(Маъруза)
Ассалому алейкум ҳурматли Қурултой иштирокчилари!
Қадрли сафдошлар!
Бугун Сизу биз «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатининг навбатдаги Қурултойини ўтказиш учун, шунингдек бир неча йиллардан бери ўзимиз аъзо ва фаол бўлган «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатини «Бирдамлик» Халқ Демократик партиясига айлантиришга доир масалаларни атрофлича муҳокама қилиш учун, янги Дастур ва Низомни қабул қилиш, унга оид фикр-мулоҳазаларимизни билдириш учун йиғилдик.
Фурсатдан фойдаланиб, АҚШдан, яъни узоқ океан ортидан бир неча чегаралар ошиб, машаққатли йўлларни босиб келган, Ватан тақдири, юрт қайғуси, миллат шаъни ва шавкати учун ҳар нарсага тайёр бўлган, қушни қиргизистондан қурултойимизга онлайн қатнашаётган, бугундан эътиборан «Бирдамлик» Халқ Демократик партиясига айланган Партиямиз асосчиси, таниқли сиёсатчи, мухолифат лидери Баҳодир Хон Туркистонга ҳамда бугунги Қурултойимизда онлайн иштирок этаётган сайтларнинг мухбирлари ва журналистларига алоҳида ташаккуримни билдираман. Шу билан бирга, жонажон Ўзбекистонимизнинг барча вилоятларидан, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасидан, Хоразм вилоятидан, Навоий вилоятидан, Бухоро вилоятидан, Самарқанд вилоятидан, Жиззах вилоятидан, Сирдарё вилоятидан, Сурхондарё вилоятидан, Қашқадарё вилоятидан, Фарғона вилоятидан, Андижон вилоятидан, Наманган вилоятидан, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридан, Қирғизистон Республикасидан қурултойимизга онлайн қатнашаётган барча сафдошларимга ўз номимдан самимий ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларимни билдираман ҳамда Сизлар билан бир даврада бош қўшиб турганимиздан мамнунлигимни изҳор қиламан. Хуш келибсизлар! Худо хоҳласа, Сизу биз «Бирдамлик» Халқ Демократик партияси ўзининг келгуси қурултойини Ўзбекистонимизда ўтказишидаги тўсиқларни биргаликда енгамиз ва навбатдаги анжуманларимизни азим пойтахт Тошкент шаҳрида ўтказишга эришамиз.
Қадрли Қурултой иштирокчилари!
Сизларга яхши маълумки, 2004 йил 10 апрель куни асос солинган «Бирдамлик» ҳаракати ўз фаолияти давомида қатор қийинчиликларга дуч келди. Ҳаракатга асос солган раҳбаримиз Баҳодир Хон Туркистонга Ўзбекистон ҳукумати, шахсан марҳум президент Ислом Каримовнинг буйруғи асосида ҳар хил босимлар, тазйиқлар ўтказилди. Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари турли-туман жабру ситамлар етказди. Ана шундай талатумларга қарамасдан Баҳодир Хон Туркистон курашларда тўхтамади. «Бирдамлик» ҳаракатини кейинчалик нозўравон курашларга асосланган «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатига айлантирди. Кейинги икки йилда Ҳаракатимизга аъзолар сони сезиларли даражада кўпайди. Бироқ, фурсатдан фойдаланиб айтиш керакки, ўтган йиллар ичида Ҳаракатга аъзоларни жалб қилиш, аъзолик ишлари осон кечмади, бу борада қатор қийинчиликларга дуч келдик. Бунга ўтган 26 йил давомида халқимизнинг онгига мустаҳкам ўрнашган қўрқув, ваҳима каби салбий унсурлар, бир неча юз минг сиёсий, диний маҳкумларнинг ноҳақ қамалиши, адолат истаб майдонларга чиққан фуқароларнинг аянчли тақдиридан воқифликлар жиддий сабаб бўлди. Шукрки, бугун халқимиз қисман бўлса-да қўрқувларга, ваҳималарга барҳам бераётир, ҳақ-ҳуқуқлари учун сиёсий партиялар атрофида бирлашишга интилаётир, «Бирдамлик»нинг асл мақсад ва вазифаларини теран англаган юртдошларимиз орасида бизга ихтиёрий равишда аъзо бўлиш истагини, фаолимизга айланиш хоҳишини билдираётган фуқаролар сони кундан кунга кўпаяётир. Лекин биз бу билан қанот ҳосил қилиб қолмаслигимиз керак. Бугун давр тақозаси, сиёсий муҳит зайли туфайли, қолаверса, Сизларнинг қўллаб-қувватловларингиз остида Ўзбекистон «Бирдамлик» Халқ Демократик партиясига айланган сиёсий ташкилотимизга барча сафдошлар биргаликда аъзолар сонини кўпайтириш учун астойдил ҳаракат қилмоғимиз керак.
Ўзбекистонда мулкдорлик тузумини ривожлантириш йўлида астойдил интилаётган «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракати келгусида мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти эркинлигини, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ишларида мавжуд бўлган қатор муаммоларни бартараф қилишга тўғри келади. «Бирдамлик» ХДҲ бу борада асосий эътиборни Ўзбекистонда кенг қулоч ёзган, амалдорлар ўртасида кенг тарқалган коррупция ва порахўрликка қарши курашишга, мамлакатда қонун устуворлигига эришишга, монополиялашган ташкилотларни ўз эгаларига топширишга, шунингдек йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан бирга, туризм, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, деҳқон ва томорқа хўжаликларини, ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантиришга қаратади. Бу каби залворли ишларни «Бирдамлик» ХДП Дастури асосида босқичма-босқич амалга оширади. Шу кунга қадар эълон қилиниб келинаётган сохта баёнотларни фош қилиб, ҳақиқий ҳолатни юзага чиқариш учун курашади. Ҳозирги Ўзбекистон ҳукумати ўз баёнотларида дунёнинг ривожланган давлатлари, қўшни давлатлар билан чамбарчас алоқалар ўрнатилганини бот-бот таъкидлаб келмоқда. Ҳолбуки, бизнинг кузатишларимизча ҳанузгача жаҳон ҳамжамияти билан, барча узоқ-яқин давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқалар ҳали кўнгилдагидек ривожланганича йўқ. Бунга қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Республикалари билан чегаралардаги сон-саноқсиз мажораларни, муаммоларни, қоғозбозликларни мисол тариқасида айтишимиз мумкин. «Бирдамлик» ХДП раҳбарияти турли давлатлар, халқаро ташкилотлар, нуфузли молия институтлари билан кенг тармоқли ҳамкорликни ривожлантиришдан ҳар томонлама манфаатдорлигини теран ҳис қилган ҳолда келгусида бу ишларни амалиётга тадбиқ қилиш учун курашга ҳозирланмоқда. Бу «Бирдамлик» Халқ Демократик партияси дастурига ҳам, миллий манфаатларимизга ҳам тўла жавоб беради, деб ўйлайман.
Ўзбекистон ҳукуматининг жимжимадор баёнотларига алданиб қолмасдан, шуни эътироф этишимиз керакки, бугун мамлакатимизда давлатчиликнинг барча асосий тамойиллари ва мажбурий воситалари тўлиқ амалга оширилмаган ва оширилмаётир. Ҳалигача давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг демократик тизими яратилганича йўқ. Ўз келажагининг ҳақиқий бунёдкорига айланган халқнинг олий манфаатларига жавоб берувчи ички ва ташқи сиёсат талабларга жавоб бера олмайди. Шу кунга қадар тармоқларга бўлинган қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти замон талабига мутлақо жавоб бермайди, деб айта оламиз. Шакллантирилган икки палатали парламент фаолияти ҳам ниҳоятда суст. Парламент ҳалигача давлат раҳбарининг имо-ишорасига, қош-қовоғига қараб иш тутиб келмоқда, сиёсий партияларнинг давлатни бошқариш ва жамиятни ислоҳ қилишдаги роли таъсири умуман сезилмайди. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда, оммавий ахборот воситаларини эркинлаштиришда бевосита иштирок этувчи фуқаролик жамияти институтлари етарли даражада шакллантирилмаган. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш тизими деярли такомиллаштирилмаган. Бу каби салбий унсурларнинг ҳаммасини Сиз азиз сафдошлар кундалик ҳаётларингизда кўриб, билиб, эшитиб юрганларинингизни Сизлар билан мулоқот давомида англаганман. Орамизда адолат истаб ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб, алал-оқибат жабру ситам чеккан, узоқ йиллар сохта айбловлар билан умрини, энг гуллаган ёшлик чоғини, белида қуввати, билагида кучи бор фарахбахш дамларини қамоқхонада ўтказган, журналистик фаолияти, мухолифларча дунёқараши учун ертўлаларда калтакланган, соғлигидан ажралган, бир неча йиллардан бери давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қолган, мамлакатдан ташқарига чиқиш, эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқи топталган, ички ишлар, суд, прокуратура, собиқ Миллий Хавфсизлик Хизмати органларидан жабр чеккан фаолларимиз бор. Сизу бизни ноҳақликларга, адолатсизликларга қарши сукут сақлай олмасликларимиз, маслакдошлигимиз, ғоядошлигимиз «Бирдамлик» Халқ Демократик партияси атрофида жамлаган десам хато айтмаган бўларман.
Аччиқ бўлса ҳам очиқ ҳақиқатни айтиш керакки, бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган мавжуд партиялар, жумладан, Ўзбекистон Либерал Демократик партияси – ЎзЛиДеП, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» Демократик партияси – ЎзМТДП, Ўзбекистон Халқ Демократик партияси – ЎзХДП, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ўз Дастурларига кўра олдиларига қўйган мақсад ва вазифаларини мутлақо адо этолмаётир, ушбу партиялар эскича иш юритиш усулларидан воз кечолмаётган амалдаги ҳукуматнинг иш усулларини ўзгартиришга тамоман таъсир ўтказа олмаётир. Ушбу партиялар фақат Президент сайлови ва бошқа сайловлар арафасида ва сайлов пайтидагина астойдил фаоллашиб, сайловлар тугагандан кейин эса қўштирноқ ичида таътил мавсумига ўтиб олаётганини сизу биз яхши биламиз. Ўзбекистон «Бирдамлик» Халқ демократик партияси ана шундай «чўнтак партиялар» билан рақобат майдонида курашиши жараёнида ўзининг сиёсий позицияси, ўз тамойиллари Ўзбекистон халқи учун нечоғли муҳим ва аҳамиятли эканини амалда намойиш қилади, деган умиддамиз. Бизнинг Партиямиз умумсиёсий соҳада, маънавий-маърифий соҳада, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида, иқтисодий соҳада, ижтимоий соҳада, ахборот соҳасида, ташқи сиёсат соҳасида, маориф соҳасида, соғликни сақлаш соҳасида, мулкдорликни ривожлантириш соҳасида Ўзбекистонда ҳозирги кунда фаолият юритаётган тўртта партияга ибрат бўла оладиган ишлар ва вазифаларни ҳаётга тадбиқ қилиши керак. Бу «Бирдамлик» Халқ Демократик партияси асосчиси, ушбу партиянинг Низом ва Дастурлари муаллифи, таниқли сиёсатчи, Партия раҳбари Баҳодир Хон Туркистон томонидан яратилган Партия ҳужжатларида аниқ ифода этилган. Бу вазифларни ҳаётга тадбиқ этишимизда Сиз азиз сафдошларимизнинг ёрдамингиз, қўлловингиз, мададингизга таянамиз. Шунингдек, биз бу борада илмий-тадқиқот муассасалари профессор-ўқитувчилари, олимлар, иқтидорли ва ташаббускор ёшлар, иқтисодиёт, сиёсат, маданият, санъат, ахборот соҳалари мутахассисларини муҳокамага чорлаймиз. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон «Бирдамлик» Халқ Демократик партияси Марказий кенгаши барча-барчани партиянинг Дастурини янада такомиллаштиришда фаол иштирок этишга таклиф этади.
Ўзбекистон «Бирдамлик» Халқ Демократик партиясининг бош мақсади Ватан тақдири, халқ қисмати, шу она заминда яшаётган ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига мансуб шахс манфаати, ҳар бир фуқароларнинг бугунги аҳволи ва келажаги учун қайғуриб, муқаддас диёримизнинг том маънога эга мустақиллигини юзага чиқариш, унинг иқтидорли, меҳнаткаш, заҳматкаш ва сабр-тоқатли халқини фаровон турмуш тарзига етказиш, ҳаётимизга эркин, ҳур ҳаёт нашидасини олиб кириш ҳамда давлат бошқарувида демократик тамойилларни кенг кўламда тадбиқ қилишдан иборат. Бу Ўзбекистон «Бирдамлик» Халқ Демократик партиясининг Дастурида аниқ ифодаланган. Партиянинг ишончи комилки, келгусида биз ўз олдимизга қўйган мақсадларимизга албатта эришамиз. Мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашда иштирок этган ҳолда келгуси Парламент, Президент сайловларида ўз номзодимиз исми-шарифини илгари сурамиз ва ғалаба нашидасини қучишни астойдил ният қиламиз. Бу борада Сиз фаоллар билан бир тану бир жон бўлмоғимиз лозим, азиз сафдошлар, ҳурматли маслакдошлар!
Эътиборингиз учун раҳмат!
Қаҳрамонхон Маҳмуд,
«Бирдамлик» ХДПнинг Ўзбекистон Ресрубликаси бўйича етакчиси