Tаъзия

Malohat Eshonqulova va onasi Zulfiya momo bilan birga

Жорий йилнинг 8 август куни Самарқанд вилояти Оқдарё туманида «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатининг Ўзбекистон бўйича собиқ раҳбари, таниқли журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулованинг волидаи муҳтарамаси Зулфия Эшонқулова 92 ёшида оламдан ўтди.
10 нафар фарзандини оқ ювиб, оқ тараган Зулфия аянинг кенжа фарзанди бўлмиш Малоҳат Эшонқулова «Бирдамлик» ХДҲда ишлаб юрган чоғларида ўзининг ўткир қалами, одил ва ҳақ сўзи, ўтли ва оташин мақолалари, сиёсат майдонидаги ёрқин позицияси билан эл-юрт назарига тушишга муваффақ бўлди. Давримизнинг довюрак аёли мамлакатимизда чуқур илдиз отган ноҳақликлар, адолатсизликлар, сансоларликлар, кўзбўямачиликлар, юлғичликларни аёвсиз фош этишда жонбозлик кўрсатиб, ўзига яраша обрў-эътибор қозонди. Адолат ва диёнат истаган журналист ҳар қандай хавф-хатарларга қарши дадил ва мардона курашиб, топталаётган инсон ҳуқуқларини тиклашда фаол иштирок этди. Шу тариқа нафақат Ўзбекистонда, балки узоқ-яқин хорижий давлатларда ҳам энг кўзга кўринган журналистга, ҳуқуқ фаолига айланди.
Малоҳатнинг мана шундай тўғрисўз, иймон-эътиқодли, зиёли инсон бўлиб вояга етишида, албатта, падари бузруквори-ю волидаи муҳтарамасининг ўрни беқиёс. Минг афсуски, бугун забардаст журналист, эл ишига камарбаста Малоҳат Эшонқулова ўз ҳаётида беқиёс ўринга эга бўлган, етти иқлим етти фалакдаги энг буюк зоти — Онажонидан жудо бўлди. Начора, ўлим ҳақ! Биз, Малоҳат Эшонқуловага волидаи муҳтарамаси вафоти муносабати билан чуқур таъзия билдирамиз. Илоҳим, ўзбек элига мард ва жасур фарзандлар ато этган қаҳрамон она — Зулфия Эшонқулованинг жойлари жаннат, охиратлари обод бўлсин, Аллоҳ раҳматига эришсин! Бетакрор журналист Малоҳат Эшонқулова ва унинг яқин қариндош-уруғларига сабр-бардош тилаймиз.

Баҳодир Чориев,
«Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракати  етакчиси.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info