ХАЛҚ ҲОКИМИЯТИ, ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЗАМИНИДАГИ, ОЗОД ВА ФАРОВОН ЎЗБЕКИСТОН УЧУН!
ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИНИНГ ДАСТУРИ
МУҚАДДИМА
Биз, жонажон Ўзбекистоннинг фарзандлари, ватан тақдири, халқ қисматига ҳар бир ўзбек, ҳар бир фуқаронинг аҳволига қайғуриб, муқаддас диёримизни озод, унинг иқтидорли, меҳнаткаш ва сабрли ҳалқини эркин, давлат бошқарувини демократик қилиш мақсадида ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИГА (“БИРДАМЛИК” ХДҲ) асос солдик.
Ўзбекистон халқи қадимдан дунё илми, маданияти ва ривожи марказларини бунёд қилган, жамият, табиат, тиббиёт ва коинот сирларини очиб, куч адолатда, инсонни қадрлашда эканини кўрсатувчи, тараннум этувчи китоблар, рисолалар, достонлар яратиб, умумжаҳон тараққиётига, маънавиятига катта ҳисса қўшган. Ҳатто Шўролар даврида ҳам халқимиз саноат, қишлоқ хўжалиги, техника, илм-фан, соғлиқни сақлаш маданият ва спорт соҳаларида тинмай меҳнат қилиб, Ўзбекистонни етакчи республикалар қаторига кўтарганди.
Ўзбекистон СССРдан ажралганда кўпчилик мамлакатимизни илғор, ҳур, фаровон Ғарб давлатлари каби тараққий этишини хаёл қилган эди. Лекин Шўролар “доҳий”ларининг порахўрлиги оқибатида Ўзбекистон раҳбарлигига халқимизнинг рўшнолик кўришини истамайдиган диктатор И. Каримов иқтидорга келди ва Ўзбекистон ҳамма соҳаларда орқага кетди. Бу шахс мамлакатда ўз диктатурасини ўрнатиб, демократик, дунёвий мухолифатга қаттиқ зарба берди. Гўё Ўзбекистонда терроризм “бор”лигини баҳона қилиб, кимки, унга қарши фикр билдирса, Конституция ва қонунларга риоя этиш лозимлиги ҳақидаги талабни қўйса қамоққа ташлади, қийноқларга солди ва ё юртдан бадарға қилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам, қандай қилиб ватанимизни зўровонлик ва порахўрлик исканжасидан халос қилиш, инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган, тадбиркорлик чекланмайдиган, давлат чегаралари темир деворлар билан ўралмайдиган Ватанга айлантириш йўлида жон куйдирмоқдалар.
Бу улкан орзуни амалга оширишда биз нозўровонлик йўлини танладик ва ўн йиллар давомида фаолият кўрсатиб келмоқдамиз.
Биз, “Бирдамлик” асосчилари, фаоллари ва аъзолари ҳур ва тўкин ҳаётни истаб унга эришаоллмаётганларни, ҳақ ва ҳуқуқлари топталаётганларни: халқимизнинг виждонли фарзандларини озод ва фаровон ҳаёт сари фуқоравий кураш йўлига чорламоқдамиз. Қўрқувни, лоқайдликни, ёлғонга ишонишни улоқтириб ташлаб “Бирдамлик” сафларига киришни, ҳуррият сари биргаликда юришимизда ҳамроҳ бўлишни тавсия қилмоқдамиз.
Биз Ўзбекистондаги диктатурани НОЗЎРАВОН, ТИНЧ ФУҚОРАВИЙ БЎЙИНСУНМАСЛИК кураш усуллари орқали ўзгартириш мумкинлигига ишонамиз. Ўзбекистон аҳолисининг ҳурриятга ва тўкинликка эришиши, сиз ва бизнинг фаоллигимизга боғлиқ.
“Бирдамлик” ҳаракати қўллаётган диктатурага барҳам бериш усули қадимдан мавжуд. Ҳинд халқининг Маҳатма Ганди бошчилигидаги Буюк Британия мустамлакачиларига қарши мустақиллик учун кураши; АҚШ қора танли аҳолисининг Мартин Лютер Кинг раҳномолигида ирқий камситишга қарши амалиёти; Польша ва Шарқий Европа давлатларининг тоталитар Шўролар империяси зулмидан ҳалос бўлиши; Филиппин давлати аҳолисининг мамлакат президенти истеъфосини талаб қилган намойишлари; Болтиқбўйи республикалари, Грузия, Украина ва Малдовада халқнинг нозўравон ҳаракатлари оқибатида улкан сиёсий, ҳуқуқий ўзгаришлар ва ҳатто режим алмашиши содир бўлганини мисол қилиш мумкин. Қайта қуриш даврида Ўзбек халқи давлат тили ва мустақиллик учун фидоийларча курашиб, митинглар ва кўча юришлари ташкил этганини ҳам тинч ва нозўровон курашнинг яққол мисоли сифатида эслаб ўтиш ўринлидир.
Азиз ватандошлар: тадбиркорлар ва хунармандлар, деҳқонлар ва фермерлар, ишчилар ва ишсизлар, давлат амалдорлари ва оддий ходимлари! Эртага ҳаммаси яхши бўлиб қолар, деган хаёлда ўзингизни алдаманг. 25 йиллик тарих бу президентнинг ҳеч қачон халққа қайишмаслигини исботлади. Биз курашсак, ҳукмдор бизни ҳибсга отаркан, деб ўйлаб қўрқманг, лоқайд бўлманг.
Бу режим билан курашиш − ғанимат! Курашишга ҳисса қўшиш ҳам ҳаммага насиб этавермайди! Балки 100 балки 120 йилдан сўнг сизу−биздан ҳеч ким ҳаётда бўлмасмиз. Лекин, ҳалқ ва миллат, унинг хотираси, қилинган амалий ишларимиз, нозўровон кураш натижалари тарихда, халқ хотирасида, ёзилган китобларда қолади!
Ўз ҳалқининг тинч норозилик чиқишларини Наманганда, Қўқонда, Паркентда, Бўкада, Тошкентда (1992й) ва Андижонда (2005й) қонга ботирган диктатор режими билан кураш авлодлар тилида минг йиллар давомида достон бўлажак!
Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг шиори: ХАЛҚ ҲОКИМИЯТИ, ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЗАМИНИДАГИ, ОЗОД ВА ФАРОВОН ЎЗБЕКИСТОН УЧУН!
Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг мадҳияси (гимни): Кўнгил, сен мунчалар нега Кишанлар бирла дўстлашдинг? На фарёдинг, на додинг бор, Нечун сен, мунча сустлашдинг?
Хақорат дилни оғритмас, Тубанлик мангу кетмасми? Кишанлар парчаланмасми? Қиличлар энди синмасми?
Тириксен, ўлмагансен, Сен-да одам, сен-да инсонсен. Кишан кийма, Бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!
(Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон)
Бизнинг Ўзбекистондаги ҳар бир фуқаронинг халқ ҳокимияти, инсон ҳуқуқлари заминига қурилган озод ва фаровон Ватанда яшашига эришишимиз, бу ҳаётий зарур мақсаднинг амалга ошиши сиз ва бизнинг фуқоравий фаоллигимизга боғлиқ! Қўрқув, лоқайдлик ва ёлғонга ишонишни улоқтиринг! Сафларимиздан ўрин олинг, бизга қўшилинг! Биз билан бирга бўлинг!
ХАЛҚ ДАРДИ “БИРДАМЛИК” ДАРДИ
(Қадриятлар ва тамойиллар)
Ўзбекистон фуқаролари аллақачон 30 миллиондан ошганлиги, аммо республика аҳолисининг фақат 22 – 23 миллиони Ўзбекистонда зўрға умргузаронлик қилаётгани маълум. Чунки, фуқароларнинг 7, 8 миллиони мамлакат ташқарисида мардикорлик қилиб кун кўрмоқда. Ўзбекистон ҳукмдори ўз фаолияти давомида республиканинг дурустгина маҳсулот бераётган саноат корхоналари, завод-фабрикалари, экин ерлари ва республиканинг моддий-техникавий ашёларининг талон-тарож қилинишига йўл очди. Бу шахс иқтисод, ижтимоий ҳаёт ва маънавиятни издан чиқарилишига эришди, фуқароларни ижтимоий мухофазадан маҳрум этди, оммавий ҳуқуқсизлик, ишсизлик, хору зорлик гирдобига улоқтирди.
Ўзбекистондай жаннатмакон ўлкани демократик йўлга қўйиш учун тинч, сиёсий кураш йўлига ўтганлардан кўпларини ўлдирди, қамади, қийноқларга солди. Айримлар тинимсиз тазйиқ ва қатоғонлар сабаб сиёсий муҳожирга айланди. Ҳукмдор турли йўллар билан мухолифатнинг, кўзга кўринган арбоблари фаолиятининг тўхтатилишига эришди. Каримов зўравонлик ва порахўрлик ришталари билан республика аҳлини занжирлади, Ўзбекистонни қолоқлик, жаҳолат, ҳуқуқсизлик томон йўллади.
Каримов диктатураси билан курашиш, ота-оналаримиз, опа-сингилларимиз, ака-укаларимиз, ватандошларимиз, ўзимизнинг шаънимиз ва эркимизни ҳимоялаш демакдир. Биз, ўтмишини, болалигини биздан ва бутун дунё афкор оммасидан сир тутаётган, халқни қул ўрнида кўраётган золим зулмига қарши курашишга масъулмиз.
Биз, Ўзбекистон аҳолиси, тилимиз, урф−одатимиз, турмуш тарзимиз ва диний қарашларимиздаги фарқларга қарамасдан, ҳаммамиз эркин, тўқ ва фаровон яшашга ҳақлимиз! Биз, қашшоқлик, хорлик, жабр−зулм ва қолоқликда яшашга рози эмасмиз. Жонажон фарзандларимизнинг беғубор кўзларида қўрқув кўрмоқчи эмасмиз. Биз элга ҳоким бўлишни эмас, халқимизни мутелик ва қулликдан қутқармоқ истагида йўлга чиққанмиз ва ҳукуматни бошқаришни элга хизмат қилиш деб тушунамиз. Ҳеч қачон тахтга ёпишиб олмаймиз. Адолатсиз, қўли қон ва кўнгли ҳалққа нисбатан нафратга тўла золимлар қўлида қолишига жим қараб тураолмаганимиз туфайли шу масъулиятли ишга ўз умримизни тикдик.
Ноқонуний ҳукмдор қора терга ботиб қилаётган меҳнатимиз маҳсулидан қонунсиз солиқлар ундириб, бу маблағни ўз режимини мустаҳкамлаш, армия, МХХ (Миллий хавфсизлик хизмати) ва ИИВ (ички ишлар вазирлиги, яъни) милиция кучларини кўпайтириш, шулар орқали устимиздан янада кучли назорат ўрнатиш учун сарфламоқда. Ҳалқ бойлигини талон-торож қилиш эвазига элимизни зулм ва қашшоқликда, қўрқув ва камбағалликда, кўпчилигимизни очу−ночорликда ушлаб турибди.
“Бирдамлик” эса, аянчли аҳволга барҳам бериш ва халқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари устиворлиги асосида озод ва фаровон ҳаётга эришиш йўлида нозўровон, тинч фуқоравий кураш олиб бормоқда. Умр − Инсонга бир марта берилади! Уни эркин, озод, фаровон ва бахтли ўтказишга ҳақлимиз! Диктаторнинг яқинлари роҳат−фароғатда, кайфу-маишатда ҳаёт кечириши, мамлакат аҳли эса жабр−зулмларга, хору-зорликларга кўмилган ҳолда кун кўриши адолатдан эмас… Шундай экан, адолатсизликка, зулмга рози бўлманг, “Бирдамлик” сафларига қўшилинг, ноҳақликка, порахўрликка, коррупцияга биргаликда барҳам берайлик! Ўзбекистонни гуллаб яшнаган, илғор ва фаровон мамлакатга айлантирайлик.
Зулмга қарши кураш, ҳақ сўздан бошланади!
Ўз халқининг қонини тўккан, эл обў−эътиборини ер билан битта қилган, забардаст элни хору-зор қилган, эркакларни мардикорликка, сарсонгарчиликка мажбур этган, аёлларни эса кўчаларга чиқарган, йўқсиллик, хорлик азобига дучор қилган диктаторлик режимига қаршилик кўрсатиш ҲАММАМИЗНИНГ ФУҚОРОВИЙ БУРЧИМИЗДИР! Диктаторлик режими ўзининг барча асосий ресурсларини, имкониятларини тугатиб бўлди. Бу режим турғун инерция ҳолатида яшаб келмоқда. Ўтган аср 90чи йилларининг ўрталарида ҳам Ўзбекистон аҳлининг маълум қисми Каримов режимига умид кўзлари билан қарарди. Шу туфайли режим маълум кучга, жамоатчилик қўлловига эга эди.. Бугун эса режимга бўлган халқ ишончи бутунлай йўқолди, режим маддоҳларининг овози пасайди, газеталар ва телевиденияда олдингидек “ишонарли” мадҳлар деярли йўқ. Ҳукмдор телевиденияда борган сари кам кўринадиган бўлди. Диктаторнинг бу одатлари, журналистларнинг ҳам ҳукмдорни чор-ночор мақтаётгани, президентнинг эса, халқни қўрқитиш, унга нисбатан тинимсиз куч ишлатиш йўлига ўтиши, бу унинг имкониятлари тугаётганидан далолатдир. Эндиликда, президент ва унинг гумашталари гапирсалар ҳам, гапирмасалар ҳам, уларга ҳеч ким ишонмайди.
Куч ишлатиши эса, ночорлик аломатидир! Режим, барча Оммавий ахборот воситалари қўлида бўлиб турган бир шароитда куч ишлатар экан, бу, унинг сўз орқали миллионларни жонлантириш, қалбларни ларзага солиш ва ҳаракатлантириш имкониятидан маҳрум эканлигидан, президентга ва унинг маддоҳларига одамлар ишонмай қўйганидан далолатдир. Биз ҳақ сўз, тўғри фикр орқали ўз мақсадларимизга эришамиз. Эришганда ҳам жабр−зулмга қарши сўз орқали қаршилик кўрсатамиз, тинч ҳаракатланиш орқали золимлар зулмини енгамиз!
Шундай экан, сизу биз ҳақ сўзни айтишдан қўрқмаслигимиз керак! Золимни золим, жаллодни жаллод ва жабрдийдани жабрдийда дея билиш – курашнинг бошланишидир!
Диктатура режими ўз қўлидаги оммавий ахборот воситаларини, деярли чорак аср давомида ишга солиб Ўзбекистон фуқаролари онгида қўрқув, лоқайдлик ва ёлғонга ишониш унсурларини шакллантиришга маълум жиҳатда эришганди. Энди бир қисм аҳоли бу гапларга ишонмай қўйди. Шундай экан, энди ҳаммамиз қўрқув, лоқайдлик ва ёлғонга ишониш унсурларини улоқтириб ташлаш ва ҳақ сўзни айта бошлашимиз зарур. Чунки аниқ ахборот, ҳақ сўз ва тўғри фикрни баралла айтиш фуқоравий тинч бўйсунмаслик курашининг бошланишидир. Ҳақ сўзни айтинг, озод ва фаровон Ўзбекистон учун курашаётганлар сафларидан жой олинг!
Глобаллашув – диктатуранинг емрилишига олиб келади.
“Бирдамлик” – глобаллашув замонамизнинг муҳим ривожланиш омили эканини такидлайди ва тарғиб этади. Диктатор – чегараларни темир деворга айлантириш, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатни чеклаш, фуқароларни эркин сафар ва эркин юришларига йўл бермаслик, бир вилоятни бошқа вилоятлардан ажратиш билан бутун дунё учун универсал бўлган глобаллашув жараёнини тўхтатишга уринмоқда. Каримовнинг яқинлари Ғарб давлатларидаги тараққиёт маҳсулларидан баҳраманд бўлиш ҳуқуқини ўзларича қўлга киритиб, оддий халқнинг минг-минглаб қобилиятли фарзандларини манқуртга айлантирмоқчилар.
Ўзбекистонда ҳукумронлик қилаётган режим бир маҳаллани иккинчи маҳалладан, бир туманни иккинчисидан, бир шаҳарни бошқасидан, ажратиш йўли билан, улар ўртасидаги боғлиқликни, жипсликни пасайтиришга интилади. Улар давлатни халқдан ажратиб, бутун хокимият органларидан халққа қарши ишлаш йўлида фойдаланмоқдалар. Улар ўзларини халқдан баланд ва мустаҳкам темир панжаралар билан ўраб олишган, халқимизни, миллатимизни ўзига яқин дўстларидан, тилдошларидан ва тадбирдошларидан ажратиб, бўлиш йўли билан Ўзбекистонни амалда дунёдан четлаб, ажратиб қўйишди.
Аммо улар чучварани хом санашмоқда. Халқ иродасига, дунёда тобора кучайиб бораётган глобаллашув жараёнларига илвираган тизим билан дош бериш мумкин эмас. “Бирдамлик” глобаллашув жараёнларини Ўзбекистон халқи учун улкан имконият деб билади. Ҳаракатимиз, бошқа демокртик кучларга, виждонли зиёлилар, ишчилар ва деҳқонларга ҳам таянароқ, ривожланиб, такомиллашиб бораётган ахборот технологиялари, интернет, ижтимоий электрон системалар, радио ва телевидение ёрдамида Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги ватандошларимизга, Каримов режимидан қутилишдек тарихий вазифани бажаришга кўмаклашишни таклиф қилади.
Ахборот технологиялари, интернет, ижтимоий электрон системалар воситасида, жамиятда диктатор зўравонликлари оқибатида кенг тарқалган қўрқув, лоқайдлик ва ёлғонга ишонишни кескин озайтириш, сўнгра эса халқимизни, миллатимизни озодлик ва фаровонлик учун фуқоравий бўйинсунмаслик каби сиёсий фаолиятга тортишимиз мумкин. Интернет, ижтимоий электрон системалар, халқаро телерадиоканаллар, турли-туман электрон газета ва журналлар, режимнинг ёлғонига қарши ҳақиқатни тарғиб этиб, “Бирдамлик” сардорлик қилаётган нозўравон, фуқоровий бўйинсунмаслик амалиётига ёрдам беради.
Интернетдаги “Бирдамлик инфо” сайти ва “Мулкдор” журнали, Тўрон Радио ва TV марказининг сайти сизнинг хизматингизга тайёр. Сайтларимизга киринг, журнал ва газетамизни ўқинг, телерадио кўрсатувларимиздан, эшиттиришларимиздан баҳраманд бўлинг! Биз билан алоқа ўрнатинг.
www.birdamlik.info .
WWW. facebook.com. BirdamlikHarakati
WWW.twitter.com @Birdamlik.
http://www.odnoklassniki.ru/birdamlik
“Бирдамлик” интернет ва ижтимоий электрон системалар воситасидан фойдаланиш, демократик тарғибот ва ташвиқотни тарғиб этиш байроқдори бўлиб бормоқда. Ҳар қандай тўсиқларни ёриб, жаҳоннинг чексиз, глобал ахборот тизимларидан баҳрамад бўлинг!
“Бирдамлик” мақсади – диктатурага барҳам бериш!
Каримов яратган диктаторлик тизимини ўзгартириш Ўзбекистонда халқ иродасини амалга оширувчи ҳукумат барпо этиш, биз учун энг муҳим ва муқаддас ишдир. Бу ҳукумат амалда халқ ҳукумати бўлиб, қонун ва инсон ҳуқуқлари устиворлиги заминида барпо этилади. Ҳаракатимизга хос ажойиб тамойил − аксарият инсонларни ижобий томонга ўзгартириш мумкинлигига ишонишдир.
Бугунги кунда Ҳукмдорга хизмат қилаётган амалдорлар, давлат идоралари ходимлари, куч ишлатар органлар хизматчилари − шу жамиятнинг фарзандлари! Уларнинг талайгина қисми миллат тақдирига бефарқ эмас ва Ўзбекистоннинг келгусидаги шаъни ва шуҳратига шерикдир. Биз ишонамизки, диктатор ағдарилгач, инсон ҳуқуқларига риоя қилинади ва амалдорларнинг аксарияти янгича фикрлаш ва ишлаш тарафига юз буради.
Биз, Ўзбекистонда давлат идораларида хизмат қилаётган ҳамма амалдорлар алдоқчи, порахўр ва коррупционер деган фикрдан йироқмиз. Улар орасида, ҳатто коррупциялашган божхона, прократура, суд, МХХ тизимлари ичида ҳам ҳалол кишилар оз эмас. Шунинг учун ҳаракатимиз ғалаба қиларкан, амалдорларни ёппасига жазолашни хаёл ҳам қилмаймиз. Чунки амалдорларнинг бир хиллари тизимнинг асирларидир. Улар орасида, имкон қадар, ғайриқонуний фаолиятдан ўзини четга олган, имкони борича оддий фуқароларга ёрдам кўрсатганлари бор. Вазият асирлари бўлмиш бу хил амалдорлар − миллатимизнинг фарзандлари ва келажакда янги, демократик Ўзбекистонда янгича яшашга ва жамият ривожига ўз ҳиссаларин қўшишга ҳақлидир.
Бу айтилган гаплар, албатта, бегуноҳ фуқароларни қонга белаган, қирган ва қамоқхона, концлагерларда ноинсоний қийноқларга солган ёки шу ғайриинсоний қийноқларни амалга оширишга буйруқ берган кимсаларга таалуқли эмас. Режим боши, унинг яқинлари ва асосий ёрдамчилари, сўзсиз халқ олдида жавоб беришлари шарт ва шундай бўлажак. Биз вазият асирлари билан, ташаббускор қотиллар, қўли қон жаллодларни фарқлаш тарафдоримиз… Биз қотилликда, порахўрликда, коррупцияда гумон қилинаётган амалдорлар ишини Қонун устиворлиги ва ҳуқуқий муносабат заминида кўрилиши тарафдоримиз.
Шундай экан, ўрта ва ҳатто юқори бўғин амалдорларидан анча-мунчаси ҳам бизнинг сафларимизга киришни бошлари зарур. Улар ҳам қўрқувни, лоқайдликни, ёлғонга ишонишни улоқтириши, бугунги қаттол режимга ёрдам бермаслиги лозим. Зеро, бизнинг ниятимиз – озод ва фаровон мамлакатга эга бўлиш, инсон, оила эркин бўладиган давлат яратишдир. Жаноб амалдорлар, биз билан бирга бўлинг, нозўравон, фуқоравий бўйинсунмаслик амалиётида иштирок этинг!
Нозўравонлик замиридаги кураш тамойиллари
“Бирдамлик” нозўравон, фуқоравий бўйинсунмаслик йўлини диктатурадан демократияга ўтишнинг асосий кураш йўли деб билади. Биз,нозўравон, фуқоравий бўйинсунмаслик усулининг асосий тамойилларини қуйидагича изоҳлаймиз: жабр−зулмдан воз кечиш мақсадгина эмас, жараён ҳамдир. Мақсадимиз − жабр−зулмлар қўлланилмайдиган жамиятга, ҳаётга эришишдир. Ҳаётки, унинг замирида, асосида ижтимоий адолат турсин, ҳаётки, бунда жабр−зулмга, таҳқирловга ўрин бўлмасин.
Нозўравон, фуқоравий бўйинсунмаслик усуллари барчамизга кўпгина масъулиятларни юклайди. Биз ўз ҳатти−ҳаракатимиз билан одамларга, жамиятга ўрнак бўлишимиз, уларни ишонтира олишимиз, режимнинг қуйи, ўрта ва юқори хизматкорларидаги бизга бўлган ҳадиксираш ва шубҳаларни ювиб ташлашимиз лозимдир. Шунингдек, ўзбек жамияти учун анча ноанъанавий бўлган нозўравонлик усуллардаги кураш, кўпчилик учун қулай, енгил йўл билан қаршилик кўрсатиш услубларидир. Кураш жабр−зулмларга ва қон тўкилишларга ўтиб кетмаслиги учун, тинимсиз тушунтириш олиб боришимиз ва ўз ҳатти-ҳаракатимиз билан ибрат бўлишимиз лозим.
Ғазаб ва нафрат инсонга ҳос табиий ҳиссиётлардир. Айниқса, биз учун аёвсиз бўлган шафқатсиз режимга ҳам ҳудди шундай шафқатсиз жавоб беришга бўлган мойиллик бор. Аммо бизнинг вазифамиз − ўзимизнинг ва жамиятимизнинг нафрат ва ғазабини, вазминлик ва инсонпарварлик томонга буришдир. Шу боиски, “Бирдамлик” жамиятни якдилликка ва фаолликка, мустабид тузимга қарши конструктив – нозўравон, фуқоравий бўйинсунмаслик усуллари билан қаршилик кўрсатишга чақиради.
Сизу−биз ўзимизни шундай тутмоқлигимиз керакки, амалдорлар ва фуқаролар ҳақиқат ва адолатга, миллат тақдирига бўлган муносабатимизни кўриб, бизга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром туйсинлар! Ҳақиқий адолат ва эркинлик – бир−бирларига нисбатан ўта нафрат ҳис қилган ва бир−бирларини йўқотишга интиладиган жамиятда эмас, балки босиқлик, вазминлик ва инсонпарварлик замирида, нозўравонликка асосланган, сиёсий баҳс−мунозара юмшоқлик, дипломатия йўли билан амалга ошириладиган жамиятдагина мавжуд бўлади.
Аъзоларимиз ва халқимиз ҳозирги Ўзбекистондаги мавжуд аҳвол диктатурадан демократияга ўтиш кураши йўналишида қуйдагиларни билишлари керак. Биринчидан, диктатор Каримовни Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасини бузиб, ноқонуний, нолегитим равишда ҳокимиятни ишғол қилиб турганини аҳолининг ҳамма қатламлари тушунишлари лозим. Диктатор ва оила аъзолари, яқин ҳамтавоқлари малакат бойликларини (олтин, пахта, газ, уран, ипак, қоракўл кабиларни) валютага сотиб, тушган даромадни жинояткорона ўзлаштираётганини, талон-тарож қилаётганини кенг тарғиб этиш керак. Халқимизни зулмга ва зорликка маҳкум этган диктатор, унинг яқинлари эканини фуқороларга тушинтириш ҳаммамиз учун фарз ва қарздир.
Иккинчидан, кучишлатар тизимлар – милиция (ИИВ), миллий хавфсизлик хизмати (МХХ), прокуратура, армия (МВ), президент хавфсизлиги хизмати (ПХХ) Каримовнинг шахсий буйруқларини жўлда-жўлда бажаришаётганини ёки умуман бажармаётганларини ҳалқ билиши керак. Шу органлардаги халқпарвар, демократиянинг аҳамиятини тушинадиган вакилларни топиш ва улардан нозўровон, фуқоравий фаолиятда фойдаланиш муҳим.
Учинчидан, фуқароларни диктатурага қарши оммовий чиқишлари – митинглар, иш ташлашлар, пикетлар, бўйинсунмаслик амалиёти, “оқ” кийим, “оқ” лента, “ош” (оммавий шикоят) тадбирлари, ва улар борасида аҳборотларни интернет, ижтимоий электрон тизимлари орқали кенг ва тез тарқалишини таъминлаш зарур. Чунки бу диктатуранинг иродасини синишини тезлаштиради, кучишлатар органлар вакилларининг фуқоравий бўйинсунмаслик амалиёти иштирокчилари тарафига ўтишини бошлаб беради. Бу халқнинг маънавий маънодаги тўфонини ҳеч ким тўхтата олмайди ва ҳокимият охир оқибат халқ қўлига ўтади.
“Бирдамлик” нозўравонликка асосланган кураш йўлини танлар экан, бу билан рақибларга, мустабид тузим тарафдорларига чекиниш, ўз йўлини ўзгартириш учун имконият қолдиради. Айни пайтда, нозўравон курашиш усулларининг қудрати ҳам шундаки, айнан унинг ёрдамида биз адолатсизлик ва жабр−зулм устидан ғолиб бўламиз. Азизлар, бизнинг ҳалқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари, озод ва фаровон ҳаёт учун олиб бораётган курашимизга қўшилинг!
“Бирдамлик” фаолиятининг ҳуқуқий ва маънавий асослари
“Бирдамлик” ўз фаолиятини Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси, Ўзбекистон Конституцияси ва ҳаракатнинг Дастури ва Низоми асосида олиб боради. Биз ушбу хужжатларга таянган ҳолда, халқ хокимияти, инсон ҳуқуқлари заминига қурилган озод ва фаровон Ўзбекистон барпо этишни ўзимизнинг улкан мақсадимиз деб биламиз.
“Бирдамлик” ўз фаолияти давомида Ўзбекистоннинг умумхалқ манфаатларини, жамиятнинг жипслиги ва мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини сақлашни муҳим қадрият деб ҳисоблайди. Ҳар бир фуқаронинг озод ва фаровон бўлиши, тадбиркорликка, мулкдорликка кенг йўл очилиши, турли сиёсий кучларнинг эркин фаолият юритиши мамлакат ва давлатнинг маънавий-сиёсий даражасини белгилайди. Давлатнинг минтақавий ва глобал обрў−эътибори, миллатнинг тарихий улуғ мақомининг тикланишига ёрдам беради.
“Бирдамлик” учун энг мухим вазифалардан бири миллатдошларимиз руҳиятида кўп учрайдиган ўта эҳтиёткорликни, таҳликани ва қўрқувни пасайтириш ва йўқотишдир. Юртдошлар қалбида, тафаккурида ўз ҳуқуқларини англашлари орқали, эркинликка интилиш ҳукмрон бўлишига эришиш маъқул.
Ҳуррият устивор жамият, давлатни озод, фаровон шахслар қуриши мумкин. “Бирдамлик” Ўзбекистон давлатчилиги ва унинг истиқболи учун якка шахс диктатураси ва тоталитар сиёсий тизимга асосланган давлатчилик инқирози муқаррар эканлигини эслатишни лозим деб билади. Аслида ҳам авторитар-тоталитар тизимлар инсоннинг маънавий камолати, жамият ривожи, давлат келажаги, мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги учун жиддий таҳдиддир. “Бирдамлик” Ўзбекистон халқининг қадимий ва бой тарихга эга, беқиёс маданияти, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги жамиятнинг демократик қадриятлари ва институтлари тараққиёти учун қулай омиллар эканлигини такидлайди. Биз, Каримов режими томонидан “экстремизм”,“терроризм”,“миллатлараро муаммолар” каби тушунчалар моҳияти атайлаб бузиб кўрсатилиб, ўзбек жамиятида қўрқувни кучайтириш, ҳур фикрловчи фуқароларни қамашга хизмат этаётганини кўриб турибмиз.
Биз, экстремизм, терроризм, миллатлараро муаммолар каби жамият ҳаётида пайдо бўлиши умкин бўлган салбий ходисаларнинг у ёки бу кўринишда вақти-вақти билан пайдо бўлиб туриши, диктаторлик сиёсий зулм оқибатида пайдо бўлишини яхши англаймиз. Ўзбекистон жамияти ва давлатининг тараққиёти, унинг минтақавий ва глобал мавқеини тикланиши учун демократия ҳаётий зарур ва қулай сиёсий тизим эканлигини тарғиб этамиз.
“Бирдамлик” миллатимизнинг ва ватандошларимизнинг топталган ғурурининг тикланишини оммага тушунтиришни, фуқоравий бўйинсунмаслик, нозўровон кураш диктатурадан демократияга ўтишнинг қулай йўли эканлигини англатишни истайди. “Бирдамлик” билан халқимиз ҳуррияти, фаровонлиги учун курашда бирга бўлинг!
“Бирдамлик” нинг устивор вазифалари
“Бирдамлик”нинг стратегик мақсади − Ўзбекистонда бугунги кунда шаклланган диктаторлик, мустабид сиёсий тузумни тугатиш, ҳамда демократик, эркин жамият, ҳуқуқий давлат барпо этиш. Халқ ҳокимияти, инсон ҳуқуқлари устиворлиги асосида яратилувчи озод, фаровон Ўзбекистон яратиш янгича шаклланишнинг натижаси бўлади.
“Бирдамлик” – Ўзбекистон бўйлаб фуқароларни оммавий бўйсунмаслик шиорини ўртага отади. Ноқонуний президент ва ҳукумат олиб бораётган нотўғри сиёсатга қўшилмасликка, уни қўллаб−қувватламасликка, уларга қарши нозўравон, фуқоровий бўйинсунмаслик услубларини қўллашга чорлайди. Ўзининг Инсоний ҳуқуқларидан фойдаланиб ҳаёти, шаъни ва эрки учун курашишга чақиради! Бу борада оммавий намойишлар ўтказишга, кўчаларга чиқишга руҳлантиради,”оқ” кийим, “оқ лента”, “ош” (Оммавий шикоят) тадбирларини ташкиллаштиради.
Бу борада “Бирдамлик” ҳаракатининг устувор вазифалари: сафларга кўплаб кишиларни жалб этиш; ҳаракатнинг қадриятлари ва тамойилларини; унинг Дастур ва Низомини жамоатчиликка кенг тарғиб қилиш; онгларда мустаҳкам ўрнашиб олган қўрқувни, лоқайдликни ва ёлғонга ишониш унсурларини йўқотиш; жамиятга янги умид ва руҳ бағишлаш; Ўзбекистонда кечаётган жараёнларда ва сиёсий табдирларда демократик ўзгартиришларга қаратилган ҳалқ сафарбарлигини шакллантириш ва кучайтиришдир. Жумладан, ҳаракат Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон республикасида, барча вилоятларида, қолаверса туманларида ҳам ўз бўлимларига,ишончли фаолларига эга бўлиши зарур.
“Бирдамлик” миллион-миллион ўзбек меҳнат муҳожирларининг хорижий мамлакатларда мардикорлик қилаётганини, чет элларда яшаётганини эътиборга олиб, шу давлатларда ҳам доимий фаолият кўрсатувчи бўлимларга ва фаолларга эга бўлишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди. Биз, Ўзбекистонда сиёсий тузим ўзгарганидан кейин ҳам, демократиянинг қадриятлари ва институтларини янада чуқурроқ шакллантиришни, ватандошларнинг жамиятни бошқаришда бевосита иштирок этишини таъминлашни ўзимизнинг устивор вазифамиз деб биламиз.
Ўзбекистондаги бугунги диктатура режими муҳим демократик эркинликлар ва инсон ҳуқуқларига мутлақо йўл бермади, уларни топтади. Хусусан сўз эркинлиги, сиёсий уюшмалар тузиш ҳуқуқи, ўзгача фикрлаш, мухолифатчилик, митинглар, намойишлар ўтказиш эркинликларини тўлиқ таъқиб остига олди. Диктатура ўзи учун маъқул бўлган ахборот сиёсати, жамият қадриятларини нотўғри шакллантирилиши натижасида, Ўзбекистонда мутелик руҳияти, қўрқув ва таҳлика кайфиятларининг шакалланганини ҳисобга оламиз ва бу хил салбий иллатларни йўқотиш учун жон койитамиз, бу аёвсиз зўравонлик ва қўрқитув сиёсати кейинги даврда давом этмаслигини таъминлаймиз.
Режим имкон қадар четдан, муқобил ахборот оқимларини Ўзбекистон ичкарисига киритмасликка, жамият ичкарисида эса ўзига маъқул ёлғон ахборот оқимларини кучайтиришга интиларкан, Конституция ва қонунларга хилоф сиёсат олиб бормоқда. “Бирдамлик” ҳаракати борган сари ўзбекистонликларга ҳаққоний ахборотларни, маълумотларни етказиб беришни, ўзининг вазифаси деб билади. Бу борада биз ўзимизнинг “Бирдамлик инфо–WWW.birdamlik.info” сайтимиз, “Мулкдор- WWW.mulkdor.com ” интернет журналимиз, “Тўрон ТелеРадио” маркази сайтларимиздан унимли фойдаланамиз.
“Бирдамлик” режим олиб бораётган ёлғон, сохта ахборот сиёсатига қарши, муқобил ва ҳақиқатга асосланган ахборот сиёсатини юргизаркан, ҳукмдор айтганидек, ўзбек жамияти “аъло даражада” ҳаёт кечирмаётганини, хориж эса ноқонуний президент айтганидек, “душманларга тўла” эмаслигини ошкор этади. Ўзбекистонда Каримов раҳномолигида инсон ҳуқуқлари, демократия тизими, Конституция, қонунлар топталаётганини, қўпол равишда бузилаётганини ватандошлар онгига етказади.
Ҳеч бир, мустабид тузум муттасил репрессияларни амалга ошириш ресурсларига эга бўлолмайди. Глобаллашув жараёнлари борган сари ривожланаётган даврда. Ўзбекистондаги бугунги вазият диктатор режимининг имкониятлари тугаётганлигини кўрсатмоқда, жамият жипслашганда, одамлар ўртасида бирдамлик пайдо бўлганда − режим жамият билан ҳисоблашишга мажбур бўлиши муқаррардир. Азиз ватандошлар, тадбиркорлар ва хунармандлар, деҳқонлар ва фермерлар, ишчилар ва ишсизлар, давлат амалдорлари ва ходимлари! “Бирдамлик” олиб бораётган нозўравон, фуқоровий бўйинсунмаслик курашига қўшилинг! Биз билан биргаликда юртимизда демократик жамият барпо этишда қатнашинг!
Оқ рангли нозўравон инқилоб ва мулкдорлик жамиятини барпо этиш йўлида
2013 йилнинг августида “Бирдамлик” Оқ рангли инқилобнинг Биринчи босқичини эълон қилиб, нозўравон фуқоравий кураш ғоялари, услубларини Ўзбекистонда кенг тарқалишини, шаҳар ва қишлоқларда кўплаб сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тадбирлар ўтказишни мақсад қилиб қўйган. Бу босқич муддати турлича бўлиб, у юртимиз аҳлининг салмоқли қисмини нозўравон курашда нақадар кўпроқ қатнашишига боғлиқ.
Бу жараённи тезлаштириш учун Ҳаракатимиз, фуқоравий фаоллик учун амалий Қўлланма (биринчи)ни 2013 йил қайта ишлаб, тўлдирди ва биринчи Қўлланманинг давоми бўлмиш иккинчи Қўлланмани ҳам яратди.
Оқ рангли инқилобни Иккинчи босқичига ўтишга тайёрлик, умумўзбекистон нозўравон тадбирларини ўтказа олиш даражасига етишимиз билан белгиланади. Мақсадимиз, бир кунда кўпчилик вилоятлар ва пойтахтда диктаторнинг истеъфосини талаб қилиб, бир, икки, уч кунлик ишга чиқмасликни, умумреспублика сиёсий юришини, митингларини ташкил эта олишга эришишдир.
Бу эса, зўравонлик, қатоғон кучига таянган мустабид тузумнинг чекина бошлаши ва оқибат ағдарилиши билан якунланади ва бу Оқ рангли инқилобнинг Учинчи, якуний босқичига ўтиш бўлади. Оқсарой, вазирликлар нозўравон курашчилар тарафидан ишғол қилинса, Бирдамлик, бошқа демократик кучлар, арбоблар билан биргаликда, олти ойлик муддатга Вақтли Ҳукумат тузади ва Конституция, қонунларни диктаторлик даврида бузилган моддаларини Етук ҳуқуқчилардан иборат Кенгаш иштироки ва ёрдамида тузатилишига эришади.
Шунингдек, сиёсий маҳбуслар, ўзгача фикрлаш, адолатсизлик оқибатида қамалганлар зудлик билан озод этилади. Мустабид тузимнинг ғайриинсоний зулми ва жиноятлари рамзи бўлмиш Жаслик қамоқхонаси ёпилади.
Иккинчидан, МХХ ва ИИВ ходимларининг ортиқчаси қисқартирилади. Бу органларнинг давлат тизими, жамиятдаги роли ва ўрнини тубдан ўзгартириш зарурлигидан келиб чиқиб, улар ҳақида алоҳида – алоҳида, иккита қонун қабул қилинади. МХХ ва ИИВ ҳақидаги қонунларда, уларнинг айрим шахсларга эмас, халққа, жамиятга хизмат қилиши аниқ кўрсатилади.
Учинчидан, маҳалларда, туманларда, вилоятларда бошқарувнинг ҳаққонийлигига эришиш учун маҳалла қўмита бошлиқлари ва ҳокимлар ва судлар, участка нозирлари ҳаққоний йўл билан сайланади.
Тўртинчидан, Ўзбекистонда аёллар ва болалар, ногиронлар ва ишсизлар учун бериладиган нафақа ва ёрдам пуллари Маҳалла Қўмиталаридан, Ижтимоий кўмак вазирлиги зиммасига кўчирилади ва улар садақа сифатида эмас, балки давлат ва жамиятнинг таънасиз, беминнат ёрдами сифатида, зарур миқдорда берилиши йўлга қўйилади. Шу тариқа юртимиз аҳлининг ижтимоий муҳофазаси тубдан яхшиланади.
Бешинчидан, капитал, бойлик, ширкатлар даҳлсизлиги таъминланади, яъни улар борасида маҳсус текширув амалга оширилмайди. Аксинча капитал, бойликнинг тадбиркорликка йўналтириш қўлланади. Ҳар қайси мулкдор, пулдор, ширкат эгаси, имкониятларининг катта, ўрта ёки кичик эканидан қатъий назар, ўз фаолиятини давом этиши таъминланади.
Олтинчидан, турли тортиб олиш (рейдерлик) йўллари билан, ноҳақ пули, моли, ширкатидан маҳрум қилинган кишилар(ивесторлар)нинг ишлари қайтатдан қўриб чиқилади ва адолатнинг барқарор бўлиши қонунлаштирилади.
Еттинчидан, сиёсий, иқтисодий, технологик ислоҳатлар амалга ошириш бошланади. “Бирдамлик” сиёсий партияга айлантирилади ва у бошқа демократик йўлда фаолият олиб борувчи партиялар қаторида Президент ва Парламент сайловларида иштирок этади.
АҚШ, Канада, Германия, Франция, Англия, Италия, Испания, Япония, Швеция, Швецария, Жанубий Корея ва Туркия каби мамлакатларда мулкдорликнинг турли шакллари мавжуд. Бу ерларда бозор иқтисоди, тадбиркорликнинг устиворлиги амалда жорий этилган бўлиб, демократик қадриятлар фуқароларининг ҳуқуқларини ҳурмат қилишга қаратилган. Бу қадриятлар халқнинг фаровон ҳолатда, қўрқувларсиз, эркин яшашларига хизмат этади.
Демократиянинг моддий замини, суяк-склет тизими мулкдорликни ривожланган кўриниши эканини, сиёсатшунослик, иқтисод фани такидлайди. Бу иддаонинг ҳақиқатлигини юқорида номлари келтирилган мамлакатлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Мулкдор дейилганда, ҳовлиси, квартираси, ери, моли, жиҳозлари, машинаси, пули, кичик, ўрта ёки катта ширкати, турли компанияларнинг акцияси, қимматбаҳо метал, тақинчоқларга эгаликка айтилади. Мулкдор, табиий равишда мулкини асраш, кўпайтириш ва ворисларига қолдиришни ўйлайди. Бу эса жамиятдаги, давлатдаги ижтимоий мувозанатни, тўқлик, фаровонликни сақлашнинг замини бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистонда Каримов нормал, қонунларга асосланган бозор, мулкдорлик ва тадбиркорлик муносабатларини жорий этмаслиги, демократияни мутлоқ рад этиши билан узвий боғлиқ. Чунки, том маънода демократия, мулкдорликнинг оммавийлиги билан, бозор иқтисодини реаллиги билан, тадбиркорликнинг устиворлиги билан уйғунликда вужудга келади ва яшайди. Албатта, Олий кенгаш қабул қилган, халқ референдум асосида тасдиқлаган Конституция ва қонунларга ҳамма, шу жумладан, президент ҳам риоя этишга мажбур.
Ўзбекистонда Оқ рангли нозўравон инқилоб амалга ошгач ер фуқароларга бўлиб берилади, давлатнинг кўплаб корхоналари хусусийлаштирилади. Ўзбекистон иқтисодида эркин бозор, мулкдорлик, тадбиркорлик устиворлиги таъминланади. Мулкдорликка таянган жамият ва давлат барпо этилади.
“Бирдамлик” − Ўзбекистон муҳолифати орасида нозўравон кураш асосчиси ва тарғиботчиси.
Мухолифат − бугунги кунда Ўзбекистон халқининг, давлатчилигининг стратегик ресурсидир ва умидидир! Унда миллат тақдири ва шаъни учун тинимсиз ва беомон курашиб келаётган шахслар саф тортгандир. Айнан мухолифат Каримовнинг мустабид тузимини ҳолсизланишида, унинг ҳақиқий қиёфаси очилишида катта ишлар қилди ва қилмоқда. Аммо кейинги ютуқларимиз – мустабид тузумнинг ағдарилиши, диктатурадан демократияга ўтиш мухолифат партиялари, ҳаракатлари, гуруҳлари ўртасига, махсус хизмат органлари усталик билан сочаётган “заҳарни” улоқтира билишимизга ҳам боғлиқ. Диктатор ва унинг тўралари демократик мухолифат кучлари яқинлашиши ва биргаликда фаолият юритишига мутлақо қарши.
Бугун кунда Ўзбекистондаги диктаторлик тузумга нисбатан мухолифатчилик кайфияти − жамиятнинг кенг қамрови учун табиий сиёсий қараш ҳолатига етиб келди. Ўзбекистондаги ҳамма ижтимоий қатламлар диктаторнинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатидан тўлиқ безганлар. Хозир Каримов, унинг тўраларининг ҳар бир чиқиши аҳоли тарафидан нафрат билан кутиб олиниётгани сир эмас. Каримов режимини “ислоҳ” орқали ўзгартириб бўлмаслиги аллақачон аён, уни фақат тинч, нозўровон йўл билан ағдариш ва илдизи билан суғириб ташлаш зарур.
Шу сабаб “Бирдамлик” муҳолифат партиялари, ҳаракатлари, гуруҳларини диктатурани йиқитиш ва демократия сари қадамлар ташлаш зарурлиги доирасида, биргаликда амалий фаолият кўрсатишга чорлайди.
“Бирдамлик” ўзбек муҳолифати ичида нозўравон, фуқоровий бўйинсунмаслик кураш йўлини тарғиб қилади, ушбу кураш усуллари орқали Ўзбекистон муҳолифатининг умумий ва олий мақсади – Каримов режимини ағдарилиши учун энг самарали, қулай ва ишонарли йўл эканлигини эътироф этади. Биз Ўзбекистон муҳолифатини бу борада ўзаро соғлом фикр, бир-бирмизга “тош” отмаслик ва ҳурматга асосланган умумдемократик ҳамкорликка чақирамиз.
Азиз ватандошлар, тадбиркорлар ва ҳунармандлар, деҳқонлар ва фермерлар, ишчилар ва ишсизлар, давлат амалдорлари ва ҳукумат ходимлари! Муҳтарам оталар ва оналар, акалар ва опалар, укалар ва сингиллар! Миллатимиз, юртимиз келажаги ёшлар! Қўрқувни, лоқайдликни, ёлғонга ишонишни улоқтиринг ва ўз фуқоравий бурчингизни ёдга олинг! Халқ дарди “Бирдамлик” дарди, шу боис бизга ҳамдард, ҳамкор бўлинг! Сафларимизга қўшилинг, нозўравон, фуқоравий бўйинсунмаслик кураши билан диктатурани ағдариш ва демократияни барпо этиш сингари, улуғ тарихий амалиётга ўз хиссангизни қўшинг! Озод, фаровон инсон, оила ва ҳалқ бўлишимиз, ҳар биримизнинг нозўравон курашдаги фаоллигимизга боғлиқ!
Қурултойда “Бирдамлик” Ҳаракатининг Дастурига киритиш керак бўлган ўзгаришлар, таклифлар Бошқарув Ҳайъат тарафидан қўшилди.
Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг Дастури 26 апрель 2014 йилда, АҚШнинг Миссури штатида бўлиб ўтган Қурултойида қабул қилинди.
Ҳамкорликка умид, ишонч ва эҳтиром ила, “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИ БОШҚАРУВИ.
МАНЗИЛ/ ADRESS:1813 Peach St.,SantPeters,MO 63376,USA. phone +13146002889;fax +16364478012
Мурожаат учун e-mail манзиллар:
birdamlik@gmail.com
“Бирдамлик”нингинтернетдаги саҳифалари:
WWW.facebook.com BirdamlikHarakati
WWW.twitter.com @Birdamlik