АКРОМХЎЖА МУҲИДДИНОВНИ ХОТИРЛАБ…

7-март тадбиридаги сурат

            “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракатининг Ўзбекистон бўлимида етакчи сифатида ўз фаолиятимни  бошлаган илк кунларимда мобил телефоним жиринглади.

           Гўшакни олдим.

        – Малоҳат, қизим, мен Акромхўжа акангизман. Янгийўлдан. Мени ҳали танимайсиз, билмайсиз.  Бир пайтлар, Дилором опангиздан аввалроқ  сиз каби ҳаракатнинг Ўзбекистон бўлимида етакчилик қилган акангизман. Ҳаракатнинг сафида ёшлар кўпаётганидан кўп қувондим. Энди бир кўришиб, танишиб олмасак, чақчақлашмасак бўлмайди, қизим, – деди гўшак ортидаги овоз.

          Мен мухолифат сафида янги бўлганлигим сабабли ҳам тажрибали одамлар маслаҳатига ҳамиша ўзимда муҳтожлик сезаман. Шу сабаб ҳам, кечиктирмасдан Акромхўжа ака билан учрашув кунини тайинладим.

          Белгиланган соатда Акромхўжа Муҳиддинов рафиқалари билан Фарҳод бозори ёнидаги чойхонага етиб келдилар. Бизнинг танишувимиз ана шундай бошланган эди.

          Акромжўжа аканинг рафиқалари қанчалик оғир, вазмин бўлса, ака, аксинча, бир гапириб ўн куладиган, лабидан табассум аримайдиган ўта хўшчақчақ одам эканлар. Ўтган кунлардан анчагача суҳбатлашиб ўтирдик.

         Шу-шу Акромхўжа ака менга тез-тез қўнғироқ қилиб, чор-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хабардор қилиб турадиган бўлдилар. Кўп ўтмай биз ота-боладек бўлиб кетдик.

         Ўз фаолияти давомида боши кўп тошларга урилган Акромхўжа ака  хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзига Хўжа Ҳақназар деб тахаллус қўйгандилар.  Долзарб хабар ва мақолаларини ўша пайтдаги Ҳаракатнинг Ўзбекистон бўлими матбуот котиби Саодат Амоновага, гоҳо менга телефон орқали етказиб турардилар. Баъзида қўлёзмаларини ўзлари келиб, қўллари билан бериб кетса, айрим пайтларда ёзганларини телефон орқали ўқиб берар, биз сўзма-сўз ёзиб олардик.

         Акромхўжа ака юраги тоза, беозор, одамшаванда бўлганлиги учунми, биз ҳамиша эски қадирдонлардек суҳбатлашардик. Ўртамизда бегонасираш, ишончсизлик девори йўқ эди.

               – Хўжа Ҳақназар ака, бормисиз, яхшимисиз? Нега жимиб қолдингиз,   хабарчилигингиз ҳам оқсаб қолгандек? – дердим уларга ҳазил аралаш  тахаллуслари билан мурожжат қилиб. Шундай пайтларда уларнинг диллари яйраб кетарди, ҳузур қилиб кулардилар.

     – Мана, бугун хабарнинг “додаси”дан бор, –  дердилар ҳазилимга мутойиба билан жавоб қиларкан.

           Шу йил, 7 март куни Халқаро хотин қизлар куни муносабати билан Ҳаракат сафидаги аёлларга байрам дастурхони ёзадиган бўлиб қолдик. Дарҳол Акромхўжа акага қўнғироқ қилдим.

           – Хўжа Ҳақназар ака, мана, сиздек арслондек йигитлар турганда, биз аёллар ўзимизга ўзимиз туҳфа қилиш илинжида овора-ю сарсонмиз. Байрам дастурхонини ёзсак дегандик. Энди сиз ёнимда туриб, елкадош бўлмасангиз бўлмас. Бозор-учар дегандек. Кўмагингиз керак бўлиб қолди-ку, ака, – дедим ўпкалаб.

         Улар гапда ҳам, ишда, ҳаракатда ҳам ҳозиржавоб эдилар. Кўп куттирмай, етиб келдилар. Акромхўжа аканинг беминнат кўмакларида  Ҳаракатимиз аёллари учун чиройли бир байрам дастурхони ёзган эдик ўшанда….  Тадбирдан сўнг яна акага мурожаат қилдим:

        – Ҳақназар ака, Матбуот котибимиз Амонованинг тоби қочиб, даврамизга келиб қўшила олмай қолди. Менга ҳамроҳлиқ қилсангиз, бориб  беморнинг ҳолини сўраб, байрам билан табриклаб, қўнглини кўтариб келсак дегандим, – дея илтимос қилдим улардан.

        – Жоним билан, шундай оловқалб қизимизни сўраб бормасак бўларканми, – дея беозоргина кулиб қўйдилар улар.

         7 март куни то қош қорайгунга қадар Акромхўжа ака менга ҳамроҳлик қилдилар.

         У киши билан бўлган мулоқотлардан англаганим шу бўлдики, Акромхўжа аканинг бағри жуда кенг экан.

         Яқингинада, айни ўрик, гилос ғарқ пишган паллада қўнғироқ қилиб:

         – Малоҳат, қизим, “дом”да, тўрт бетон орасида ўтиравермай, биз томонларга ҳам келинг, кўнглингизни ёзиб кетасиз. Бизнинг қишлоқ жуда баҳаво. Мевалар пишиб, тўкилиб ётибди. Қизларим билан келиб, муроббо, компот ёпиб кетинг. Мана, келинаянгиз, қизим сизга кўмаклашади. Мен сизни запорожим билан Янгийўлни би-иир айлантирай, – дедилар.

         – Сиз таклиф қиласизу, биз йўқ дермидик. Гап йўқ  ака, албатта бораман, – дедим хурсанд бўлиб.

         Бироқ орадан ҳафта ўтса ҳамки, Янгийўл томонга йўлим тушай демасди. Шундай кунларнинг бирида Акромхўжа ака қайта-қайта қўнғироқ қилдилар:

          – Сиз мени хафа қилаяпсиз. Ҳадемай ўриклар ҳам тугаб қолади. Келмайсизми энди. Аммо айтиб қўяй, сиз бизникига келмас экансиз, муроббо, қиш учун етак қилмас экансиз, мен ҳам офисга қадам қўймайман, аразлайман-а?  Агар сиз келсангиз, кейин ўзим офисга бориб қўлбола бир ош дамлайман. Мен тайёрлаган тамони ебамсиз, дунёга келмабсиз, ишонаверинг, Акромхўжа акангиз бир неча йил катта ошпаз бўлиб ишлаган, – дедилар хандон отиб.

           – Худо ҳоҳласа, албатта бир ўтаман, ака, бироқ, ҳозирча сизга бир илтимосли топшириғимиз бор, – дедим гап мавзусини фаолиятимиз томонга буриб.

           – Қулоғим сизда, – дедилар акромхўжа ака сергакланиб.

           – Мен шахсан танимайман, илгари Ҳаракатимиз сафида Қашқадарёнинг шаҳрисабз туманидан Инобат опа Ҳайдарова деган бир шижоатли фаолимиз бўлган экан. Фаолияти сабаб таъқибу тазйиққа учраган опа Қашқадарёдан қувғин бўлиб, айни кунларда Тошкентдан қўним топган эканлар. Таҳдидлардан юрак олдириб қўйганми, ҳарқалай, Инобат опа билан алоқа узилиб қолган. Суриштирувларимга қараганда, опа Янгийўл туманида, бир тикувчилик цехида ишлаётган эканлар. Инобат опани топишимиз, у киши билан алоқани тиклаб, Ҳаракат фаолиятига қайта жалб қилишимиз, қўнглига далда бўлишимиз керак. Сиздан илтимосимиз шуки, Янгийўлни беш қўлдек биласиз, Инобат опани топишда кўмагингиз керак, – дея илтимос қилдим.

         Акромхўжа ака ишга киришиб кетдилар. Гоҳ-гоҳ телефон қилиб:

–                      Бугун бир эмас, учта тикувчилик цехига бордим. Инобат исмли аёл ишламас экан, қидирувда давом этаман,   – дея хабарлашиб, кейин ортидан,  –  Аммо сиз ҳам талабимизни унутиб қўйманг. Қишлоғимизга, уйимизга келишингиз, муроббо ёпишингиз шарт, – дея тайин-тайин қилиб  турардилар.

–                      Бўлди, ака, шу якшанба куни Янгийўлга ўтаман. Инобат опани биргаликда излаймиз. Шу баҳонада бииир чақчақлашамиз, – деб ваъдани қуюқ қилдим.

–                      Якшанба куни нима қиласиз, дам олиш-у. Тикувчилик цехлари ишламайди-ку? Яхшиси, душанбами, сешанбами, хуллас, иш кунида келинг,  ҳаракатимиз бесамар кетмасин, сиз ҳам овора бўлманг, – дедилар Акромхўжа ака.

–                      Тўғри айтасиз, бу томонини ўйламабман. Яхшиям эслатдингиз. У ҳолда  келаётган душанба куни кўрришамиз, – дедим уларни ишонтириб.

          Орадан икки душанба ўтди ҳамки,  кундалик ташвишлардан бўшай қолмадим. Қунт қила олмадим. Ва…  Ниҳоят, ногоҳон, 26 июль куни эрталаб соат 7.00 ларда Акромхўжа аканинг фожиали ўлими ҳақида хабар топдим. Шок ҳолатига тушдим. Ишонмадим. Ишонгим келмасди. “Акромхўжа ака хушчақчақ одам. Ҳазилни яхши  кўради. Бораман, бораман, деб бора олмаганлигим сабабли, шунақанги совуқ хабарли ёлғон орқали мени Янгийўлга, уйларига меҳмонга чақириб олмоқчи бўлсалар керак-да. Аканинг қўпол ҳазили бўлса керак бу”, дердим ўзимга ўзим. Ҳечам ишонмадим.

        То Янгийўлга бормагунимча, Акромхўжа аканинг хонадонларига кирмагунимча, ягона қизалоғининг фарёдини эшитмагунимча, рости, ишонмагандим, ишонгим келмасди. Худди ҳозир қаршимдан “Мана, келса бўларкан-ку?” деб ўзлари чиқиб келадигандек эди гуё…. АФСУС!!!… Юрагимда кучли бир оғриқ,  дардли бир азоб, кучли  изтироб қолди…. Эссиз!!!…  Янгийўл деганлари бир қадам экан-ку?! Ҳақиқатдан ҳам борса қийналмасдан келса бўларканку?  Нега, нега лоақал бир кун олдин келмадим, кела олмадим? Нега ҳафсала қилмадим? Нега илгарироқ одам одамга ғанимат эканлигини билмадим-а, эссиз?! … Нега, нега шундай-а? Биз одамлар бунчалар бефарқмиз, бунчалар лоқайд, нега? Фақат мен шундаймикинман, ёки атрофимдаги ҳамма одамлар  ҳам шундаймикин? Таъзияхонадан қайтарканман йўл бўйи шу каби саволлар тиғлади кўнглимни…. Эссиз…

         Марҳумнинг рафиқасидан бўлиб ўтган фожиа тафсилотларини сўраб-суриштирарканман, барча ҳодисот кўз ўнгимда жонлангандек бўлди. Акромхўжа Муҳиддиновнинг ўлими, аниқроғи, ўлдирилиши, бу энди муҳокама қилиниши керак бўлган, шарт бўлган алоҳида мавзу, улкан бир фожиа. Шу боис ҳам Акромхўжа аканинг жонига қасд қилинишининг сабаб ва оқибатлари хусусидаги мулоҳазаларимни  кейинги мақолаларимда баён қилишга қарор қилдим. Акрмохўжа аканинг ўлими кимга керак бўлиб қолганди? Муҳиддиновни, мухолифат вакилини КИМ, КИМНИНГ қўли билан ўлдирди? Нега?  Бу каби саволлар, албатта, ўз жавобини топади деган умиддаман. Бугун эса, айтмоқчи бўлганим, “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракатининг жонкуяр фаоли Муқаддас Рамозон ойининг муборак кунларида шаҳид кетди. Илоҳим, Акромхўжа Муҳиддиновнинг жойлари жаннатда бўлсин. Оила аъзолари, ёру-дўстларига Яратганнинг ўзи сабр берсин….

       

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА   

 “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares