Биринчи боб

Сиёсий Ҳокимиятнинг Назарияси

Сиёсий ҳокимият – бу ҳокимият эгалари, айниқса ҳукумат,
давлат ва қаршиликдаги гуруҳларнинг мақсадларига
эришиш учун мавжуд ваколат, мукофот ва жазоларни
қамраб оладиган восита, таъсир ва тазйиқларнинг мажмуи.

– Д-р Джин Шарп, Нозўравонлик Ҳаракат Сиёсати

Ҳокимиятга интилиш бутун одамзод ва унинг институтларининг хусусияти бўлгандай туюлади. Бу хусусият миллатлар орасида, ҳукуматлар ичида, уюшмалар орасида, ичида ва ҳаттоки дўстлар орасида учрайди. Балким ўртача фуқаро учун энг таниқли кураш – бу солиқ даромадлари устидаги ҳокимият учун курашлар. Кўпдан-кўп ҳуқуқшунослар, лоббистлар ва жамоатчилик билан муносабат мутахассислари солиқ имтиёзларини олиш учун ёки фойдали давлат буюртмаларини олиш учун мижозларининг манфаатлари учун астойдил ишламоқда. Баъзан солиқ тўлайдиган одамлар учун бундай тақсимлашнинг фойдаси борлиги шубҳали. Кўпинча бундай тақсимланиш қарорларининг таъсири жамоат назаридан бекитилади. Масалан, АҚШ Мудофаа давлат бюджетининг тузилишига кўз югуртириб чиқсак ҳам бунда жуда кўп қонун чиқарувчиларнинг ҳаттоки ҳарбий хизматлар хоҳламайдиган, айниқса эскирган, яхши жиҳозланмаган ёки кераксиз ортиқ техника билан таъминланган самолёт, кема ва қуролларни АҚШ Мудофаа Вазирлигига мажбур қилиб олдириш ҳоллари бор. Ҳукумат нималарга маблағ ажратиши тушунарсиз бўлиши мумкин, камида махсус манфаатлар ва уларнинг лоббистлари ҳақида кам биладиган ўртача фуқаро учун. Ҳаттоки солиқ даромадлари оқибатда қандай қилиб ишлатилиши мантиққа мос келмайдиган бўлиши мумкин. Давлат ташкилотлари ўзлари амалга ошириш учун жавобгар бўлган қонунларни бузиш янги йўлларини топганда экологлар ҳайратда қолишади. Йиғилган даромадлар ишлатилиши демократияларда ҳамиша сиёсий масала бўлган ва ҳокимиятни назорат қилиш ва ишлатиш интилишлари давом этаётганини акс эттиради.

Аммо солиқ даромадларини тақсимлаш устидаги рақобатга нисбатан оқибати узоққа чўзиладиган – бу ҳукумат устидан назорат қилиш ҳокимияти учун курашлар ва натижадаги ҳукмдор ва бўйсунадиганлар орасидаги муносабатлардир. Агар “эркинлик ва золимона ҳукмронлик” (албатта субъектив атамалар) муҳитида мил тўғри золимона ҳукмронликка кўрсатса, зулм остидаги одамларнинг ўзгаришларни киритиш истаги пайдо бўлади. Ўзгаришларнинг тури ва уларни киритиш йўллари зулм остидаги одамларнинг ҳокимият хислати ва манбаларини тушуниши даражасига боғлиқ. Д-р Шарп жамиятдаги ҳокимиятнинг асосларини таърифлаш учун иккита моделни кўрсатади – биттаси монолит, бошқаси плюралистик.

Ҳокимиятнинг монолит назарияси

Биринчи тасвир

Ҳокимиятнинг монолит модели

uchinchi-kitobbirinchi-rasm.png

Д-р Джин Шарп кўрсатган сиёсий ҳокимиятни тушунтирадиган моделларнинг биттаси “монолит” назария деб аталган. У қаттиқ ўзгармайдиган ҳокимият структураси чўққисидаги марказлашган ҳокимиятни тасвирлайди (1-тасвирни кўринг). Бу монолит моделда тасвирланган ҳокимият эгалари турли сабаларда ўзгариши мумкин аммо ҳокимият ўзининг структураси, бу дегани унинг пирамидасимон қобиғи гранитдек қаттиқ ва ичидаги ҳокимият аралашмаларга ва сиртидаги ўзгаришлар истакларига боғланган эмас. Бу назария шуни тахмин қиладики, одамлар ҳокимият эгасининг хайрихоҳлигига, ёрдамига ва қарорларига қарам бўлишади ва ҳукмдор ҳокимиятини қандай ишлатишни ўзи белгилайди. Бундай ҳокимият структураси тўғри ва қонуний сайловлар орқали ўзгариши исталади. Аммо золимона ҳукмронлик остида сайловларни ўтказиш қарорини ҳукмдорнинг ўзи чиқаради ва натижалари одатда олдиндан аниқ бўлади. Бирмадаги генерал Не Уин ва Зимбабведаги Роберт Мугабе сайлов жараёнида сохталашишни кенг ишлатган мустабид ҳукмдорларнинг мисолларидир. Баъзи ҳолларда диктаторлар нотўғри чамалашади ва сайловларнинг исталган натижаларни таъминловчи ҳаракатларни амалга оширмайди. Масалан, Бирмадаги ҳарбий режим 1990 йилда сайловларни эълон қилиб ютқазганда хижолатда қолган эди.

Бу кутилмаган натижага жавобан у сайловчиларнинг хоҳишини рад қилди ва оппозиция етакчиларини ҳибсга олди.
Авторитар режимлар учун аҳоли ҳокимиятнинг монолит концепциясини қабул қилса (ёки тазйиқ остида унга рози бўлса) жуда қулай бўлади. Ҳокимият қўлларида бўлиши уларга ҳукмронлик қилишга ҳуқуқини беради ва халқни бўйсунишга мажбур қилади ва бу борада аҳолининг истаклари ҳисобга олинмайди. Бу моделда давлатнинг мажбур қилиш кучи бўйсунишга мажбур қилиш учун бирламчи ва қонуний восита ҳисобланади. Йигирманчи асрда бунга кўп мисоллар бор. 1930-чи ва 1940-чи йилларда Совет Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталин унинг ҳокимиятига амалий ёки потенциал хавфни келтирувчи деб билинган деярли 20 миллион кишининг ўлдирилишига сабабчи бўлган – Совет фуқароларининг шунга яқин сони Германияга қарши Иккинчи Жаҳон Урушида ҳалок бўлган.
Нўзўравонлик тўқнашув орқали золимона ҳукмронликни заифлаштириб барбод қилиш учун монолит ҳокимият ғояси чегарасидан чиқиб кетиши керак ва ҳокимият ҳамма шаклларининг амалий жойлашишини аниқлаш ва баҳолаш керак. Ҳокимиятнинг монолит модели мустабидлар ҳокимиятни қандай қилиб қўлга олишини, ушлашини ва беришини тушуниш учун фойдали таҳлил воситаси бўлишига қарамай сиёсий ўзгаришлар тўғрисида ўйлаётганда бу модел мумкин бўлган имкониятларни чеклайди. “Ўзгаришларни орзу қилаётган одамлари” ҳокимиятнинг монолитик моделини билиш керак, аммо орзуларини амалга оширганда ҳокимиятни, уни қўлга олиш ва беришни бошқа нуқтаи назардан кўрадиган, бош ғояси “плюрализм” бўлган моделни ишлатганда муваффақиятга эришади.

Ҳокимиятнинг плюралистик модели

Иккинчи тасвир

Ҳокимиятнинг плюралистик модели

uchinchi-kitob-ikkinchi-rasm.png

uchinchi-kitob-ikkinchi-rasm-2.png

Ҳокимиятнинг табиатини тушуниш учун ёрдам қиладиган бошқа модел д-р Шарп плюралистик модел деб атаган (2-тасвирни кўринг). Ҳокимият чўққида марказлашган қаттиқ ва ўзгармайдиган структурали монолит моделга ўхшамай, бу назария сиёсий ҳокимиятни плюралистик ва ўзгарувчан ҳолда тасвирлайди. Ҳокимият манбалари жамият ичидаги одамларнинг орасида жойлашган ва ҳокимият эгаси фақат халқ рухсатини берган ҳокимиятни ишлатиши мумкин. Бошқача айтганда, ҳукмдор фақат

халқнинг розилиги ва ҳамкорлиги билан ҳукмронлик қилиши мумкин. Розилик ва ҳамкорлик исталган равишда берилиши мумкин ёки мажбур қилиб олиниши мумкин. Розилик жамиятдаги баъзи одамларнинг бепарволиги натижасида берилиши мумкин ёки маданиятдаги бўйсуниш одатлари орқали берилиши мумкин. Ҳар холда ҳокимиятнинг плюралистик моделининг энг муҳим фикри шундаки одамлар ҳукмдорни ҳокимият манбалари билан таъминлагани учун улар коллектив равишда режимга бериб турган ҳокимият манбаларини ушлаб қолиб ҳукмронликка норозилигини билдириши мумкин.
Д-р Шарп бўйича ҳокимиятнинг олтита манбаси бор ва улар ҳокимиятнинг плюралистик табиатини тушунишга ёрдам беради. Пастда айтиб ўтиладигандек, шу ёзилган ҳокимият манбалари устидан назорат, жиддий таъсир ва бетараф қилиш имкониятлари доимо қидирилади. Бу ҳокимият манбалари иккинчи бобда таърифланган “таянч устунлари” деб аталган ташкилот ва институтларда ифодасини топади.

1. Ваколат

Ваколат – бу ҳукмронлик қилиш ҳуқуқига эга бўлиш ва аҳолидан бўйсунишни талаб қилиш асоси. Сайловлари натижалари ҳукмронлик қилиш ваколатининг қонунийлигини тасдиқлайди. Шунинг учун кўп авторитар режимлар сайловларни ўтказишни маъқул кўради ва кейинчалик сайлов қутиларини сохталайди, сайловчиларни қўрқитади, душманларининг кампанияларини чеклайди ва ноқулай натижаларни қабул қилмайди. Қонунийлик ҳар бир ҳукумат учун жуда муҳим ва конституциявий ваколат йўқлиги ва ғайриқонуний режим бўлиш мамлакат ичида ва халқаро анжуманда жиддий оқибатга келтириши мумкин.
Мамлакат ичида қонунийликни йўқотиш сиёсий оппозиция қонуний бўлишига бош омил бўлиши мумкин. “Ижтимоий битим” ғоясини ишлатиб сиёсий оппозиция шуни эълон қилиш мумкинки, ҳукумат конституцияни бузиши билан халқ ва ҳукумат орасидаги битим бузилган бўлади ва бу режимга бўйсуниш, ёрдам бериш ва ҳамкорлик қилиш мажбуриятидан озод қилади.
Мамлакатнинг ташқарисида эса режимнинг қонунийликни йўқотиши халқаро анжуманни режимга қарши иқтисодий ва сиёсий санкцияларга чорлашларга таъсирчан қилади.

Сиёсий ва иқтисодий бойкотлар бундай режимларни заифлаштириши мумкин, бундай оқибатга Жанубий Африкадаги апартеид режими ва Бирмадаги диктатура учраган. Зимбабвенинг Британия Ҳамдўстлигидан 2002 йилда четланиши Мугабе режимининг мустамлакачиликдан мустақил демократияга ўтган демократик ҳукуматлар билан бир сафда ўтиришига маъқул бўлмаганининг рамзи бўлган. Бунинг устига авторитар режимнинг ваколати жиддий заифлашган бўлганда демократик оппозицион гуруҳлар ташқи молиявий ва ахлоқий ёрдам олиши мумкин. Аммо бу ташқи ёрдам ишларининг ўзи ҳукмдорни ҳокимиятдан четламайди. Бунинг устига бундай санкциялар бефойда бўлиши мумкин ва режимдан кўра кўпроқ халққа зиён келтириши мумкин.

2. Инсоний ресурслар

Ҳукмдорни қўллаб-қувватлайдиган, унга ҳамкорлик қиладиган ва талабларини бажарадиган одамларнинг сони режим ҳокимиятининг муҳим омили бўлади. Аммо бу аҳолининг кўпчилиги ҳозирги раҳбарни ёқтирмаса режим албатта ўзгаради дегани эмас. Бу ўзгаришлар потенциалининг борлигини англатади холос. Тарихда кўпдан-кўп озчиликнинг кўпчиликка зулм қилишининг кўп мисоллари бор. Бошқа томондан олганда стратегик нозўравонлик кураш кўпчиликнинг фаол ёрдами ва ҳамкорлигисиз муваффақиятли бўлмайди. Демократия учун курашда миқдорлар муҳим бўлади!

3. Билим ва қобилиятлар

Мамлакатни бошқариш олдингидан анча мураккаброқ. 21-асрнинг бошида Америка Қўшма Штатлари Президенти дунёдаги энг қудратли шахс деб билинган. Аммо бу энг қудратли шахс самолётларни сақлаш ва учиш жадвалларни ёзиш, денгиз ҳуқуқини бошқариш, жиноий терговларни олиб бориш, солиқларни йиғиш, уруш режаларини ишлаб чиқиш, озуқани тақсимлаш, мулоқот тармоқларини ишлаб чиқиш ва уларга хизмат кўрсатиш ва бошқа кўп касбларнинг мураккаб вазифалари тўғрисида жуда кам билади ёки умуман билмайди.

Энг муҳими шундаки, одамларнинг билим ва қобилиятлари ҳукуматнинг ҳамма даражаларда ишлашига имконият яратади. Бундай ҳиссаларсиз ҳукумат барбод бўлади.

4. Номоддий омиллар

Дин, бўйсунишга бўлган нуқтаи назарлар, вазифанинг ҳиссиёти ёки маданий қоидалар каби номодий омилларнинг муҳимлигини ўлчаш қийин бўлса ҳам улар аҳолининг ҳукмдорга бўлган муносабатига таъсир қилади. Масалан, тарихда шундай даврлар бўлганки, баъзи жамиятларда кўпчилик “қиролларнинг илоҳий ҳуқуқига”, бу дегани ҳукмдор Худонинг ердаги вакили бўлишига ишонган. Ҳукмдорга бўйсунмаслик Худога бўйсунмаслик деб ҳис этилган. Бошқа Японияга ўхшаган жамиятларда Император Худо ва қирол деб билинган. Бундай шароитларда демократия пайдо бўлиши мумкин бўлмаган. 21-асрнинг бошида баъзи ҳукуматларда Ислом динининг анъанавий сиёсий ҳокимият билан аралаштириш мисоллари бор бўлган. “Қайсарга Қайсарникини бериш” тўғри бўлса ҳам нималар унга тегишли бўлганини олдиндан аниқлаш керак. Ҳар ҳолда демократия шуни англатадики, ҳокимиятни ҳукмдор халқдан “қарзга” олади.

5. Моддий ресурслар

“Ким тўласа ўша мусиқани буюради” деган мақол айнан сиёсатга тегишли. Иқтисодиёт, мулк, табиий ресурслар, коммуникация ва транспорт устидан назорат халқ устидаги ҳокимият чегараларининг муҳим жиҳати бўлади. Масалан, қаерда қишлоқ хўжалиги ерлари давлат қўлида бўлса ўша ерларда яшайдиган оилаларнинг ҳаёти устидан давлат назорат қилади. Шу равишда цензура бор жойда журнализм ҳамма омонларида иштирок этадиган кишиларнинг ҳаёти ҳукумат томонидан назорат қилинади ёки таъсир қилинади. Нефт ишлаб чиқариш саноати давлат қўлида бўлган мамлакатларда аҳоли солиқларидан тушадиган даромадларга боғлиқлик кам бўлади. Халқ тўлайдиган солиқларга боғлиқ бўлмаслик ҳукуматнинг маблағлари ҳокимиятини марказлаштиради.

6. Санкциялар

Ҳукуматнинг қонун ва қоидаларига бўйсуниш ва уларни қўллаб-қувватлашга мажбур қилиш қобилияти халқнинг ёрдами, ҳамкорлиги ва розилиги билан чекланган. Санкциялар маъқул келмаган хулқни жазолаш ва уни бажаришдан қайтариш учун ишлатилади. Санкциялар самарали бўлиши учун қатл қилиш ёки қамоқда ушлаш каби ҳаддан ташқари қаттиқ бўлиши керак эмас. Иш жойидан маҳрум қилиш, пенсия имтиёзларини йўқотиш, илм олиш имкониятларини ва илм соҳасида кўтарилишни чеклаш, сафар қилиш имкониятларини камайтириш (паспортни бермаслик), мулкни олиб қўйиш, сув беришни рад қилиш ва бошқа санкциялар бўйсундириш учун самарали равишда ишлатилиши мумкин. Баъзи авторитар режимларда оммавий ахборот корхоналари ўзларини ўзи цензура қилишади, чунки ҳукумат газета қоғозининг тарқалишини назорат остига солиш ва радио ва телевидение лицензияларини бекор қилиб нашриёт ва ахборот агентликларни ёпиши мумкин. Бундай санкциялар кўп ишлатилади.
Санкциялар ҳар бир ҳукумат учун воситадир. Энг кўп улар ғайриижтимоий хулқни тўхтатиш учун ишлатилади. Бошқа пайтларда улар сиёсий мақсадларда аҳолини террор қилиш ва жазолаш учун ишлатилган. Масалан, Нацист Германия Армиясининг оккупациясига қарши чиққан партизан ҳаракатларининг келажак амалларини олдини олиш учун коллектив жазолашни ишлатган. Шу аср бошида Исроил ҳукумати терроризм амалларини тўхтатиш учун коллектив жазоларни маъқул топган. Айрим одамларнинг амаллари учун гуруҳни жазолаш асосий инсон ҳуқуқларини бузиш бўлишининг устига уларнинг самарали бўлиши шубҳали. Дарҳақиқат, коллектив жазо ва ўлдиришлар кутилган ва исталгандан тескари таъсирга келтириши мумкин. Коллектив жазолар оқибатда келажак зўраки амаллардан тўхтатмай қасд олиш қарорларига келтиришлари мумкин.

Хулоса

1-боб ҳокимиятнинг иккита моделини текширади. Монолит моделда ҳокимият ўзгармайдиган структурада ишлатилиши ва бунда халқ ҳукмдорга қарам бўлишини кўрсатади. Плюралистик модел эса ҳокимиятни бошқача кўради ва ҳукмдор халққа қарам бўлади.

Халқ ҳукмдорга етказиб берадиган ҳокимият манбалари ҳам аниқланган ва бу манбалар ҳукмдорга етказилмаса у ҳукмронлик қила олмайди.
Ҳукуматнинг ҳар кунги амалларини бажарилишига йўл қўядиган ва ёрдам берадиган турли структуралар унинг “таянч устунлари” деб аталади. Шундай қилиб ҳокимият манбалари ҳукумат ичидаги ва ташқарисидаги ташкилот ва институтларда ифодасини топади. (3-тасвирдаги Таянч устунларини кўринг). Авторитар режимнинг душманларига ҳам таянч устунлари керак. Таянч устунлари қониқарли ҳолда заифлашган бўлса ҳукумат ёки оппозиция қулайди, худди шундай қилиб бино ҳам уни таянч структуралари бўшашганда қулаб тушади.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares