиз! Шундагина ҳар ерда, ҳар қадамда “мардикорлару фоҳишалар етказиб берувчи юрт фарзанди” дея босилаётган тамғадан фориғ бўламиз. Ота-боболаримиз буюк бўлган юрт фарзандиман дея фахру ғурур билан яшаймиз.
Рўзибой Азимий,
Мустақил журналист.