ЎЗБЕКИСТОНДА ҚИММАТЧИЛИКМИ, ҚАХАТЧИЛИК? ЁХУД ЮРТДОШЛАРИМИЗНИНГ КЎЗИ ОЧМИ, ВА Ё ЎЗИ ОЧМИ?

Йил бошлангандан буён Тошкент шаҳридаги Фарҳод бозорида ҳар куни  аянчли бир ҳолатнинг гувоҳи бўламан: аҳоли бозорнинг кафтдеккина майдончасига ҳар куни тонгги соат 6.00 дан тўплана бошлайди. Навбат олган аҳоли кун узоқ – гоҳо соат 10.00 да, гоҳ 11.00 да, баъзи кунлари эса соат 16.00 дан ўтганда ( келиш келмаслик, ё қачон келишлик сотувчиларнинг истак-ҳоҳишига асосан амалга оширилади) бозор ҳовлисидаги кўчма савдо растасига келтириладиган тухум савдосини интиқ бўлиб кутишади. Мен бир нарсага ажабланаман: бу бозорнинг ҳовлисига мана 10 ойдирки ҳар куни 200-300 нафар, ҳатто дам олиш кунлари 500 дан ортиқ одам тўпланади.


Барчасининг муддаоси бир: арзон тухум харид қилиш. Чунки йил бошидан буён бу ерда  донаси 150 сўмлик тухум  савдоси йўлга қўйилган. Рост-да, шаҳарнинг дўкону бозор расталарида бир дона тухум 350-380 сўм сотилаётган бир пайтда қоқ тенг ярим арзонига  – 150 сўмдан кам ҳам  харид қилишни истамайди дейсиз?  Бор томоша куннинг исталган пайтида сотувга чиқариладиган арзон тухум келганидан кейин бошланади. Навбат кутаётганлару “очеред”ини йўқотиб қўйганлар,  ёхуд навбатсиз харид қилиш истагида ёнаётган фуқаролар ўртасида ур калтак-сур калтак бошланиб кетади.   Йил бошида бир киши  30 дона тухум харид қилиш ҳуқуқига эга эди.  Киши бошига  “1 фляга” тухум  текканлиги сабабли, тонг саҳар келиб, орқароқдан навбат тегиб қолган кишилар ҳар сафар тухумсиз, қуруқ қолишига тўғри келарди. Чунки сотувга чиқарилаётган кундалик арзон тухумнинг чўғи камлиги боис харидорлар эҳтиёжини қондириш амри маҳол эди. Оқибатда, навбатда турган одамлар орасида норозилик кучайди. Харидорлар орасида  бақир-чақир авжига чиқадиган, турнақатор бўлиб навбат кута-кута  тинкаси қуриб, охийри маҳсулотдан қуруқ қолган оломон ғазаб билан бозор  раҳбарларининг идорасига бостириб борадиган бўлишди. Алал-оқибат бора-бора арзон тухумга бўлган аҳоли эҳтиёжининг ниҳоятда ортиб бориши натижасида кейинги 3 ой давомида бир фуқарога 16 дона тухум сотиш белгилаб қўйилди.

Менинг назаримда кишиларнинг маънавий қиёқаси мана шу куби арзон маҳсулот учун саф тортган турнақатор навбатларда ҳам яққол намоён  бўларкан. Эҳ, саф тортган бу одамларимизнинг алдам-қалдамларини,  алдаб-аврашларини, оғзидан боди кириб, шоди чиқишларини бир эшитсангиз, ўз кўзингиз билан кўрсангиз эди? Шаксиз бир қултим луқма, тамоқ илинжида шу куйга тушган ҳамюртларимизга ачинган, ҳа ачиниб кетган бўлардингиз… Ва яна уларни шу куйга солган бу тизимга тупурар, лаънат айтиб,  қўл силтардингиз… Бундай аянчли  манзарани кузатаркансан, беихтиёр ўйга толасан киши: мамлактада қай аҳвол ҳукмрон: қимматчиликми? Ё қахатчилик? Ё бу ерда биз билмайдиган ва ё билишни истамайдиган бошқа гап ҳам бормикин? Нима дедингиз, юртдошларимизнинг кўзи очмикин ё.. ҳақиқтадан ҳам ўзи очмикин? Мен бу саволга қандай жавоб қилишни билмай қолдим. Сиз  айтинг-чи?

 Малоҳат  Эшонқулова

Бирдамлик Халқ Ҳаракатининг  Ўзбекистон бўлими раҳбари

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares