ЎЗБЕКИСТОН ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ РАИСИ ОДИЛ ЁҚУБОВГА

Ботир НОРБОЙ

 

Яқин тарих сабоқлари рукнига.

 

 

(1991 йили ёзилган хат)

 

Ҳурматли Одил ака!

 

Ҳозирги кунда 37 йилларда ўлдирилганлар, 46-50 йилларда қамалганлар ҳақида кўз ёши тўкиб мақолалар ёзиш урф бўлиб қолди. Албатта, бу ҳам савоб иш. Бу ишни ҳам қилиш лозим. Аммо бу ишни ўша пайтда, Қодирийлар, Чўлпону Усмонлар қамалган пайтда қилинса… балки улар тирик қолиши мумкин эди…

Айтайлик, ҳозир худди шу 37- йил ёки 1946 – 50- йиллар қурбонларига ўхшаб қамалганлар йўқми?

Мен улардан учтасини биламан. Бири – Ўзбекистон халқ депутати Шовриқ Рўзимуродов. У Бирлик халқ ҳаракатининг Яккабоғдаги сардори. Виждонли, имонли, чўрткесар ва ҳақиқатпараст йигит. Ўшдан олиб келинган ҳужжатли кинони биргаликда кўрганимизда ёш боладай бўзлаганини кўрганман. Эртасига сессияда чиқиб депутатларга “Ўш фожиаси ҳақидаги ҳужжатли фильмни кўринглар”, деб таклиф қилганию, депутатларнинг мум тишлаб ўтиргани ҳам ёдимда.

Қимматчилик бошланиши билан Яккабоғ оёққа қалқди. Оёққа қалққан халқ офатга йўлиқмасин, деб Ш. Рўзимуродов ҳам ўз сайловчилари олдига чиқди. “Независимая газета” ёзганидай, у одамларни тинчликка, муаммоларни тинч йўл билан ҳал этишга ундади… Аммо  вилоят катталари ғалаённинг бошлиғи деб Шовруқни кўрсатишди. Жумҳурриятнинг биринчи шахси ҳам бунга ишонтирилди… Ҳозирда Ш. Рўзимуродов олдиндан тайёрланган “далиллар” асосида суд қилиниб тўрт йилга қамалган. Ҳолбуки, унинг айбдор эмаслигини яккабоғликларгина эмас, бутун дунё кўриб турибди… Худди шу хил нотўғри ишлар туфайли ҳам Ўзбекистон бутун дунё олдида шармандаи шармисор бўлиб ўтирибди.

Мен билган шу хил типдаги курашчилардан бири – Ангренлик Холхўжа Юнусов. У Шовруқ сингари депутат ҳам, барваста палвон ҳам эмас. Ўзи нимжонгина йигит, аммо виждони тоза. Юраги бақувват, иродаси букилмас… Элнинг дардини ўз дардим, деб билади. Асли оддий чилангар бўлган бу йигит 20 йилдан бери сансолорликка, халқ нонини туя қилишларга қарши курашиб келади. Бу ҳақда (унинг курашчанлиги тўғрисида) фактлар орқали “Муштум” журналида ҳам ҳикоя қилинган.

Х. Юнусовни биз Жигаристонда ( қирли жойдан ер кўчиб, кўплаб оилалар тупроқ остида қолиб кетганида) азадорлар орасида куйиб-пишиб юрганини кўрганмиз. Ўша Жигаристондаги воқеалардан кейин тузилган комиссияга аъзо бўлган эди. У комиссия аъзоси сифатида халқдан келган хайрия ашёларини рўйхат қилиб, елиб-югуриб хизмат қилаётганига ҳам гувоҳмиз. Эртасига эшитсак, уни комиссиядан ҳайдашиб, ҳокимият вакилларини сўкди, деган сохта айблар билан 15 суткага қамашибди.

Қамоқдан чиқиб Тошкентга келаётганда эса йўлда ушлаб яна қамашган. Бу гал номаълум муддатга. Фақат Фавқулодда ҳолат давлат қўмитаси (ГКЧП) енгилиб қолгандан кейингина уни ҳибсдан озод қилишган… Бу сафар зўрлик ишлатиб қамоқдан чиқариб юборишган… Аммо унинг ойлаб тортган жабр-ситамлари учун ким жавоб беради? Маъмурий органлар ва адлия ходимлари Инсон тақдирини қачонгача оёқ ости қилишади? Ёзувчилар уюшмаси, депутатлар қачонгача бу хил фактларни кўриб туриб кўрмаганга олишади?

Мен тақдири ҳақида гапирмоқчи бўлган яна бир Инсон –ўзингиз ҳам билган, пашшага ҳам озор бермайдиган Ёдгор Обид. Ҳозир у қамоқда ётибди. Бу сафаргиси унинг иккинчи қамалиши. Бу гал ҳам уни кўчадан, метродан чиқаётганда олиб кетишган. Ҳеч бир митинг питинг бўлган эмас…

Бу қандай бедодлик! Ўзбекистонда виждонли одамлар учун кўчага чиқиш ҳам мумкин бўлмай қолди! Ҳозир шоир қамоқда. Ўзбекистон халқ депутати Шовруқ Рўзимуродов қамоқда. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ва унинг масъул раҳбарлари эса (гарчи бу ҳақда билсаларда), ҳеч нима билмагандай мум тишлаб ўтиришибди. Публицистларнинг аксарияти эса, ҳалиям 37 ҳамда 50 йиллар учун кўз ёши тўкишмоқда. Наҳотки, кап-катта адиблар, публицистлар қаламкашнинг биринчи вазифаси шу бугунги ноҳақликни фош этиш кераклигини англаб етишмаса.

Ҳурматли адибимиз ва депутатимиз сифатида Сизга мурожаат қилар эканман,  Шовруқ Рўзимуродов, Ёдгор Обид каби курашчиларни ҳимоя қилиб, қамоқдан озод қилишда камарбаста бўлишингизни истайман1 Акс ҳолда, Сиз ва Сизнинг сафдошларингизга берилган Халқ Ёзувчиси деган унвон ҳам, депутатлик ваколатлари ҳам ҳайф деган қарорга келишга мажбур бўламиз.

Хатимга ижобий жавоб берилади, деган умид билан

Ботир Норбой.

 

ИЗОҲ: Бу хатнинг бир нусхаси Одил ака Ёқубовга берилган.

Яна бир нусхаси “Ёш ленинчи”(ҳозирги Туркистон) газетасига топширилганди… Газетада чоп этилавермади… Ўша арафада А. С. Пушкин номи билан аталадиган Тил ва адабиёт институтида Абдулла Қодирий юбилейи муносабати билан илмий амалий конферанция бўлди. Мен (Аҳмадали Асқаров раислик қилган) бу конференцияда сўз сўраб юқоридаги хатни кўпчилик олдида ўқиб бергандим…

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares