Мухолифат: унинг ўтмиши ва келажаги.

  “Бирдамлик” ҳаракати ахборот маркази хабар  қилади.

     1989 йил тахминан май ёки июнь  ойининг кечаси мен дўстимнинг  машинасида радио эшитиб ўтирган  эдим. Унда сиёсий эшиттириш кетаётган бўлиб, бир вақт радио бошловчиси қандайдир бир ҳукумат одами билан суҳбат ўтказаётган эди. Шу одам “Бирлик” ҳаракати таъсис этилганлиги ҳақида  гапириб қолди ва бу ҳаракатни  қўлидан келганича ёмонлай бошлади. Ўша йиллари “Бирлик” ҳаракати тўғрисида энг биринчи маротаба эшитганларим шу эди. Кейинчалик миш-мишлар тарқала бошлади-гўёки “Бирлик” ҳаракати миллатчи-шовинистик ҳаракат бўлиб, у фақат рус забон халкларни  Ўзбекистондан чиқиб кетиши тарафдори  сифатида халқ орасида тарғибот қилина бошлади.

Эсимда-ишхонадан ДНД (русчадан-кўнгилли халқ дружинаси) мажбуран бориб юрганимда бир русзабон одамни милиция ҳодимлари пунктга ушлаб келишди. Аниқланишича у одам ўз кўшнисининг ховлисини арзон гаровга сотиб олмоқчи бўлиб унга аноним (имзосиз) хат жўнатган. Хатда у “Россияга жўнаб қол, бўлмаса ўлдирамиз. “Бирлик” деб ёзиб кўйган экан.

     Ҳеч қанча вақт ўтмай “Эрк” партияси ҳам тузилди ва унинг  газеталарини киоскалардан сотиб олиб ўқийдиган ҳам бўлдик. Нима учун бу сиёсий партия ва ҳаракатнинг ўз-ўзидан йўк бўлиб кетганлигини ўша вақтларда мен билмаган эдим. Кейинчалик ўн йиллар ўтиб-мухолифатга  кириб келганимдан сўнг, аста секин хабар топа бошладим.

 Айтиб ўтиш керакки, ҳозирда ҳам бу сиёсий партиялар тўғрисида халқ ҳеч нимани, ҳозирги авлод ёшлари эса умуман ҳеч нарсани билмайди. Бунга, албатта, энг биринчи ҳукумат таъсири бўлса, иккинчидан ушбу партияларнинг ўз структурасини реформа, модернизация қилмаганлигидадир. Ҳозир иккала партияга ҳам Янги қон зарур, яъни ёшлардан янги кадрлар керак.

 Афсуски, бу йўналишда ҳеч қандай иш қилинмаяпти. Ҳаммасига ҳам лидерларнинг бир-бири билан келиша олмаслиги, фақат ўзларинигина ақлли ва ҳақ деб ҳисоблашишлари сабабчи бўлмоқда. Кимки уларнинг фикрига қўшилмаса автоматик тарзда ё сотқин, ё агент бўлиб колиши, буларнинг барчаси мавжуд режимнинг кайф қилиб томоша қилиб ўтиришига олиб келяпди.

 Режим энг аввало сталинча сиёсатни олиб боргани сир эмас, яъни “калла кам-ғавғо кам” қабилида иш юритиб, бирма-бир Муҳаммад Солиҳни ва Абдураҳим Пўлатни ватанни ташлаб чиқиб кетишга мажбур қилди. Кейинчалик бу ишга шунчалик берилиб кетишдики, натижада Ўзбекистондан таниқли сиёсатдонлардан ташкари ҳуқуқпарварлар,мустақил журналистлар, эркин фикрловчи киши борки, барчаси қувғин қилинди.

Аммо бир ерда ҳукумат адашди. Ҳукумат ҳеч ўйламаган эдики, ҳижратда юрган кишилар хорижда бирлашадилар деб.   Айниқса, “Бирдамлик” ҳаракати ҳукумат учун кутилмаганда бошига тушган астероиддек сюрприз бўлди. Ҳукумат ҳеч кутмаган шок ҳолатига тушиб қолди. Сабаби: ушбу ҳаракат ўзининг ютуқларини ҳам эски мухолифатчи кадрлар кучи билан, ҳам янги,

 ёш кадрлар билан тўлдиришга ҳаракат қилиб куч тўплай бошлади. Бу, албатта, режимга ёқмади. Бу тушунарли. Аммо бу мухолифатнинг лидерларига ёқмаганлиги тушунарсиз. Нима бўлганда ҳам эски лидерлар худди устоз шогирдига оқ фотиха бериб ҳаётга йўл берганидек иш тутса, бу ўзбекчиликка ҳам, мусулмончиликка ҳам жуда мос иш бўлар эди.

“Мен бўлолмадимми, сенга ҳам йўқ” қабилида иш тутиш, ғилдиракка чўп суқиш, менимча катта одамлар учун ярашмаган ҳол. Модомики мен Ўзбекистон ичида эканман, шу нарсани аниқ айтаман: режим мухолифатнинг бирлашишидан, унинг ички структурасида реформа ўтказилишидан ниҳоятда қўрқади. Ёш болага “ана, бўжи келяпди” деса бола қанчалик қўрқса, шу даражада  ранги оқариб кетади.

 Айниқса, Муҳаммад Солиҳнинг номи ҳукумат учун худди Азроил номи билан синоним сўздек таъсир қилади. Толиб Ёқубовнинг номи уларга ҳозир бомба портлайдигандек, Баҳодир Чориевнинг номи эса худди бир нарсани билмасдан тушириб юбориб афсус чеккандек ёки баданига тикан кириб кетгандек ҳолатга туширади. Режим Ёдгор Турлибеков,

Тўлқин Қораевлардан қутулганига худойи қилиб берган бўлса ажаб эмас. Буларнинг барчаси албатта ўтмиш. Келажак нимани башорат қилади, мана гап нимада.  Агар  ўтмишдагидек лидерлар асосий айбдор чеккада қолиб кетиб, бир-бирларига  тош отиш билан овора бўлишса, албатта ҳеч қандай яхшиликни келажакдан кутиш мумкин эмас.

 Ҳеч қачон Абдираҳим Пўлат ҳам, Муҳаммад Солиҳ ҳам сотқин ёки агент бўлишмаган. Улар фақат бир нарсани ҳисобга олишмаган, туғрироғи бир мақолни “бир қозонда иккита калла қайнамайди”. Модомики битта қозонда нафакат юқорида номи келтирилган иккита инсоннинг ақл заковати, балки бир нечта калланинг йиғилиб қолишига сабаб бўлди. Бу ерда Дадахон Ҳасан,

 Толиб Ёқубов ва мен билмаган отнинг мана-ман  деган инсонларининг жамланмаси вужудга келди. Бу бўлиниш табиий бир жараён сифатида қаралиши керак. Албатта бу кишиларни яраштириб қўйишга ҳаракат қилиш ва мухолифатни шу орқали бирлаштиришга ҳаракат қилиш фойдасиз. Аммо бошқа йўли бор. Ҳозирда “Бирдамлик” ҳаракати алтернатив куч сифатида намоён бўлиб шаклланмоқда.

 Агар бир-бири билан келиша олмаётган лидерлар “Бирдамлик” ҳаракати атрофида бирлашсалар, бу бир нўлавой вариант сифатида яхши натижа беради деб умид қиламан. Менимча, бу бирор- бир лидернинг айнан лидерлигига путур етказмайди. Балки улар нафақат ўзларининг, ҳатто партиядошларининг олдида масъулиятларини бажарган шахс сифатида намоён бўладилар. 

Нодир Ахатов

     

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares