АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ ДАВЛАТ ДЕПАРТАМЕНТИ РАҲБАРИ ЖАНОБ ЖОН КЕРРИГА ОЧИҚ ХАТ

Independence-Day
Муҳтарам жаноб Керри, муҳтарам Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти ходимлари!

Авваламбор сизни яқинлашиб келаётган буюк кун–америка халқининг мустақиллик куни билан табриклаймиз. Аминмизки, АҚШ халқи давлат мустақиллиги , халқ фаровонлиги ва озодлиги учун курашган қаҳрамонларини хеч қачон унутмайди ва замонлар оша уларнинг номи келажак авлодлар томонидан ҳам эътироф этилади.
Минг афсуски, бизнинг ватанимизда, жондан азиз Ўзбекистонимизда мустақиллик учун, демократия учун курашганлар номи қора этилган, совет мустабит тузумидан озод республикада қадр ўрнида қаҳрга учраганлар. Бу миллат ва юрт фидоийларининг қанчалари ватандан ташқарида яшашга мажбур этилди. Қанчалари уйдурма айблар билан озодликдан маҳрум этилди. Қанчалари бу дунёни тарк этишди. Қолганларниниг аҳволи эса аянчилидир.
Биз ўзбек мухолифатининг бугунги аҳволини сизга баён этиб сизда ачиниш ҳиси уйғотиш, ёки “Бизнинг аҳволимизни яхшилаб беринг”демоқчи эмасмиз. Зотан ҳар бир миллат, ҳар бир халқ ўз аҳволини ўзи яхшилаши керак, ўз ҳақ-ҳуқуқини ўзи тиклаши керак. Демократик жамият қуришдек мураккаб жараёнда ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши керак. Бу мураккаб жараёнда ўзининг фидоийлиги ва фаоллиги билан мухолифат ўрнак бўлиши керак. Таъбир жоиз бўлса йўл кўрсатувчи маёқ бўлиши керак. Айнан Ўзбекистон мисолида кўрадиган бўлсак, афсуслар бўлсинки, бундай шарафли вазифани бажариши лозим бўлган ўзбек мухолифати бугунги кунда пароканда этилди. Мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаолларига нисбатан Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган босим сиёсати уларни шу аҳволга солди. Мухолифат жуда оғир аҳволда қолди, аммо танлаган йўлидан оғишмади. Бугун ҳам мухолифатчилар демократия учун, инсон ҳуқуқлари учун курашишга тайёрдирлар.
Биз АҚШ демократик давлатгина бўлиб қолмай, балки бошқа давлатларда ҳам демократик тузум ўрнатилиши, ҳуқуқий давлат барпо этилиши тарафдори эканига, давлат ташқи сиёсатида устивор талаб ва эҳтиёж демократия ҳамда инсон ҳақларига амал қилиш эканига ишонамиз.
АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида ўрнатилган алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани бизни қувонтиради албатта. Аммо ўзбек ҳукумати билан алоқалар мустаҳкамланган сари, мухолифат билан алоқалар сустлашётгани бизни ўйлантирмай иложи йўқ. Ҳақиқат учун эътироф этишимиз лозимки, инсон ҳуқуқларига ва ҳимоячиларига эътибор бор. Аммо сиёсий партия ва ҳаракатлар эътибор доирасидан мутлақо чиқарилган. Фаолият олиб бориш учун зарур бўлган грантлар тўхтатилган. Натижада ўзбек мухолифатчилари мажбурий фаолиятсизлик ҳолатига тушдилар. Айнан шу ҳолат “ Қўмак Маркази” тузилишига ва сизга мурожаат йўллашимизга мажбур этди.
Муҳтарам жаноб Керри, хатга илова қилиб “Кўмак Маркази” ишчи гуруҳининг жамоатчиликка мурожаати ва тўпланган аризаларни илова қилдик. Ўйлаймизки, Америка халқининг мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистон мустақиллиги учун курашганлар тақдири сизни бефарқ қолдирмайди.

Ҳурмат билан,” Кўмак Маркази” ишчи гуруҳи.
Тошкент.
30.06.2016

Copyright © 2018 Birdamlik.Info