Сиёсий сабаблар туфайли АҚШда яшаётган таниқли сиёсатчи, Бирдамлик халқ демократик партиясининг лидери, 2015 йил 29 мартда бўлиб ўтган Виртуал Президентлик сайловида 9 нафар номзод ичидан ягона ғалабага эришган Баҳодир Хон Туркистон билан суҳбатлашдик. Суҳбатимиз Ўзбекистондаги сиёсий вазият ва муҳит хусусида бўлди.
— Баҳодир ака, гарчи АҚШда яшаётган бўлсангиз ҳам Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларга асло бефарқ эмассиз, сиёсатшунос, сиёсий лидер ўлароқ ҳар доим ўз фикрингизни билдириб келасиз. Агар ижозат берсангиз, келинг, суҳбатимизни Ўзбекистондаги бугунги сиёсий, иқтисодий вазиятдан бошласак. Ўзи, Ўзбекистон қаёққа қараб кетяпти? Конкрет позицияси қандай?
— Бугунги Ўзбекистон конкрет сиёсий позицияга эга эмас. Мамлакатда фақат бир киши — диктатор, нолегал президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий қарашлари, хоҳиш-истаклари, ўзини ҳокимият тепасига олиб келган шахслар назорати остида устун кўйда қолмоқда. Энг ёмон томони шундаки, Мирзиёев бошқаруви даврида Ўзбекистон диктатор Ислом Каримов даврида қисман эга бўлган мустақилликни, мустақил позициясини ҳам бутунлай қўлдан бой берди. У бутун бошли Ўзбекистонни Россияга яна қарам қилиб қўйди. Бунга эса, Шавкат Мирзиёевни ҳокимият тепасига Россиянинг диктатори Владимир Путин, асли Ўзбекистонлик бўлган Россия фуқароси, тадбиркор Алишер Усмонов ва собиқ диктатор Ислом Каримовнинг беваси Татяна Каримоваларнинг олиб келгани сабаб бўлди. Шу боисдан, Шавкат Мирзиёев ўзбек халқининг қадр-қимматини ерга уриб бўлса-да, тўралари талабини бажаришга, шу орқали ўз жиғилдонини ўйлаб иш юритишга мажбур кўйда қолмоқда.
Мирзиёев халқини ўйламагандан кейин у танлаб-танлаб тайинлаган деярли барча амалдорлар ҳам халқни ўйлашни ўзларига маъқул кўрмаяпти. Чунки улар халқ қаршисида эмас, фақат Мирзиёевнинг олдида ҳисобот беришини билишади. Шу сабабли бугунги кунда Ўзбекистондаги ҳамма соҳалар таназзулда. Мамлакатнинг ташқи қарзи нақ 62 миллиард доллардан ошиб кетди. Мирзиёевча иқтисод Каримов даврида камбағалликка юз тутган халқни қашшоқликка олиб келди. Халқнинг умиди, тинка-мадори борган сари қуриб бормоқда. Ўзбекистонни коррупция очиқчасига тўлиқ қамраб олди. Коррупция занжири эса Мирзиёев ва унинг оиласи, яқин қариндошлари, дўстлари қўлида қолаётир. “Бўлиб ол ва бошқар” тамойили амалда.
Мамлакатда ҳокимиятга мухолиф куч деярли йўқ. Борларини ҳам Адлия вазирлиги ҳар хил баҳоналар билан рўйхатдан ўтказмайди. Мамлакат қарийб 1992 йилдан буён мухолифатсиз, яккаҳокимлик режими асосида бошқарилмоқда. Бу омил эса, Ўзбекистонни 1992 йилдан бери бошқарган Каримов ва Мирзиёевларнинг президентлик амаллари нодемократик, нолегал эканини англатади.
— Маълумки, иккинчи маъмурият иқтидорга келгач, ўзининг бошқарув даврини “Янги Ўзбекистон”, “3-Ренессанс даври” деб тавсифлашди. Сизнингча, бу каби тавсифлар нечоғли тўғри ёки хато, ўзини оқладими, агар оқлаган ёхуд оқламаган бўлса буни нима билан изоҳлайсиз?
— Ҳар бир мамлакатнинг ўз йўналиши, ривожланиш режаси, аҳоли турмуш тарзини яхшилашга қаратилган аниқ мақсадлари билан бирга мамлакат аҳолисининг эртанги кунга етарли даражада ишончи бўлиши керак. Сиёсатда бу сиёсий мафкура, сиёсий фундамент ёки ўзбекча айтганда сиёсий пойдевор дейилади. Аслида мамлакатнинг ғояси, мафкураси қудратдаги партия ва амалдаги давлат раҳбари томонидан белгиланади. Ана шу мафкура давлатнинг ривожланиш стратегиясини белгилайди ва ишлар ўша мафкурага таянилган ҳолда амалга оширилади. Афсуски, Ўзбекистонда шу пайтгача конкрет давлат мафкураси яратилмади. Гарчи, Каримов даврида давлат мафкураси яратилишига ҳаракат қилинган бўлса-да, аммо барча уринишлар натижа бермади. Шу тариқа биринчи маъмурият даврида Ўзбекистон мафкурасизликда яшаб келди.
Мирзиёев ҳокимият тепасига келгач, “Янги Ўзбекистон” ғояси ўртага ташланди. Бироқ бу ғоя Мирзиёев бошқарувининг биринчи беш йиллигида ҳеч қандай самара бермади. Мирзиёев иккинчи марта ноқунуний сайлангандан кейин унинг ташаббуси билан “3-Ренессанс“ ғояси ўртага ташланди.
Афсуски, бу ғоя ҳам ишламагани сабабли мамлакат яна ғоясизлик, мафкурасизлик йўлига ўтди. Мирзиёев умрбод президент бўлиб қолиш истагида қонунга хилоф ҳолда ўтказилган референдумдан кейин белгиланган учинчи президентликка сайлови ортидан мамлакат яна ғоясизликка, мафкурасизликка юз тутди. Aслида ҳар қандай давлатчиликда биринчи бўлиб мамлакат ғояси, мафкураси ўйлаб топилиши ва йўлга қўйилиши керак. Конституция ана шу мафкура асосида яратилиши ва қабул қилиниши лозим. Мамлакатдаги барча қонунчилик, адлия, ҳуқуқ соҳасида амалга оширилажак ислоҳотлар ана шу мафкурага таянилган ҳолда ишлаб чиқилган Конституция негизида ҳаётга тадбиқ этилиши шарт. Суд тизими мутлақо мустақил бўлиши керак. Шундан кейингина мамлакатнинг ривожланиш стратегиясини белгилашга қадам ташланади ҳамда бу борада зарур қонун ва қарорлар қабул қилиниб, ислоҳотлар ўтказиш бошланади. Бунга биринчи саволингизга берган жавобимдаги: “Ўзбекистон конкрет сиёсий позицияга эга эмас. Мамлакатда фақат бир киши — диктатор, нолегал президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий қарашлари устун”, деган фикрим ҳам мос келади.
Шу ерда Мирзиёевнинг соҳаларда ислоҳотларни амалга ошириш ва бошқариш тартибига эътибор қаратамиз. Амалдаги президент бирор соҳани ислоҳ қилишга киришаркан, аввал шу соҳани ривожлантириш бўйича қарор чиқаради. Сўнгра ўша қарорнинг натижасини қўл остидагилардан талаб қила бошлайди. Яъни, ислоҳотларни амалга оширишнинг мирзиёевча усули юқорида мен келтирган фикрларга мутлақо зид. У ишни батамом тескарисидан бошлайди. Шу сабабли бирорта ислоҳотлари ижобий ҳал бўлмайди, мутлақо тескари натижалар беради, тараққиётни олдинга эмас, орқага қараб судрайди. Буни аниқ ҳаётда ҳаммамиз кўриб келяпмиз. Гапнинг пўсткалласини айтганда, биз қарийб 34 йилдан бери тегишли ғоя ва мафкурага эга бўлмаган мамлакатда яшаб келмоқдамиз. Aниқроқ айтсак, бизни нўноқ бошқарув тизими билан алдашди, биз алдандик. Каримов ҳам, Мирзиёев ҳам бизнинг мақсадимизни, ривожланиш йўлимизни аниқ ва тиниқ кўрсатиб бера олмади. Халқимиз бу хатолардан келган зиённи, заҳматни, аччиқ тақдирини танасида ҳис қилиб яшамоқда. Ана шу қусурлардан келиб чиққан ҳолда мен собиқ диктатор Ислом Каримовни Ўзбек халқининг биринчи душмани, диктатор Шавкат Мирзиёевни эса, иккинчи ашаддий душмани, деб ҳисоблайман.
— Кузатишимизча, Ўзбекистон ташқарисида ва ичида бўлган тарқоқ мухолифатни бирлаштириш ташаббусини шу пайтгача фақат сиз илгари сурдингиз. “Ҳар қандай гина-кудратларни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, бир-биримизни кечириб, бирлашайлик”, деган ғояни ўртага ташлаб, Мухолифатни Координациялаш маркази тузишга киришганингизни билдирдингиз. Бундай қарорга келишингизга нималар сабаб бўлди? Умуман айтганда, ўта тарқоқ мухолифат, таъбир жоиз бўлса Мирзиёев бошқаруви даврида деярли йўқ бўлиб бораётган мухолифатчилар тарқоқ халқни амалдаги коррупциялашган ҳукуматга қарши бирлаштира оладими?
— Дунёда моддият ҳамма нарсадан устун туради. Моддий имкониятларга эришиш ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаётида муҳим ўринга эга. Ғоялар ва мафкураларнинг ҳам моддият устида қурилиши нормал ҳолат. Мухолифатга ҳамма ҳар хил сабабларга кўра кириб келади, баъзи инсонлар моддий аҳволини яхшилаш ниятида қўшилади, бошқаларини эса ўзлари дуч келган ҳуқуқсизлик ва адолатсизлик етаклаб келади. Бир гуруҳ кишилар адолатсизлик, ҳуқуқсизлик ортидан ўз бойлиги, мулкидан ажраладилар. Улар тузумни ўзгартириш ва адолатни ўрнатиш учун мухолифатчига айланадилар. Уларнинг мақсади адолатли, ҳуқуқий, демократик янги тузумни ўрнатиш. Натижада ўзи ва бошқаларнинг моддий бойлигини қайтаришдир.
Шахсан мен кимларнингдир мухолифат сафига моддий бойликларга, моддий устунликка эришиш учун эмас, чин миллатпарварлик, халқпарварлик ёки савоб ёхуд бошқа сабаблар учун қўшилдим, деган важларга ишонмайман. Улар асл мақсадларини яширади. Тўғри, айрим инсонларда моддий истак устун бўлмаслиги мумкин. Аммо улар мамлакатда ҳокимият ўзгарса, сиёсий ва бошқа ислоҳотлар ижобий тарзда амалга оширилса, мамлакатда қонунчилик яхши ишласа, иқтисод ривожланса, ойликлар ошса ва алал-оқибат тўкин-сочиликда яшасак, деган орзулар илинжини кўзлаб мухолифат сафига қўшилади.
Натижада ҳаракатлари замирида барибир моддий имконият ва қулайликларга эришиш яширингани аён бўлади. Масалан, Мирзиёев даврида яхши яшаётганлар ҳеч қачон мухолифатга қўшилиб, сиёсатга аралашмайди. Қорни тўқ, усти бутлиги учун ўз иши билан банд бўлади.
Бизнинг Мухолифат Кординация Марказини тузишдан мақсадимиз шу пайтгача мухолифат сафида бўлган ва фаолиятини ҳозирги кунда ҳам давом эттираётган барча мухолифат фаолларини каримов-мирзиёев тузумига қарши бирлаштиришдан иборат. Биз асосан каримов-мирзиёев тузумидан заҳмат чеккан мухолифатчиларнинг барча моддий ва маънавий зарарларини ундириш ташаббусини илгари сурамиз. Аввало, улар кўрган зарарларнинг умумий ҳисобини чиқарамиз ва биринчи имконият пайдо бўлиши билан, яъни, мирзиёев тузуми ағдарилиб, ўрнига адолатли тузум келиши билан янги ҳукумат ёрдамида барча жабрдийдалар кўрган моддий ва маънавий зарарларини алоҳида-алоҳида қилиб ундириб берамиз. Шунингдек,
мухолифат сафига янгидан қўшилаётганларнинг эҳтиёжини инобатга олиб, уларга турар-жой, ер участкаси, квартира, автомобиллар бепул беришни йўлга қўямиз. Бу ишларга тааллуқли харажатлар каримов-мирзиёев тарфдорлари ва қўлловчиларидан хатлаб олинган мол-мулклар ҳисобига амалга оширилади. Шунингдек, биз ўз олдимизга Мирзиёев ва унинг оиласи, қариндош-уруғлари, қуда-андалари, ҳамкору ҳамтовоқлари мол-мулкларини халқ ўртасида адолатли тақсимлаш ишларини бажаришни ҳам мақсад қилиб қўйганмиз.
— Сиз 2015 йилнинг 29 мартида ўтказилган Виртуал Президентлик сайловида ғалаба қозондингиз. Бу ғалабангиз келгусида бўладиган реал президентлик сайловларида ўз номзодингизни қўйиш учун етарлича билим ва тажриба эди. Шундай бўлишига қарамасдан, нега президент курсини эгаллаш амбициясидан воз кечиб, сиёсий фаолиятингизни мухолифатни бирлаштиришга қаратмоқчисиз?
— 2004 йил 10 апрелда Ўзбекистонда Бирдамлик ҳаракатига асос солиб, фаолиятини йўлга қўйганимда мухолифатдаги Эрк ва Бирлик партияларининг етакчилари ва бошқа кўзга кўринган фаоллар бизни қўллаш ўрнига бошлаган ишимизга қарши чиқиб, ўзларининг тутумига йиллар давомида амал қилди. Бироқ биз босқичма-босқич уларнинг қаршилигини енгиб ўтдик, аммо мухолифатдаги тарқоқлик ишимиз ўнгланишига жиддий халақит қилди. Бугун Бирлик партияси ҳам, Эрк партияси ҳам деярли фалаж аҳволда. Менинг Ўзбекистондан чиқиб кетганимга эса 20 йилдан ошди. Aгар мен фақат ўзимнинг сиёсий амбициямга маҳкам ёпишиб, Мирзиёев режимига қарши курашсам ҳаракатларим яна 10 йилларга чўзилиб кетиши мумкин. Бу йиллар ичида Мирзиёев ўзбекистонликларнинг ҳаётини янада оғирлаштириб қўяди. Шу сабабли мен асосий эътиборимни Мирзиёевнинг амалдан кетишига қаратмоқчиман. Халқ кимни кўпроқ қўлласа, мен ҳам улар қатори ана шу мухолифат ташкилоти ва етакчисини қўллайман, шу билан бирга, барча мухолифат фаолларини фақат битта етакчи ва битта мухолифат партиясини қўллашга жалб қилишни режалаштирмоқдаман. Бу йўл бизнинг Мирзиёев ҳукумататини ағдаришимиз учун ҳар томонлама қўл келади.
— Каримов даврида сиз асос солган “Бирдамлик” халқ демократик партияси сиёсий майдонда фаол эди. Афсуски, бугун партия сукутда. Умуман, “Бирдамлик” партияси тақдири ҳақида нима дея оласиз? Партия сиёсий майдонга қайтадими?
— Мухолифатдаги Бирдамлик Халқ Демократик партиясининг фаолияти сусайишига молиявий қурбимиз камайиб кетиши асосий сабаб бўлди. Собиқ диктатор Ислом Каримовга қарши қўлимиздан келгунича курашиб келганимизни яхши биласиз. 2016 йил 2-сентябрда Ислом Каримовнинг ўлими ва 2016 йил 4-декабрда бўлиб ўтган президентлик сайловидан кейин АҚШда менга ва бизнес фаолиятимга нисбатан қўлдан қатор иқтисодий муаммолар яратилди. Ғарб биз каби мухолифатчиларга ишониш ўрнига Мирзиёвга ишониб, унга катта баҳо берди, Мирзиёевнинг катта ислоҳотчи эканига ишонишди. Ғарб давлатлари, хусусан, AҚШ ҳукумати Шавкат Мирзиёевнинг ноқонуний сайланганига кўз юмди. Шу тариқа, мухолифат сифатида бизнинг овозимизни ҳеч ким эшитишни истамади. Биз эса 2016 йилнинг 8 сентябридан бошлаб Мирзиёевни асосли танқид қилиб келдик. Бирдамлик фаолиятини молиявий томондан асосан бир ўзим таъминлаганман.
Ўзимни молиявий томондан ўнглашга доим ҳаракат қилдим ва қайсидир маънода буни эпладим ҳам. 2018 йилда Ўзбекистонда Бирдамликнинг қурултойини ўтказишга ҳаракат қилдик. Aммо Ш. Мирзиёевдан қаттиқ топшириқ олган Ўзбекистон куч ишлатар тизими ходимлари Қурултойни Ўзбекистонда ўтказишга имкон бермади. Шундан кейин биз қурултойни 2018 йил 15 ноябрда Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида ўтказишга қарор қилдик. Аммо Қозоғистон кучишлатар тизими ҳам Ўзбекистондаги ҳамкорлари талабини бажариб, Бирдамлик қурултойини ўтказишга имкон беришмади. АҚШдан Қирғизистонга бориб, Бишкек орқали Чимкентга киришга бўлган ҳаракатларим зое кетди. Қозоғистон Республикасининг Чегара Хизмати ходимлари мени мамлакатга киритмай, орқага қайтариб юборди. Кейин биз Бирдамликнинг қурултойини ноилож онлайн тарзда ўтказдик.
Биз молиявий томондан, тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича жуда заиф эдик. Кучли матбуот платформасига эҳтиёжимиз устун эди. Озодлик, Aмерика овози, ББC Ўзбек радиолари бизга нисбатан холис эмас эди, уларнинг тарафкашликлари сабабли биз фаолиятимизни оммага яхши таништира олмасдик. Улар янги мухолифатчиларни умуман қўлламасди. Мен уларга 2005 йилдан бери мурожаат қиламан. 2006 йилнинг феврал ойидан бошлаб тарафкашликка йўл қўймай, барча мухолифатчилар, жумладан, Бирдамлик фаолиятини ҳам холислик билан тўлиқ ёритишни талаб қила бошладик. Улар эса, аксинча, шахсан менинг ўзимни ва Бирдамликнинг фаолиятини ўз дастурлари орқали камситишга уринишди. 2006 йилдан 2019 йилгача мухолифатчилар уларнинг фаолиятига оид юз марталаб шикоят қилишди. Уларнинг нохолис фаолиятига қарши 2006 йилнинг март ойида оилам билан бирга 5 кун Вашингтон шаҳрида очлик намойишини ўтказдик. Ўзгаришлар бўлмагач 2009 йилнинг август ойида 6 кун Бирдамлик фаоллари билан Вашингтон шаҳрида очлик ўтказдик. Яна натижа бўлмагач, 2019 йилнинг октябр-ноябр ойларида 31 кун якка тартибда Вашингтон шаҳрида очлик эълон қилдим. Натижа бўлавермагач, 32-куни оғзимни ип билан тикиб ташлаб, қуруқ очликка ўтишга мажбур бўлдим. Шундан кейин менинг талабларимга эътибор қаратила бошлашди. Aммо шу куни кечқурун мени полиция мажбуран қамоққа олиб, Вашингтон шаҳридаги жиннихонага ташлади. У ерда бир неча кун қолдим. Оғзимдаги тикилган ипни олиб ташлашди. Жиннихонада босим ва қийноқларга солишди, калтакландим. Жиннохонадан чиққач, Швецияда яшовчи оиламнинг олдига кетдим. У ерда 2 ой яшаб, яна AҚШга қайтиб, тракда ҳайдовчилик ишимни давом эттирдим. Бу орада ўзимни тиклаб, Бирдамликнинг фаолиятини кучайтиришга уриндим. Aммо AҚШ ҳукуматининг мен билмайдиган “Қора ташкилоти” назоратида юришимни тушуниб етдим. Мен бу “ташкилот” томонидан 2013 йилдан буён кузатувдаман. Умуман, AҚШда сиёсий фаолиятим туфайли 4 марта қамалдим. Бир марта AҚШнинг Флорида штатида, икки марта Вашингтон шаҳрида ва бир марта Миссури штатида ҳибсда сақлашди. Бир маратоба жиннихонага қамашди. 4 маратоба бизнесим синдирилди, 4 маратоба банкротлик ёқасига бориб қолдим. Бундан ташқари, сиёсий фаолиятим туфайли AҚШга 2005 йил 25 февралда келган хотиним ва 4 фарзандим билан ажралишга мажбур бўлдим. Собиқ оилам билан, шунингдек, AҚШга келган 6 нафар укам ва оилалари билан юз кўришмас бўлиб кетдим. Хуллас AҚШда мен билан алоқа қиладиган, салом алик, борди-келди қиладиган барча қариндошларимдан узоқлашишга мажбур бўлдим. Чунки Ўзбекистон ҳукумати AҚШ ҳукуматига қарашли ”Қора ташкилот” кўмагида мени обрўсизлантириш, ёлғизлаштириш учун ҳар қандай пасткашликларни амалга оширди, бироқ улар менинг руҳимни, қатъиятимни синдиролмади. Энг ачинарлиси, AҚШнинг “қора ташкилоти” бошимга Ўзбекистон куч ишлатар тизимларидагидан кўра ортиқ зулмларни солишди. 2017 йил февралда янги оила қурган эдим, ҳозирда икки нафар фарзандим бор. Шу оилам менинг қувончим, таянчим бўлиб қолмоқда. Уларсиз менинг аҳволим жуда танг эди.
Бирдамлик Халқ Демократик партияси Мирзиёев тузуми тугатилгач, Ўзбекистонда нормал сиёсий вазият пайдо бўлгач, мамлакатда сиёсий ислоҳотлар бошланиб, партияларни адлия рўйхатидан ўтказиш нормал ҳолатга келгач, партиямизнинг навбатдаги қурултойини ўтказиб, уни Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказамиз ва парламент, президент сайловларига ўз номзодларимиз билан қатнашамиз.
— Сиёсат оламига кириб келганингиздан то ҳозиргача Туркистон яхлитлиги учун қайғурасиз, ҳатто шарифингизни ҳам Туркистон деб ўзгартирдингиз. Айтингчи, Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳукумати туркий халқларнинг бирлашишини астойдил хоҳлайдими? Бу ҳукумат Туркийтилли давлатлар ташкилоти фаолиятини сидқидилдан қўллаб-қувватлашга қодирми?
— Ўзини турк элидан деб ҳисоблаган ҳар бир оддий инсон каби мен ҳам Туркистон умумий уйимиз бўлишини хоҳлайман. Мен 25 йилдан бери сиёсатдаман. Туркистон яхлитлигини амалга ошириш учун олдин маданий, маърифий, спорт, иқтисодий ва бошқа соҳаларда Туркистон элларидаги халқларни яқинлаштириш керак. Бир кун келиб биз албатта сиёсий иродамиз ортидан минтақада яшаётган барча мамлакатларни битта Туркистон халқлари туғи остида бирлаштирамиз. Мен бу кунларнинг келишига ишонаман. Лекин ҳозирги ҳукумат Путин назорати остида бўлгани учун Туркийтилли давлатлар ташкилоти тараққиётига ҳеч қандай улуш қўша олмайди.
— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур, Баҳодир ака. Орзуларингиз, режаларингиз ижобат бўлишига сидқидилдан тилакдошман. Ишонаманки, астойдил ҳаракат қилсангиз олдингизга қўйган мақсадларга, албатта, эриша оласиз. Чунки курашларда тобландингиз, урилдингиз, қоқилдингиз, йиқилдингиз, шундай бўлса-да, сиёсатни тарк этмадингиз, яна ўрнингиздан туриб сиёсатни танладингиз. Демак, сиёсат учун яралгансиз.
Суҳбатдош Рўзибой Азимий