САНЪАТКОРНИНГ ЖАСОРАТИ

Носир Зокир

***

Хафтанинг энг мухим вақеаси Обид Асомовни «Озодлик» радиоси орқали 50 минут давомида мухбир саволларига жавоб бергани бўлди, десам, муболаға бўлмайди.

Бу сухбат халқнинг орасида юрган севимли санъаткори ҳақидаги турли миш-мишларга бархам берди. Баъзиларни бу сухбатни телефонига ёзиб олиб, эшитиб юрганига ҳам гувох бўлдим. Чойхоналарда кўпчилик оғзида шу гап. Баъзилари «Носир ака, Обид Асомов “Озодлик”да чиққан эмиш” деб савол беришди.

Бизда Обид Асомо ўзи хам айтиб ўтганидек, матбуот эркинлиги бўлмаганлиги сабаб, бир қишлоқда чет-эл радиосини бир киши эшитса хам, агар мухим хабар бўлса, бир кунда бутун қишлоққа тарқалади.

Менга таъсир қилгани, Обид Асомовни ижтимоий – сиёсий хаётимиздаги камчиликлар, масалан Ўзбекистон телевидениясини олди-қочди гаплар билан одамларни онгини айлантираётгани, Обид Асомовни ўзини ОАВларига чиқишини, концерт дастурларини тақиқлаб қўйилгани, филармонияга одддий қурувчини рахбар этиб тайинлангани, демократик принципларга зид бўлган нарсаларни, ўта соддалик билан, беғуборлик билан танқид қилиши бўлди. Бу менда ёқимли хислар ўйғотди. Обиджонни эшитиб ўтириб, бир нарса хаёлимга келди. Совет даврида мен ишлаган Наманган театрига КГБни собиқ полковнигини директори этиб тайинланган эди.

Бир куни доирачи концертга келмай қолди. Шунда директоримиз Ғуломжон ака деган театр қоровулига «тезда кийининг концертга борасиз, доирани хам олволинг» дейди. Бечора қоровул «Домла мен доира чалишни билмайман» деса «неча йилдан бери театрла ишлайсиз» дейди. Қоровул “23 йилдан бери ишлайман” дейди. “23 йил театрда ишлаб доирани тақир-тақир қилиб чалишни ўрганмаганмисиз» дейиши санъаткорлар орасида анекдотга айланиб кетган эди.

Аслини олганда санъаткорларни аксарияти ҳақиқатни гапиришдан қўрқади. Улар кўпчилиги хукумат амалдорларини мақтаб, улар хақида хатто қўшиқлар яратиб кўплаб унвон, мукофотларга эришишни хохлайди. Сафларига хатто қайта қуриш йиллари «Бирлик» « Эрк» сафларига санъаткорлар деярли қўшилмаган эди. Биргина довюрак хофиз Дадахон Хасанов унвону мукофотлардан воз кечиб, халқ дардини куйларди.

Мана энди Обид Асомов пайдо бўлди. Тўғри, Обид Асомовни Д.Хасанов билан тенглаштириб бўлмайди. Лекин хозирга даврда Обиджонни тўрт оғиз хақиқатни қўрқмай айтиши, бу қахрамонликдир. Атоқли хофиз Бобомурод Хамдамов «Озодлик» мухбири билан сухбат охирида мухбирга – “сизга рахмат, сиёсат хақида савол бермадингиз” деганда, у инсон мен хижолат тортиб кетдим. Шундай буюк санъаткор шунчалар хақиқатни гапиришдан қўрқадими?

1987 йили Фарғона театрида сахналаштирилган Шароф Бошбековни “Темир хотин” асаридан кейин ўзбек театрида халқни ижтимоий муаммоларини ёритган бирорта сахна асарини кўрмадик. Хамма сахналаштирилган асарларни хох телевиденияда бўлсин, хох театрда бўлсин, мавзуйи бир хил, нари борса оилавий муаммолар кўтарилади.

Сахналиштирилган асарларда бой ёмон, камбағаллар яхши деган ғоя устувор. Хозирги замонда бундай асарларни ким кўради. Қайси режиссер ёки санъаткор амалдорларидан “нега одамларни ўйлантириб турган муаммоларни кўтариб чиқувчи асарларни сахналаштиримайсизлар» деб сўрасангиз, “Э… бизда мумкин эмас” дейди. Ўзлари бўлса, телевизорда чиқиб, “мустақиллик туфайли биз санъаткорларга кенг имкониятлар яратилди” қабилидаги гапларни гапиришади. Ахир бу мунофиқлик эмасми? Мана Обид Асомов сабаб, санъат сохасидаги айрим муаммолар хақида гапириб олдим. Умуман, бутун санъат ахли, Обид Асомовдек бир хақиқатни қўрқмай айта олиш даражасига чиқмас экан, бошқа сохалар каби санъат сохасида хам хеч қандай ўзгариш бўлмайди.

***

Наманган

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares