Ўзгармаган мавзулар

jm_2008may31Тилнинг қудрати бизнинг қудратимиз

-Она тилида гапириш бачканаликми?

-Ўз миллатининг тилини ҳурмат қилмаган одам қандай қилиб ўз миллатини ҳурмат қила олади?

-ҚОНУНми, ҚОН+УНми?

1. Бачканалик ва маданият

1992 йилда Озарбайжон президенти Абулфайз Элчибей Кремлда Борис Елцин билан учрашар экан, Кремлни ларзага солди. У русларнининг оғзини ланг очиб қўйиб, ўз она тилида гапира бошлади. Елцин аввалига нима бўлганини тушуна олмади. Кейин масалани англаб етди шекилли, мийиғида кулиб, атрофидагиларга қаради. Улар елка қисиб турардилар. Ўшандагина Кремл корчалонлари мустақил бир давлат раҳбари билан учрашаётганларини ҳис этгандилар.

Бир эслаб кўрингчи, бугунга қадар Ислом Каримов Кремл у ёқда турсин, ҳар бир лидернинг ўз она тилида гапириши қадрланадиган БМТ минбари ёки бирор бир олий даражадаги учрашувда ўзбек тилида гапирдими? Гапирган эмас. Гапирмайди ҳам. Доим рус тилида гапириб келди. Чунки у ўзбек халқини менсимагани каби унинг тилини ҳам менсимайди.

Конституцияда “Ўзбек тили-давлат тили” деб ёзиб қўйилган. Аммо мамлакатни қарийб 20 йилдан бери ишғол қилиб олган Каримов тўдаси Конституцияни оёқ ости этиб, рус тилини давлат тили сифатида сақлаб қолмоқда. Буни ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз

1991 йилнинг охирида Каримов Туркияга боришга тайёргарлик кўраётганди. Якшанба куни эди. Мени ҳам уйдан чақириб келишди. Икки фармон лойиҳасини ёзиб беришимни сўрашди. Кейин Каримов чақирди.

-Мана шу китобни олиб боринг деб менга беришди,-дея улкан турк шоири Юнус Эмронинг ўзбек лаҳжасига ўгирилган китобини кўрсатди. Кейин китобни столнинг устига отди. Бу менга оғир ботди. Шу боис китобни қўлимга олмаслик билан унга жавоб берган бўлдим. Шунда у:

-Нима дейсиз? Нима қилиш керак-ки, туркларни қойил қилиб қайтсак?,-деди.
Хаёлимга келган гапни айтдим:

-Уларга ўзбек тилида гапириш керак!

1988 йилда бир ой Туркияда бўлиб, у ердагиларнинг ўзбек тилига ошуфталикларини, улар биз Совет даврида турк тилининг бош бўғини ҳисобланган ўзбек тилини унутиб юборганмиз деб ўйлашларини сезган эдим. Буни ўша йили эълон қилинган “Ёпиқ эшикларнинг очилиши” туркум очеркларимда ҳам ёзгандим. Ҳар ҳолда “Ўзбек тилида гапириш керак” дейишимга шу сабаб бўлган бўлса керак. Лекин ўша кезда Каримов ўзбек тилида чала-чулпа гапириб, масхара бўлиб юргани маълум эди ва бундай гап унга қаттиқ ботишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Дарҳақиқат, шундай бўлди. У бирдан қизарди ва:

-Бундай қилсак бачканалик бўлади,-деди.

Энди бу гап менга оғир ботди ва дарҳол жавоб қилдим:

-Ўз она тилида гапириш бачканалик бўлса, рус тилида гапиришни нима деймиз?
-Рус тили бўлмаганда биз одам бўлмасдик,-деди Каримов ва гапни “УзТАГ”нинг номини “ЎзА” қилиб ўзгартириш ҳақидаги таклифимга буриб юборди.

Ўшанда мен Каримов ўзбек тилини пухта билмагани учун жаҳли чиқди деб ўйлаган эдим. Бугунга қадар ўтган давр исботладики, у ўзбек тилида гапиришни бачканалик ва рус тилида гапиришни маданият деб билар экан ва бу нарса ўша кезда ҳам унинг шуурида турган. Шу боис ҳатто Истанбулда Туркий жумҳурятлар Зирвасида Назарбоев, Туркманбоши, Акаев ўз тилларида гапирганларида ҳам Каримов рус тилида нутқ ирод қилган ва Туркияда бу шармандалик дея баҳоланганди…

Ҳа, Каримов жаноблари, (Биламан сиз буни ўқийсиз ва ўзингиз хўжакўрсинга қонунлаштирган лотинда қийналишингизни назарда тутиб кирилга ҳам ўгирдим-ЖМ) сиз учун ўзбек тилида гапириш бачканалик, рус тилида гапириш маданият. Агар мен ўз хулосамда адашган бўлсам, Ислом Абдуғаниевич, буни тузатишингиз мумкин: Кремлда бир марта ўзбекча гапирсангиз олам гулистон, Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилган бўласиз! Чунки тили мустақил бўлмаган миллатнинг мамлакати мустақил бўла олмайди!

2. Халқнинг тили ва хотиннинг тили

Бундан бир ҳафта олдин Оврўпо тадбиркорлар конфедерациясининг йиғлишида унинг раиси Эрнест Сейер француз бўлгани ҳолда инглиз тилида гапиргани учун президент Жак Ширак ўрнидан туриб, норозилик билдирди ва ўзи билан бирга Иқтисод ҳамда Ташқи ишлар вазирларини ҳам олиб, йиғилишдан чиқиб кетди. Буни кимдир эски рақобатнинг давоми деса, яна кимдир Ширакнинг ўжарлиги деди. Президент ўжар бўлиши керак. Аммо бу ўжарлик ўз миллатининг тилига ҳурматсизликка йўналган ўжарлик эмас, балки ўз миллатининг тилини юксалтиришга қаратилган бўлса, бу унинг хислатига айланади. Акс ҳолда бу унинг иллати бўлиб қолади.

Ўз тилини четга суриб, рус тилида гапиришни афзал кўрган одамнинг ўз халқи ҳақида қайғуришига сиз ишонасизми? Мен ишонмайман.

Яқинда АҚШдаги ёшлар билан учрашув ўтказдик. Негадир ҳамма рус тилида гапирар эди. Агар инглиз тилида гапирганда ҳам буни изоҳлаш мумкин эди. Ҳа, энди Америкага келган, шу ерда ўқиб, шу ерда қолиб кетишга қарор қилган ва фикрини инглиз тилида очиқроқ айтади дейиш мумкин.

Мен “Кечирасизлар, бироз миллатчиман” дедимда атайлаб ўзбекча гапирдим. Баъзиларга бу таъсир қилди ва баъзилар парво ҳам қилмай яна русча гапиравердилар. Айтишингиз мумкин, улар элитанинг болалари ва рус тилидаги мактабларни битиришган деб. Йўқ, улар бечора халқнинг болалари ва бу ерга бир бурда нон илинжида келганлар. Айб уларда эмас, айб режимда.

Демак, рус тилини давлат тилига айлантирган Каримов режими бечора халқнинг болаларини ҳам шунчалик руслаштириб юборибдики улар Америкага келиб ҳам шу тилда гаплашиб юрибдилар. Бу бизнинг энг катта миллий фожиамиздан бир шингил.

Бир пайтлар, кимдир, “Президентимиз халқнинг тилида эмас, хотинининг тилида гапиришни афзал кўради”, деган эди. Бу ҳазил гап эди. Аммо ҳақиқат шуки, Каримов ўз халқининг она тилини эмас, балки ўз хотинининг она тилини улуғлади.

Ўтган йилларда ўзбекнинг мамлакат ичида ва мамлакат ташқарисида ҳам болалари ўзбек тилида гапира олмайдиган ва ёза олмайдиган даражага тушдилар. Бу Каримовнинг “улкан хизмати”дир.

Ҳа, ўз тилини байроқ қилиб кўтара олмаган халқ кимнингдир ёки кимларнингдир қули бўлиб қолишга маҳкум. Бу гапнинг исботини бугун амалда кўриб турибмиз.

3.Ривоят ва ҳақиқат

Бир подшонинг уч ўғли бор экан. Ворис танлаш учун уларни синовга солибди. Катта ўғлини чақириб;

-Мана бу ҚОНУН,-дея бир китобни кўрсатибди,-унинг ҳар бир ҳарфига риоя қилишинг керак, агар риоя қилмасанг тахтдан, бойликларингдан айрилиб зиндонга кетасан, мана бу ҳам ҚОН+УН, яъни қон ва ун дебди,-икинчи томондаги нарсаларни кўрсатиб,- Қон зулм рамзи, ун бойлик рамзи. Танлаганинга қараб мен хулоса қиламан…

Ҳар уччала ўғил ҳам ҚОН ва УН ни танлашибди.

Подшо хафа бўлиб ўтирган экан, маслаҳатчиси:

-Хафа бўлманг, фарзандда бўлмаса ота нишони, унда бордур бировнинг қони, болаларингиз сиз танлаган йўлни танладилар,-дебди.

-Сен ҳали менга шундай дейдиган бўлдингми?-дея шоҳнинг жаҳли чиқибди.
-Чунки сиз тахтни бирор ақлли одамга эмас, ўз болаларингиздан бирига бермоқчисиз, ана у ўзингиз ёздирган ҚОНУНда эса тахт энг ақлли одамга насиб этгай деб битилган,-дебди.

-Мен сени дўст деб юрсам, душман экансан,-дея шоҳ ҚОНУНни бир четга улоқтириб, жаллодни чақирибди. Шунда маслаҳатчи:

-Мана кўрдингизми, яна ҚОНУНни эмас ҚОН+УНни танладингиз, мен эса ҚОНУНни танлагандим, майли мени ўлдиртиринг,-дебди.

Подшо ҳукмидан қайтмай маслаҳатчини жаллоднинг қўлига топширибди.

Шу зайл подшо ўлиб, ҚОН ва УН унинг авлодларига меърос бўлиб қолибди. Улар биринчи галда ўз оталарини гўрба гўр қилиб, кейин халқни талабдилар.

Айни шу вазиятни бугун ҳам кўриб турибмиз. ҚОН ва УН ни танлаган Каримов ўзи ёздирган ҚОНУНларни бир четга улоқтириб, тахтни ҳам ўзи каби зулмдорга қолдирмоқчи.

Ҳуқуқшуносликда қўлланиладиган лотинча бир ибора бор׃ дура лекс, сед лекс (Dura lex, sed lex), бу қонун қаттиқ, лекин риоя қилиш учун дегани. Риоя қилинмас экан, Конституция ва қонунларда ўзбек тили борасида нега бу қадар гаплар ёзилди? Бу энди мунофиқлик масаласи. Чунки ҚОН ва УН ҳукмронлиги учун мунофиқлик деган замин керак!

12 апрел, 2006 йил.

 http://turonzamin.org/2014/10/20/mavzu-22/#more-23671 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares