«БИРДАМЛИК» ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИ: ҲАР БИР ИНСОН МУЛКДОР БЎЛИШГА ҲАҚЛИ

Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти, мамлакатни Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига хилоф равишда 25 йил давомида узлуксиз бошқариб келган Ислом Каримов вафотидан кейин жорий йилнинг 8 сентябрь куни Тошкентда биринчи марта Каримов иштирокисиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасидан таклиф қилинган саноқли мутассади шахслар, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этган мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш тўғрисида»ги масала муҳокама қилинди.
Қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматулла Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибасини, аҳоли ўртасидаги ҳурмат-эҳтиромини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклиф билан мурожаат қилди.
Н. Йўлдошевнинг мазкур таклифи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан етарли даражада қонунан ва мукаммал талқин қилинмай, ҳеч қандай эътирозларсиз маъқулланибгина қолмай, ҳатто мажлис иштирокчилари — сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, депутатлар ва сенаторлар томонидан тўла-тўкис қувватланди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига юклаш тўғрисида қўшма қарор қабул қилинди.
Шу тариқа Бош қомусимиз яна поймол бўлди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96-моддасида: «Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилади», дейилган. Демак, биз янги ҳукумат ўзининг илк фаолиятини адолатсиз йўл билан бошлади, дея оламиз. Бунга тўлиқ асосимиз бор. Чунки қонунга кўра Н. Йўлдошев ўз хоҳиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришдан воз кечса, у ҳолда Сенат бу лавозимни вақтинча бошқаришга Сенат сафидан бошқа шахсни тайинлаши керак. Бундай ҳолатда эса, Н. Йўлдошев автоматик равишда Сенат раислигидан озод этилади. Аммо бизда бундай бўлмади. Конституциямизга заррача парво қилинмади.
Эндиликда ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ўз ҳукмини чиқариши шарт. Бундан ташқари Республика Бош прокурори қонун бузилганини қайд қилиб ўз протестини киритиши лозим. Агар шундай қилинмаса, халқнинг бу мамлакатда адолат ўрнатиш мумкинлигига нисбатан ишончи йўқолибгина қолмай, келгуси сайловлар адолатли тарзда ўтишига ҳам мутлақо ишонмайди.
«Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига юклагани тўғрисидаги қабул қилинган қўшма қарорни адолатсиз қарор, деб ҳисоблайди.
Шунингдек, Ҳаракат жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида мухолифатдаги «Бирдамлик» ХДҲнинг иштироки таъминланишини талаб қилади. Агар «Бирдамлик»нинг талаби қондирилса, давлат томонидан ҳаракат раҳбари ва аъзоларининг хавфсизлиги тўла кафолатланса, у ҳолда Ҳаракат раҳбари, таниқли мухолифат вакили, демократик давлатлар томонидан ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлган сиёсий арбоб, дунё ҳамжамияти назарига тушган сиёсатчи Баҳодир Чориев ўз она-Ватанига қайтиб, Ўзбекистонда Қурултой ўтказишга ва навбатдаги сайловда ўз номзодини қўйишга тайёр.
Зеро, «Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракатининг асосий мақсади, ҳар бир инсон, ҳар бир оилани МУЛКДОРлар сафида кўришдан иборат. «Бирдамлик» ХДҲ ҳар кимнинг ўз мулки, бойлиги, пули, ери бўлиши ҳамда мамлакатда мулкдорлар сони кўпайиши тарафдори.

«Бирдамлик» Халқ Демократик ҳаракати матбуот хизмати

Copyright © 2018 Birdamlik.Info