Галима Бухарбаеванинг “демократик” журналистикаси

Галима Бухарбаева нега Обидхон Қоридан кечирим сўрамади?

Шуҳрат Бобожонов укаси, узнюс.нет мухбири Қудратни радио орқали ҳимоя қилишга ҳақлимиди?

Сўз эркинлиги аслида нима?

Ўзбек диндорларининг хориждаги ҳаёти ҳақида аввал узнюс.нет сайтида эълон қилинган мақола ва унга таниқли имом Обидхон Қори раддияси ортидан бошланган баҳсу мунозаралар кейинчалик «Озодлик» радиосида ҳам давом этди. Узнюс. нет муҳаррири Галима Бухарбаева ўз сайтида эълон қилинган мақоласида Обидхон Қори ва уни тарафдорларини сўз эркинлигига нисбатан тоқатсизликда айблаб чиқди. Обидхон Қори эса унга ёзган раддиясида ўзини сўз эркинлигига эмас, балки мақолада келтирилган ёлғон маълумотларга эътироз билдирганини маълум қилди. «Озодлик» мухбири Абдулла Искандар (Шуҳрат Бобожонов) эса ўз эшиттиришида яна Обидхон Қори ва ўзбек мусулмонларининг сўз эркинлигига нисбатан тоқатсиз эканликларини «фош» этгандек бўлди. Матбуот ва сўз эркинлиги ҳимояси ниқоб қилиб олинган бу эшиттиришда Обидхон Қорини узнюс.нет да чиққан мақоладаги ёлғон маълумотларга эътироз билдиргани ҳақидаги фактлар сояда қолиб кетди. Радио эшиттириш юз фоиз Галима Бухарбаевани оқлаш ва уни қаҳрамон қилиб кўрсатишга бағишланди.

Обидхон Қори ва уни жамоасининг Швециядаги ҳаёти ҳақидаги мақола муаллифи Галима Бухарбаева жиддий хатоларга йўл қўйган эди ва бунинг учун у сайт орқали кечирим сўраши шарт эди.

Узнюс.нет сайтида босилган “Ўзбек имомларининг Швециядаги ҳаёти” мақоласида келтирилган қуйидаги маълумотлар кейинчалик ёлғон эканлиги маълум бўлди:

“Ҳеллифоршдаги масжид имоми Муқимжон Махмуднинг айтишича, у ва бошқа дин етакчилари ўз фаолиятларини яширин тутишга ҳаракат қилишади, реклама уларга зарар келтириши мумкин.

«Биз ҳатто швед журналистларидан биз ҳақимизда ёзмаслигини сўраймиз», – дейди у.”

Муқим Маҳмуд эса биз билан суҳбатда умуман узнюс.нет мухбирига интервю бермаганини ва ўзи Ҳеллефошдаги масжидда имом эканлиги ҳақидаги маълумот ёлғон ва туҳмат эканлигини, у ва бошқа дин етакчиларини ҳеч нарсани яширин тутишга ҳаракат қилмасликларини билдирди.

-Бу менга нисбатан очиқчасига туҳмат ва ҳақорат. Мен масжид имоми эмасман. Мени узнюс.нет мухбирига интервю берганлигим ҳақидаги даъволар ҳам ёлғондир” деди у.

Қизиқ, Муқим Маҳмудни Швециядаги масжидлардан бирида имом эканлиги ва ўз ҳаракатларини жамоатчиликдан сир тутиши ҳақида ёлғон маълумот тарқатишдан Галима Бухарбаева қандай манфаат кўрар экан?

Юқорида номи келтирилган узнюс.нетдаги мақолада яна қуйидаги ёлғон маълумот тарқатилган:

“Обид Қори Назаровнинг лагерига журналистлар, жумладан Uznews.net мухбири боришганида, улар лагерга кираверишдаги дарвоза тепасида, ўзбек тилида: «Ёзги оромгоҳга ҳуш келибсиз!» деган лавҳани кўришган.

Лагер ичида эса уларни исломий кийим кийган бир тўда ўзбек болалари қуршаган, ўғил болалар оқ дўппи, қизлар эса узун оқ куйлак ва рўмол ўраб олишган. Лагерда ишлаётган катта ёшдаги эркакларнинг аксарияти соқол қўйишган”.

Обидхон Қори узнюс.нет сайти муҳарририга ёзган раддиясида ва 4 сентябр куни “Озодлик” радиосида бўлган суҳбатда айнан мана шу ёлғон маълумотга эътироз билдирди:

“И Йонссон, и Кудрат, придя в лагерь, увидели, что там отдыхают только женщины и девочки. Но автор статьи описывает совершенно иную обстановку:

«Внутри же лагеря их встретила куча узбекских детишек, одетых в исламскую одежду: все мальчики были в белых тюбетейках, а девочки в длинных платьях и платках, одетых на манер хиджаба. Все же работающие в лагере взрослые, а это, в основном, мужчины, носили бороды».

Интересно. Видит ли автор сон о лагере? Там же не было ни одного мальчика! Ведь журналист уж точно не принес собой белую тюбетейку в лагерь. Это приписывание, наверное, нельзя назвать художественным вымыслом корреспондента”. (узнюс.нет)

“Озодлик: Тақсир энди мақолага қайтсак. Бу мақола эълон қилиниши ортидан турли фикрлар янгради. Шу ўринда сиз ҳам ўз эътирозларингизни билдирдингиз. Шу мақолада сизнинг қониқмаган жойингиз нимада?

Обид қори Назаров: Бу мақолада ëлғон аралашган. Қудрат Бобожон келиб, бизнинг лагеримизни кўрган, лекин у ерда қиз болалар билан ўғил болалар аралаш эмас эди. Бу киши “мен тўғрисини гапириб берганман” деб айтган. Лекин мақолада “Оқ дўппи кийган болалар ўраб олишди” дейилган. Бу ëлғон эди. Бу нарса тан олиниши керак эди, лекин ундай бўлмади”. (“Ислом ва сўз эркинлиги: чегара қаерда? “Озодлик” радиоси”

Куни кеча (10.09.09 05:11) эса узнюс.нет сайтида эълон қилинган “Обид Қори сўз эркинлиги ҳимоясига бирор сўз айтмади” мақоласидаги қуйидаги фикрларга эътибор беринг:

“Радиода Uznews.net муҳаррири Галима Бухорбоева иштирокида уюштирилган мунозарада, Обид Қори Назаров тағин бир бор, мақолада ёлғон ахборот берилганлигини такрорлади.

Бухорбоеванинг, журналист ўғил болаларни лагернинг бошқа қисмида, масжидда кўргани тўғрисидаги эътирозини эшитмай, Обид Қори Назаров матбуотнинг ёлғонни тарқатишга, динни ва мусулмонларнинг туйғуларини калака қилишга ҳаққи йўқлигини таъкидлашда давом этди”.(узнюс.нет)

Галима Бухарбаева юқорида келтирганимиз “Ўзбек имомларининг Швециядаги ҳаёти” мақоласида “Лагер ичида эса уларни исломий кийим кийган бир тўда ўзбек болалари қуршаган, ўғил болалар оқ дўппи, қизлар эса узун оқ куйлак ва рўмол ўраб олишган”, деб ёзган эди. Энди эса “журналист ўғил болаларни лагернинг бошқа қисмида, масжидда кўрган” демоқда. Аслида лагернинг бошқа қисмида масжид йўқ.

У олдинги мақоласида йўл қўйган хатосини усталик билан тузатиб кетишга урунган, лекин бу ёлғон маълумот учун Обидхон қоридан кечирим сўрашни унутиб қўйиб мавзуни нуқул диндорларни сўз эркинлигига тоқатсизлигига буришга ҳаракат қилган.

Галима Бухарбаева олдин ҳам журналист Қудрат Бобожонов фикрларига таяниб камина шаънига ҳам туҳмат ва ҳақоратдан иборат маълумотлар тарқатган эди. У “Бирдамлик” ҳаракатини Стокҳолмда “Озодлик” радиосидаги цензурага қарши ўтказган пикетида “Бирдамлик”нинг яна бир аъзоси журналист Юсуф Расулов плакат кўтариб “Озодлик” радиоси журналистларини диктатура билан ҳамкорликда айблади” дея ёзган эди. Аслида мен “Бирдамлик” аъзоси эмаслигим ва бу пикетда иштирок этмаганим ҳақидаги раддиямни эса у ўз сайтида эълон қилишни истамади. У ўз ёлғонлари фош бўлиб қолиши мумкинлигидан қаттиқ қўрқиб қолган эди.

Орадан яна кўп вақт ўтмай у яна айнан журналист Қудрат Бобожон фикрларига таяниб навбатдаги хатога йўл қўйди. Бу гал у Муқим Маҳмудни Ҳеллефошдаги масжидда имом эканлиги ва қиз болалар учун ҳозирланган ёзги дам олиш оромгоҳида ўғил болалар ҳам борлиги ҳақида ёлғон маълумот тарқатди.

Бухарбаева тарқатган бу ёлғон маълумотлар эса фош бўлиб қолгач у ўзини оқлаш учун иккинчи – жуда ҳам хавфли қадамни қўйди. У ўзига ёлғон маълумотлар етказиб берган Қудрат Бобожоновнинг “Озодлик” радиосида ишловчи акаси Шуҳрат Бобожонов (Абдулла Искандар)ни ишга солиб ўз камчиликларини хаспўшлаш мақсадида Обидхон қори ва уни тарафдорларини сўз эркинлигига тоқатсизликда айблаб чиқди. Бунинг учун пухта режа ишлаб чиқилган эди. Журналистика этикасига тўғри келмасада Шуҳрат Бобожон укаси Қудрат Бобожон иштирокида ёзилган Бухарбаева мақоласини муҳокама қилишдан истиҳола қилиб ўтирмади. У журналистика ва матбуот эркинлиги билан унча таниш бўлмаган Муҳаммадсолиҳ Абутов ва мавзудан йироқ адабиётшунос Бахтиёр Исабековдан ўз мақсади йўлида фойдаланди ва Галимани юз фоиз оқлаб чиқди. Аслида Обидхон қори бошқа уламоларга қараганда анча прогрессив қарашдаги, либерал дунёқараш эгаси сифатида сўз эркинлигига қарши бирор ҳаракат қилмаган эди. У бор йўғи Бухарбаева тарқатган ёлғон маълумотларга изоҳ беришларини талаб қилаётган эди.

Радиодаги эшиттириш гўёки диний бағрикенглик ҳақида бўлсада аслида у ерда журналистика қоидалари, матбуот ва сўз эркинлиги муҳокама қилинди. Бу суҳбатда Галимадан ташқари журналистикадан хабари бор бирор киши иштирок этгани йўқ. Эшиттириш давомида Обидхон қорини узнюс.нетда тарқатилган ёлғонлар ҳақидаги эътирозлари панада қолиб кетди, қайтанга нуқул диндорларнинг сўз эркинлигига қарши эканликларига урғу берилди. Оқибат натижада радио эшитувчилар кўз ўнгида Обидхон қори сўз эркинлигига қарши бўлган жоҳил уламо сифатида атайин нотўғри тасаввур пайдо қилинди.

Матбуот ва сўз эркинлиги демократиянинг ажралмас қисмидир. Сўз эркинлигисиз демократия бўлмаслиги аён. Лекин сўз эркинлигини туҳмат ва ҳақорат билан адаштириб юбормаслик керак.

Бухарбаева сўз эркинлигини ниқоб қилиб олиб ёлғон маълумот тарқатди, унга эътироз билдирганлар эса сўз эркинлиги душмани дея қораланди. Бу таниқли уламога нисбатан адолатсизликдир.

Ҳатто АҚШ президенти ўзи истамаган ҳолда бир полиция ходимини шахсига теккани учун ундан кечирим сўради. Лекин Галима Бухарбаева бошқаларга очиқдан очиқ туҳмат қилади, ҳақоратлайди, шахсини пастга уради, лекин ўзи йўл қўйган камчилиги учун кечирим сўрашни билмайди. “Фақат мен ҳақман, фақат мен рост гапираман, қолганлар билимсиз, оми, улар ноҳақ” деб билиш профессионал журналистнинг иши эмас, бу айни нодонлик ва жоҳилликдир.

Сўз ва матбуот эркинлиги дунёдаги барча инсонлар ва жамиятлар учун сув ва ҳаводек зарур неъмат. Сўз эркинлигидан маҳрум мамлакатда диний радикаллар, хурофот бандалари, ўғрилар, қароқчилар, коррупция гуллаб яшнайди ва диктатурага асосланган ноинсоний тузум қарор топади. Буни дунёдаги кўплаб мамлакатлар, жумладан Ўзбекистон мисолида кўриб турибмиз. Лекин сўз эркинлиги қарор топган, демократик жамиятларда ҳам ўғрилар, қароқчилар, диний радикаллар, фанатиклар, коррупция пайдо бўлмайди, деб ҳеч ким айта олмайди. Фақат уларнинг фарқи: биринчи ҳолатда жамият бу каби иллатларга қарши кураша олмайди, чунки қўлида матбуот ва сўз эркинлигидек қурол йўқ. Иккинчисида эса бу муаммоларни очиқ муҳокама қилиш ва жамоатчилик эътиборини шу масалага қаратиш ва уларни ечиш жуда осон.

Дин ва диндорлар ҳамда сўз эркинлиги масаласида, айниқса ислом ва демократия мавзусида сўз айтган кишиларнинг фақат ўз дунёқарашларидан келиб чиқиб фикр билдиришлари ва ҳамиша ўзларини ҳақ деб ҳисоблашлари ҳам 21 асрда яшаётган инсонларнинг фожеаларидан бўлак нарса эмас. Қаранг, Галима Бухарбаева ислом дини ва мусулмонлар ҳис туйғулари ва муаммоларини етарли даражада тушуниб етмай уларни устидан кулишга ва ҳақоратлашгача бормоқда. Узун соқол қўйиб олиб ўз диндорлигини намойиш этганча демократияни куфр деб, демократия ва сўз эркинлиги масаласида ўзи тушуниб етмаган қадриятлар ҳақида телбаларча мақолалар ёзаётган Дилмурод Худойқул эса Бухарбаеванинг тамоман акси.

Бухарбаева демократия ва сўз эркинлиги принципларини қўпол равишда бузиб бошқаларга туҳмат ва ҳақорат қилмоқда, Худойқулов ҳам айнан сўз эркинлиги деб бошқаларнинг шахсига тегиб ҳузур қилмоқда. Ҳар икки ҳолотда ҳам инсон ҳуқуқлари бузулмоқда. Ҳар икки ҳолат ҳам демократия ва сўз эркинлигига зиддир.

Матбуот орқали миллий, ирқий ва диний адоват қўзғаш, бошқаларнинг шахсиятига тегиб ҳақоратлаш, ёлғон маълумот тарқатиш дунёдаги барча мамлакатлар қонунларида жиноят сифатида қабул қилинган. Бухарбаева ва Дилмурод Худойқулнинг бу каби ҳаракатлари учун бемалол уларни устидан маҳкамага мурожаат қилиш мумкин. Чунки, демократик мамлакатлардагина инсон ва унинг ҳаёти, шахсий дахслсизлиги биринчи ўринда туради. Ким бўлишидан қатъий назар матбуот ва ОАВ орқали тарқатган ёлғон хабари ёки маълумоти учун жавоб беришга мажбур.

“Озодлик” радиосининг бир мухбири ўз укаси манфаатларини ҳимоя қилиб эшиттириш тайёрласа, радио раҳбарияти унга қарши бирор чора кўра оладими? Агар чора кўра олмаса демократик жамоатчилик радио раҳбариятини чора кўришга мажбур қилиши мумкин.

Шуҳрат Бобожоновни радио орқали ўз укаси иштирокида тайёрланган мақолани ҳимоя қилиб чиққанини оқлаш мумкин эмас. Бундан ташқари у журналист сифатида жиддий хатоларга йўл қўйди. Мавзуни очиқ ва холис муҳокама қилиш учун ўз эшиттиришида журналистикадан хабари бор бирор кишини таклиф қилмади. Нега толерантлик ҳақида Камолиддин Раббимов, Абдуманноб Пўлатов каби экспертлар фикрини эмас, бу борада тасаввури деярли йўқ бўлган Абутовни ва Исабеков каби адабиётшунос қарашларини маъқул кўрди. Бу ва бошқа камчиликлар “Озодлик” радиосида тарафкашлиги ва нохолислиги билан эътирозларга сабаб бўлиб келаётган Шуҳрат Бобожоновнинг ҳақиқий башарасини очиқ кўрсатгандек бўлди.

Лекин сувлар оқиб кетаверади. Бу талотўмда ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини аллақандай Бухарбаева ёки унинг ишқибози бўлган ака – ука – Қудрат ва Шуҳрат Бобожоновлар аниқлаб бера олишмайди. Матбуот ва Сўз эркинлиги, журналистлар ҳақида ҳам бу кимсаларнинг ҳаракатлари ва амалга ошираётган “фаолиятлари”га кўра хулоса чиқармаслик керак.

Юсуф Расул,

мустақил журналист, “Янги Дунё” ва “Исёнкор” сайтлари асосчиси ва муҳаррири.

Манба: Исёнкор

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares