ҒИЙБАТЧИГА АЙЛАНТИРМАНГ, БИРОДАР!

Birdamlik4Бундан икки ҳафта олдин «Бирдамлик» ХДҲ сайтида эълон қилинган «Эскича тузумда эсимиздан айрилиб қолмайлик» деб номланган мақоламизга юртдошимиз Алишер Термиз жавоб ёзибди. Афтидан, мақола Алишер Термизга мутлақо ёқмаган, ҳатто унинг жаҳли чиқишига, асаби бузилишига туртки берган. Биз мақоламиз ўқувчимизга ёқмаганидан асло хафа эмасмиз, аксинча, ўқувчимизнинг эътиборлилиги, вақт ажратиб ўз фикрини баён айлагани, мақолага нисбатан ўз муносабатини билдиргани бизни хурсанд қилди. Мақоланинг унга ёқмагани масаласига келсак, бу табиий жараён ҳисобланади. Зеро, фикрлар, қарашлар, дидлар, хоҳиш-иродаю йўриқлар, эркинликка, озодликка интилиш, қадр-қимматию ор-номусини ҳимоя қилиш усул ва услублари хилма-хил. Буни эътироф этамиз ва ҳурмат қиламиз ҳамда юртдошимизнинг ўзимизга қарата қўйган саволларига жавоб беришни ўзимизнинг инсонийлик бурчимиз деб ҳисоблаймиз.

Алишер Термиз:

«Сен ўзбекмисан? Сен халқни номидан гапирма. ўзбекистонликлар Каримовга умр сўраб дуо қилишмоқда, халқнинг ҳаёти кундан-кунга яхшиланиб бормоқда, тўғри очлар ҳам бор. Чунки улар СССР вақтида текинтамоқликка ўрганишган, ҳозир эса қийналишаяпти ва бекорчиликдан ва қиладиган бошқа иши йўқлигидан давлатни ва Президентни ёмонлаб ўтиришибди. Ундан кўра, давлат ривожига озгина ҳиссангни қўш, шунда юртимиз янада гуллаб-яшнайди. Президентни битта ўзи нима қилсин, сенга ўхшаганларнинг ғийбатдан бошқа иш қўлидан келмаса. Мана Японияга қарагин, бор-будини, тиллаю бойликларини давлатга берган бир вақтлар, ҳозир шуларни роҳатини кўраяпти. Хуллас, ғийбатни йиғиштириб, ватан равнақи учун нимадир қил…»

       Юқорида келтирилган жумлалар Алишер Термизнинг бизга берган саволи, маслаҳати, йўл-йўриғи. Уни эринмасдан айнан кўчирдик. Бундан кўзланган мақсад ўқувчимизнинг саволларини имкон борича жавобсиз қолдирмасликка ҳаракат қилишдан бошқа нарса эмас эди.

     Алишер ака, шуни асло унутмангки, биз ҳам худди сиз каби худонинг бир бандасимиз. Адашамиз. хатоларга йўл қўямиз, кимларнидир ноўрин хафа қилиб қўямиз, кимларнидир ўзимиз билиб-билмаган ҳолда хушнуд қиламиз… Буни ҳаётий тажрибага эга инсон сифатида ўзингиз ҳам яхши билишингиз керак. Энди эса, миллатим масаласига оид саволингизга келсак. Назаримда, сиз мени юртимиздаги бугунги аянчли аҳволни қурбим етганича таҳлил ва ошкор қилганим учун ўзбек деб ҳисоблагингиз келмаган. Бу, албатта, сизнинг қарашингиз. Чунки сизнинг «боғингизда пишган мевага» хуруж қилиш хуқуқига эга эмасмиз. Бироқ, шуни баралла айта оламанки, мен ўзбекман! Етти ота-боболарим бу ёруғ оламга ўзбек бўлиб келган ва ёлғон дунёни ўзбеклигича тарк этган. Демак, мен ҳам ҳар қандай тақдирда ота-боболарим тутумига амал қиламан, ўзбеклигимча қоламан. Гарчи Каримовнинг инсонпарварлик тамойилларига мутлақо ёт сиёсати туфайли ўзбек бўлиб ўз юртимда ўксиб-ўксиб яшасам ҳам шу юртдан, шу элдан тамомила воз кечолмасам керак. Демак, сиз мени халқимнинг дилидаги гапини тилим орқали юзага чиқаришга нисбатан қилган ҳаракатларим учун айблашга, ўзбек деган миллат сафидан ўчиришга ва бу йўлдаги уринишда хақли эмассиз.

«Сен халқни номидан гапирма», деб уқтирасиз. Айтингчи, мен халқ номидан гапириб нима дедим? Нимаики ёзган бўлсам уни ҳуқуқ ва бурчимга амал қилган ҳолда ёздим. Конституция ва қонунларда назарда тутилган қоидаларни оёқ ости қилмаган ҳолда ўз қарашларимни, фикрларимни қаламга олдим. «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.

“Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин» дейилган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида. Сиз мақоламда Конституциямиздаги мазкур моддага ва бошқа моддаларга хилофлик аломатларини сездингизми ёки биз сизнингча амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган, шунингдек, давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган ахборотларни тарқатдикми? Агар шундай йул тутган бўлсак, у ҳолда мархамат қилиб бизга исботлаб берингчи!

Ўзбекистонликлар Каримовга умр сўраб дуо қилмоқда, дейсиз. Биз қачон Каримовга ўлим тиладик?!  Яшайверсин!  Худо берган умрини яшаб ўтсин. Қолаверса, бизни Президентнинг шахсий ҳаёти заррача қизиқтирмайди ва шунинг учун ҳам биз шу пайтгача унинг шахсига, шахсиятига тааллуқли ҳеч қандай ортиқча гап гапирмаганмиз. Бизнинг гапларимиз, фикр ва мулоҳазаларимиз унинг шафқатсиз сиёсатига, реал ҳаётда қалқиб юзага чиқиб турган ҳатти-ҳаракатларига қаратилган. Афсуски, Каримовнинг адолатсизликлари, мулозамату такаллуфларидаги сохталиклар ва бошқа сон-саноқсиз омиллар аллақачон ўз сирлигини йўқотган.

«Халқнинг ҳаёти кундан-кунга яхшиланиб бормоқда, тўғри, очлар ҳам бор, чунки улар СССР вақтида текинтамоқликка ўрганишган, ҳозир эса қийналишяпти ва бекорчиликдан ва қиладиган бошқа иши йўқлигидан давлатни ва Президентни ёмонлаб ўтиришибди» дейсиз. Алишер ака, бу фикрингиз тўла-тўкис асосланмаган, десам хафа бўлмайсиз. Чунки қоғозларда эмас, балки объектив ҳаётимизда халқимизнинг турмуш тарзи хақиқатдан ҳам ёмонлашмоқда, буни ўзингиз ҳам билиб-билмай «тўғри очлар ҳам бор» деб эътироф этаяпсиз. Уларни СССР вақтида текинтамоқликка ўрганганликда айблаяпсиз.

Акажон, бировга халқ номидан гапирмасликни уқтиришдан олдин, ўзингиз халқни айблашда сергакроқ бўлсангиз, балки сих ҳам, кабоб ҳам куймасмиди? Гапларингиздан ҳукуматимизнинг расмий манбалари ҳиди шу даражада анқиб турибдики, буни ҳатто ҳидбилмас инсонлар ҳам яққол пайқашади.  Сиз негадир ўзингизни гўё реал ҳаётдан айро ҳолда тутмоқдасиз. Атрофингизда СССР тарихини фақат мактабларда ўқиган, мустақил давлатнинг мустақил фарзандлари йўқдек, гўё. Бироқ, диққат билан разм солсак, бугунги кунда 18 ёшдан ошган йигит-қизларимиз, аниқроғи ёшларимиз эмасми кўпроқ азият чекаётган? Коллеж, институт, университет, академияларимизни тугатиб иш тополмаётган, ижтимоий, моддий таъминотларга, қонуний ҳимояларга муҳтож қатлам айнан ёшлар эмасми? Қўлларидаги дипломларини сандиқларга жойлаб, тақдир тақозоси, мажбурият туфайли мардикорлик ва бошқа қора ишлар билан шуғулланаётганларни қандай қилиб текинтамоқликка урганганлар тоифасига киритамиз? Ахир Президентни ёмонлаш ҳам мана шундай бўшлиқлар эвазига юзага чиқмаяптими? Бу бўшлиқлар Каримовнинг мамлакатимизни ислоҳ килишга оид йўл қўйган хатолари маҳсули эмасми?..

Навбатдаги иддаонгиз; «Президентни битта ўзи нима қилсин, сенга ўхшаганларнинг ғийбатдан бошқа иш қўлидан келмаса. Мана Японияга қарагин, бор-будини тиллаю бойликларини давлатга берган бир вақтлар, ҳозир шуни роҳатини кўришяпти». Кечирасиз, жаноб! Мантиқсиз билдиргингиздан қаноат ҳосил қилмадик. Бироқ, сизда Президент шахсига сиғиниш омили ниҳоятда кучлилигини, бошқаларда эмас, айнан сизнинг ўзингизда СССРча қараш устувор кучга эгалигини, ҳалигача шахсга сиғиниш, компартия йўл-йўриқларидан четга чиқолмаслик унсурларидан фориғ бўлмаганлигингизни яққол сездик. Қолаверса, сиёсий саводхонлик даражангиз ҳам менга у қадар кўнгилдагидек эмасдек туюлди. Президентнинг битта ўзи нима қилсинмиш? Ўзи тайинлаган бош вазиру вазирликлар, идоралар, ташкилотлар раҳбарларидан иш натижаларини талаб қилсин. Халққа ваъда қилган фаровонликларни ато этсин. Қасамёд қилганидек Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилсин, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя қилсин, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат берсин, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажарсин…

Бироқ, афсуски, бизнингча бундан кейин Каримов ва унинг механизми бундай ишларнинг уддасидан чиқа олмайди. Чунки мамлакатимиздаги барча жабҳаларда коррупция, порахўрлик авж нуқтасига чиққан. Юқоридагилар уюшган ҳолда турли-туман жиноятларга қўл урмоқда. Қонунлар қоғозларда қолиб кетмоқда. Каримовнинг ўзи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига кўра, «Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас» деган моддани оёқ ости қилгандан кейин унинг атрофидагилар ҳам давлат рахбарига тақлидан қонунларни хамиртуришга айлантирмоқда.

Японияни мисол тариқасида тилга оласиз, уларнинг бор-будини, тиллаю бойликларини бир вақтларда давлатга берганлигини рукач қиласиз. Бу иддаонгизни аслида бизга эмас, юқоридагиларга айтсангиз айни муддао бўлар эди. Ахир тиллаю бойликларга эга шахслар шулар эмасми? Қани эди, улар ўзларининг қонунан топган бойликларини эмас, балки ноқонуний йўллар орқали ўмарган, ўзлаштирган давлатимизнинг бойликларини яна қайтадан давлатимизга ўз хоҳиш-иродаларига кўра қайтаришса?! Ана шундагина биз ҳам сиз айтганингиздек, Япония каби тараққиёт шоҳсупасига кўтарилармидик. Давлатимиз бойликларини ноқонуний ўзлаштирганларнинг кимлар эканлигини эса, халқ бугун яхши билади. Энг ачинарлиси, ана шундайлардан бири сиз астойдил сиғинаётган, сиз сажда қилаётган, сиз кўкларга кўтараётган Каримовнинг эрка қизи Лола Каримова эмасми?

Биз мамлакатимизда кечаётган бундай жирканчли жараёнларни сиз кабиларнинг ғашига тегмаслик мақсадида тарқатмасдан унсиз қолсак, «ғийбат»ни бир томонга йиғиштириб қўйсак, унинг томири бугунгидан кўра яна минг чандон бақувватлашмайдими, кенг қулоч ёзмайдими? У ҳолда сизнинг «ватан равнақи учун нимадир қил…» деган даъватингизга қандай жавоб берамиз.

Асил ЭЛЎҒЛИ

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares