ЯХШИЛАРНИ ЁД ЭТИБ…

Қурбон ҳайити  кунлари кейинги бир йил ичида сафимиздан  чин дунёга  рихлат қилган биродарларини ёд этиш ҳар бир мўмин, жамики инсон учун ҳам қарз, ҳам фарз. Инчунун, биз ҳам оламдан ўтган қадрдонларимизни хотирлашни ихтиёр этдик. Зеро бу дунёни тарк этган  дўстларимиз яхши-ёмон кунларимзда  доимо биз билан бирга бўлган, “Бирдамлик”  каби демократик ташкилотларнинг фаолларини ҳар қандай шароитда ҳам қўллаган-қувватлаган биродарларимиз эди…

Менинг Шаҳобиддин Зокиров деган дўстим бўларди. Телефон тармоқлари тизимид (АТС)да ишлар эди. Шафқатсиз тақдирни қарангки, бу қадирдоним кутилмаганда қисқа вақт ичида  фарзанди ва турмуш ўртоғидан жудо бўлди… Айрилиқ ва ёлғизлик азоби исканжасига олдими, билмадим, август ойининг кунларидан бирида менга қўнғироқ қилиб қолди:  «Биродар,  юрагим сиқилиб, ўзимни қўярга жой томолмаяпман. Уйга кел, кўнглимни ёзай» дея таклиф қилди. Бордим. Ўтиришим  билан: “Икки хафтадан кейин тўй. Қизимни узатаяпман. Ўлар дунёда бир чақчақлашайлик деб чақиргандим-да, жўара” деди-да, қўл телефонини ёқди. Гугут қутидек келадиган телефондан  машхур хофиз Дадахон Хасановнинг овози янгради. Мухлис-да, хофизнинг қўшиқларини ҳатто телефонига ҳам ёзиб олибди. Ўзи эса дадахонга  қўшилиб хиргойи қила кетди. Маза қилиб ўтирдик. Эртасига кечки пайт дўстимни қўшниси қўнғироқ қилиб, “Жанозада кўринмадингиз?” деб сўраяпти.  “Қанақа жаноза?” дедим ҳеч нарсани тушунмай.  “Дўстингиз Шахобиддинни  эрталаб қабрга куйиб келдик” дея хурсинди у. Бўшашиб кетдим. Уйига қандай қилиб етиб келганимни билмайман… Шахобиддин «Бирдамлик» Халқ Ҳаракати раиси Баҳодир Чориев хақида кўп сўрарди. Бир кун Баҳодирни Наманганга келиб кетганини эшитиб қолибди. “Нега мен билан таништирмадингиз?” деб ростмана хафа бўлганди мендан. Қизиқиша жуда кучли эди. Гоҳо  “Ишқилиб бу ҳам анавиларнинг хилидан эмасмикин?” дея сўраб қоларди ҳадиксираб. Унинг ўта қизиқувчанлиги сабабми, билмадим, ҳарҳолда, иккаволн “Бирдамлик” Халқ ҳаракати ва унинг раҳбари, фаоллари хусусида жуда кўп  сухбатлашардик.

НАВБАТДАГИ ХОТИРА

Биз бир груҳ зиёлилар билан ҳар ойда навбатма-навбат ҳар биримизнинг хонадонимизда учрашишни ташкил қилганмиз. Орамизда собиқ раҳбарлардан  тортиб, ёшларгача бор. Сафимизда Шомирза  исмли, мендан бир-икки ёш катта  акамиз бўларди. Ҳақсизликка ҳечам  чидай олмасди. Ҳаётим адолатсизликка қарши кураш асосига қурилгани учунми,  билмадим, негадир, мени кўрса Шомирза аканинг дили яйраб кетарди. Шу йил сентябр ойи бошларида телефон орқали 15 дақиқача гаплашгандик. Одатда,  Шомирза ака телефонда бунақа кўп гаплашмас эди. Ҳайрон бўлдим.Оллоҳни қудратини қарангки,  ўша охирги суҳбатимиз экан. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмай,  бу дўстимизни хам қабрга қўйдик.

   УЧИНЧИ ХОТИРА

Билсангиз керак, Совет даврида хофизларни қўшиқлари пластинкага ёзилар эди. “Ўзбекфильм” жойлашган бинода  қўшиқларни пластинкага  ёзиш студияси бор эди. Машҳур актёр Тўлқин Тожиевнинг укалари Анвар Тожиев  қўшиқ ёзиб олишни хақиқий устаси эди. Камоиддин Раҳимов,Фахриддин Умаров,Таваккал Қодиров, Ғуломжон Хожиқулов, Ғуломжон Ёқубов  каби эл ардоқлаган хофизларнинг қўшиқларини  Тўлқин Тожиев ёзиб, халққа тарқатган. Мен ҳам устозларим К.Рахимов, Турдали Сайдуллаевлар билан қўшиқ куйлаб юрган кезларимда, бизнинг қўшиқларимизни ҳам Тўлқин ака ёзиб олганди. Ўша пластинкалар ҳозиргача сақланади. Мен у кишидан ҳамиша  хабар олиб турардим. Уларнинг суҳбатида кўп бўлардим. “Ҳақиқатни гапириб бўлмайдиган замон бўлди, Носиржон” дердилар улар. Нима бўлди-ю, бир хафта хабар олишга боролмадим. Лоақал телефон орқали ҳол сўраб қўя қолай деган ўйда рақамларини тердим.  Гўшакни аёл киши олди. Қизлари экан. “Адам ўтган якшанба куни вафот этдилар, сизни кўп гапирар эдилар, ака” дея йиғлаб юборди. Қўшилиб мен хам йиғладим. Хуллас,  яна бир дўстимиздан айрилдик.

ТЎРТИНЧИ ВОҚЕА

Бу воқеани ўқиб,  Ўзбек аёлининг жасоратига тан берасиз деб ўйлайман. Қўшнимиз Гулчеҳрахон ширкатимиз раиси эди. «Озодлик»радиосида ишлаб юрган кезларим эди. Бир куни ярим тунда ташқаридан бақир-чақир эшитилди. Чиқдиб қарадим. Гулчеҳра уч нафар нотаниш  шахсаларга нималарнидир тушинтирарди. Ғала-ғовурни эшитиб, барча қўшнилар  балкондан қараган чоғи, ҳалиги кимсалар машинасига ўтириб, қочиб қолишди. Эрталаб Гулчеҳра бўлган воқеани гапириб берди. Унинг айтишича, ярим кечада уч нафар киши менинг хондонимга прожектор тўғрилаб олиб, нималарнидир  шивир-шивир қилишаётганмиш. Синглимиз чиқиб «Кимсизлар, бу ерда нима қилаяпсислар? Мен ширкатнинг раисиман» деса, ҳалиги кимсалар «Носир Зокирнинг уйига  чет элдан кимлар келди? Шу ҳақда бизга ахборот берасиз, бўлмаса ҳозироқ управленияга олиб борамиз» дейишибди. Гулчеҳра «Носир ака ҳаммамизнинг ҳимоячимиз. Сенларга нима ёмонлик қилди? Бошқа қиладиган ишларинг йўқми? Юр, управлениянга борамиз» деб уларга дағ-даға қипти. Балконларда одамларнинг қораси кўриниб, гувоҳлар кўпайиб қолгани учун  учовлон «шоввозлар» жуфтакни ростлаб қолишган экан. Бу хабарни эшитгач, ундан  “Бу ҳақда радомизга интервю берасизми?”, деб сўрагандим, Гулчеҳра  ўйлаб ўтирмай рози бўлди. Унинг интервюсини радиога жўнатдим… Гулчеҳрахон  ўтган йили узоқ давом этган касалликдан сўнг, 51 ёшида вофот этди…

Дўстимиз, олим Алижон Обидов вафотлари ҳақида илгари ёзганим. Улуғ айём кунларида бу оламни тарк этган дўстларимизнинг охиратлари обод бўлишини Яратгандан сўрайлик. Қолганларимизни бевақт улимдан Ўзи асрасин. Келаси шу вақтларгача барчамиз соғ-саломат  бўлайлик. Неки эзгу тилак бўлса, барч аниятларимиз, илоҳим ижобат бўлсин. Дўстларим, барчангизни муқаддас байрам билан  Водийлик «Бирдамлик» фаоллари номидан табриклайман.

Сизларга узоқ умр тилаб, дўстингиз                                                                                                                                                                                                                                                                         

Носир Зокир

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares