5-боб. Мавжуд ҳокимият

1-бобда диктатурага қарши қуролли қаршилик ҳаракати унинг энг заиф жойига эмас, балки аксинча,
энг кучли жойига зарба бераётганини таъкидлаб ўтган эдик. Қаршилик ҳаракати қуролли кучлар, қурол- аслаҳа билан таъминлаш, қурол тайёрлаш технологияси ва ҳоказолар соҳасида рақобатни танлаб, ўзини ноқулай аҳволга солиб қўймоқда.
Диктатура эса бу борада деярли ҳар доим устунликка эга. Бунда хорижий давлатларнинг ёрдамига таяниш хавфи ҳам муҳокама қилинганди. 2-бобда музокараларни диктатурани йўқ қилишнинг услуби сифатида танлаш муаммосини кўриб чиққан эдик.
Ушбу ҳолатда демократик мухолифатга муайян устунлик берадиган ва диктатуранинг аниқланган
заиф томонларини оғирлаштирадиган қандай йўллар мавжуд? Қандай ҳаракат услуби сиёсий ҳокимиятнинг 3-бобда муҳокама қилинадиган назариясига асосланиши мумкин? Бу борада сиёсий
бўйсинмаслик альтернатив танлов ҳисобланади.

Сиёсий бўйсинмаслик қуйидаги хусусиятларга эга:
• Сиёсий бўйсинмаслик курашнинг охири диктатура томонидан танланган воситалар билан ҳал
қилинишини тан олмайди.
• Диктатуранинг сиёсий бўйсинмасликка қарши курашиши қийин.
• Сиёсий бўйсинмаслик диктатуранинг заиф томонларини анча оғирлаштириши ва унинг куч
манбаларини тўсиб қўйиши мумкин.
• Сиёсий бўйсинмаслик амалда кенг тарқалиши ёки аниқ мақсадга қаратилиши мумкин.
• Сиёсий бўйсинмаслик диктаторларнинг мулоҳаза юритиши ёки хатти-ҳаракатларида хатоликка йўл қўйишига олиб келади.
• Сиёсий бўйсинмаслик аҳоли ёки жамоат гуруҳлари ва институтларини айрим шахсларнинг
шафқатсиз ҳокимиятини йўқ қилиш учун курашга самарали жалб қилиши мумкин.
• Сиёсий бўйсинмаслик демократик жамият барпо этиш ва уни сақлаш имкониятларини кенгайтирган ҳолда, жамиятда мавжуд ҳокимиятни тақсимлашга ёрдам беради.

Нозўравон кураш олиб бормоқ

Сиёсий бўйсинмасликдан қуролли кучлар каби турли ҳаракатларни юзага келтириш мақсадида
рақибларга таъсир ўтказиш, зиддиятни тинч йўл билан ҳал қилиш учун шароит яратиш ёки манфур
тузумни йўқ қилиш каби турли мақсаларда фойдаланиш мумкин. Бироқ сиёсий бўйсинмаслик
зўравонликдан фарқ қиладиган услублар билан амалга оширилади. Ҳар икки услуб ҳам кураш воситаси бўлишига қарамай турли услубларни кўзда тутади ва турли оқибатларга олиб келиши мумкин. Қуролли қарама-қаршиликни амалга ошириш услублари ва натижалари яхши таниш. Жисмоний қуроллар қўрқитиш, мағлубиятга учратиш, йўқ қилиш ва вайрон қилиш мақсадида қўлланилади.
Нозўравон кураш куч ишлатишга нисбатан курашнинг анча мураккаб ва турли хил воситаси
ҳисобланади. Бундай курашда куч ишлатишнинг ўрнига аҳоли ва жамоат институтлари томонидан
фойдаланиладиган психологик, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий қурол қўлланилади. Норозилик, иш
ташлаш, ҳамкорлик қилишдан бош тортиш, бойкотлар, халқнинг ўзини ўзи идора қилиши шулар
жумласидандир. Юқорида зикр этилганидек, мадомики ҳар қандай ҳукумат ҳамкорлик қилиш, аҳоли ва жамоат институтларини бўйсиндириши орқали зарур куч манбаларини тўлдиришга қодир экан, у
мамлакатни ҳам идора қилиши мумкин. Сиёсий бўйсинмаслик куч ишлаштишдан фарқли ўлароқ,
ҳокимиятнинг бундай манбаларини ўзига хос тарзда тўсиб қўйиш қобилиятига эга.

Куч ишлатилмайдиган қурол ва тартиб-интизом

Битта ёки иккита услубга, масалан иш ташлаш ва оммавий намойишга умид қилиш сиёсий
бўйсинмасликнинг аввалги кампанияларининг кенг тарқалган хатоси ҳисобланади. Ҳозир қаршилик
кўрсатиш стратегларига курашни заруратга қараб жалб этиш ёки уни тарқатиб юбориш имконини
берадиган кўплаб услублар мавжуд.
Бугун куч ишлатилмайдиган ҳаракатларнинг тахминан икки юзта аниқ услуби маълум. Амалда эса, бу услублар анча кўп. Бундай услублар учта умумий тоифага бўлинади: норозилик ва ишонтириш, ҳамкорлик қилишдан бош тортиш ҳамда аралашиш. Нозўравон норозилик ва ишонтириш услублари асосан рамзий намойишлар, жумладан, маросимлар, юришлар ва пикетларни (54 та услуб) ўз
ичига олади. Ҳамкорлик қилишдан бош тортиш тўртта кичик гуруҳга бўлинади: (а) ижтимоий ҳамкорликни рад этиш (16 та услуб), (б) иқтисодий ҳамкорликдан воз кечиш, жумладан бойкотлар (26 та услуб) ва иш ташлашлар (23 та услуб), сиёсий ҳамкорлик қилишдан бош тортиш (38 та услуб). Очлик эълон қилиш, куч ишлатмасдан босиб олиш ва ўзини ўзи параллель равишда идора қилиш каби психологик, жисмоний, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий воситалардан фойдаланган ҳолда зўравонликсиз аралашиш охирги гуруҳни ташкил этади (41 та услуб). Ушбу мақолада 198 та услуб рўйхати илова сифатида киритилган.
Ўқитилган фуқаролар томонидан амалга ошириладиган оқилона стратегия ва тегишли тактика
матнига киритилган пухталик билан танлаб олинган, изчил ва кенг қўлланиладиган кўплаб услублардан фойдаланиш ҳар қандай ноқонуний тузум учун жиддий муаммоларни юзага келтириши мумкин. Бу барча диктатураларга тааллуқлидир.
Нозўравон кураш услублари қуролли кураш воситаларидан фарқли ўлароқ, бевосита муҳим
масалаларга қаратилиши мумкин. Масалан, диктатура муаммоси асосан сиёсийлиги туфайли бу борада нозўравон курашнинг сиёсий шаклларидан фойдаланиш зарур. Бу шакллар диктаторларнинг қонунийлигини тан олмаслик ва уларнинг тузуми билан ҳамкорлик қилишдан воз кечишни қамраб олиши лозим. Ҳамкорликни рад этиш ҳам маълум бир сиёсатга қарши йўналтирилиши мумкин. Вақти-вақти билан сезилар-сезилмас ёки махфий тарзда вақтни қасдан кечиктириш ва чўзиш мумкин. Айни пайтда ошкора итоатсизлик, оммавий намойишлар ва иш ташлашлар ҳамманинг кўз ўнгида ҳам ўтказилиши мумкин.
Иккинчи томондан, диктатура иқтисодий тазйиқдан яхши ҳимояланмаган ёки аҳолининг кўп
шикоятлари иқтисодиёт билан боғлиқ бўлса, бундай ҳолатда бойкотлар ёки иш ташлашлар каби
иқтисодий ҳаракатлар қаршилик кўрсатиш учун энг қулай услублар ҳисобланади. Диктаторларнинг
иқтисодий тизимдан фойдаланиш билан боғлиқ уринишларига чекланган кўламда умумий иш ташлашлар,
ишни секинлаштириш ва ўрнини ҳеч ким босолмайдиган экспертларнинг ишлашдан бош тортиши (ёки
йўқолиб қолиши) билан қаршилик кўрсатиш мумкин. Танлаб олинган турли хил иш ташлашлардан ишлаб
чиқариш, хомашёни транспортда ташиш, етказиб бериш ва маҳсулотни тақсимлашнинг асосий
пайтларида фойдаланиш мумкин.
Нозўравон курашнинг айрим услублари одамлардан уларнинг кундалик ҳаёти билан боғлиқ бўлмаган
ҳаракатларни амалга оширишни, масалан варақа тарқатиш, яширин газета чиқариш, очлик эълон қилиш
ва кўчада ўтирган ҳолда норозилик уюштиришини талаб қилади. Баъзи одамлар учун бундай услублар
айрим ҳоллардан ташқари қийин бўлиши мумкин.
Нозўравон курашнинг бошқа услублари эса, аксинча, одамлар бошқача тарзда бўлсада, ҳар кунгидек
яшашни давом эттиришини талаб қилади. Мисол учун, одамлар иш ташлаш ўрнига ишга келади, лекин
одатдагидан кўра, атайлаб секин ва самарасиз ишлайди. Кўпинча атайлаб “хатоликлар”га йўл қўйилади.
Кимдир маълум бир вақтда “касал” бўлиб қолади ёки “ишлай олмайди” ёхуд шунчаки ишлашдан бош
тортиши мумкин. Яна кимдир диний маросимларда

иштирок этади. Уларнинг бу ҳаракати нафақат диний, балки сиёсий эътиқодни ҳам ифода этиши мумкин.
Одамлар болаларни уйда ёки махфий курсларда ўқитиш йўли билан уларни тарғибот ишларидан ҳимоя
қилиши мумкин. Айримлар эса, аввал қабул қилмаган, лекин “тавсия қилинаётган” муайян ташкилотларга
аъзо бўлишдан бош тортади. Одамларнинг оддий фаолиятидаги бу каби ҳаракатлари ва уларнинг
одатдаги ҳаётидан маълум даража четлашиши миллий озодлик курашида иштирок этишини анча
енгиллаштиради.
Нозўравон кураш ва зўравонлик мутлақо турли услублар ёрдамида амалга оширилсада, сиёсий
бўйсинмаслик кампанияси чоғида ҳатто, чекланган даражада куч ишлатиш орқали қаршилик кўрсатиш
зиён келтириши мумкин. Негаки, бу курашни диктаторлар анча устун бўлган доирага (қуролланиш) суриб
қўяди. Нозўравон хатти-ҳаракатларда тартиб-интизомга риоя қилиш муваффақият калити ҳисобланади
ва у диктаторлар ҳамда уларнинг агентларининг фитнаси ва шафқатсизлигига қарамай, қўллаб-
қувватланиши даркор.
Куч ишлатадиган рақибга қарши нозўравон ҳаракатлар тартиб-интизомига амал қилиш ушбу курашни
ўзгартиришнинг тўртта механизмининг самарали ишлашига ёрдам беради (пастда келтирилган).
Шунингдек, нозўравон ҳаракатлар тартиб-интизоми сиёсий кураш жараёнида ҳам ўта муҳимдир. Ушбу
жараёнда тузумнинг мухолифатнинг нозўравон ҳаракатга қарши очиқ-ойдин шафқатсизлиги диктаторлар
позициясига сиёсий зарба бериб, уларнинг сафларида норозиликни юзага келтиради, қаршилик
иштирокчиларини аҳоли, тузумнинг оддий тарафдорлари ва учинчи шахслар томонидан қўллаб-
қувватланишини янада мустаҳкамлайди.
Бироқ, баъзи ҳолларда диктатурага қарши чекланган даражада бўлса ҳам куч ишлатилиши муқаррар.
Тузумга нисбатан ғазаб ва нафрат зўравонликни авжига чиқариб юбориши мумкин. Бундан ташқари
айрим гуруҳлар гарчи куч ишлатмасдан курашишнинг муҳимлигини тан олсаларда, зўравонликни
тўхтатишга рози бўлмайди. Бундай ҳолларда сиёсий бўйсинмасликдан воз кечмаслик лозим. Аммо бу
борада куч ишлатиладиган ҳаракатларни чеклаш ва куч ишлатилмайдиган ҳаракатларни янада кенг
ёйиш талаб этилади. Бу географик жойлашув, аҳоли гуруҳлари, ҳаракатлар ўтказилиши мўлжалланган
вақт ва мақсадларга нисбатан зарурдир. Акс ҳолда зўравонлик сиёсий бўйсинмасликдан янада кучли ва
муваффақиятли фойдаланишга ҳалокатли таъсир кўрсатиши мумкин.
Тарихий маълумотлар шуни кўрсатадики, сиёсий бўйсинмаслик давомида қурбонлар ва азият
чекканлар бўлиши тахмин қилинсада, уларнинг сони қуролли курашлар чоғида ҳалок бўладиган
одамларга қараганда анча кам бўлади. Бундан ташқари курашнинг ушбу тури қотиллик ва золимликнинг
олдини олиш имконини беради.
Нозўравон кураш ҳукумат ва унинг жазоларидан қўрқишни йўқотишни (ёки қўрқувни идора қилишни)
кўзда тутади ва шунга интилади. Қўрқувнинг
йўқолиши ёки уни идора қилиш диктаторларнинг аҳоли устидан ҳукмронлигини йўққа чиқаришнинг асосий
элементи ҳисобланади.
Ошкоралик, махфийлик ва юқори стандартлар
Махфийлик, алдамчилик ва яширин фаолият юритиш нозўравон курашдан фойдаланадиган ҳаракат учун
жиддий муаммони келтириб чиқаради. Кўпинча сиёсий полиция ва махфий хизматлардан мақсад ҳамда
режаларни яширишнинг иложи йўқ. Махфийлик ҳаракатнинг истиқболлилиги нуқтаи назаридан қўрқувга
боғлиқ бўлибгина қолмай, балки унинг пайдо бўлишига ёрдам беради. Бу эса қаршилик кўрсатиш руҳини
синдириб, ушбу ҳаракатда иштирок этадиган одамлар сонини камайтиради. Шу билан бирга, махфийлик
кўпинча рақибнинг хабар етказувчиси ёки агенти ким бўлиши мумкинлиги тўғрисида ҳаракат ичида ноҳақ
шубҳа ва айбловнинг юзага келишига сабаб бўлиб, ҳаракатнинг куч ишлатмаслик қобилиятига таъсир
қилиши мумкин. Режа ва мақсадларнинг ошкоралиги эса махфийликдан фарқли ўлароқ, аксинча ҳаракат
жуда қудратли эканлиги ҳақида тасаввурнинг пайдо бўлишига ёрдам беради. Албатта, сиртдан
қараганда ушбу муаммо анча мураккабдек туюлади, лекин қаршилик ҳаракатида махфийликни талаб
қиладиган муҳим жиҳатлар ҳам бор. Муайян ҳолатларда нозўравон курашнинг ривожланишидан воқиф
бўлган ва диктатуранинг кузатув воситаларини билганлар учун воқеани ишончли маълумотга асосланган
ҳолда баҳолаш талаб этилади.
Яширин нашрларни таҳрир қилиш, чоп этиш ва тарқатиш, мамлакат ичида радиоэшиттиришлардан
ноқонуний фойдаланиш, диктатура операциялари тўғрисида разведка ахборотини тўплаш юқори
даражада махфийликни талаб қиладиган махсус ҳаракатлар ҳисобланади.
Нозўравон курашда тартиб-интизомни сақлаш қарама-қаршиликнинг барча босқичларида талаб
этилади. Қўрқмаслик ва нозўравон кураш тартиб-интизомига риоя қилиш ҳар доим талаб этилади. Шуни
эсдан чиқармаслик керакки, муайян ўзгаришларни амалга ошириш учун кўпинча кўплаб одамларнинг
иштироки талаб этилади. Айни пайтда бунга ҳаракатни ташкил этишнинг юқори стандартларини қўллаб-
қувватлаш орқалигина эришиш мумкин.

Кучлар нисбатини ўзгартириш

Стратеглар сиёсий бўйсинмасликдан фойдаланадиган қарама-қаршилик ҳаракат ва қарши ҳаракатлар
узлуксиз қўлланадиган ўзгарувчан кураш майдони ҳисобланишини эсдан чиқармаслиги лозим. Бундай
курашда нисбий ва мутлақ
кучлар нисбати доимо ва тез ўзгариши мумкин. Бу ҳолат қаршилик иштирокчилари қатағонга қарамай,
куч ишлатмасдан астойдил ҳаракат қилишни давом эттирганда юзага келиши мумкин.
Бу каби зиддиятли вазиятда курашда иштирок этувчи томонлар кучлари нисбатининг вариантлари куч
ишлатиладиган қарама-қаршиликларга қараганда анча кўп бўлиб, улар тез пайдо бўлади ва сиёсий
жиҳатдан аҳамиятга эга бўлган турли оқибатларга олиб келади. Бундай хилма-хиллик туфайли қаршилик
иштирокчиларининг муайян ҳаракатлари маълум вақт ёки бу ҳаракатлар амалга ошириладиган жой
доирасидан четга чиқадиган оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу каби натижалар одамлар орасида
кенг тарқалиб, у ёки бу гуруҳни кучайтириш ёхуд заифлаштиришга ёрдам беради.
Бундан ташқари, куч ишлатилмайдиган ҳаракатни қўллайдиган гуруҳ рақиб гуруҳининг нисбий кучини
маълум даражада кучайтирадиган ёки камайтирадиган таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан,
диктаторлар шафқатсизлигига куч ишлатмасдан интизомли ва мардонавор қаршилик кўрсатиш
диктаторларнинг аскарлари ва аҳоли орасида безовталик, норозилик, ишончсизлик ёки экстремал
ҳолатларда қўзғолон кўтарилишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай қаршилик диктатурани кенг миқёсда
халқаро ҳамжамият томонидан қоралашга олиб келиши ҳам мумкин. Шунингдек, сиёсий
бўйсинмасликдан оқилона, тартибли ва изчил фойдаланиш қаршилик кўрсатишда одатда диктатурани
пассив қўллаб-қувватлайдиган ёки бу каби қарама-қаршиликларда бетараф бўладиган одамларнинг
ҳам кенг иштирок этишига сабаб бўлиши мумкин.

Ўзгаришларнинг тўртта механизми

Нозўравон кураш тўртта услуб ёрдамида ўзгаришларга эришиш мумкин. Биринчи механизмнинг қўлланиш
эҳтимоли кам. Агарда рақиб гуруҳи аъзолари нозўравон қаршилик кўрсатишнинг жасур иштирокчиларига
нисбатан қўлланилган жазо чораларидан руҳан таъсирланса ёки қаршилик ҳаракати амалга ошираётган
ишнинг адолатлилиги мақсадга мувофиқлигига ишонч ҳосил қилса, улар қаршилик ҳаракати
иштирокчиларининг мақсадларини қабул қилиши мумкин. Бу ишончни ўзгартириш механизми дейилади.
Нозўравон ҳаракат давомида ишончни ўзгартириш камдан-кам ҳолларда юз беради ва кўпгина
зиддиятли вазиятларда унчалик кузатилмайди ёки учрамайди.
Кўпгина ҳолатларда нозўравон кураш зиддиятли вазият ва жамиятни шунчалик ўзгартириб юборадики,
бундай ҳолларда рақиб ўзи хоҳлаганча ҳаракат қила олмай қолади. Айнан шундай ўзгариш қолган учта
механизмнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади: мослашиш, куч ишлатмасдан мажбурлаш ва вайрон қилиш.
Уларнинг пайдо бўлиши кучларнинг нисбий ва мутлақ нисбати демократлар фойдасига ўзгаришига
боғлиқ.
Агарда кун тартибида жиддий хусусиятга эга бўлмаган масалалар
кўтарилса, чекланган кампания давомида мухолифатнинг талаблари хавфли деб кўриб чиқилмаса,
қаршилик кўрсатиш эса маълум даражада кучлар нисбатини ўзгартирса, ушбу қарама-қаршилик битим
тузиш ёки ўзаро келишувга олиб келиши мумкин. Мисол учун, кўпгина иш ташлашлар ҳар бир томон ўз
мақсадларининг айримларига эришиши билан якунланиши мумкин. Лекин уларнинг ҳеч бири
мақсадларининг ҳаммасига эга бўла олмайди. Ҳукумат эса бундай битимни кескинликни юмшатиш,
“одиллик” таассуротини юзага келтириш ёки тузумнинг халқаро обрўсини мустаҳкамлаш учун ижобий
сифатида кўриб чиқиши мумкин. Шу сабабли муаммоларни синчковлик билан танлаб олиш зарур ва
кейинчалик мослаштириш механизми орқали шартномалар тузиш мумкин. Диктатурани ағдариш учун
кураш бундай муаммолар сирасига кирмайди.
Нозўравон кураш ишончни ўзгартириш ёки мослашиш механизмига нисбатан анча кучли бўлиши
мумкин. Ҳамкорлик қилишдан оммавий воз кечиш ва итоатсизлик ижтимоий ва сиёсий вазиятни, айниқса
кучлар нисбатини шу даражада ўзгартириб юборадики, диктатураларнинг жамиятни ижтимоий ҳамда
сиёсий жиҳатдан бошқариш қобилияти ўз-ўзидан йўқолади. Бундай ҳолларда рақибнинг қуролли кучлари
ишонсиз бўлиб қолади ва қаршилик иштирокчиларига қарши жазо чораларини қўллашга доир
буйруқларга бўйсинмай қўяди. Рақиб етакчилари ҳокимият тепасида қолиши ва аввалгидек ўзларининг
бошланғич мақсадларига интилишига қарамай, самарали ҳаракат қилиш қобилиятини йўқотади. Бу
нозўравон мажбурлаш дейилади.
Айрим экстремал вазиятларда нозўравон мажбурлашга сабаб бўлувчи талаблар аҳамиятли
натижаларни юзага келтиради. Бунда рақиб раҳнамолари ҳаракат қилиш қобилиятини йўқотади ва унинг
ҳокимият тузилмаси инқирозга юз тутади. Қаршилик ҳаракати иштирокчиларининг ўзини ўзи бошқариши,
ҳамкорликни рад этиши ва итоатсизлиги кўлами шу даража кенгаядики, рақиб уларни ҳатто, назорат
қила олмай қолади. Бюрократик аппарат ўз раҳбариятига бўйсинмай қўяди. Рақиб қўшинлари ва
полицияси исён кўтаради. Рақибнинг домий издошлари ва аҳоли собиқ раҳбариятдан ажралиб чиқади
ва уни бошқарув ҳуқуқидан маҳрум этади. Шу боис уларни ҳеч ким қўллаб-қувватламайди ва бўйсинмай
қўяди. Ўзгартишларнинг тўртинчи – рақиб тизимини барбод қилиш механизмининг мукаммаллиги туфайли
унга таслим бўлмасликнинг иложи йўқ. Негаки, бу механизм тузумни бўлакларга бўлиб юборади.
Озод этиш стратегиясини режалаштиришда ушбу тўртта механизм маълумотларини ҳисобга олиш
даркор. Баъзида улар кутилмаганда самара беради. Бироқ зиддиятлар пайтида бундай ўзгартишлар
механизмининг битта ёки бир қанчасини танлаш стратегиянинг бир-бирининг ўрнини тўлдирадиган ўзига
хос элементларини шакллантириш имконини беради. Механизмни (ёки
механизмларни) танлаш кўплаб омиллар, жумладан, курашаётган гуруҳлар кучларининг мутлақ ва қиёсий
нисбати, нозўравон курашаётган гуруҳнинг ёндашув ва мақсадларига боғлиқ.

Сиёсий бўйсинмасликни демократлаштириш самараси

Нозўравон кураш услубларидан фойдаланиш куч ишлатиладиган санкцияларнинг марказий таъсиридан
фарқли равишда сиёсий жамиятни бир қанча йўналишлар бўйича демократлаштиришга ёрдам беради.
Демократик таъсир кўрсатиш жиҳатларидан бири салбий ҳисобланади. Ушбу услуб қуролли кураш
воситаларига қараганда, ҳокимият тепасида турган намояндалар бошчилигида диктатурани ўрнатиш
ёки сақлаш мақсадида аҳолига қарши йўналтириладиган жазо чораларини қўллашни ўз ичига олмайди.
Сиёсий бўйсинмаслик ҳаракати етакчилари ўз тарафдорларига таъсир ёки тазйиқ ўтказиши мумкин,
лекин уларни ҳаракатга қўшилмагани ёки бошқа етакчилар томонга ўтиб кетгани учун қамоқхонага
ташламайди ёхуд қатл қилмайди.
Демократлаштириш жараёни самарадорлигининг бошқа томони ижобий саналади. Нозўравон кураш
аҳолига ўз озодлигига эришиш ва ҳимоя қилиш учун мавжуд ёки бўлажак диктаторларга қарши
фойдаланиш мумкин бўлган қаршилик кўрсатиш воситалирини беради. Қуйида демократлаштириш
самарадорлигининг нозўравон кураш билан боғлиқ бир қанча ижобий элементлари келтирилган:
• Нозўравон курашиш тажрибаси аҳолининг тузум таҳдидларига ва зўравонлик билан боғлиқ
жазоларга қарши туришда ишончини ҳамда қобилиятини ошириши мумкин.
• нозўравон кураш ҳамкорлик қилишдан воз кечиш ва итоатсизлик воситаларини беради ва аҳоли бу
воситалар ёрдамида ҳар қандай диктаторлик гуруҳининг нодемократик бошқарувига қаршилик
кўрсатиши мумкин.
• нозўравон курашдан демократик эркинликлар, масалан, сўз ва матбуот, мустақил ташкилотлар
эркинлиги, қатағон бошқарув олдида йиғилишлар ўтказиш эркинлиги амалиётини тасдиқлаш учун
фойдаланилади.
• нозўравон кураш жамиятнинг юқорида қайд этилган мустақил гуруҳлар ва институтларининг
сақланиб қолишига, тикланишига ва мустаҳкамланишига ёрдам беради. Улар демократияга эришиш учун
жуда керак бўлиб, аҳолининг кучини сафарбар қилиш ва ҳар қандай имкониятли диктаторнинг қудратини
чеклаб қўйиши мумкин.

• нозўравон кураш аҳолига диктаторлик ҳукуматига қарашли полиция ва қуролли кучларнинг жазо
чораларига қаршилик кўрсата оладиган услубларни беради.
• Нозўравон кураш аҳоли ва мустақил институтларга демократия йўлида ҳукумат тепасида турган
намоядаларнинг ҳукмронликни давом эттириш қобилиятига путур етказиб, уларнинг куч манбаларини
чеклаш ёки тўсиб қўйишга ёрдам берадиган воситаларни тақдим этади.

Нозўравон курашнинг мураккаблиги

Нозўравон кураш кўплаб услублар ва қатор ўзгартишлар механизмларини ўз ичга олувчи, шунингдек,
ахлоққа нисбатан маълум талабларга эга ижтимоий ҳаракатларнинг мураккаб воситаси ҳисобланади.
Сиёсий бўйсинмаслик айниқса диктатурага нисбатан самарали бўлиши учун пухта режалаштириш ҳамда
тайёгарликни талаб этади. Бўлажак иштирокчилар улардан нима талаб қилинишини яхши билишлари
керак. Бунинг учун зарур ресурсларни топиш лозим. Стратеглар эса нозўравон курашни самарали
қўллашни олдиндан таҳлил қилишлари даркор. Қуйида бу борада ўта муҳим элемент ҳисобланган
стратегик режалаштириш заруриятини кўриб чиқамиз.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares