Юсуф Жума: Боролмайман жонозангга, онажоним…

 

Ю.Жума расми

 

Онам Хурсанд  Қўчқорбек қизи хотирасига

 

Онам эди чин оламим

Онам ўтди  — олам ўтди.

Қолгани  — ночин оламинг

Онам ўтди  — олам ўтди.

 

Нима қолди — бўшлиқ қолди,

Сохта эл,  дўст,  хешлик қолди,

Ёрдан дилда тешик қолди

Онам ўтди — олам ўтди.

 

Она билан ҳаёт гўзал,

Она кетгач ҳаёт — ажал,

Қолган умрим — офат,  ўсал,

Онам ўтди  — олам ўтди.

 

Онажоним. . .  Меҳр кони,

Энди тупроқдан осмони,

Раҳминг қани кўк раҳмони?!

Онам ўтди  — олам ўтди.

9. 12. 2014

 

Онам қора ерга кетди

Мен тўшакда қандай ётай?!

Ҳатто ҳаво,  сув тотмайди,

Неъматлардан қандай тотай?!

 

Юпунгина яшаб шўрлик,

Юпунгина кетди нурдек.

Қора қишда қора гўрлик

Мен қандайин тоқат этай?!

 

На қуёши,  на ойи бор,

На қочадига жойи бор,

На фалакнинг парвойи бор

Қаёнга,  кимга арз айтай?!

 

Ўнгимда ҳаёт бегона,

Фақат бир йўл бор — ягона,

Тушларимга кел,  жон она,

Тушларда ҳаётга қайтай.

9. 12. 2014

 

Боролмайман жонозангга,  онажоним,

Жонозангга фиғонларим борадилар.

Икки кўзда икки қора қон уммоним,

Жонозангга уммонларим борадилар.

 

Душманларим йўлларимга бўлдилар ғов,

Номард тўққиз осмонини олсин олов,

Бирлашдилар,  ним жонингга этдилар ов

Жонозангга талқонларим борадилар.

 

Тобутингни кўтаради дил оҳларим,

Пора-пора вайрон бағрим — сел оҳларим

Охири йўқ карвон-карвон эл оҳларим

Жанозангга вайронларим борадилар.

 

Сенинг билан кўмилади ёнган жоним,

Қабрингга нур сочиб турар — хун сўзоним,

Менинг учун тупроқ ташлар Туркистоним,

Жанозангга Туронларим борадилар.

9. 12.  2014

 

Чидолмайин айрилиққа

Онажоним руҳ бўлдилар.

Танларин бериб тупроққа

Онажоним руҳ бўлдилар.

 

Кута-кута  букилдилар,

Хун бўлдилар,  тўкилдилар.

Лахта қаддан сўкилдилар

Онажоним руҳ бўлдилар.

 

Етти йил кутдилар ахир,

Соғинчда ҳар лаҳза аср,

Чидамади юрак,  бағр,

Онажоним руҳ бўлдилар.

 

 

Ерми,  кўкми,  руҳга осон,

Бир қадамдир икки жаҳон.

Ёнимда топдилар омон

Онажоним руҳ бўлдилар.

 

Пешонамни силайдилар,

Қора кунда қўллайдилар,

Менга толе тилайдилар

Онажоним руҳ бўлдилар.

 

Жондаб вужудни шилибсиз,

Ёлғизлигимни билибсиз,

Онажоним хуш келибсиз,

Онажоним руҳ бўлдилар.

9. 12. 2014

 

Адолатсиз замонларни оқ қилай

Адолатсиз осмонларни оқ қилай

Овозингиз мадор эди жонимга,

Онажон деб кимга қўнғироқ қилай?!

 

Синиқ дилни сасларингиз бутларди,

Соғинчингиз жигаримни ситади,

Фиғонларим самоларни дудлайди,

Онажон деб кимга қўнғироқ қилай?!

 

Бағримга бир боссам сени болажон,

Сўнг жон берсам майли эди беармон.

Дер эдингиз такрор-такрор онажон,

Онажон деб кимга қўнғироқ қилай?!

 

Фалагини йиқиб остимга олсам

Ичимнинг дардини ичига солсам,

Ҳолимни англарди ҳолимда қолса

Онажон деб кимга қўнғироқ қилай?!

 

Сасинггизни тинглаш учун бир бора

Маҳшарга ҳам борар эдим,  йўқ чора,

Синиқ кўнглим сочилади садпора

Онажон деб кимга қўнғироқ қилай?!

9. 12. 2014

 

У ёқда сен ўлдинг,  она, .

Бу ёқда мен ўлдим она.

Фироқда сен ўлдинг,  она,

Фироқда мен ўлдим,  она.

 

Сен дунёнинг у четида,

Мен дунёнинг бу четида.

Сарғая сарғая сўлдик

Сарҳадсиз соғинч ўтида.

 

У ёнда сен ўлдинг,  она,

Бу ёнда мен ўлдим,  она.

Армонда сен ўлдинг,  она

Армонда мен ўлдим,  она.

 

Сенга ернинг ости қабр,

Менга ернинг усти қабр.

Эрнинг ёлғиз дўсти — она,

Она ўтса,  дўсти — қабр.

 

У чеккада ўлдинг,  она,

Бу чеккада ўлдим,  она.

Дил тилкада ўлдинг она

Дил тилкада ўлдим,  она!

9. 12. 2014

 

Она ўлимида маҳшар ложарам

Она ўлимида етти жаҳаннам.

Бордир қанча бало,  бор қанча фано

Она ўлимида бори мужассам.

 

Ҳар қандай ўлим ҳам юракка ларзон,

Шумхабардан титрар,  лекин беамон

Ўлимнинг поёнсиз бутун даҳшатин

Она ўлимида ҳис этар инсон.

9. 12. 2014

 

Кучинг муштдек онамга етибдида,

Кучинг мошдек онамга етибдида.

 

Ёвуз фалак,  олам тўла ёвузку,

Кучинг мушфиқ онамга етибдида.

 

Қор кўчкиси босган мусича эди

Кучинг қушдек онамга етибдида.

 

Митти гиёҳ куртагидай яшарди,

Кучинг нишдек онамга етибдида.

 

Золим ўлим,  олам-олам разолат,

Кучинг муштдек онамга етибдида.

9. 12. 2014.

 

Ягона меҳрибоним — онажоним ўтдилар,

Инсоният ичида ҳеч кимим қолгани йўқ.

Отажоним ёнига кўч-кўронсиз кетдилар

Инсоният ичида ҳеч кимим қолгани йўқ.

 

Ҳеч кимим қолгани йўқ аҳли коинотда ҳам

Волидамдан ҳавони қизғандилар,  нокарам.

Зоғ,  қузғунга уч юз йил умр берган муттаҳам,

Инсоният ичида ҳеч кимим қолгани йўқ.

 

Вафосиз дўсту ёрон,  тағин фалак — паст,  қутуз

Бари жамланса бўлмас бир онагинам мунис,

Фақат отам ва онам менга эди дўст-анис,

Инсоният ичида ҳеч кимим қолгани йўқ.

9. 12. 2014.

 

Онанг ҳаётмилар,  сўра ўзингдан,

Агар тирик бўлса қадрин билмассан.

Демагин ҳар куни ўтар кўзимдан,

Ҳар куни йўқлашни канда қилмассан.

 

Онанг ҳаётмилар,  ўзингдан сўра,

Агар тирик бўлса шўрлик беқадр.

Майли сен қадрини билгандан кўра

Бу ёруғ дунёда бўлса бахт ахир.

 

Бошингда эмаску тортишма зинҳор,

Шошилма дейишга:  “Ноўрин таънанг”

Онанг ҳаёт бўлса демак қадри хор

Қадрини билганингда  ўтади онанг.

9. 12. 2014

 

Ўрнинг бир гиёҳнинг ўрнича эди,

Сенга шуни ҳам кўп кўрдику осмон.

Қалбимнинг бир томчи хунича эди

Дилимга тиш солиб ичди беамон.

 

Бир қамиш қанча жой эгаллар ахир,

Сенга ўт қўйдику  сариғ қамишим.

Бағримда бағрининг тилкасин,  қашқир

Бемалол едику,  ўлим — кўк тиши.

 

Ўрнинг бир хас самон ўрнича эди,

Сендан қизғандику,  шу жойни,  она.

Ягона ишонган жонимни еди

Кўкка ишонмасман,  раҳми афсона.

 

Энди қолган умрим бўлади исён,

Ҳатто у дунём ҳам исён бўлади.

Бошига кунимни соламан,  осмон

Сен каби,  мен каби сомон бўлади.

9. 12. 2014

http://dunyouzbeklari.com/archives/89573

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares