ЎЗБЕКИСТОН: ЎзМТРК – МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАРНИ ТЎЛА, МАОШИНГНИ ОЛАСАН!

 

Бугунги кунда Ўзбекистонда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ажабтовур тартиб-қоида жорий этилган.

Табиийки, енг ичидаги бу “қонун” ЎзМТРКдек нуфузли даргоҳни ҳам четлаб ўтган эмас.

Айниқса, раҳбариятга ёқиш учун  Ҳукумат салла деса, бира тўла каллани юлиб югурадиган “Yoshlar”  телерадиоканалининг лаганбардор директори Хайрулла Боқижонович Нуриддиновга ўхшаганларга Худо берган.

Гап шундаки, олти ойдирки, балки ундан ҳам ошиқ вақт мобайнида уй-жой мажбурий комунал тўловлари (табиий газ, электр энергияси, совуқ, иссиқ сув, иситиш тизимлари, чиқинди, уй-жой солиғи,  ўй-жой ширкатларига тўланадиган соққа ва ҳ.к)ни тўламаганлар, ёхуд тўлай олмаган ходимларга ҳеч бир идорада ойлик маоши берилмайди.

–  Ўзим “Yoshlar” телеканалининг таҳририятида оддий муҳаррир бўлиб ишлайман. Оладиган маошим қалам ҳақи билан қўшиб ҳисоблаганда 350 000 сўм холос. Уч нафар болам бор. Турмуш ўртоғим 2-гуруҳ ногирони. Нафақа пули тутатадиган тамакисига етмайди. Шундай бир шароитда рўзғор тебратайми, кундан кунга бўйим баробар ўсиб бораётган коммунал тўловларни тўлайми, болаларимни едириб-кийдирайми? Росааа бошим қотиб қолган. Гоҳида газ, сувларнинг тўловларини тўлолмасдан қоламан. Нақд пул ўлгурнингку, ўзи йўқ. Оладиган сариқ чақамизниям пластик ўлгирга тушириб беришади.  Ҳозир Хайрулла қаттиқ тартиб ўрнатган. Кимда ким  газ, электр каби тўловларни ойма-ой тўлаб, тўлов қоғозини – квитанциясини келтириб, бухгалтерияга кўрсатмаса, ўша ойда маошидан мосуво бўлади. Бутунам тинкамизни қуритиб юборди бу тартиби. Додимизни кимга айтсак бўларкан-а?, – дейди ўзига Хумора Хурсандова дея тахаллус қўйган тележурналистлардан бири.

– Демак, мажбурий коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб, тўлов қоғозини тақдим қилмаган ходим тўрт тангасидан жудо бўлади. Жазо шу билан чекланганми? – сўрайман қизиқсиниб.

– Қайда, шунинг ўзи бўлса, кошки эди… Кимнингдир бу топшириқни амалга ошираолмай қолганлиги Хайрулланинг қулоғига етиб қолгудек бўлса, борми, кўппакдек қутириб кетади. Каридорга чиқиволиб, кўзлари хонасидан чиқиб, оғзи кўпириб, роса аккилайди. Ўша ходимни ҳамкасблар орасида бир тийин қилиб ташлайди. Истаганича ҳақорат қилади. “Муттаҳамлар, текинтамоқлар, ярамас махлуқлар. Айтилдими, қилсанг ўласанми?!” дея оғзидан боди кириб, шоди чиқади. Мулзам бўлади одам. Шундан қўрққанимиз учун ҳам емасак емаймиз, киймасак киймаймиз, лекин қарз олиб бўлсаям мажбурий тўловларни тўлаб, бир парча қоғозини келтирамиз. Шунга мажбурмиз. Иложимиз қанча, – дейди Хумора Хурсандова.

Тележурналист опамизнинг изиллаганларича бор экан. Негаки, биз 3 хонали уйнинг бир ойлик барча мажбурий тўловларини хомчўт қилиб чиқдик. Дейлик, баъзи бир тўловлар одам сон бошига қараб амалга оширилади, айримлари эса электр ҳисоблагичлар орқали. Табиийки, Ўзбекистондаги барча “дом”лардаги аҳоли истеъмол турларига (электрдан бошқа, газ, иссиқ-совуқ сув, газ, чиқинди дегандек….) электр ҳисоблагичлар етиб келган эмас. Демак, бир уйда ота-она, уч-тўрт фарзанд, ўзбекчиликда, жами 6-7 жон истиқомат қилишини инобатга оладиган бўлсак, 3 хонали уйнинг жами мажбурий коммунал тўловлари 250 минг сўмнинг тагига бориб қолар экан. (Телефон тўлови бундан мустасно!).

Ўзбекистон раҳбари Ислом отанинг яхши кўрадиган бир ибораси бор: “Ҳой, барака топгур!” дейишни хўпам хуш кўрадилар. Биз бугун шу жумлани ОТАМИЗнинг ўзларига қарата қўлламоқчимиз: “Ҳой, барака топгур! Кимсан Тошканнинг қоқ киндигида тер тўкаётган олий маълумотли тележурналист, яна қаернинг, ЎзМТРКдек даргоҳнинг ходими бир ойда бор йўғи 350 000 сўмгина маош олса-ю, бу соққани турли мажбурий коммунал тўловлар тариқасида яна ўзингиз супириииб олсангиз, халқ ниманинг ҳисобига яшайди, ахир?!”

Мамлакат иқтисодининг шу зайилда таназзул батқоғига ботганидан Каримов жанобларининг хабари йўқ деб ўйлайсизми? Адашасиз! Жудааа билади-да! Мажбурий коммунал тўловларни тўлашга аҳолининг молиявий қуввати етмаслигини ҳам билади. Шунинг учун ҳам енг ичида “Коммунал тўловларни тўлаб қўй, маош оласан!” деган тартибни “ихтиро” қилганлар-да!

Энг ёмони, Каримов отамизнинг бу борадаги фатвоси  “Yoshlar”  телерадиоканалини узоқ вақт бошқариш ишқида керак бўлса амалдорларнинг оёғига пойтава бўлишга, чайиб ичишга ҳам тайёр Хайрулла Боқижоновичга ўхшаганларга жудааа қўл келмоқда-да. Тележурналистларни анордек сиқиб, қонини ичмоқда. Нима бўлса, бўлсину, ходимларининг  мажбурий тўловлари ҳисобидан   ҳирмон ясаб, амалдорлар орасида обру топсин, энг муҳими омонат бўлиб қолган амалини асраб қолсин.

– Эҳҳҳ, сиз сўраманг, биз айтмайлик. Ўзбекистонда яшаш,   “Yoshlar”  телерадиоканалида ишлаш азоб, тирикликнинг ўзи уқубат, – дейди тележурналист Хумора опамиз армон билан.

Қайдам, аҳвол шу тақлидда давом этадиган бўлса, “Yoshlar”нинг Хайрулоси билан, ХАЙРУЛЛОЛАР билан Ўзбекистон узоққа бора олармикан? Хорлик ва хўрлик маконидан ўзга  яна бирор бир нурли манзилга бориб бўлармикан бу алфозда?

“Ўзбекистон – келажаги БУЮК  давлат!” – қачон бўларкан-а?! Қачон қуриларкан?! Сиз билмайсизми мабодо?…

 

Шербек РАСУЛБЕКОВ

тележурналист

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares