1990

Гульчехра Нуруллаева

ЎЗБЕКНИНГ ШАЪНИГА ҲАР КИМ ТОШ ҚАЛАР,
ҚУРУМЛАР СУРТИЛАР, ИСНОД ТАҚАЛАР.
НЕГА ЖИМ СИЗ КАБИ ОППОҚ ЁҚАЛАР?
КИМ ШАФҚАТ ШАЪМИНИ ЎЧИРДИ ЭКАН?
ОНАНГИЗ ҚАНДАЙ СУТ ИЧИРДИ ЭКАН?

ЗАРРАБИН

Зарраларни кўрсин, дебми, каттароқ,
Катта кўриб, топсин, дебми, завқ-мароқ,
Билолмадим, билолмадим сабабин,
Менга тортиқ айладингиз заррабин.
У орқали назар солдим ҳаётга,
Кўзим тушди сайдларга, сайёдга.
Маним, десам, руҳи ётлар кўринди,
Руҳи ётдан истибдодлар кўринди.
Сўзи кўп-у, гапирмоққа тили йўқ,
Қули кўп-у, қулмиз, деган эли йўқ –
Кўринди юрт оёқларнинг остида,
Кўринди юрт қиронларнинг дастида…
Халқим забун!.. Халқим қашшоқ!.. Ё раббим!..
Кўрсатди сиз менга берган заррабин…
07. 03. 1990.

х х х
х

Амалдори бўлса безабон,
Олимлари – муте, чорикор,
Шоирлари – оғримаган жон,
Келолмаса ёлғонга бакор,
Куйчилари – қўрқоқ, бенаво,
Кексаси ғўр,
Гўл бўлса ёши,
Ўша юртнинг бошида ғавғо,
Тутилади мудом қуёши…
25. 03. 1990.

ВОЙ, БОЛАМ…

1990 йилнинг 25-апрел куни Тошкентнинг Ўқчи маҳалласига Улан-Удэдан оддий аскар – Ҳусниддин Маҳмудовнинг ўлиги келди. Халқ тобутни кўтариб, шаҳар марказидан ўтди. Тобут олдида бу гал қадимий миллий таомилни бузиб, аёллар ҳам «вой, болам»лаб боришди.

Тўмарисчи Вазирахон Эгамбердиеванинг бутун йўл бўйи йиғлаб-йиғлаб айтганлари:

Бу – қандайин истибдод,
Не алам, деб йиғлайман.
Соғ кетиб, ўлик қайтган
Вой, болам, деб йиғлайман.

Беозорим, оппоғим,
Қандай тияй ёшимни?!
Не кўйларга солишди
Етимгина бошингни?!

Юрагингга симларни
Санчган қайси ваҳшийдир?
Оҳ, уларни онамас,
Ит туққанга ўхшайдир.

Дедиларми: «Ҳаётда
Яшамоққа ҳаққи йўқ.
Орқасида ҳимоя –
Кўзи очиқ халқи йўқ».

Дедиларми: «Ўзбекнинг
Йигитлари қулдан хор».
Шундайларнинг ўзлари
Бўла қолсин қўшмозор!

Қатор-қатор тобутлар…
Саноғингиз бунча кўп.
«Гуноҳим нима?» деган
Сўроғингиз бунча кўп.

Бу юртнинг ўзи қотил.
Ўзи – ўқ еган сийна.
Ҳокимларин қўш қўллаб
Арвоҳингиз урсин-а!

На фақат юрт, хазина,
Жон талон, деб йиғларман.

Соғ кетиб, ўлик қайтган
Вой, болам, деб йиғларман…
03. 05. 1990.

х х х
х

Гуноҳ бўлса Ватанни севмоқ,
Шундан бўлак гуноҳ қилмадим.
Турк қавмимни соғиниб, эвоҳ,
Туркияга боро билмадим.

Ерим ҳазин. Осмоним ҳазин.
Осмонимга етмас овозим.
Бўлса ҳамки ташриф қоғозим,
Туркияга боро билмадим.

Рўпарамдан чиқди ғоратлар,
Йўлим тўсди бедалил радлар.
Тўсди қўрқоқ, тўсди номардлар,
Туркияга боро билмадим.

Қай шум тўкди Фарғона ёшин,
Қайси фитна узди Ўш бошин,
Билинг, дердим, азиз қардошим,
Туркияга боро билмадим.

Дедиларми: «Бахтга кирасиз,
Сўнгра шиддат-шаҳдга кирасиз…»
Бир ён – Рауф, бир ён – Миразиз,
Туркияга боро билмадим.

Дилларимиз нурли дил эди,
Сафардош ҳам зўр булбул эди, –
Дадахоннинг оҳи мўл эди, –
Туркияга боро билмадим.

Нур истаган ҳар ким қафасда,
Ҳар сония, ҳар кун қафасда,
Сўз қафасда, эрким қафасда, –
Туркияга боро билмадим.

Кўнгил ярим. Айтар сўз ярим.
Ўпмоқчийди нолон кўзларим
Ота Туркнинг босган изларин, –
Туркияга боро билмадим.

Бир кун келиб, қўлларда Қуръон,
Бизлар – бир жон, бизлар – бир иймон,
Кўзларимда уйғоқ Туркистон,
Туркияни кезарман шодон,
Гарчи букун йўл бермай нодон,
Туркияга боро билмадим…
01. 12. 1990.

ШЎРО УРУШИ

Ўш-Ўзган фожиаси муносабати ила

Бу – на эртак, на даҳшат хаёл,
На бирор уй, кўча шўриши…
Уруш бўлди бешафқат, қаттол,
Уруш бўлди – шўро уруши.

Раҳбар кийиб хунолуд кўйлак,
Хунрезликка қилди ишора.
Ўш, Ўзганда қон оқди лак-лак,
Ўлаверди ўзбек бечора.

Қассоб эди… Қўйдай сўйдилар…
Гўштларини нимталаб кейин,
Осдилар-да, ёзиб қўйдилар:
«Сартнинг гўшти – бир сўм ўн тийин…»

Ота қўлин деворга қоқиб,
Зўрладилар олти ёш қизин…
Юбордилар сўнг уйни ёқиб…
Дод ўрлади узундан-узун…

Зарба узра тушаркан зарба,
Билмам, яна қанча дил майиб…
Четда турган қоп-қора шарпа
Қувончидан қўйди жилмайиб.

Қўлим чўзиқ сен томон, само,
Хонам йиғлар шундай нидодан:
«Бандаларинг кечирма, Худо,
Улар ахир эмас-ку одам!..»
10. 12. 1990.
х х х
х
Ўзбекнинг бошига қора кунлар тушганида
мум тишлаган коммунист шоирларга

Мискинман.
Демасман: «Мискинга зорман».
Билсангиз, сўзлари кескинга зорман,
Неча ой
мардона таскинга зорман,
Бешумор, беқарор боқишим шундан,
Ҳар кўзга умидвор боқишим шундан.

Қўқонда отилди жигарлар, жимсиз,
Бўка номусига тегарлар, жимсиз,
Номард дулдулини эгарлар, жимсиз,
Ғамгузор деб эдим, деб эдим, акам,
Энди сизни ким деб атайин экан?!

Беимдод йиғлади қонга ғарқ Паркент,
Етти ёт йиғлади – қонга ғарқ Паркент,
Коинот йиғлади, қонга ғарқ Паркент,
Ҳамрозлик – азалий, ҳамдардлик – қадим,
Эвоҳ, кўзингизда бир нам кўрмадим.

Ўзбекнинг шаънига ҳар ким тош қалар,
Қурумлар суртилар, иснод тақалар,
Нега жим сиз каби оппоқ ёқалар?
Ким шафқат шаъмини ўчирди экан?
Онангиз қандай сут ичирди экан?

Сизнинг эътиқодни қўрдим – келгинди,
Кўрдим – юрагимга аёзлар инди,
Сиз аъзо сафлардан кетарман энди.
Фотиҳлар олдида букилган тизсиз,
Сиз – коммунистсиз!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares