ЭСКИЧА ТУЗУМДА ЭСИМИЗДАН АЙРИЛИБ ҚОЛМАЙЛИК!

ЭСКИЧА ТУЗУМДААгар 2015 йилнинг март ойига қадар тасодифан бирор кор-ҳол содир бўлиб қолмаса, у холда роппа-роса бир йилдан кейин мамлакатимизда сайлов бўлиб утади.  Албатта, бир йил ўзоқ муддат эмас. Айниқса, бугунги ғала-ғовур замонда бу бир йилнинг қандай ўтиб кетганини билмай қолишимиз ҳам мумкин. Кўз очиб юмгунча сайлов мавсуми эшикларимизни қоқиб киради, сайлов бошланади. Бироқ шундай бўлса-да, моддий, ижтимоий, маиший ва бошқа муаммолар исканжасида қовўрилаётган оддий халқ хозирча бўлажак сайловга у қадар қизиқмаяпти, ҳатто ичимизда сайловнинг қачон бўлиб ўтишини, сайлов нималигини билмайдиган юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. Уларнинг бундай ҳолатга тушишларига, аввало, мамлакатимизнинг сиёсий жабҳасига тегишли жараёнлар, қолаверса, сўз эркинлиги, матбуот эркинлигининг йўқлиги, аҳолининг сиёсий саводхонлигини оширишга қарши қўйилаётган сунъий тўсиқлар ва бошқа сон-саноқсиз омиллар сабаб бўлмоқда. Боз устига Ўзбекистондаги устувор сиёсий тизим ҳар кимнинг ҳам сиёсат билан шўғулланишига, аралашишига йўл бермайди. Бу эса, юрт фуқароларининг сиёсий ҳуқуқлари ҳимоясига қарши тажовуздан бошқа ҳеч нарса эмас. 

Биз юқорида халқнинг сайлов ва сайловга доир позициялари ҳусусида тўхталдик. Бироқ “юқори”дагиларнинг пайтавасига аллақачон қурт тушган, десак янглишмаймиз. Буни юртимиз сиёсий саҳнасида рўй бераётган воқеа-ходисалар, кланлар ўртасида бошланган, гоҳ ошкора, гоҳ яширин тарзда тус олаётган сиёсий ўйинлар орқали билишимиз ҳам мумкин. Бундан ташқари сайлов арафасида Конституциямизга киритилажак тузатиш ва ўзгартишлар хам фикримизнинг тўғрилигини тасдиқлайди. Аммо Бош қомусимизнинг 93-, 98-, 103-, 107-моддаларига қандай тузатиш ва ўзгартишлар киритилиши, мазкур моддаларнинг янги таҳрири халқ манфаатига нечоғли мос келиш ёки келмаслиги, кимларнинг манфаатларига хизмат қилиши ҳозирча унинг ижодкорларидан бошқа ҳеч кимга мутлақо аён эмас. Мамлакатимиздаги сиёсий жабҳаларда жавлон ўраётган мартабали шахслар Конституциямизга киритилажак ўзгартиш ва кўшимчалар демократия тамойилларига монанд, халқ манфаатларига ҳар томонлама мос келишини одатдагидай соҳтачасига баралла таъкидлаётган бўлсалар-да, бироқ сиёсий вазиятни теран англайдиган юртдошларимиз бу каби ишлар шахсан Юртбошимиз манфаатлари учун хизмат қилиши эҳтимолдан ҳоли эмаслиги тўғрисидаги фикрларини ошкорачасига алоҳида тилга олмоқдалар.

ҳар не бўлган тақдирда хам вақт олий ҳакам, буни вақт ҳал қилади. Конституциямизга ўзгартиш ва тузатишлар киритиш ташаббуси илгари сурилдими, демак киритилади. Юқорида тилга олинган моддаларнинг янги нашрига оид юртимиздаги таниқли шахслар, сиёсий арбоблар, депутатлар ва ҳакозо-ҳакозолар бир-биридан чиройли, ижобий фикрларини айтишади, аниқроғи, айттиради, янаям аниқроғи, замона зайлига кўра ўзлари булбулигуё сайрашади. Шу тариқа халқнинг хеч қандай қаршиликларига учрамаган, уларнинг хоҳиш-иродаларига кўра, Конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар негизида мамлакатимизни янада демократлаштириш ишлари амалиётга тадбиқ этилади…

Бироқ ҳар бир нарсага шу кун нуқтаи назари билан қараш керакка ўхшайди. Ушбу тамойилни инобатга олган ҳамда шахсий кузатишларимдан келиб чиққан ҳолда айтмоқчиманки, бугун амалдаги президентимизнинг мавқеи нафақат халқаро майдонда, балки юртимиз ичида хам ниҳоятда пасайиб кетган. Жаноб Каримов бундан кейин ўзининг илгариги мавқеини асло тиклай олмайди. У Конституциямизнинг айрим моддаларини эмас, балки уни бутунлай янгидан ёзиш ташаббуси билан чиқса хам эндиликда халқ уни тўла-тўкис қўллаб-қўвватламайди. Чунки дарз кетган кузгуни асл ҳолатига келтириш қанчали қийин бўлса, синган кўнгилларни тиклаш ундан кўра янада мукаммалроқдир. Каримовнинг мамлакатни қонуний, ноқонуний бошқаруви давомида халк озмунча жабр чекмади. Унинг шафқатсиз сиёсати туфайли сон-саноқсиз “айбсиз айбдор”ларнинг умри бемаврид ҳазон булди. Андижон осмонида отилган ўқлар фақат “айбдор”ларнинг юрагига санчилилибгина қолмасдан, балки айбсизлар юрагини ҳам тилка-пора қилди. Уларни оила бошлиғидан, севимли ёридан, қадрдон биродaридан, суюкли фарзандидан, ширин дилбандидан жудо айлади. Мамлакатни ишсизлик қамраб олди, аҳоли иқтисодий танглик қўршовида қолди. Хақиқат тарафдорлари, ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоячилари қўвғин қилинди. Ўзбекистонни коррупция, порахўрлик тамомила забт этди. ҳатто ота-боболари, аждодлари ўзбек диёрида туғилган, кейинчалик ҳар ҳил сабабларга кўра ўзга юртларга, жумладан, собиқ СССР таркибидаги бошқа давлатларга кўчиб кетган ўзбек миллатига мансуб юртдошларимизнинг 1985-1990 йиллардан кейин ўз юртига қайтиб келган фарзандларига гарчи СССР парчаланганига қарийб 23 йил бўлса-да шу кунга қадар Узбекистон фуқаролигини беришга тўсқинлик қилиши Каримовнинг обрўсига обрў қўшмаслиги шубҳасиз аниқ. Айни пайтда қамоқхоналарда ўтирган айбсиз қоракўзларимизнинг кўз ёшлари, отанинг “қилмиши” учун азият чекаётган болалар, боланинг “жинояти” учун ҳуқуқи поймол бўлаётган отахонлар, онажонлару ака-укалар ва опа-сингиллару қариндош-уруғлар хамда дўст-биродaрларнинг мунгли нолалари хам Каримовга ҳурмат олиб келмаса керак.

Шундан келиб чиққан холда жаноб Каримов 2015 йилда булиб ўтажак сайловда уз номзодини илгари суришдан воз кечиши керак. Бу унинг учун яхши имкон. (Ўз навбатида айрим тадқиқотчилар Конституциямизга киритилажак ўзгартиш ва қўшимчаларга боғлиқ ҳолда Ўзбекистонда сайлов эмас, балки референдум ўтказилиши, унинг негизида Каримов умрбодлик президент бўлиб қолиши мумкинлиги туғрисидаги фикрларини тилга олишни мақсадга мувoфиқ деб ҳисоблаймиз). Бироқ амалдаги президент имкониятни қўлдан бой бермаслик учун ҳаракат қилмаётганга ўхшайди. Унинг бу ҳатти-ҳаракати эса, эс-ҳуши жойида булган, сиёсий вазиятни ўзига яраша фаҳмлай оладиган юртдошларимизни ташвишлантирмоқда. Ён қўшнимиз Қирғизистонда, биз каби собиқ СССР таркибида бўлган Украинадаги кўргуликлар бизнинг бошимизга тушмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмаса, бу жараёнлар халқни уйлантирмасдан колмаса керак. Президент сайлови арафасида кунларимиз осудалик, юртимизда тинчлик хукмрон бўлармикан, деган ваҳималар беихтиёр миямизга ёпишади. Чунки юртимизда ҳар ҳил сиёсий-олигархиявий кланлар шаклланганини асло инкор этолмаймиз. Бордию ҳокимиятни эгаллаш учун ноқонуний уруш бошланиб кетгудек бўлса, ҳар бир клан кўрпани ўзига қараб тортишга ҳаракат қилиши, бунинг учун халқ кучидан фойдаланишга интилиши, натижада ножуя қадамлар туфайли хар хил муаммолар келиб чиқиши мумкин эмасми? Ушбу гуруҳлар халққа ҳар турли чиройли ваъдалар бериб, ваъдаларига учган халқни кўчага чиқариб, улардан уз мақсадларига эришишда фойдаланиши туфайли яна шу оддий халқ жабр тортиб қолмасмикан?

Каримов даврида оддий халққа қийин бўлди. Улар талонга ҳам, тарожга ҳам рубаро келишга мажбур булмоқда. Юрт ичида халқни ўйлаётган ҳеч ким йўқ. Уйладиган шахслар аллақачон сиёсий таъқибларга учраб, мажбурият тақозоси туфайли ўзоқ хорижда яшамоқда. Қани эди, уларнинг навбатдаги сайловда ўз номзодларини қўйишлари учун замин яратилса. Халқни ўйлайдиган шахснинг ҳокимият тепасига келишини таъминлайдиган чора-тадбирлар амалга оширилса… Бунинг учун бизга янги ҳусусиятга эга “миллий феъл-атвор” керак. Мухожирликда яшаётган юртпарварларимизга нисбатан каримовча қарашдан воз кечиш учун тўлақонли салохият керак. Акс ҳолда, Каримовнинг эскирган тузумида эсимиздан айрилиб қолишимиз ҳеч гап эмас.

Асил ЭЛЎҒЛИ.    


http://mulkdor.com/news/эскича-тузумда-эсимиздан-айрилиб-қол/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares