КАМТАРИН ВА ОНГЛИ АҲОЛИНИНГ ОРЗУЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси бўйича бир неча йиллардан буён 8-турли маҳсулот давлат нархида тарқатилмоқда. Шулардан ун ва пахта ёғи халққа сув ва ҳаводай зарурлиги маълум. Аммо тарқатилаётган бу маҳсулотлар одамлар эҳтиёжини қондирадиган даражадами? Айтайлик, ҳар ойда одам бошига 2-3кг.дан ун 350гр.дан пахта ёғи тарқатилмокда. Уннинг давлат нархи 700-720 сўмдан пахта ёғини нархи 1литри 3.300 сўмдан сотилмоқда. Ўзбек халқи азалдан нонни кўп истеъмол қилади. Шундай экан, бир ойга 2-3кг. ун кимга етади? Бу давлатимиз тамонидан белгиланган энг арзон нарх ҳисобланмокда. Бозорда бир халта уннинг нархи 55.000.сўмга чиқди. талонга берилаетган арзон ун ва ёғ бир ойга бир маротаба берилади.Шундай катта оилалар борки, бир ойга 2-3 халта унни нон қилиб ейишади. Аслида аҳолининг ўзи ун ва ёғнинг давлат нархи қанча эканлигини билишмайди. Билишганда ҳам нима фойдаси бор. Аҳоли талонга маҳсулот тарқатилаётган вақтда тегишли ташкилотларга маҳсулотнинг нархи қимматлиги тўғрисида бир неча бор мурожаат қилиб кўришди. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмади. Масалан Жиззахдаги Д. Йулдошев ширкат хўжалиги 1- қангли кишлоғидан 8- турли маҳсулот учун алоҳида дўкон очган Саттаров Акром талондаги ун ва ёғ маҳсулотларини хоҳлаган нархида сотмоқда. Ун ва ёғ тарқатилаётган вақтда аҳоли Акромнинг устидан бир неча бор шикоят қилиб тегишли ташкилотларга мурожаат қилишди.

Тегишли жойдан текшириш учун вакиллар келишди. Текширувчилар бор пайт ун 600 сўмдан пахта ёғи 2600 сўмдан сотилди. Текширувчилар ўз ҳакларини олиб кетишган бўдса керакки, бир зум ҳам ўтмай. ун 720 сўмдан пахта ёғи яна 3.300 сўмдан сотилди. Акромбой миниб юрган лосетти автомашинасини аҳолига сотаётган ун ва пахта ёғи эвазига сотиб олди десак адашмаймиз. Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи шу бугунги кунда 49.735 сўм қилиб белгиланган. Бозорда бир халта ун 55.000 минг сўм, 5литрлик пахта ёғи 24.000 сўм, шакар 4.600 сўм, мол гўшти 15.000 сўмга чиқди. Энди дўппини бир четга олиб яхшилаб ўйлаб кўрайлик давлат тамонидан белгиланган энг кам иш ҳақи аҳолига қандай етсин? Бунинг устига ишсизлик авж олган. Ҳамма ҳам Қозоғистон ёки Россияга, Корея ёки Европа мамлакатларига бориб ишлай олмайди. Иш ҳақи ҳатто ишловчиларга ҳам вақтида берилмайди. Ишлайдиган кам сонли одамлар зўрма-зўраки 3-4 ой деганда бир ойлик маошини зўрға олишмокда. Ишсизлар сони бўлса кундан кунга кўпаймокда. Сатторов Акромга ўхшаган юлғичларни бўлса ҳар доим пичоги ёғ устида бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон бўйича Акромга ўхшаганларнинг сони ким билсин ким қанчани ташкил килади. Айтайлик, Ўзбекистонда, Қорақолпоғистондан ташшқари 11 вилоят, демак, 11та катта ва яна 20 30та кичкина шаҳарлар бор. Қишлоқлар эса минглаб. Шунга яраша минглаб дўконлар бор. Бу дўконлардаги минглаб акромчалар халқнинг нонини туя қилишмоқда. Аҳоли эса, тарқатилаётган маҳсулот нархидан норози. Камтарин аҳолининг орзуси – инсофи бор сотувчига эга бўлиш бўлса, онгли халқнинг орзуси тўқ ва дориломон ҳаётга эриштирувчи иш ўринларига, ойлик маошга ва охир оқибат, демократик мамлакатга эга бўлишдир.

Гавҳар Бердиева. Жиззах.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares