Зулайҳо ЧОРИЕВА: БИЗ ОТАМ ҲАСАН ЧОРИЕВНИНГ ҲИМОЯСИ УЧУН ДЕЯ ЎЗ ПУЛИМИЗГА ХАТАР СОТИБ ОЛГАНГА ЎХШАЙМИЗ…

Zulayho ChorievaБиз энди дардимизни кимга айтишниям билмай қолдик. Қашқадарё суд-ҳуқуқ тизими отамга адолатсизлик қилгандан қилишди, ҳечам чарчашмади.

Ҳақсизликлар ҳиқилдоғимизга келиб шу йилнинг 25 июнь куни Қарши шаҳридаги “Насаф ҳуқуқ маслаҳатчиси” адвокатлар ҳайъати адвокати Мели Ҳолмирзаев билан отам Ҳасан Чориевнинг ҳимояси учун шарнома тузган эдим.

Ўша куни мен отамнинг ҳимояси учун дея аслида, отамга хатар сотиб олаётганимни билмаган эканман.

Адвокат Мели Ҳолмирзаев 25 июндан то 22 июлга қадар хибисда қолаётган отам Ҳасан Чориевнинг ҳимояси учун заррача ҳимоя ишини олиб борган эмас.

“Менинг адвокатлик ордеримга терговчи Рустам Новчаев муҳр уриб, имзо қўйиб берсагина, мен тергов хибисхонасига кириш, ҳимоямдаги Ҳасан Чориев билан учрашиш  ҳуқуқига эга бўламан.

Лекин аввалига терговчи Р. Новчаевни топа олмадим. У пайдо бўлгач эса, у менга “Ҳали Ҳасан Чориевнинг олдига киришингизга эрта. Қачонки тергов бошланса, адвокат сифатида ўз ҳимоянгиздаги шахснинг терговида фақат менинг гувоҳлигимдагина иштирок этишингиз мумкин” деган шарт қўя бошлади.

Кейинчалик эса “Тергов хибисхонасига кириш учун терговчи Рустам Новчаев ордерга муҳир босмаскан, вилоят прокурорининг тергов масалалари бўйича ўринбосари адвокатлик ордерини расмийлаштириш ҳуқуқига эга эмиш. Ҳозир эса вилоят прокурорининг тергов масалалари бўйича ўринбосари йўқлиги сабаб, ҳамон ордеримни расмийлаштира олмасдан ўтирибман. Шунинг учун ҳам бир ойдирки, ҳимоямдага оталаринг Ҳасан Чориевнинг ёнига кириш, уларнинг саломатлигидан хабар олиш, оталарингга ҳуқуқий маслаҳат кўрсатиш имкониятидан ҳамон маҳрумман. Шу чоққача номаълум сабабларга кўра тергов ҳаракатлари ҳам тўхтатиб қўйилган.

Мен адвокат сифатида ёлланганимдан буён бирор маротаба тергов жараёни бўлмади, тергов ишлари давом этмади. Натижада, мен Ҳасан Чориевни кўра олмадим. Тергов ишларида ҳам иштирок эта олмадим. Яқинда вилоят прокурори ўринбосари қабулига кириб гаплашганимда улар “Бу ишнинг тепасида Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари турибди. Шунинг учун ҳам Ҳасан Чориев иши масаласида биз ҳам ожизмиз. Бу иш бизнинг ихтиёримиздан ташқарида. Шу сабаб, Чориевлар оиласи вакилларига айтинг, вилоят прокуратураси биноси олдига келиб, пикет, намойиш қиламиз деб тўпалон кўтаришмасин, бу беҳуда, фойдаси йўқ” деган гапни сизларга етказиб қўйишимни сўраганди. Мен адвокат сифатида ўз ваколатим доирасида ишлашга уринаяпман. Лекин вилоят прокуратурасидагилар, терговчилар фаолиятимни самарали олиб боришга тўсқинлик қилишаётган бўлса, мен нима қилишим керак?” деган гапларни адвокат Мели Ҳолмирзаев 25 июндан то 22 июлга қадар менга ва оила аъзоларимга юз маротаба қайтаришдан чарчамади.

– Лоақал отам Ҳасан Чориевга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор нусхасини ва даъвогар Матлуба Абдураимованинг даъво аризаси нусхасини жиноят иши ҳужжатлари ичидан олиб беринг, танишиб кўрайликчи, аслида гап ним аҳақида экан. Масала моҳиятига аниқлик киритайлик, илтимос, – дея Мели Ҳолмирзаевга минг марта ўтиндим.

– Сизга ўзбек тилида тушунтираяпман. Терговчи Рустам Новчаевни топа олмаяпман, дедим-ку! Терговчи отангизга оид жиноят иши  “дело”сини ўз сейфига солиб, қулфлаб кетган. Терговчини топа олмасам, сиз сўраётган нарсаларнинг нусхасини қаердан оламан? Рустам Новчаевнинг сейфига ўғирликка тушмайманку? Нега одамни бунча асабини бузасиз?!, – деди адвокат Мели Ҳолмирзаев хуноб бўлиб.

Икки куни кам бир ойдирки хибисда қолаётган отам билан учрашиш учун ордерини расмийлаштира олмаган бўлса, тергов хибисхонасига бир бор кириб отамизнинг саломатлигидан хабар олишга ярамаётган бўлса, ҳуқуқий маслаҳат кўрсатишга қурби етмаган бўлса. Камига, отамиз ҳасан Чориевга нисбатан очилган жиноят ишининг муҳим ҳужжатларидан бехабар бўлса? То шу кунгача жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор нусхасини ва даъвогар Матлуба Абдураимованинг даъво аризасидан нусха олиш қўлидан келмаган бўлса, бу адвокатдан не наф? Ундан кўра бунданда тузукроқ адвокат топиб, ёлласак бўлмасмикан, деган хаёлда шу йилнинг 22 июль куни  адвокат Мели Ҳолмирзаев билан ўртамизда тузилган шартномани бекор қилиш ва ордер учун тўланган маблағни қайтариш тўғрисида  “Насаф ҳуқуқ маслаҳатчиси” адвокатлар ҳайъати раҳбари Мирзоҳид Йўлдошев номига ариза – таланома ёзиб бордим.

Бахтга қарши Мирзоҳид Йўлдошев ўз хизмат ўринларида йўқ экан. Натижада, яна адвокат Мели Ҳолмирзаевнинг ўзига рўпару бўлдим ва Холмирзаевнинг ўзларини қўлларига аризамни топширдим.

Отам Ҳасан Чориевга ҳуқуқий кўмак кўрсатиш мақсадида адвокат билан ўртамизда тузилган шартномани бекор қилиш ҳақидаги ушбу ариза –талабномамни ўқиб чиққан Мели Ҳолмирзаевнинг жазаваси тутиб қолди:

– Сизлар қанақанги ношукур бандасзилар? Бир ойлик хизматга туҳматми энди? Мен ўз ваколатим доирасида нимаики қилиш керак бўлса, барчасини амалга оширишга уриндим. Бироқ прокуратурадагилар монеълик қилишди. Қолган ишлар менинг ихтиёримдан ташқарида бўлса, нима қилишим керак эди? Мен бу аризаларингизни қабул қилиб олмайман!- дедилар Мели Ҳолмирзаев жаҳл билан.

– Айтингчи, бир ой давомида нима иш қилдингиз? Хизматингиз нимадан иборат бўлди? Санаб ўта оласизми? Нега ноҳақ гапларни айтаяпсиз? Мен бу ариза –талабномамни сизнинг номингизга ёзганим йўқ, “Насаф ҳуқуқ маслаҳатчиси” адвокатлар ҳайъати раҳбари Мирзоҳид Йўлдошевнинг номларига ёзганман. Бу аризани сизга эмас, раҳбарингизга топшираман, -дедиму, девонхонага, яъни кадрлар бўлимида аризаларни қабул қилиб олишга масъул аёлга учрашдим.

Менинг аризамни қўлидман олган аёл яна Мели Ҳолмирзаевнинг ҳузурига кирди ва:

-Бу аризани нима қилай, қабул қилиб олиб қолавермайми, – деб сўради адвокатдан.

-Йўқ, асло. Сиз қабул қилиб олишга мажбур эмассиз. Қабул қила кўрманг! – буюрди Мели Ҳолмирзаев аёлга.

– Унда ҳозироқ чиқаману, шикоят аризани почта орқали буюртма хати шаклида юбораман, – дедим мен ҳам ўжарлик билан.

– Бу ерга жўнатиб ўтирманг. Ана, Адвокатлар палатаси Қашқадарё ҳудудий бўлими раҳбари номига ёзинг аризангизни, ўшаларга олиб боринг. Улар ҳам бу масалани билиб қўйишсин. Хабар топишсин! Боринг!, – дея ўшқирди Мели Ҳолмирзаев.

Шу заҳотиёқ “Насаф ҳуқуқ маслаҳатчиси” адвокатлар ҳайъати  биносидан чиқиб, қўлёзмадаги аризамнинг бир нусхасини мамлакат Президенти номига, бир нусхасини Бош прокурор номига, бир нусхасини Республика Адвокатлар палатаси раиси номига, кейинги нусхаларини эса Адвокатлар палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Хуршида Ўроқованинг номига, энг охирги нусхасини эса “Насаф ҳуқуқ маслаҳатчиси” адвокатлар ҳайъати раҳбари Мирзоҳид Йўлдошев номига  компьютерда яхшилаб ёздирдим-да, Хуршида Ўроқованинг қабулига кириб бордим.

Аризам мазмунини диққат билан ўқиб чиққан Адвокатлар палатаси  Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Хуршида Ўроқова “Талабларингиз Мели Холмирзаев билан тузилган шартномани бекор қилиб, ордер учун тўланган маблағни қайтариб олишми?” деб сўради. Ҳа, дея опанинг сўзларини тасдиқладим.

Хуршида Ўроқова шу заҳотиёқ адвокат Мели Ҳолмирзаевга сим қоқиб, “Чориевнинг ҳимояси учун сиз билан тузилган шартномани бекор қилиш ҳақида қизлари Зулайҳо Чориева ариза ёзиб келибди. Мижознинг талабини қондиришингиз керак. Ордер учун тўланган маблағ эгаларига қайтарилиши керак. Бу масалани тинч йўл билан ҳал қилинг, менга ортиқча ғалва керак эмас” дедилар.

Адвокат Мели Ҳолмирзаев гўшак ортидан Хуршида Ўроқовага нима деди, нима қўйди, буниси энди менга номаълум.

Мели ака билан суҳбатлашиб бўлгач, Адвокатлар палатаси Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ўроқова менга қараб, “Аризангизни олиб қоламиз ва белгиланган тартибда кўриб чиқамиз” дедилар. “У ҳолда иккинчи нусхасига олганлигингиз хусусида имзо чекиб беринг” дея талаб қилгандим, Хуршида опа “Биз бундай тартибга бўйсунмаймиз. Фуқаронинг аризасини қабул қилиб олганлигимиз ҳақида иккинчи нусхасига имзо чекиб бериш мажбуриятини олмаганмиз. Чўчиманг, бизда аризангиз йўқолиб кетмайди.  Албатта, аризангиз урганиб чиқилади, ҳозир мен регистрация қилиб қоламан. Фақат бизда тартиб шундайки, ушбу аризангизга битта тушунтириш хатингизни ҳам илова қилишингиз зарур. Шу сабаб битта тушунтириш хати ҳам ёзиб берсангиз” деб айтдилар.

Адвокатлар палатаси  Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси раҳбари Хуршида Ўроқова ўша куни менга Мели Холмирзаев билан ўртамизда тузилган шартномани бекор қилиш ҳақидаги аризам 35- рақам остида рўйхатга олинганлигини маълум қилдилар. Аммо аризамнинг иккинчи нусхасига имзо қўйиб беришдан бош тортдилар.

Хуршида Ўроқованинг гапи билан тушунтириш хати ёзишга тушдим. Бироқ кўчадаги интернет клубда ёзган тушунтириш хатимни принтер бўлмаганлиги сабабли қоғозга чиқариб олишнинг имкони бўлмади.

Ва ўша куниёқ шикоят аризамни ўзга манзилларга етказиш мақсадида почта хизматига кириб, Президентга, Бош прокурорга, Республика Адвокталар палатаси раҳбари номига буюртма хати қилиб жўнатиб қўйдим.

Энг муҳими, Хуршида Ўроқова аризам нусхасига имзо чекиб беришдан бош тортганликлари сабабли, айнан ўша хат нусхасини почта орқали уларга ҳам почта ортқали буюртма хати қилиб йўллашга мажбур бўлдим.

23 июль куни АҚШ элчихонаси расмийси жаноб Антон Купирнинг уйимизга ташрифи туфайли Шаҳрисабздан Қарши шаҳрига боришга фурсатимиз етмади. Ҳар кунгидек  адвокатура ва прокуратура биносини зиёрат қилишга имконимиз бўлмади.

Аммо қизиғи бу эмас. Энг қизиғи, биз АҚШ элчихонаси вакилларини кузатганимиздан кейин, кечки соат 18.00 ларда  кутилмаганда Мели Ҳолмирзаев сим қоқдилар.

Гўшакни кўтарсам:

– Кеча мен сизларга айтгандиму, сешанба ё чоршанба куни иш тугайди деб… Мана, бугун эрталабдан ишга киришиб, то кечгача  Ҳасан Чориев ишини тугатдик. Ҳамма амалиётлар бўлиб ўтди, ҳужжатлар билан танишдик. Иш матреалларини судга тайёрлаб бўлдик. Оталарингиз билан кўришдим. Улар сизларга ўз қўллари билан хат ёзиб бердилар. Қаердасиз, келиб отангиз ёзган хатни олиб кетишингиз мумкин. Улар бир неча озиқ овқат турларини келтиришларингизни сўраган, – дедилар Мели Ҳолмирзаев.

– Бу нима деганингиз? Кеча мен сизга ортиқ ишона олмаслигимни айтганман. Сиз бир ой давомида адвокат сифатида отамизнинг ҳимояси учун бирор бир амалий ишга қўл ура олмадингиз, ишончимзини суиистеъмол қилдингиз. Мен сиз билан тузилган шартномани бекор қилиш ҳақида кечанинг ўзидаёқ Адвокатлар палатасининг Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ўроқова номига шикоят ариза киритганман. Сиз билан тузилган шартномани бекор қилганман. Энди сизнинг адвокатлик ваколатингиз йўқ. Нега энди бир ой давомида қилмаган ишингизни бир кунда эплашга киришдингиз, сизни рад қилишимизга қармасдан нега энди яна отам Ҳасан Чориевнинг терговига қатнашиб юрибсиз? Сиз адвокат сифатида бу каби ҳаракталарингиз қонунга зидлигини, жиноят эканлигини биларсиз? – дедим М. Холмирзаевга.

Адвокат устимдан кулгандек қахқаха отди.

– Мен хибисхонага кириб отангизнинг ўз қўлидан “Мели Ҳолмирзаевга ишонаман. Холмирзаевнинг менинг ҳуқуқий манфаатларимни ҳимоя қилишига розиман” деган мазмунда ариза ёздириб олганман. Мени сиз рад этганингиз билан, Ҳасан аканинг ўзи менинг адвокатлик қилишимга рози. Бу жараёнда сиз ҳеч нарса қила омлайсиз. Яхшиси, отангиз ёзиб берган хатни келиб, қўлимдан олиб кетинг, – дедилар адвокат.

– Мели ака, Ҳасан Чориев ҳимояси учун сизни бу жиноят ишига мен жалб қилганман, сиз билан шартномани мен тузганман. Демак, шартномани бекор қилиш ҳуқуқи ҳам менда. Отам сиз билан шартнома тузган эмас. Қолаверса, отамни ҳали ҳеч ким кўрган эмас. Ўша қўлингиздаги “Мели Ҳолмирзаевни адвокатим бўлишга розиман” деган мазмундаги қўлёзмани ҳам отам ўз ихтиёри билан ёзганми, йўқми, бунга ҳали аниқлик киритишимиз керак. Шуни билиб қўйингки, бугун отамнинг жиноят иши борасида олиб борган ҳар қандай просесцуал ҳаракталарингиз ноқонуний ҳисобланади. Биз сизнинг иштирокингиздаги терговни мутлақо тан олмаймиз, – дедим.

Орадан ярим соат ўтар-ўтмас адвокат Мели Ҳолмирзаев менга яна қайта қўнғироқ қилдилар ва:

– Нима қилдик? Бир қарорга келдингларми? Оталаринг менинг адвокатлик қилишимга рози. Сизлар нима қилмоқчисизлар? Куни кеча адвокатлик палатасига ёзган шикоят аризангизни энди қайтариб оласизми, йўқми?, – деб сўрадилар.

– Бу ҳақда гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Мен аллақачон сизнинг адвокатлик хизматингиздан воз кечганман. Ортиқ сизга ишонмайман. Сизни адвокат сифатида рад этганман. Энди фикримдан қайтмоқчи эмасман. Ўша шикоят аризамни нафақат Адвокатлар палатаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Хуршида Ўроқова номига, балки барча  ҳукуматнинг юқори турувчи идоралари раҳбарлари номига ёзиб, ўша куннинг ўзидаёқ почта орқали буюртма хати қилиб юборганман. Шу сабабли, яхшиси бу ўйиндан четга чиққанингиз маъқул, – дея адвокат Мели Ҳолмирзаев олдига қатъий талаб қўйдим.

Қизиқ, қандай қилиб бир ой давомида амалга ошира олмаган ишини адвокат М. Ҳолмирзаев бир кун ичида бажариб қўйиши мумкин? Тергов жараёни давом этмасдан туриб, қандай қилиб жиноят иши тугатилиб, судга оширилади?

Нега энди ўртадаги шартномани бекор қилиш ҳақида ариза ёзиб топширганлигимга қарамасдан, Мели Ҳолмирзаев эртаси куни отам Ҳасан Чориев ишига ўзини уради?

Нима учун Мели Ҳолмирзаев унинг адвокатлик хизматини рад этганимга қарамасдан, отамга оид жиноят ишини бир кунда тугатишга шошилиб қолади? Нега? Нега? Нега?

Бу охири йўқ саволлар менинг шубҳа-гумонларимни тобора орттириб бормоқда.

Мели Ҳолмирзаевнинг ушбу ноқонуний ҳатти-ҳаракатларидан билдимки, демак, бир ой давомида у  икки томонга баробар “ўйнаб” келган. Бизни, Чориевлар оиласини истаганича лаққиллатган ва ўз ҳимоясидаги Ҳасан Чориевнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун эмас, аксинча, фақат отамга туҳмат қилишгача борган вилоят прокуратураси ходимларининг, терговчиларнинг фойдасига ишлаган.

Мели Ҳолмирзаев каби қонунни қўғирчоқ қилучи адвокталарнинг ҳам танобини тортиб қўйдиганлар бормикин Ўзбекитсонимизда?

Қашқадарё вилоят  прокуратураси ходимларининг аҳволи бу бўлса, адвокатларнинг ҳоли шу бўлса, биз, жабирдийда оддий фуқаролар нима қилишимиз керак? Дардимизни кимга айтишимиз зарур?

Юқоридаги воқеалар бўлиб ўтганидан буён уйқумда ҳалоқат йўқ: “Ҳаҳотки мен  Ҳасан Чориевнинг ҳимояси учун дея ўз маблағимга отамга адвокат – ҳимоячи эмас, ХАТАР СОТИБ ОЛГАН бўлсам? Наҳотки? Энди бу кўргуликларнинг охири нима бўлади?

Бунингдек ҳақсизликларнинг чеки-чегараси борми ахир?!

Зулайҳо ЧОРИЕВА

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares