"ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ИСЛОМ КАРИМОВ"ГА ОЧИҚ ХАТ

Prezidentga ochiq xat1Prezidentga ochiq xat1(1)Prezidentga ochiq xat1(2)

Муҳтарам президент!

Мен 16 йил 7 ой қамоқда ўтирдим. Бу замон ичида бутунлай қашшоқлашиб қолдик. Қарзга ботдик.

14 минг дўллардан ортиқ қарзмиз.

Бу ҳол яна давом этса, бутунлай хор бўламиз. Ҳозир нонга ҳам қийналаяпмиз.

Мен 40 йилдан ортиқ давлат ишида ишладим. Бу меҳнат дафтарчамда қайд этилган. Лекин 7 ой тинимсиз ҳаракат қилишимга қарамай, менга Улуғбек туман нафақа бўлими 179 минг сўм пенсия белгилади.

Умрида бир кун ҳам ишламаган одам бундан кўп пенсия олаяпти…

Мен олаётган нафақа пули газга тўлашга ҳам етмайди. 15 кун газсиз ўтирдик (июн). Ўчириб кетишди.

Свет, сув, ер – мулк солиқлари ҳам бор. Бу миллион-миллион сўмларни ташкил қилади.

Мен ССР ва Ўзбекистон Ёзувчилари Союзларининг аъзоси эдим. Мени “Халқ душмани”, “Ватан хоини” сифатида қамашгандан кейин, аъзоликдан ўчиришган.

“Тепа”нинг кўрсатмасимиш…

Менинг асарларим босилмаяпти.

“Тепа”нинг кўрсатмасимиш…

Мабодо, бирон газетада менинг исмим кўриниб қолса, ўша газета бошига бало ёғилади…

Бу ҳол талай марта юз берган.

16 йил 7 ой ичида соғлиғимдан айрилдим. Уч марта инфарк олганман.

20014 йилнинг 13 июн куни (давлатнинг ишонган одами иштирокида) 15-касалхонада юрагимни текширишди. Шуҳрат деган кордиолог врачнинг ўзи менинг юрагим ночорлигидан дахшатга тушди. Дарҳол ётишимни талаб қилди. Кўнмадим. Шундан кейин у “постельный режим” ҳолатида уйда даволанишимга дори-дармонлар ёзиб берди. Укол-дориларини ҳам. Бунинг ўзи 3 миллион сўмдан ошади. Қани пул?

Сиздан яшармайман. Ётсам бир укол билан ажалимдан олдин ўлдириб юборишади. Мен шундан қўрқдим. Менга айтишди ҳам. 16 йил 7 ой ўлим азобларини бошимдан кечирганимдан кейин ўзим ҳам шу ечимга келдим.

Уйдан эшикка чиқишга ҳам қўрқаман. Озод бўлганимдан бери туғилиб-усган қишлоғимга ҳам боришга юрагим бетламайди. Бунга имкониятим ҳам йўқ.

Қон босимим баланд. Қамоқхона врачи: “Қон босимингиз супер даражада” деб айтарди. Бир неча марта йиқилиб, хушимдан кетиб қолганман. Замбилда касалхонага олиб боришган.

Қоним қуюқлашиб, камайиб кетган.

Простата безларим жуда қаттиқ шамоллаган. Жуда қийналаяпман…

Иккила кўзимни ҳам парда босган. Катаракта.

Ошқозонимда язва палип бор.

Нитроглециринга ўтириб қолганман…

Юз метрга ҳам усиз юролмайман.

Бутун касалликларим  касаллик тарихимда ёзилган.

Ётиб даволанишимга пулим йўқ.

Қаттиқ назоратдаман. Ҳар ойда Улуғбек тумани ИИБ террор бўлими бошлиғи мени ва ўғлимни назоратдан ўтказиб туради ва тушунтириш хатлари олади. Огоҳлантириш анкетасида, қамоқ билан таҳдид қилади. Ҳар ойда шундай. Яна участка милиционери таҳдиди… Яна уйимиз атрофида нотаниш кимсаалр изғийди.

Нафас олиш қийин

Эркин нафас…

Айтишларича… “Тепа”нинг қора рўйхати ва назоратида эканмиз.

Хўп, мен уларнинг наздида “Халқ душмани”ман. Аммо ўғлимда нима айб? Ўғлим мутлақо ичмайди, чекмайди, динданам узоқ одам. У “Сиз туфайли менга ҳам кун бермаяпти” деб юзимга солади. Бир йилдан бери ота-бола гаплашмаймиз

Ким нима деса деяверсин, мени қоралаш учун ким қанча ҳаракат қилмасин, мен ўз миллатимнинг содиқ фарзандиман. Тилда: “Элим, юртим” деб бонг ураётганлардан миллион марта ортиқ. Бунга менинг ёзган китобларим гувоҳ.

Замон келади, сизни чалкаштираётган сохта миллатпарварлар тарих ахлатхонасидан жой олади. Юрагидан “Элим, юртим” деб ёниб яшаган чин инсонлар (Чўлпон каби) қайтадилар:

Юртга,

Элга,

Тарихига…

Мен ўз ватанимда қўрқиб, қийналиб, очлик ва касаллик азобини тортиб яшаяпман. Яна қамалиш хавфи ҳам таҳдид солаяпти. Назорат, уй қамоғи, кузатув… бунга биргина мисол. “Убрат” деган қутқуни ҳам йўқ деб бўлмайди

Мен ўз ватанимда эркин юролмасам, қашшоқлик батқоғидан чиқолмасам, асарларимни нашр эттиролмасам, назорат буғовини узолмасам, нима қилишим керак?

Менда иккита йўл бор:

Ўлим…

Кетиш…

Мен иккинчисини танладим.

Чунки хорижда туриб ҳам элимга фойда келтираман.

Кечмишимизни ёзаман…

Шу билан бирга даволанаман.

Бир замонлар қамоқдан чиққан Солжинициннинг четга кетишига Кремль қаршилик қилмаган. Билъакс, йўл берган… У ёқда сара асарлар битган.

Чет элга кетишимга йўл очилишини истайман. Бунга имкон беришингизни сўрайман. Бола-чақамга тегишмас деб умид қиламан.

Яхши ниятлар билан

Мамадали Маҳмудов  (имзо)

(Эврил Турон) 

2 август, 20014 йил.                          +99893 563 74 71

Тошкнет.                                   Тел: 8371 237 31 00

                                                            8371 237 30

 Эл. адрес:  Мамадали Махмудов <mamadaly2013@gmail.com>

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares