3-боб. Куч қаердан олинади?

Ҳам озод ҳам тинч жамиятга эришиш албатта, оддий иш эмас. Бу борада катта стратегик қобилият, уюшқоқлик
ва режалаштириш талаб этилади. Энг муҳими, у куч талаб қилади. Демократлар ўз кучидан самарали
фойдаланиш қобилиятисиз диктатурани ағдариб ташлашга ва сиёсий озодликка эришишга умид қила олмайди.
Буни қандай амалга ошириш мумкин? Демократик мухолифат диктатура ва унинг кенг қамровли ҳарбий ҳамда
полиция тизимини ағдариб ташлаши учун қандай кучни сафарбар этиши мумкин? Бунинг жавоби кўпинча сиёсий
кучни тушунишни эътиборга олмасликдан иборат. Унинг моҳиятини ўрганиш унчалик қийин эмас. Бу борадаги
айрим асосий тушунчалар жуда осон.

“Маймунлар ҳукмдори” тўғрисида эртак

¤н тўртинчи асрда яшаган хитойлик оқин Лю Жининг масалида сиёсий ҳокимиятнинг эсдан чиқарилган
тушунчаси жуда аниқ ифода этилган (7).

“Чу феодал давлатида хизматкор сифатида маймунларни ушлаб турган бир чол яшаган. Чу аҳолиси уни “Жу
гонг” (маймунлар ҳукмдори) деб аташган.

Чол ҳар тонг маймунларни ўз ҳовлисида йиғиб, энг кекса маймунга қолганларни тоққа олиб чиқиш ва дарахт ва
буталардан мева териб келишни буюрар экан. Қоидага кўра, ҳар бир маймун терган мевасининг ўндан бир
бўлагини чолга бериши керак эди. Бу ишни қилмаганлар шафқатсиз калтакланарди. Ҳамма маймун қаттиқ азоб
чексада, лекин шикоят қилишга ботинолмасди.

Бир куни кичкина маймунча қолганлардан сўради: “Бу дарахт ва буталарни чол экканми?” Қолганлар: “Йўқ,
уларнинг ўзи ўсган”, – дейишди. Шунда кичкина маймунча янад сўради: “Чиндан ҳам  чолнинг рухсатисиз мева
тера олмаймизми?”  Қолганлар: “Тера оламиз”, – деб жавоб қатарди. Кичкина маймунча яна давом этибди: “Унда
нима учун биз чолга бўйсинишимиз керак, нима учун унга хизмат қилишимиз керак?”

Кичкина маймунча гапини тугатмасдан барча маймун унинг сўзларини тушунди ва жонланди.

Маймунлар ўша кеча чолнинг ухлаб қолганини кўриб, уларни ушлаб турган тўсиқларни ва қозиқдеворни бутунлай
бузиб ташлади. Улар чол омборхонада сақлаётган меваларни ҳам олиб, ўрмонга кетди ва қайтиб келишмади.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай чол очликдан оламдан ўтди”.

Ю-ли-зи шундай деган эди: “Баъзилар ўз халқини адолатли тамойиллар эмас, балки ҳийла-найранг билан
бошқаради. Бу билан улар маймунлар ҳукмдорига ўхшамайдими? Улар ўзларининг аҳмоқлигидан
шубҳаланмайди ҳам. Халқи эс-ҳушини йиғиштириб олиши билан уларнинг ҳийла-найранглари иш бермай қўяди”.

Сиёсий ҳокимиятнинг зарур манбалари

Принцип мураккаб эмас. Диктаторлар ўзлари бошқараётган одамларнинг ёрдамига муҳтож. Негаки бу ёрдамсиз
улар сиёсий ҳокимият манбаларини таъминлаш ва сақлашга қодир эмас. Сиёсий ҳокимиятнинг бундай
манбалари қуйидагиларни ўз ичига олади:
•        Обрў, одамларнинг ҳокимият қонуний ҳисобланиши ва бу ҳокимиятга бўйсиниш уларнинг ахлоқий бурчи
экани тўғрисидаги ишончи;

•        Инсон ресурслари, ҳукмдорларга бўйсинадиган, ҳамкорлик қиладиган ёки ёрдам кўрсатадиган шахслар
ҳамда гуруҳларнинг сони ва аҳамияти;

•        Тузумга муайян ҳаракатларни амалга ошириш учун ва ҳамкорлик қилувчи шахслар ҳамда гуруҳлар
томонидан тақдим этиладиган зарур қобилият ва билимлар;

•        Номоддий омиллар, одамларни ҳукмдорларга итоат этиш ва ёрдам кўрсатишга мажбурлайдиган, руҳий ва
мафкуравий омиллар;

•        Моддий ресурслар, ҳукмдорларнинг бойликни назорат қилиш ёки улардан фойдаланиш даражаси, табиий,
молиявий ресурслар, иқтисодий тизим, шунингдек, алоқа ва транспорт воситалари; ва

•        Итоат қилмайдиган ёки ҳамкорлик қилишдан бўйин товлайдиганларни бўйсиндириш ва ҳамкорлик қилишга
мажбурлаш учун қўрқитиш мақсадида қўлланадиган, тузумнинг мавжуд бўлиши ҳамда сиёсатини юритиш учун
керакли санкциялар ва жазолар;

Бироқ, ушбу манбалар аҳолининг мазкур тузумни қабул қилиши, унга бўйсиниши, кўплаб одамлар ва жамиятнинг
аксарият институтларининг у билан ҳамкорлик қилишига боғлиқ. Буларнинг иштирокини эса кафолатлаб
бўлмайди.
Тўлиқ ҳамкорлик қилиш, итоат этиш ва қўллаб-қувватлаш кучнинг зарур манбалари сонини кўпайтиради ва
албатта, ҳар қандай ҳукуматнинг ҳокимлик имкониятларини кенгайтиради.
Иккинчи томондан, халқ ва институтларнинг тажовузкорлар ва диктаторлар билан ҳамкорлигининг қисқариши
туфайли ҳукмдорлар учун зарур бўлган куч манбалари ҳам заифлашиши мумкин. Ҳукмдорлар ҳокимияти бундай
манбаларсиз кучсизланиб, охир-оқибат йўққа чиқади.
Диктаторлар хоҳлаган ишини қилиш имкониятларига хавф туғдирувчи ҳаракат ва ғояларга ўта таъсирчанлиги
табиийдир. Шу боис диктаторлар бўйсинмайдиган, иш ташлайдиган ва ҳамкорлик қилишдан бўйин
товлайдиганларни қўрқитиш ва жазолашни афзал кўради. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас. Қатағон ва ҳаттоки,
шафқатсизлик тузумга фаолият кўрсатиш имконини берадиган бўйсиниш ва ҳамкорлик қилишнинг керакли
даражасига қайтишини ҳар доим ҳам таъминламайди.
Модомики, куч манбалари қатағон бўлишига қарамай заифлашса ёки узоқ вақтгача тўсиб қўйилса, ишончсизлик
ва парокандалик диктатура учун бошланғич натижага айланади. Сўнгра диктатура ҳокимиятиниг заифлашуви
муқаррар. Вақт ўтиши билан куч манбаларининг йўққа чиқиши тузумни фалаж ёки ожиз қилиб қўйиши, жиддий
вазиятларда эса, унинг барбод бўлишига олиб келиши мумкин. Диктатура ҳокимияти сиёсий жиҳатдан ишдан
чиқиши туфайли аста-секин ёки тезда барҳам топади.
Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, ҳар қандай ҳукуматнинг эрксеварлиги ёки золимлиги даражаси, халқнинг

озод бўлиб қолиш қатъияти ва уни озодликдан маҳрум этишга қарши курашиш истаги ва қобилиятининг
ифодасидир.
Тарқалган фикрга қарши ўлароқ, ҳатто тоталитар диктатуралар ҳам ўзлари бошқараётган аҳоли ва жамиятга
боғлиқ. 1953 йилда сиёсатшунос Карл В.Дойч таъкидлаганидек: “Тоталитар ҳокимият фақат уни ҳаддан зиёд кўп
ишлатмагандагина кучли. Агар тоталитар ҳокимиятдан бутун аҳолига қарши мунтазам фойдаланишга тўғри
келадиган бўлса, унинг узоқ вақт давомида кучли бўлиб қолиши даргумон. Чунки тоталитар тузумлар ўз
фуқароларини бошқариш учун бошқа бошқарув шаклларига нисбатан кўпроқ куч талаб қилади. Бундай
тузумларга кўпроқ одамларнинг оммалаштирилган ва мустаҳкам бўйсиниш одати зарур: бундан ташқари
уларнинг зарурат юзага келганда аҳоли аксарият қисмининг фаол ёрдамига ҳам таянишига тўғри келади” (8).
Ўн тўққинзинчи асрда яшаган инглиз ҳуқуқ назариячиси Жон Остин умиди пучга чиққан аҳоли олдида
диктатуранинг аҳволини тасвирлаб берган. Остин аҳолининг аксарияти ҳукуматни йўқ қилишга қатъияти етса ва
бунинг учун жазога ҳам тайёр бўлса, у ҳолда манфур ҳукуматни, шу жумладан уни қўллаб-қувватловчиларни
ҳукумат қудрати ҳаттоки, хорижий ёрдам ҳам қутқариб қололмаслигини таъкидлайди.  Назариячининг фикрича,
курашаётган халқни доимий итоакорликка қайтариб бўлмайди (9).
Бундан олдин эса Никколо Макиавелли: ”бутун жамиятни ўз душмани деб билган ҳукмдор ўзини хавф-хатардан
йироқ қила олмайди; шафқатсизлик кўлами қанчалик кенг бўлса, унинг тузуми ҳам шунчалик заифлашиб
борваеради”, деган эди (10).
Норвегияда мард қаршилик курашчилари нацистлар истилосига қарши ва 1-бобда эслатиб ўтилган Польша,
Германия, Чехословакиянинг ва бошқа кўплаб мамлакатларнинг коммунистик тажовуз ва диктатурага қаршилик
кўрсатган ҳамда алал-оқибат Европада коммунистик бошқарувнинг ағдарилишига ёрдам берган жасур халқлари
ушбу ҳолатларни амалда сиёсий қўллашни намоён этди. Бу албатта, янги воқеа эмас. Уруш-жанжалларсиз
қаршилик кўрсатиш ҳоллари тахминан эрамиздан аввалги 494 йилдан буён маълум: ўшанда плебейлар (эркин,
аммо юридик жиҳатдан ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган қуйи синфга мансуб кишилар) ўзларининг римлик
зогадон хожаларини ёрдамдан маҳрум этган (11). Жанжалсиз кураш турли даврларда нафақат Европа, балки
Осиё, Африка, Америка, Австралия ва Тинч океани ороллари халқлари томонидан ҳам қўлланган.
Шундай қилиб, ҳукумат ҳокимиятининг қанчалик назорат қилиниши ёки назоратсиз қолишини белгиловчи учта
муҳим омил қуйидагиларни ўз ичига олади: (1) аҳолининг ҳукумат ҳокимияти чегарасини ўрнатишга нисбатан
интилиши; (2) фуқароларнинг мустақил ташкилотлари ва институтларининг ҳокимият манбаларини биргаликда
тўсиб қўйишининг қиёсий қобилияти; (3) аҳолининг розилик бериш ва қўллаб-қувватлашдан воз кечишининг
нисбий қобилияти.

Демократик ҳокимият марказлари

Давлатдан мустақил кўплаб нодавлат гуруҳлар ва институтларнинг мавжудлиги демократик жамият
хусусиятларидан бири ҳисобланади. Масалан, оилалар, диний ташкилотлар, маданий уюшмалар, спорт
клублари, иқтисодиёт институтлари, касба уюшмалари, талаблар уюшмаси, сиёсий партиялар, қишлоқлар,
яшаш жойи бўйича ассоциациялар, боғбонлар тўгараклари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари, мусиқа
гуруҳлари, адабиёт жамиятлари ва ҳоказолар шу жумласидан. Бундай органлар ўз мақсадига интилиши,
шунингдек, ижтимоий мақсадларга эришишда ўзларининг ёрдами билан жуда муҳимдир.
Бундан ташқари мазкур органлар катта сиёсий аҳамиятга ҳам эга. Улар гуруҳлар ва институционал асосни
таъминлайди. Одамлар унинг ёрдамида жамиятни бошқаршига таъсир кўрсатиши, бошқа гуруҳлар ёки ҳукумат
уларнинг манфаатларини ноҳақ камситиб, фаолият юритиши ёхуд ўз мақсадига эришишда тўсқинлик қилаётган
бир пайтда уларга қаршилик кўрсатиши мумкин. Бундай гуруҳларнинг аъзоси бўлмаган айрим шахслар одатда
нафақат ҳукумат ёки диктутарага, балки жамиятнинг қолган қисмига ҳам катта таъсир кўрсата олмайди.
Албатта, бу каби органлар мухторияти ва эркинлиги диктатура томонидан тортиб олинса, аҳоли ночор аҳволга
тушиб қолади. Бундан ташқари агар бундай институтлар марказий тузумнинг диктаторлик назорати остида
бўлса ёки назорат остидаги янги ташкилотлар билан алмаштирилса, улардан жамиятнинг айрим шахслари ва
қатламларига ҳукмронлик қилиш учун фойдаланилади.
Бироқ бундай мустақил фуқаролик институтларининг мухторияти ва эркинлиги сақлаб қолиш ёки қайтаришнинг
иложи бўлса (ҳукумат назоратидан), улар сиёсий бўйсинмасликни қўллашда жуда муҳим аҳамият касб этади.
Аҳоли ва институтлар томонидан сиёсий бўйсинмасликни қатъият билан оммавий қўллаш юқорида диктатурани
йўқ қилиш ёки заифлаштириш бўйича келтирилган мисолларнинг умумий хусусияти ҳисобланади.
Юқорида зикр этилганидек, ушбу куч марказлари аҳолига диктаторлик бошқарувига тазйиқ ўтказиш ёки қаршилик
кўрсатишда ёрдам берадиган институционал асосни таъминлайди. Келажакда бу марказлар озод жамиятнинг
муҳим таркибий асосининг бир қисмига айланади. Шу тариқа уларнинг мустақиллигини сақлаб қолиш ва
ривожлантириш кўпинча озодлик кураши муваффақиятининг мажбурий шарти саналади.
Агар диктатура жамиятнинг мустақил органларини барбод қилса ёки назорат остига оладиган бўлса,
курашчилар янги мустақил ижтимоий гуруҳлар ёки институтлар ташкил этиши, сақланиб қолган ёхуд қисман
назорат қилинадиган органларга демократик бошқарувни қайтариши муҳимдир. 1956-1957 йилларда
Венгриядаги инқилоб вақтида бир неча ҳафтага бўлсада, институтлар ва ўзини ўзи бошқариш органларининг
бирлашган тизимини ташкил этган кўплаб ҳақиқий демократик кенгашлар фаолият кўрсатди. 1980 йилнинг
охирида ишчилар Польшада яширин Бирдамлик касаба уюшмаларини ташкил этди, айрим ҳолларда эса
коммунистик бошқарув остида бўлган расмий касаба уюшмаларни ҳам ўз назоратига бўйсиндирди. Бу каби
институционал ўзгаришлар жуда муҳим сиёсий натижаларга эга олиб келиши мумкин.
Албатта, бу  диктатурани кучсизлантириш ва ағдариб ташлаш осон ёки ҳар бир уриниш муваффақият
келтиради, дегани эмас. Шубҳасиз, кураш қурбонларсиз бўлмайди. Диктаторлар малайлари аҳолини
ҳамкорликни тиклашга мажбурлаш ва бўйсиндириш учун қарши зарба бериши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Бироқ юқорида келтирилган ҳокимият таҳлили диктатурани қасддан ағдариб ташлаш мумкинлигини кўрсатади.
Диктатура оқилона қўлланиладиган сиёсий итоатсизликка нисбатан ўта таъсирчан қилиб қўядиган ўзига хос
хусусиятларга эга. Қуйида ушбу ҳолатларни батафсил кўриб чиқамиз.

                                                  

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares