НОЗЎРАВОН КУРАШ ЙЎЛИДАГИ “БИРДАМЛИК” ДАСТУРИНИНГ КЎРСАТМАЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

 

НОЗЎРАВОН КУРАШ ЙЎЛИДАГИ “БИРДАМЛИК” ДАСТУРИНИНГ КЎРСАТМАЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

Кучли ғоя, кучли жамоа — муваффақиятларимизнинг калитидир!

Маърузачи Баҳодир Хон Туркистон (35 минут)

Ҳурматли Қурултой вакиллари!

Азиз меҳмонлар!

Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг бўлиб ўтаётган ушбу Қурултойи юртимизда ҳанузгача диктатура тузуми, собиқ диктатор Ислом Каримовдан мерос бўлиб қолган мустабид тузум ҳукмронлик қилаётганидан, шунингдек, ўзбек миллати, ўзбекистонликлар ҳамон оғир иқтисодий, ижтимоий қийинчиликларга рўбарў бўлаётганидан яққол далолат беради. Шу билан бирга, юртдошларимизнинг ҳақиқий озодликка ташналиги, демократияга, адолатга ва фаровонликка бўлган интилишини жиддий намоён қилади. “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати халқ ичидан ўсиб чиқди ва халққа хизмат қилади.

Нозўравон кураш йўлини танлаш ва бу йўналишни маҳкам ушлаш, ўзбек халқини аянчли, оғир аҳволдан холос этиш сари одимлаш ва бу жабҳада дадил олдинга қадам ташлаш ҳаётий зарурат, жуда муҳим одим эканлигини “Бирдамлик”чилар, сафдошларимиз яхши билишади, деб ўйлайман.

Ҳаракатимиз ўз фаолиятини бошлаган биринчи кундан бошлаб, ўтган ўн тўрт ярим йил давомида нозўравон фуқаровий кураш ғояларига содиқ қолиб келмоқда. Бу давр ичида Ўзбекистондаги мустабид тузум томонидан Ҳаракатимизни издан чиқариш, уни чалғитиш, танлаган нозўравон сиёсий кураш усулидан четлаштириш учун кўп ҳужумлар ва тайзиклар амалга оширилди. Бироқ фаолларимизнинг сиёсий иродаси, Ватанга меҳр-муҳаббати, келажакка ишончи режим томонидан қилинган барча ҳужумларни енгиб ўтди. Мана ўзингиз кўриб, гувоҳи бўлиб турганингиздек, бугун биз Сиз азиз фаолларимиз билан бирга навбатдаги Қурултойимизни ўтказмоқдамиз.

Ҳаракатнинг Иккинчи Қурултойини бошида Ўзбекистонда ўтказишга астойдил уриндик. Аммо янги авторитар Президент Шавкат Мирзиёев ҳукумати томонидан бизнинг қурултойолди ташкилий ишларимизга катта қаршиликлар кўрсатилди. Жойлардаги фаолларимиз аввалги собиқ диктатор Каримов давридагидек қаттиқ назорат, сиқув ва босимларга олинди. Фаолларимизни очиқдан-очиқ қўрқитиш, уларни сиёсий фаолиятдан узоқлаштириш ишлари кенг кўламда хали хам давом этиб турибди. Биз бу ҳақида Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатининг расмий веб-саҳифаси birdamlik.info сайтимизда туркум мақолалар орқали кенг ёритдик.

Биз 2018 йилнинг 30-мартида Давлат Хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг Парламентдаги чиқишида “Ўзини мухолифат санаб юрган айрим кучларнинг фаоллашуви, фаолиятларини қонунийлаштиришга интилаётгани замирида мамлакатга кириб, ундаги барқарорликни издан чиқаришга қаратилган ҳаракат мавжуд” http://uza.uz/oz/society/ikhtiyer-abdullaev-davlat-khafsizligini-taminlash-borasida-m-29-03-2018? sphrase_id=3782066b деган Баёнотини қоралаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-бўлими VII боби – Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар бобида шундай моддалар бор:

25-модда.

Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.

29-модда.

Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.

Яна 2 бўлимнинг VIII боби – Сиёсий ҳуқуқлар бобидаги моддаларга мурожаат қиламиз:

34-модда.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.

35-модда.

Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

Мен Давлат Хавфсизлик хизматининг раиси жаноб Ихтиёр Абдуллаевга Қурултой минбарида туриб “Сиз мен юқорида гапириб ўтган Конституция моддалари билан танишмисиз?”, деган савол билан мурожаат этаман. Нега Констутуцияни оёқ ости қиляпсиз? Сиз учун Конституциянинг аҳамияти, қадри йўқми?

Давлат Хавфсизлик хизмати раиси жаноб Ихтиёр Абдуллаевнинг Ўзбекистон Конституциясига зид равишда чиқишини қоралаб,“Мухолифатдаги “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Давлат Хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг мухолифатга қарши билдирган танқидий муносабатини қоралайди” деб номланган Баёнотимизни www.birdamlik.info сайтимизда  http://birdamlik.info/news/баёнот/линки остида эълон қилдик.

Гарчи бизнинг Ҳаракатимиз номи ва исми-шарифимиз Парламентда аниқ айтилмаган бўлса-да, мухолифатдаги демократик ҳаракат эканлигимизга аниқлик киритиб олиш учун ДҲҲга қилган ёзма равишдаги мурожаатимизга ушбу собиқ НКВД, собиқ КГБ, собиқ МХХ ташкилотидан ҳозиргача жавоб келмади. Мана бу ДХХ ташкилотининг асл башараси! Мухолифатга бўлган салбий муносабати! Ўзбекистонда ҳукм сураётган диктатура режимига яна бир исбот!

Дастуримиз тадбиқи амалда

Ҳаракатимиз ўз фаолиятини бошлаганига, унинг нозўравон кураш шамини ёққанига ўн тўрт ярим йил бўлди. “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатининг Ўзбекистондаги Таъсис Конференциясини ўтказганимизга эса роппа-роса тўққиз (9) йил бўлди. Биринчи Қурултойимиз АҚШнинг Миссури штатида ўтганига эса 4 йилу 7 ой бўлди. Бу давр ичида биз сиёсий, ташкилий ва тажриба жиҳатларидан камол топдик, улғайдик. Ўзбек миллатини, юртдошларимизни нозўравон фуқаровий кураш ғоялари, услублари билан давомий ва изчил равишда таништиришни йўлга қўйдик. Юртдошларимизга юртимиз Ўзбекистонни озод юртга, демократик қадриятлар, эркин бозор иқтисодиёти принципларига асосланган янги Мулкдорлик сиёсий-иқтисодий платформасига олиб ўтиш ғояси халқимиз учун энг тўғри йўл эканлигини кўрсатиб бермоқчимиз. Ғурурланишга ва айтишга арзугулик ишларни амалга оширдик, лекин ўз навбатида катта талофотлар ҳам кўрдик, тинимсиз тайзиқ, таъқибларга учрадик. Aйниқса, 2014 йил  26-27 апрель кунлари АҚШда бўлиб ўтган Қурултойимиздан кейин нафақат Каримовнинг қаттол режими томонидан, балки баъзи бир ўзини мухолифат деб санайдиган кишилар томонидан ҳам бизнинг фаолиятимизга қарши ҳужумлар бошланиб кетди. Қурултой ўтиши биланоқ 2014 йил 28-апрелда дастлаб мени, кейинчалик оила аъзоларимни, қариндошларимни Ўзбекистон Конституциясига зид равишда шахсан собиқ диктатор Ислом Каримовнинг буйруғига биноан Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилишди. Кейинчалик бу амалиёт чет элларда юрган барча ўзбекистонлик мухолифат вакилларига ҳам қўлланилди. Юзлаб мухолифат фаоллари Ўзбекистон Конституциясига зид равишда Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилинди.

Жойи келганда ичимизда, орамизда бўлган қора ниятли «фаоллар»имиз хусусида ҳам тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. 2011-2014 йиллар Ҳаракатимизнинг Ўзбекистон бўйича раҳбари Малоҳат Эшонқулованинг сафдошларимизга нисбатан қилган хиёнати ҳаммасидан ҳам ошиб тушди. Шу йиллар давомида биз Малоҳат Эшонқуловани ҳар томонлама қўллаб келдик. Шахсан мен Эшонқуловага ишонгандим. Аммо у бошқаларнинг кўрсатмалари, фикри билан юриб, бизнинг ишончимизни поймол қилди. Сафдошларимиз орасига қатор келишмовчиликлар, совуқликлар туширди. Сафдошларимизни Ҳаракатдан бездирди. Бир қанча харакатлари ортидан кўплаб фаолларимиз сафимиздан узоқлашди. Малоҳат Эшонқулова ташкилотимизни жар ёқасига олиб келишга эришди. Унинг бизга келтирган зиёни, зарари ва заҳмати биз учун жуда оғир бўлди. Биз уни хиёнатчи, “Бирдамлик”ка душман деб ҳисоблаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб эътироф этишга арзугулик баъзи асосий ишларимизни эслатиб ўтмоқчиман:

1) 2015-2016 йиллар Ҳаракатимизда таназзулга юз тутиш кучайди. Аммо 2017 йилдан бошлаб Ҳаракатимизни яна оёққа қўя бошладик. Бугунги кунга келиб Ҳаракатимиз яна ўз қаддини ростлаб олди.

2) www.birdamlik.info сайтимиз аллақачон нозўравон кураш ғоялари, услубларининг жарчиси, тарғиботчиси ва ташвиқотчисига айланди.

3) www.mulkdor.com сайтимиз Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеалар ҳақида тезкор хабарларни бериб бормоқда. Мулкдорлар, тадбиркорлар, деҳқон-фермерлар, маориф ходимлари, тиббиёт ходимлари ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган шахсларнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида баралла ёзиб, ёритиб келмоқда. Сайтимизда мунтазам равишда иқтисодий, тадбиркорлик, хусусий мулкчилик мавзуларига доир мақолалар ёритилмоқда ва тарқатилмоқда.

4) Дастур чуқур ва ҳар тарафлама ўрганилиши асосида янгидан таҳрир (редакция) қилиниб, сизларга ҳавола этилди. Дастуримиз ватандошларимизни, миллатдошларимизни, юртдошларимизни аянчли аҳволга солиб қўйган, мустабид тузумни ислоҳ қилиш ва ҳуррият, демократия, адолат ва фаровонликка эришиш учун тафаккуримиз ва юрагимиздан отилиб чиққан, ҳиссиётга тўла ечим ғоялари, услублари ва таклифларимиз баёнидир.

5) Низом янги шароитга мосланиб, таҳрир этилди ва сизга ҳавола қилинди.

6) 2004  йилдан  шукунгачa Ҳаракатнинг асосчиси  ва  раҳбари  сифатида сиёсий  фаолият учун ўз  шахсий ҳисобимдан ишлатган пулларим $650  мингни  ташкил қилди.  Бу пулларни пешона терим ва халол меҳнатим билан ишлаб топиш мен учун осон бўлмади, албатта. Бошқа фаолларнинг «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатига қўшган умумий моддий  ёрдами  $250  мингни ташкил қилади. Ўтган  давр ичида 900 мингга яқин  АҚШ доллари Ҳаракатимиз учун тўпланди ва жуда эҳтиёткорлик билан, тежаб-тергаб  фаолиятимизни   уз   кучларимиз   билан  молиялаштириш  ва  ташкиллаштириш  учун  сарфланди.

Талофатлар кўрдик, тинимсиз тайзиқ, таъқиблар остида фаолият кўрсатишга мажбур бўлдик ва бўлмоқдамиз.

Шу ўринда мен Ўзбекистон ҳукуматига қарата мурожаат қилмоқчиман! Сиз собиқ “Бирдамлик” Халқ  Демократик  ҳаракатидан,  бугундан эътиборан “Бирдамлик” Халқ Демократик партиясига айланаётган ташкилотимиз фаолиятидан қанчалик инсоний талофатлар ёки моддийзарар кўрдингиз?Сизнинг бирор бир ходимингиз бизга қарши курашда ҳалок бўлиши ёки жабрланиши у ёқда турсин,  ҳатто кичик биржароҳат  олдими?   Шундайлар  бўлса  марҳамат,   оммага  ошкор  қилинг.

Йўқ, бу ҳукумат ўғри ва қароқчилардан ташкил топган ҳукуматдир. Улар мустақил фикр, ўзгача фикрловчиларни ҳазм қилолмайдилар. Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя билан курашолмайдилар. Советлардан мерос бўлиб қолган ҳукуматни, амални қўлдан бой бериб қўймаслик учун ҳар қандай разиллик, ифлослик, зўравонлик, қотиллик ва ёмонликдан бош тортмайдилар. Шунча йиллардан буён халқни алдаб, алданмаган қисмини эса зўравонлик қўллаш ортидан бўйсундириб юрган қароқчилар тўдасидан бошқа нарса кутиш керак эмас. Агар менинг айбловларим нотўғри бўлса, марҳамат ҳукумат олдига ўз сиёсатчиларию сиёсатшуносларини чиқарсин. Биз улар билан мулокотга, шу мулокот жараёнида уз хулосамиз ва фикримиз тугрилигини исботлашга тайёрмиз. Йўқ, улар бундай қилолмайдилар, чунки қўрқадилар, шу сабаб мухолифатни айблаш билан шуғулланадилар, уларга куч ишлатар тизимлари, хусусан ички ишлар ва ДХХ ходимларини рўбарўқиладилар. Бундай ишларни фақат қўрқоқ, ўғри, қароқчи ҳукуматгина амалга оширади. Аслида эса куч ишлатар тизимларининг асосий вазифаси адолатли ҳукуматга бўйсиниб, халққа хизмат қилишдан иборат. Нега улар ҳукуматнинг қўлида қўғирчоқ бўлиб, мухолифатга қарши ишлаши керак? Ахир куч ишлатар тизимининг вазифаси ва функциялари бутунлай бошқачаку! Нега Президент ёки унинг ҳукумати биз билан беллашмайди, баҳс ва дебатларга чиқмайди? Қўрқоқлик ҳам эви биланда!

Биз эса аксинча Каримов режими томонидан жуда катта адолатсизликлар қурбони бўлдик. Бир қанча фаолларимиз ҳар хил холатларда режим қўлида нобуд бўлди, тайзиқ ва тақибларга учради. 2014 йилгача сафимизда кўп йўқотишлар бўлди. Бу ҳақда 2014 йилнинг 26-27 апрель кунлари АҚШнинг Миссури штати Сент-Люис шаҳрида бўлиб ўтган биринчи қурултойимизда батафсил ҳисобот бериб ўтганман. Менинг 2014 йилда ўтказилган биринчи қурултойимиздаги нутқим www.birdamlik.info сайтимизда турибди.

Дастуримиз белгилаган Партиямизнинг стратегик мақсади – Мулкдорлик сиёсий платформасини шакллантириш, Мулкдорликка асосланган озод, ҳуқуқий давлат, жамиятни ва фаровон ҳаётни қуриш.

Mен ўзимнинг 2017 йил 18 май куни “Вirdamlik” сайтида эълон қилган “Ислом Каримов диктатура тузумини яратди, Мирзиёев уни давом эттиради” деб номлаган таҳлилий мақоламда http://birdamlik.info/news/ислом-каримов-диктатура-тузумини-яра/    Ўзбекистондаги мавжуд давлатчилик ва унинг бошқаруви чуқур инқирозга тушганлигини, инқироздан чиқиш учун авваломбор мамлакатда сиёсий ислоҳотлар ўтказилиши даркорлигини ва нима учун асосан сиёсий ислоҳотлар зарурлигини кенг кўламда таҳлил қилиб берганман.

Агар биз ўз мамлакатимизни ривожланган, тараққий топган ҳолда кўришни истасак, унда биз Ўзбекистонимизни ривожлантиришимиз, тараққий топтиришимиз керак.  Бунинг учун биз,  авваломбор,  Ўзбекистоннинг нима сабабдан ҳар соҳада бўҳронга, инқирозга учраганини ўрганиб, мамлакат инқирози ҳақида тўлиқ ва холис баҳомизни беришимиз шарт!  Ушбу баҳолаш жараёнида биз ижтимоий, тиббий, маориф, маданий-маънавий ва иқтисодий ҳамда сиёсий сохалардаги инқирозлар ва уларнинг хакикий сабаблари ҳақида асосли маълумотлар ва фактларни такдим этиб беришимиз лозим”.

Мамлакатда ўтказилмоқчи бўлган ҳар бир ислоҳотнинг асоси,  ўзаги сиёсий ислоҳотга бориб тақалади.  Сиёсий  ислоҳотлар  аввал бошдан тўлиқ ўтказилиб якунланмас экан, халк уз сиёсий хукукларидан тулаконли, чекловларсиз фойдалан олмаскан, қолган ислоҳотларнинг биронтаси  ҳам  ҳеч қандай самара бермайди. Уларнинг барчаси  ярим  йўлда,  чала  ҳолда  қолиб кетаверади.

Биз  “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати сифатида фаолият юритган давримизда Ўзбекистон ҳукуматига бир неча бор аник ислохотлар таклифлари билан мурожаат килдик.  Ана шундай таклифларимиздан бирини “Ислоҳотларимизнинг ўзбек халқи учун кераклигини  Ўзбекистондаги  бир туман мисолида исботлай оламиз”   http://birdamlik.info/news /ислоҳотларимизнинг-ўзбек-халқи-учун/   (7 май, 2018 йил)  деб номланган мақоламда тўлиқ ёритганман.

Кўпчиликка маълумки, ҳозирги ҳукумат олдинги советларнинг давомчисидир. Бу ҳукумат қоғозда, ҳужжатларда эркинлик, демократик бошқарув ва эркин бозор иқтисодиёти йўлида бораётгани ҳақида гапириб, таъкидлаб келаётган бўлса-да, амалда демократик бошқарувга, эркин бозор иқтисодиётига умуман ўтолмади. Қилаётган ишлари фақат кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас. Мухолифатдаги сиёсий ҳаракат ва партиялар ҳамон таъқиб ва тайзиқда. Улар давлат рўйхатидан ўтмаган. Мамлакатда сўз, ҳаракат, матбуот эркинлиги умуман йўқ. Масалан, бизнинг    www.birdamlik.info   ва  www.mulkdor.com  сайтларимиз ҳамон Ўзбекистонда таъқиқда, ушбу сайтлар Ўзбекистонда очилмайди.

Ўзбекистон ҳукумати янги иш жойларини яратиш бўйича маъносиз ҳаракат қилмоқда. Шуни унутмангки, халқ пулига давлат томонидан янги корхона, завод ва фабрикалар қуриш бу халқ пулини кўкка совуриш, янги коррупцион занжирларни кенгайтиришдан бошқа нарса эмас. БунгаGM-Узбекистон корхонаси ёки давлат томонидан халқ пулига қурилган кўплаб корхоналар мисол бўла олади. Ҳозирги ҳукумат аввалги советча фикрлаш, советча ишлаш принципларидан бутунлай воз кечишга кодир эмас. Мамлакатда кўплаб янги завод, фабрика, корхоналар қурилиши, миллионлаб янги иш жойлари яратилиши лозим. Бу ишларга сиёсий ислоҳотлар амалга оширилгандагина старт берилиши лозим. Шу мақсадда биз ҳукуматга мамлакатдаги иқтисодий, ижтимоий аҳволи оғир бўлган туман бошқарувини 5 йилга сўраган эдик. Ва биз 5 йил ичида қолоқ бир туманда дастлаб туман миқёсида сиёсий ислоҳотларни амалга оширишни кўзлагандик, кейин бошқа ислоҳотларни ҳам самарали ўтказа олардик. Бир туманни 5 йилда эркин бозор иқтисодиётига ўтказиб, янги иқтисодий самарадорликка олиб чиқардик.Афсуски, ҳозирги чиркин, аросатдаги ҳукумат бизнинг таклифимизни рад этди.

Ўзбекистондаги қашшоқлик

Дунёдаги қашшоқлик ва камбағаллик рейтинги бўйича Ўзбекистон дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлар сафига киради. Мана сизга советлардан қолган ҳукумат бошқарувчиларининг асл натижаси. Нима учун биз ўзбеклар бу рўйхатнинг охиридан 5 ўринда эмас, балки дунёдаги энг ривожланган мамлакатларнинг илғор бешталигида бормаслигимиз керак? Бизнинг асл мақсадимиз эса, Ўзбек халқини бутунлай қашшоқлик, камбағаллик ва ночорликдан қутқариб, Ўзбекистонимизни кучли ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиб,халқимизни бой-бадавлат қилишдир!

Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган, Австрия давлатида фаолият олиб бораётган “Дунё Қашшоқлик соати”https://worldpoverty.io/ дунёдаги қашшоқликни ёритувчи ушбу сайтга биноан Ўзбекистон умумий аҳолиси сони 2018 йилнинг 24 октябрь ҳолатига кўра 31 181 150 киши деб олинган, шундан 2 866 189 киши ёки аҳолининг 9,2% қашшоқ деб ҳисобланган. Бу камбағаллик эмас, қашшоқликдир. Камбағаллар сони хам алохида хисобга олинса, ушбу ракам янада катталашади. Мустакил кузатувчиларга кура, Ўзбекистон аҳолисининг 85 фоизи камбағал ва қашшоқ қатламни ташкил қилади. Бу даҳшат! Энг аввало Ўзбекистон ҳукумати учун катта шармандалик ва уят!

Маориф

Ўзбекистондаги маориф мамлакатдаги энг коррупциялашган тизим ҳисобланади. Болалар боғчасидан тортиб, ўрта мактабни битиргунча, лицей-коллежлардан тортиб олий ўқув юртини тамомлашгача ҳар қадамда маориф соҳасида коррупция авж нуқтага чиққан. Ачинарлитомони шундаки, дунёдаги энг қашшоқ мамлакатларда ҳам маориф тизими анча шаффоф ва коррупциядан ҳоли фаолият олиб боради. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон маориф тизимини абгор дейиш мумкин. Биз бу соҳани тубдан ўзгартириш, ислоҳ қилиш ҳақида ўз дастуримизда келтирганмиз.

Тиббиёт

Тиббиёт соҳаси бугунги кунда жуда ачинарли аҳволда. Малакали шифокорлар, ходимлар ўз меҳнатига яраша ҳақ олишмаяпти, уларнинг меҳнати қадрланмаяпти. Биз бу соҳани тубдан ислоҳ қиламиз, соҳа тўлиқ хусусийлаштирилади. Мамлакатда суғурта бозорини шакллантирамиз, кам таминланган, ишсиз, ногирон ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни давлатга қарашли тиббиёт суғуртаси орқали ҳаражатларини тўлаб борилишига эришамиз. Мамлакатда ҳеч ким тиббий хизматдан мосуво қолмайди.

Ер масаласи

Ўзбекистондаги ерлар қимматбаҳо қоғозлар орқали тўлиқ хусусийлаштирилади. Ер халқники ва у халққа қайтарилиши шарт! Мамлакатда пахта, ғалла, пиллага тааллуқли давлат буюртмалари бутунлай олиб ташланади. Деҳқон-фермерларга катта эркинликлар берилади ва улар ўз ерларида истаган ҳосилини етиштириб, дунёнинг истаган жойида ўз маҳсулотларини давлат аралашувисиз сотиш ҳуқуқига эга бўлади.

Иқтисодиёт

Пул-кредит сиёсати янгидан ислоҳ қилинади. Мамлакатда янги пул бирлиги “Турон” муомалага киритилади. Тадбиркор, ҳунарманд, ишлаб чиқарувчиларга ва бошқа соҳаларга имтиёзли ва кераклича кредитлар ажратилади. Мамлакатда хусусий банкларга катта йўллар очилади.

Порахўрлик, коррупция

Коррупция бу ўз халқини, миллатини севмайдиган ҳукмрон доираларнинг осон пул топиш мақсадида халқ бойликларини, давлат мулкини катта миқдорда ўғирлаш ва ўзлаштириш мақсадида ташкил қилинган порахўрлик занжиридир.

Одатда  ҳар  қандай  ҳукумат учун ҳукмрон доира вакиллари орасидаги ҳамда раҳбарлар ва амалдорлар ичидаги порахўрлик ва коррупция иллатлари энг катта муаммо саналади.  Ушбу муаммо бугунги кунда  тобора кенгайиб,  чуқурлашиб,  иқтисодий  жиноят занжирини мустаҳкамламоқда.  Шу  боисдан  ҳукумат  коррупцияга  қарши  курашишда  кўплаб қонун ва  қоидалар  ишлаб  чиқмоқда,  бу борада давлат бюджети,  халқ маблағи  ҳисобидан  катта пуллар сарф қилинмоқда.  Лекин биз бу соҳада қилинаётган ишларнинг ҳаммасини  ҳеч  иккиланмасдан  самарасиз,  деб айта оламиз.  Чунки   ўғрибошининг  зиммасига  коррупцияга қарши  курашиш,  ўғри  шерикларини  жазолаш вазифаларини  юклаш  ҳеч  қачон  ижобий  натижаларга  олиб  келмайди.  Буни  ҳаётнинг  ўзи ҳам  исботламоқда.  Бу  эса,  ўзбек халқига  нисбатан хиёнатдан  бошқа  ҳеч  нарса   эмас.

Бош қароргоҳи Германиянинг Берлин шаҳрида жойлашган, дунёнинг 180 та мамлакатини ўз ичига қамраб олган Global Transperency  агентлигининг  https://www.transparency.org/news/feature/corruption_perceptions_index_2017     сайтига мувофиқ, Ўзбекистон  коррупция  даражаси  рейтингининг  ўта ёмонлиги  курсаткиичи буйича  дунёдаги 20 та мамлакатнинг ичида рўйхатда бўлиши,  бизнинг мамлакатда кучли сиёсий,  иқтисодий ислоҳотларни зудлик билан амалга оширишни тақозо этади.

Яна таъкидлайман, амалдаги ҳукумат коррупцияга қарши курашиб, ижобий натижаларга эриша олмайди. Улар нотўғри йўлда! Биз эсабутунлай бошқа йўлдан борамиз!  Яъни, коррупуцияга қарши фойдасиз курашга отланмаймиз, бефойда қонун-қоидалар ишлаб чиқармаймиз, давлат ва халқ маблағини самарасиз коррупцияга қарши курашиш баҳонасида талон-тарож қилмаймиз.  Биз, энг аввало, ўз раҳбар ваамалдорларимиз софдил мулкдорлар сафида бўлиши учун тер тўкамиз. Раҳбар-амалдорларимизнинг ҳар бири ўзига тўқ мулкдор бўлишийўлида курашамиз. Уларнинг  барчаси  шахсий  корхонасига, завод  ва  фабрикаларига  эга бўлиши учун замин яратиб берамиз.  Давлат бошқаруви органларида билимли,  иқтидорли, маънавий дунёқараши кенг мутахассислар фаолият юритишига эришиш учун астойдил курашамиз.   Агар шундай имкониятларга эришган бирор бир раҳбар-амалдор  коррупцияга берилиб,  ўз халқи, партиясига хиёнат қилса,  уҳолда  ушбу амалдорни партиямизнинг ички қонунларига  биноан қаттиқ  жазолаймиз.

Ижтимоий ҳимоя

Мамлакатимизда ҳозирги кунда халқимизнинг ижтимоий ҳимояси ўта ночор аҳволда.  Иложи борича ҳукумат бу масалага тезроқ  эътибор қаратиши лозим.  Афсуски,  ижтимоий ҳимоя бу  мамлакатнинг  иқтисодий қудратига  пропорционалдир.  Яъни иқтисодиёт  ўсса,  ижтимоийҳимоя  кучаяди,   аксинча  иқтисодиёт  мамлакатда  пасайса,   ижтимоий  ҳимоя  ҳам   ёмонлашади.

Биз халқимизни ижтимоий ҳимоялаш борасида бор имкониятимизни ишга соламиз. Шу соҳа учун алоҳида Ижтимоий вазирлик ташкил этилади, Ўзбекистон халқининг барча қатламларини қамраб оладиган ягона Ижтимой вазирлик хизматини йўлга қўямиз. Бу вазирлик ҳатто кам таъминланган, ногирон, ёлғиз оналар, аёллар, балоғатга етмаган ўсмирлар, ишсизларга моддий кўмак ажратиш, давлат тиббий суғуртасини беришдан тортиб бошпана, уй олиб беришгача бўлган кенг қамровли фаолиятни ўз ичига олади. Бу вазирлик ҳар бир Ўзбекистон юртдоши учун энг ишонарли вазирликка айланишига биз албатта эришамиз. Ҳозиргидек бошқа мамлакатларда хор-зор бўлиб ишлаб юрган ёки баъзилари ёмон йўлларда юрган барча аёлларимизга Ўзбекистонда иш жойлари таклиф қилинади ва таклиф асосида ишбилан таъминланади, уларнинг ижтимоий ҳимоясига эътибор кучайтирилади, ишсизлар ижтимоий ҳимоя вазирлиги ёрдамида янги касбларга ўқитилади, янги иш жойларига йўналтириш ҳаракатлари олиб борилади. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир ўзбекистонликнинг турмуш ва яшаш даражаси яхшиланади.

Партиямиз демократик, дунёвий мухолифатнинг сардори

“Мухолифат − бугунги кунда Ўзбекистон халқининг, давлатчилигининг стратегик ресурсидир ва умидидир!  Унда миллат тақдири ва шаъниучун тинимсиз ва беомон курашиб келаётган шахслар саф тортгандир.

Дастур бўйича таклифлар

“Бирдамлик” Дастурини янада такомиллаштириш учун ушбу таклифларни инобатга олишимиз керак.

 “Бирдамлик” Халқ Демократик партиясининг  Ўзбекистон  фуқароларининг  сиёсий,  иқтисодий,  ижтимоий ва  ҳуқуқий муаммоларини ечишданбошқа мақсади йўқ.  Ватандошларимиз муаммолари,  бизнинг муаммомиз саналади.

Собиқ диктатор ўлди, аммо унинг ишини янги авторитар Президент Шавкат Мирзиёев давом эттирмоқда. Шавкат Мирзиёев ҳам олдинги устози, раҳномаси Ислом Каримов сингари умрини охиригача президентлик курсисида ўтирмоқчи. У учун ўзбек миллатининг тақдири иккинчи ўринда туради. Ҳукумат истайдими йўқми, ҳозирги ҳукумат бу ўтиш ҳукуматидир. Чунки халқнинг онги, шуурида ўзгаришларга ўтиш ва интилиш кучаяди. Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ҳукуматнинг олиб бораётган чала ислоҳотлари алал-оқибат уларни уз гирдобига тортиб кетади.

Шуни очиқ айтишимиз керакки, биз мухолифатдаги “Бирдамлик” Халқ Демократик партияси ҳозирги сиёсий кучимиз билан фақат бир туманнигина бошқариш имкониятига эгамиз. Агар биз Ўзбекистонда Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтадиган бўлсак, у ҳолда сиёсий фаоллигимиз ортидан, кучимизга куч қўшилиб биз бир вилоятни ҳеч бир муаммосиз бошқара олиш даражасига ета оламиз. Агар келажакда биз Президент сайловларига қатнаша олсак, биз албатта Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига мувофиқ ҳолда сиёсий фаолият олиб бориб, бутун мамлакатни бошқара олиш салоҳиятига эга бўлишимиз аниқ. Ҳозирги Мирзиёев ҳукумати демократик қадриятларга таянган, очиқ мулоқот, баҳс, эркин сиёсий рақобатдан қўрқади. Улар бир кун келиб халқнинг сиёсий фаоллиги ошиб, халқ ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши таний бошласа, ҳозиргидек диктатура шароитида халқнинг қонини сўраётган ҳукуматни бир кун ҳам ўзига раҳбарлик қилишига йўл бермаслигини яхши англайди.

Юқорида баён этилганлар, бизни Дастуримиз заминидаги қадриятлар ва тамойилларни амалга ошириб, зулмга қарши кураш ҳақ сўздан бошланиши, қўрқувни, лоқайдликни ва ёлғонларга ишонишни бас килиш, ижтимоий ва сиёсий жихатдан фаолрок булиш, юртдошларимизни хакикий озодлик, демократия, адолат ва фаровонлик сари етаклайди.

Эътиборингиз учун ташаккур!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares