БОЛТАЙ ТАРЗАН

Абулфайз Бapoтoв

1955 йилларда Ўгат қишлоғининг клубида Америка кино ижодкорлари томонидан ишлаб чиқарилган “Тарзан” фильми намойиш этила бошлади. Фильм шундай довруқ қозондики, унинг навбатдаги серияларини фақат биз болалар эмас, балки катталар ҳам интиқлик билан кутишарди. Тарзан фильми одамларга олам-олам завқ-шавқ келтириши билан бир қаторда, ташвиш ҳам келтирарди. Кинода ёввойилашиб кетган Тарзан аввалига бор овози билан қичқириб, дарахтдан-дарахтга сакрар, шох-шабададан ўрилган арқон ёрдамида анча масофага учиб борар, умуман унинг ҳатти-ҳаракатлари ёшларни ўзига меҳригиёдек тортарди.
Тарзан ўрмондаги бор жонзотлар – маймун, фил, шеър ва бошқа йиртқичлар билан худди ака-укадек қадрдон эди. Унинг бошига Африкани забт этаётган оқ танлилар томонидан бирон фалокат тушгудек бўлса, Тарзан қўлларини оғзига карнай қилиб, шунақанги қичқирардики, лорсиллаган филлар, ичида қурти бордек бир жойда ўтира олмай, дарахтдан-дарахтга тинимсиз сакраб чийиллашиб юрадиган маймунлар ва бошқа йиртқичлар Тарзанга ёрдамга ошиқишарди. Қишлоғимизда эса Тарзанга тақлид қилувчилар кўпайиб, фалокатлар юз бера бошлади.


Қишлоғимизда дов-дарахтлар кўп эди. Сойдаги анҳор четида ҳам, ҳовлиларда ҳам турли хил мевали ва манзарали дарахтлар ўсиб ётарди. Арқон ёрдамида қичқириб, у дарахтдан бу дарахтга учиб ўтса бўларди. Лекин ёввойи ҳайвонлар масаласини ҳал қилишнинг иложи йўқ эди. Кучуклар бу ишга ярамасди. Уй ҳайвони эмасми, дарахтдан қулаб тушдингми, оёғингни синдириб олиб, вой-войлаганингча, сўкиниб ётибсанми –парвоий палак эди бу итларнинг.
Бунга ўзим гувоҳ бўлганман. Уйлиқма овулида катта токзори бўлган Боймурод бованинг хизматини қилиб юрадиган Болтай исмли ёши йигирмалар атрофида бир йигит бўлгувчи эди. Баймурод бова қари бўлсаям чарчашни билмайдиган ҳаракатчан одам эди. Тонг азондан, “ҳой, лаънати Болтай, қайси гўрга йўқолдинг, не қилиб-нерса қилиб деб, боғида куйманиб юрарди. Болтайнинг ўтмиши ноъмалум эди. Кимнинг боласи, ота-онаси борми-йўқми, Боймурод чол уни асраб олганми, топиб олганми, бу ёғи бизларга қоронғу эди. Болтай ҳақида сўраганлар чолдан балога қоларди. “Нима ишинг бор Болтой билан, не қилиб-нерса қилиб,”- деб, жанжални бошлаб юборарди. Эгасининг овозини эшитган бешта бўрибосар итлари дарҳол ҳозир бўлишиб, савол берган одамни ўраб олишарди. Бованинг феълини билмай савол бериб қўйган кимса ундан қутилганига шукурлар қилиб, иккинчи марта унинг ёнига қадам босмасди.
Ана шу боғнинг қоровули бўлган хизматкор Болтай эса Тарзан бўлишни жуда-жуда орзу қиларди. Боймурод чол эса тинимсиз иш буюравериб унинг орзуларини саробга айлантирарди. Бир куни Болтай олдимга югуриб келиб қолди. Унинг гапига қараганда, узуккун боғда қушларга ҳам, бошқаларга ҳам тинчлик бермай бақириб-чақириб юрадиган Боймурод чол эшагини миниб Қўйтошга жўнаб қолибди. Зарур иши бормиш, тушдан сўнг қайтиб келаман депти. Болтой Тарзан бўлишнинг айни вақти эканлигини айтиб, мендан ёрдам сўради. Унга арқон ва қатор толлар ўсиб ётган ҳайҳотдай ҳовлимиз керак эди. Ҳовлимиздан бир ариқ сув оқиб ўтарди. Ариқ четида аскардек тизилиб терак ва толлар кўкка бўй чўзган эди. Арқон унга дарахтдан-дарахтга учиб ўтишга керак бўларди.
Унга арқон келтириб бердим. Болтой тиришиб-тирмашиб катта толга чиқиб олди. Арқонни белига боғлаб олган. Аввал қичқириб, иккинчи дарахтга сакраш керак. Сўнгра, арқонни белига боғлаб, узоқроқдаги толларнинг бирига учиб ўтса бўлади. Қоидаси шундай. Болтай аввалига қўлини оғзига карнай қилиб бироз қичқирди. Сўнгра бир ярим метрлар чамаси наридаги дарахтга сакраб ўтмоқчи бўлди. Мулжални яхши ололмади шекилли, жон ҳолатда дарахт шохига тирмашиб, осилиб қолди. Яна бироз ҳаракат қилган эди, шох узилиб кетиб, Болтой чархпалак бўлиб, ерда ётган эски тўморнинг устига қулаб тушди.
Болтой ўкириб юборди. Оёқларини ғужанак қилиб олиб, тинимсиз бақирарди. Мен атрофида гирдикапалак бўлиб юрар эканман, Болтойдан кўнглим қолди. Тарзаннинг ҳам йиқилиб тушган пайтлари бўлган. Лекин ўзини ёқ-бу ёққа ташлаб, уввос тортмаган. Баланд кўприкдан катта дарёга ҳам ғинг демай сакраган. Манови Болтой эса, ўзининг ёқимсиз овози билан бутун қишлоқни бошига кўтараяпти. Қўни-қўшнилар югуриб келишди. Кимдир унинг оёғини пайпаслаб кўриб, “синибди,” -деди. Қишлоғимиздаги Эгамқул уста озроқ табибликдан хабари бор эди. У Болтойни бақиртириб, суякларини жойига солган бўлди, оёғини тахтакачлаб боғлади. Кейин кўплашиб, боғига кираверишдаги чайлага олиб бориб ётқизиб келишди.
Тушдан кейин беткайда Боймурод бова кўринди. У эшагини ниқтаб ҳайдар экан, ҳар дойимгидай, шовқин-сўронини бошлаб юборди: “ҳой, Болтой қаёқдасан? Не қилиб-нерса қилиб, ўлиб қолмадингни ишқилиб.
Боймурод чол шундай деганича чайласининг олдига келиб эшагидан тушди. Бироз ҳайрон бўлиб, у ёқ-бу ёққа аланглаб қаради. Сўнгра чайлага кирди. У ерда қандай аҳволга тушгани бизларга қоронғу. Аммо ўшандан кейин Боймурод чол Болтойни бўлар-бўлмасга тергайвермайдиган, не қилиб-нерса қилиб иборасини камроқ ишлатадиган, боғда кам кўринадиган бўлди. Болтойнинг оёғи тузалиб кетди. Аммо у иккинчи марта дарахт устига чиқмайдиган, Тарзан ҳақида гап очилса индамай бурилиб кетадиган одат чиқарди.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares