2019 йил 30 декабрь
«Бирдамлик» Халқ-Демократик партиясининг Баёноти
Ўзбекистон «Бирдамлик» Халқ Демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёевнинг 27 декабрь куни ал-Хоразмий мактабидаги ёшлар билан учрашувида билдирган ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган «мухолифатни фақат мамлакат ичида шакллантириш, чет элда шаклланган мухолифатни мамлакатга киритмаслик» ҳақидаги баёнотидан жиддий норози.
«Бирдамлик» фикрига кўра, Шавкат Мирзиёев ушбу баёноти билан фундаментал тузилмавий ислоҳотлар бўйича Ўзбекистон халқининг ишончларини суистеъмол қилди. Чунки ҳар қандай ислоҳотларни эркин ва тенг сиёсий курашларсиз, хилма-хил ғоялар ва фикрлар тўқнашувисиз, танлаш ва сайлов ҳуқуқисиз, адолат тамойилларига амал қилмаган ҳолда рўёбга чиқаришнинг имкони бўлмайди.
«Бирдамлик» партияси Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқини ҳамон алдаб келаётганини ва Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов даврида қарор топган зўравонлик ва қатағонликларни давом эттираётганини ачиниш билан таъкидлайди.
Мирзиёев ҳокимият тепасига келган уч йил ичида Каримов режими томонидан содир этилган жиноятларни қоралаш, режим қурбонларини оқлаш ишларини амалга оширмади, аксинча Каримов режимида устувор бўлган зўравонлик ва коррупциясига қарши курашган шахсларга зулмлар ўтказиб, жамиятни ажратишда давом этмоқда.
Мирзиёев мамлакатда сув ичиб, шу ерда нон еган, аниқроғи хўжайини томонидан дастурхонга тортилган егуликларни истеъмол қилган ички мухолифат учун шароит яратишини айтмоқда…
Ҳақиқат шундаки, ўзбек мухолифати энг қийин пайтларда халқ билан бирга бўлди, бир нонни бўлиб бирга баҳам кўрди, мамлакат ичида шаклланди, қамоқхоналарга маҳкум қилина бошлангандан, Каримовнинг қонхўрларига ем бўла бошлагандан кейин чет элларга чиқиб кетишга мажбур бўлди. Буни ҳозирги президентнинг ўзи ҳам қўрқув ичида «индамай ўтирганини» тан олди.
Ўзбекистоннинг иккинчи президенти Мирзиёев баёноти моҳиятидан қуйидаги омилларни уқиш мумкин: узоқни кўриш салоҳияти ҳамда чинакам сиёсий фаросати ва заковати йўқ; ҳаққоний ватанпарварлик туйғусига эга эмас; мамлакат ва халқ манфаатини ўз манфаатидан ва уни вужудга келтирган бузуқ жиноий тизимдан юқори қўяди.
Азиз ўзбекистонликлар!
Шавкат Мирзиёев бугун ва ҳозир барчангиздан, ҳаммамиздан воз кечди! Шундай экан, биз сиёсий курашларда дадил иштирок этиш ҳуқуқимиздан фойдаланишимиз, ҳокимият тепасида турганлар олдида ўз манфаатларимизни ҳимоя қилиш, эзгу ва яхши натижаларга эришиш учун курашмоғимиз керак. Мирзиёев ҳам худди Ислом Каримов каби ўзининг «чўнтак мухолифати»ни ривожлантириш ниятида. Каримов ҳукмронлиги даврида бу тажриба ҳаётга тадбиқ этилган эди, натижада «юқори»нинг бйруғи асосида янги партиялар ташкил этилди. Ушбу ёлғон ва тақлидий сиёсий жараёнлар Ўзбекистонимизни нималарга даъват этганини ҳаммамиз яхши биламиз.
Ўзбекистон «Бирдамлик» Халқ Демократик партияси ва унинг лидери Баҳодир Хон Туркистон Шавкат Мирзиёев танлаган сиёсий йўналишларга қарши. Ўзбекистон ва унинг халқига авторитаризм ҳамда эрксизлик ва ёлғонлар керак эмас! Халқ бу нарсалардан Ислом Каримовнинг 27 йиллик бошқаруви даврида қаттиқ чарчаган.
«Бирдамлик» партияси янги Ўзбекистон учун курашларни янада кучайтириш тарафдори. Бу ерда сиёсий рақобат, ғоя ва мустақил фикрлар учун жой бўлади. Бу ерда инсон асосий қадрият ҳисобланади ва адолат ҳаётда устувор кучга эга бўлади.
«Бирдамлик» маълум қиладики, бугун Ўзбекистонга Шавкат Мирзиёев фойдаланиш истагида бўлаётган «чўнтак мухолифат» асло керак эмас. У ҳавас қилаётган, Ислом Каримовнинг калтабин онгидан чиққан «демократик жараёнлар» аллақачон қурумсоққа айланиб, ҳидланиб кетган.
Ўзбекистонга Шавкат Мирзиёев сингари Ислам Каримовнинг клани ва тақлидий демократия керак эмас. Мамлакат бундан кейин қимматли вақтини йўқотолмайди. Ўзбекистонга ҳақиқатни баралла гапира оладиган, жамоат ва мамлакатни жипслаштира оладиган, барча учун янада яхши жамият бунёд эта оладиган ҳақиқий лидер, демократ ва ислоҳотчи керак!
Ўзбекистон «Бирдамлик» Халқ Демократик партияси