МУХОЛИФАТДАГИ “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИНИНГ ҚУРУЛТОЙИ БЎЛИБ ЎТДИ

 

 

Қурултой 15-16 ноябрь 2018 йилда Интернет орқали Онлайн тарзда бўлиб ўтди. Шу боисдан Мажлис раёсатига сайланган Баҳодир Хон Туркистон, Дилором Исҳоқова, Солижон Абдураҳмонов, Рўзибой Азимий, Қаҳрамон Маҳмудлар ўртасида Қурултойни олиб боришда бир қатор ноқулайликлар вужудга келди. Лекин шундай бўлса-да, Қурултой ўз ишини бошлаб, уни самарали якунлади.

Қурултой давомида Ўзбекистон “Бирдамлик” Xалқ Демократик ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Хон Туркистоннинг ҳисоботи тингланди ва кўпчилик овоз билан тасдиқланди. Сўнгра Ҳаракатнинг Ўзбекистондаги етакчиси, координатори Қаҳрамон Маҳмуднинг ҳисоботи эшитилди ва у ҳам кўпчилик овоз билан ўз тасдиғини топди.

Ундан кейин амалдаги Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатини Ўзбекистон “Бирдамлик” Xaлқ Демократик партиясига айлантириш масаласи кўриб чиқилди ва ушбу масалага доир бир овоздан қарор қабул қилинди. Ўзбекистон “Бирдамлик” Xалқ Демократик Партиясининг янги Дастури, Низоми маъқулланди, Марказий кенгаш (21 киши) ва Бошқарув Кенгаш (7 киши)га номзодлар сайланди. Бошқарув Кенгаши таркибига етти киши, жумладан, Баҳодир Хон Туркистон, Дилором Исҳоқова, Солижон Абдураҳмонов, Рўзибой Азимий, Клара Жўраева, Қаҳрамон Маҳмудлар номзоди киритилди. Қурултойда Партия раислигига номзод сифатида тўрт киши: Баҳодир Хон Туркистон, Дилором Исҳоқова, Солижон Абдураҳмонов, Клара Жўраевалар номзоди илгари сурилди. Ўз навбатида номзод Дилором Исҳоқова сўз олиб, Ўзбекистондаги оғир иқтисодий-сиёсий аҳволдан келиб чиққан ҳолда ўз номзодини қайтариб олишини билдирди, сиёсий майдондаги бугунги қийин шароитда “Бирдамлик” Xалқ Демократик Партиясини фақат амалдаги Раис Баҳодир Хон Туркистон бошқара олишини ва у келгусида Партия фаолиятини янада кучайтира олишини ошкора маълум қилди. Номзод Дилором Исҳоқованинг ушбу фикрини бошқа номзодлар Солижон Абдураҳмонов ва Клара Жўраевалар ҳам қўллаб-қувватлаган ҳолда Баҳодир Хон Туркистон фойдасига ўз номзодларини қайтариб олдилар. Шу тариқа, Баҳодир Хон Туркистон кўпчилик овоз билан Партия раиси этиб сайланди. Овоз бериш фақат интернет орқали он-лайн тарзда амалга оширилди.

 

“Бирдамлик” Халқ Демократик Партиясининг Матбуот маркази

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares