ҚИШ ЯНА ҚИЛИЧИНИ ҚАЙРАБ КЕЛДИ, КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАР БИЗНИ УНДАН ҲИМОЯ ҚИЛОЛМАЙДИ

 

ДОВУД СУЛАЙМОН

 

Ҳар йили шу аҳвол. Аёзли кунлар бошланиши билан хоҳ у қишлоқ бўлсин, хоҳ шаҳар бўлсин, Хоразм вилоятининг барча ҳудудларида яшовчи оилалар аъзоларининг кўнглида ғулғула пайдо бўлади. Чунки омон-эсон қишдан чиқиб олиш осон иш эмас. Қишлоқларда, шаҳардаги айрим ҳовли жойларда мавсумга ўтин ғамлаш масаласи ўртага чиқади. Ўтин эса ҳар йили қишда чопиб олинаверганидан дарахтлар камайиши оқибатида етишмовчилик хусусиятини касб этган. Катта-катта ғўлалардан эмас, асосий қисми оддий чивиқлардан иборат бўлган майда ўтиннинг бир тиркалма араваси (прицепи)  400-500 минг сўм (200-250$ атрофида) туради. Ҳали-ку ўтин, оддий ғўзапоянинг нархи осмонга чиқиб кетган.

 

Балки кўмир олган яхшидир? Йўқ, бўлмайди. Ҳозир яхши кўмирни топиш амри маҳол. Биринчидан, унга кўмир кукунига бўялган тош қўшиб сотишади. Иккинчидан, кўмирнинг кўп қисми қотган эмас, кукун ҳолида бўлади, мол тапписини қўшиб ёки бошқа бир усулни қўллаб, қайта ишлов берилмаса, ёнмай қолиши, иссиқлик бермаслиги мумкин. Учинчидан,  у ҳам қиммат. Газни-ку айтмай қўяқолайлик. Қишлоқ жойларида у қўлбола газ сўрдиргичлардан яширинча фойдаланувчиларнинг айримларига зўрға насиб этади. Баъзан шундай ҳол юз беради, кимдир газни кучли сўрдиргич воситасида ишлатганидан хоналари ўт бўлиб ёнади, ҳатто ёнғин юзага келади, кимнингдир оиласи газ йўқлигидан тунда ҳам кўрпа остида пальтосига ўраниб ётади.

 

Кўп уйларда ташқарига қора ўчоқ қурилган. Овқат шу ўчоқда пиширилади. Қишнинг қорли кунларида қалин кийиниб, ўчоқ бошида куйманиб юрган аёлларни кўриш мумкин. Маҳаллий матбуот ва телевиденияда газлаштирилган ва ичимлик суви билан таъминланган ҳудудлар ортиб бораётганлиги ҳақида маълумотлар берилади. Аслида эса Хоразм вилоятининг газдан жудо бўлган ҳудудлари тахминан 20 фоизга ошган. Қувур тортилгани билан газ бормаса, қувурдан нима наф. Айрим қишлоқларда ётқизилган ичимлик суви қувурлари охирига етказилмай ташландиқ ҳолда ётибди.

 

Балки электр печкаларидан фойдаланиш иш берар? Йўқ, бўлмайди. Негаки, қиш мавсумида электр қуввати узилишлари бошқа мавсумдагилардан анчайин зиёда бўлади. Қишлоқларда сутканинг кўп қисмида чироқ ўчади, бор пайтида ҳам кўпинча кучсиз ток келади. Бундай шароитда электр печкалардан фойдаланиб бўлмайди.  Шаҳарда ҳам айнан аҳоли электр печка ишлатмаслиги учун узилиш ҳосил қилинади. Масалан, Урганч шаҳрида линиялар галма-галдан суткасига бир неча марта 2-3 соатлаб электрдан мосуво қилинади.

 

Энди шаҳардаги “Иссиқлик манбаи” корхонасига қарашли қозонхоналарга келсак, мана ноябрь ойининг ярми ўтиб боряптики, айрим қозонхоналар ҳалигача ишга тушгани йўқ. Ўзи иссиқлик манбаи тармоғидан кейинги пайтларда кам хонадонлар фойдаланаяпти. Кўп қаватли уйлар хонадонларининг кўпчилигида якка тартибдаги қўлбола иситиш қозони ўрнатилган ва у газга уланган. Натижада бу газнинг лимитдан ортиқ сарфланишига олиб келади.

 

Агар шаҳардаги улкан қозонхоналар нормал ишласалар, уйлардаги батареялар Шўро давридаги каби ўтдай қизиб турса эди, ҳеч бир хонадон эгаси хоналарни тешдириб, кўринишни бузиб, икки миллион пул сарфлаб, қўлбола қозон ўрнатишни хаёлига ҳам келтирмас эди. Ҳали-ку иситиш, хонадонларда иссиқ сув ҳам ё келади, ё келмайди. Катталарни-ку қўятурайлик, болалар, қариялар муздай сувда ювинсинларми? Ахир қўлбола қозон ўрнатиб туриб, яна ваннахонада сув қиздирадиган мосламани сотиб олиб ўрнатишга ҳар кимнинг ҳам қурби етавермайди.

 

Иситиш қозони ўрнатилмаган хонадонларда қиш кунларида совиб кетадиган бетон деворлар моғор бойлаб, кўкариб кетаяпти. Бу туфайли болалар кўплаб касалликларга чалинмоқдалар. Уни бартараф этиш ҳам анча пул талаб қилади. Лекин ноилож қолган хонадон эгалари шу ишни ҳам қилишга мажбур бўлишмоқда. Аввало ички девор “стекловата” билан қопланади, сўнг унинг устидан “гипсокартон” қоқилади. Шу усулда хонанинг ички мувозанати сақланади. Лекин бундай қўшимча вариантлар йил сайин кўпаяверса, ҳар сафар қиш мавсуми учун ортиқча пул сарфлайверилса, инсон бўлиб, бир инсондек яшаш имконияти қачон пайдо бўлади? Бу гапларни мен айнан танқид қилиш учун кавлаштириб ёзмадим. Қанийди, ҳаммаси рисоладагидек бўлса ва биз танқид учун манба тополмасак. Бу жуда ҳам аъло иш бўларди.

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares