Халқ ҳокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун!
ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ ҚУРУЛТОЙ САБОҚЛАРИ
Қадрли муштарийлар! 2018 йилнинг 16 ноябрь куни Интернетдаги ижтимоий иловалар, алоқа воситалари ёрдамида Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг иккинчи Қурултойи бўлиб ўтди. Бу Қурултойда интернет орқали АҚШ, Ўзбекистон, Қозоғистон, Швеция, Туркия, Россия, Украинадан вакиллар иштирок этдилар.
Қурултойда ўқилган маърузалар, чиқишлар, муҳокамалар ва тортишувлар жиддий сиёсий, ташкилий, назарий ва амалий аҳамиятга молик экани эътиборга олинган ҳолда, Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Партиясининг Бошқарув Кенгаши бугундан бошлаб уларни чоп этиб боришга қарор қилди.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Партиясининг Матбуот маркази
Баҳодир Хон Туркистоннинг Қурултойни очиши
Ассалому алайкум муҳтарам қурултой вакиллари!
Азиз меҳмонлар, қадрли сафдошлар!
Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати ўзбекистонликларга ҳақиқий озодлик, ҳуқуқий адолатли давлат, амалдаги демократияни, мулкдорликка асосланган сиёсий платформани шакллантириш йўлида ҳамиша курашиб келган. Ушбу Ҳаракатни бугунги кунда Ўзбекистон халқи ва узоқ-яқин чет мамлакатларда ўз нуфузига эга бўлган сиёсий ташкилот деб баралла айта оламиз. Ҳаракатимиз ташкил топган 2004 йилнинг 10 апрелидан то бугунги кунгача мамлакатда қашшоқлик ва камбағалликка барҳам бериш, халқнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш йўлида дадил одимлаб келмоқда. Айни дамда ўтаётган Иккинчи қурултойимизни ана шундай эзгу ва хайрли ишларимизни давом эттиришга даъват этувчи, халқнинг орзу умидларини рўёбга чиқариш йўлини кўрсатувчи, фаровон ҳаётга элтувчи Қурултой дея қабул қилишларингизни сўраган ҳолда, Сиз азиз маслакдошларимиз ва меҳмонларимиз ижозати билан Иккинчи қурултойимизни очиқ деб эълон қиламан.
Ўзбек халқининг бетакрор, забардаст шоираси, «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатининг фахрий аъзоси Гулчеҳра Нуриллаеванинг «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракати Қурултойига бағишланган шеърий табриги (аудио) эшиттирилди.
«Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатининг ҳурматли фаоллари!
Сиз аҳд айласангиз машаққатлардан,
Иқбол деб аталмиш сарой қурмоққа.
Мен ёниб фидойи муҳаббатлардан
Шеърим билан келгум Сизни кўрмакка!
Сиз баҳс даврасида экансиз мезбон,
Халқ меҳрини жойлаб танти юракка
Мен эриб қўшиқдан сархуш дилсимон,
Шеърим билан келгум Сизни кўрмакка!
Сиз қолиб қай таъқиб, қай изтиробда,
Таъсирчан қалбингиз мунғайса якка.
Йўқ, якка қолмассиз мен ўшал тобда,
Шеърим билан келгум дардни олмакка!
Азиз дўстлар, Сизларнинг ҳар бирингиз халқни ўйловчи, чин маънодаги қаҳрамонларсиз! Халқимиз эса 27 йил Президент бўлиб, кўпгина муаммолар яратган И. Каримов тузумининг сарқитларидан ҳали ҳамон азият чекиб келмоқда. Негаки, собиқ президентдан мерос қолган муаммолар уюми шу қадар улкан эдики, уларни қисқа муддат ичида бартараф қилиш анчайин қийин. Мен Сизларнинг ҳар бирингиздаги фидойиликни англар эканман, қай бир таъқибу тазйиқларни ҳам ҳис қилиб турибман. Йўқса ушбу анжуманларингиз ўз она тупроғингиз бағрида ўтмасмиди?! Сиз каби ватанпарвар, элпарварлар бошга кўтарилмасмиди?! Нима бўлганидан қатъий назар, мен бу англашилмовчиликларни илойим вақтинчалик бўлсин дегим келади. Сабаби халқини ўйловчи давлат маъмурлари учун айни Сизлар каби ватанпарварлар керак. Ҳаммангиз доимо бор бўлинг, омон бўлинг, Сизларга куч-қувват, муваффақиятлар тилаб Гулчеҳра Нуриллаева.
Азиз сафдошлар, ушбу тадбиримизнинг биринчи қисми тахминан 3 соат давом этади, аввало Қурултой Ҳайъатини сайлаймиз, кейин Қурултойнинг Ваколатлар (мандатлар) ва котибият гуруҳини сайлаб оламиз, сўнгра кун тартибини тасдиқлаймиз. Илтимос, гапираётганларингизда, фикр билдираётганингизда бошқаларнинг вақтини асрайлик ва кун тартибига қатъий риоя қилайлик, кўриб чиқилаётган масалаларга нисбатан ҳурмат билан ёндошайлик, моҳиятан кўриб чиқилаётган масалалар атрофида ўз фикр-мулоҳазаларимизни билдирайлик ва гаплашайлик!
Энг аввало, Қурултойни олиб бориш учун Қурултой Ҳайъатини сайлашимиз керак! Қурултой Ҳайъатига кимларни сайлаш ҳақида ушбу анжуманда иштирок этувчи вакиллар билан фикрлашганимизда, Қурултой Ҳайъати беш (5) кишидан иборат бўлиши ва унга қуйидаги кишилар кириши ҳақида таклифлар келиб тушди:
1) Баҳодир Хон Туркистон; 2) Дилором Исҳоқова; 3) Солижон Абдураҳмонов; 4) Рўзибой Азимий; 5) Қаҳрамон Маҳмуд.
Бошқа таклиф ва мулоҳазалар борми?
Йўқ.
Қурултой Ҳайъати беш (5) кишидан иборат бўлсин ва унинг таркибига Баҳодир Хон Туркистон, Дилором Исҳоқова, Солижон Абдураҳмонов, Рўзибой Азимий, Қаҳрамон Маҳмудлар киришига қарши бўлмаган Қурултой вакиллари, марҳамат, ёзма ёки овозли шаклда овоз беринг.
Ким қарши?
Йўқ.
Ким бетараф?
Йўқ.
Қурултой Ҳайъати беш (5) кишидан иборат бўлди ва унинг таркибига 1) Баҳодир Хон Туркистон; 2) Дилором Исҳоқова; 3) Солижон Абдураҳмонов; 4) Рўзибой Азимий; 5) Қаҳрамон Маҳмудлар кўпчилик овоз билан сайланди.
Марҳамат, Қурултой Ҳайъати аъзолари ўз вазифаларингизни бажаришга киришинг!
Иккинчи муҳим масала Қурултой Ҳайъати қарорига кўра иш олиб бораётган Ваколатлар (мандатлар) ва котибият гуруҳини тасдиқлаш ва сайлаш. У уч (3) кишидан иборат. Улар: 1) Клара Жўраева; 2) Зафар Хандамов; 3) Нафосат Оллашукуровалардир. Кимда қандай таклифлар бор? Овозга қўйиш таклифи тушди.
Қурултой Ваколатлар (мандатлар) ва котибият гуруҳи уч (3) кишидан иборат бўлсин ва улар: 1) Клара Жўраева; 2) Зафар Хандамов 3) Нафосат Оллашукурова таркибида сайлансин деган вакиллар овоз берсин.
Ким қарши?
Йўқ.
Ким бетараф?
Йўқ.
Қурултой Ваколатлар (мандатлар) ва котибият гуруҳи кўпчилик овоз билан сайланди. Марҳамат, ўз ишингизни давом эттираверинг.
Қурултой Ҳайъати раислигини Дилором Исҳоқова давом эттирди.
Учинчи муҳим масала: Қурултой Ваколатлар (мандатлар) ва котибият гуруҳининг берган маълумотига кўра анжуманга 60 нафар сайланган вакилларнинг 45 нафари, яъни 70%и Интернет орқали биз билан узвий мулоқотда, бу Қурултойни ўтказишимизга асос бўла олишини тасдиқлайди, яъни квориум борлигини кўрсатади.
Қурултой кун тартиби тасдиқланди:
Қурултой 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари бӯлиб ўтади.
15 ноябрь: Қурултойнинг БИРИНЧИ КУН ТАРТИБИ:
1. Қурултойни очиш ва унинг Ҳайъатини сайлаш.
2. Қурултой Ваколатнома (Мандат)лар ва Котибият гуруҳини сайлаш.
3. Ваколатнома (Мандат)лар ва Котибият гуруҳининг Қурултой Вакиллари ҳақида маълумоти.
4. Қурултойнинг мажлислар Кун Тартибини тасдиқлаш.
5. НОЗЎРАВОН КУРАШ ЙЎЛИДАГИ “БИРДАМЛИК” ДАСТУРИНИНГ КЎРСАТМАЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ. Маърузачи: Баҳодир Хон Туркистон (30 минут).
6. Маъруза муҳокамаси. Қарор.
7. Ўзбекистон «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатининг Ўзбекистондаги раҳбари Қаҳрамон Маҳмуд маърузаси (10 минут).
8. Маъруза муҳокамаси. Қарор.
9. “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатини “Бирдамлик” Халқ Демократик партиясига айлантириш ҳақида Кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқиш.
10. Mуҳокама. Қарор.
11. “Бирдамлик” ХДП Дастури ҳақида.
12. Mуҳокама. Қарор.
13. “Бирдамлик” ХДП Низоми ҳақида.
14. Mуҳокама. Қарор.
15. Ташкилий масалалар: а) Марказий Қўмита сайлови; б) Бошқарув Keнгашини сайлаш; в) Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Партияси Раисини сайлаш. г) Марказий Назорат-тафтиш гуруҳи раиси ва аъзоларини сайлаш; д) Партиянинг Молия-иқтисод гуруҳи раиси ва аъзоларини сайлаш.
16. Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Партияси Раисининг ЯКУНИЙ НУТҚИ.
17. Янги таркибдаги Марказий Қўмитанинг мажлиси.
18. Турли масалалар.
19. “Бирдамлик” Халқ Демократик Партиясининг Қурултойи якунлари ҳақида, Давра суҳбати, Матбуот анжумани. Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Партияси Қурултойининг ёпилиши.
Сўнгра сўз Қурултой кун тартибининг навбатдаги масаласи бўйича Баҳодир Хон Туркистонга берилди. Баҳодир Хон Туркистон маъруза ўқиди.