Баҳодир Чориев: Президент сайловида қатнашишга ҳаракат қиламиз

Баҳодир Чориев! Бу ном ҳозирги кунда фақат ўзбекистонликлар орасида эмас, узоқ-яқин чет эллардаги сиёсий элита вакиллари-ю, сиёсат оламида ҳам жуда яхши таниш. Албатта, ўзбекнинг оддий ўғлони бундай мавқега осонликча эришмаган. Эсини танигандан бери тинимсиз ўқиш, изланиш, ҳаётни зийракона кузатиш, ён-атрофга теран кўз билан боқиш, юртдошларининг қалбига йўл топиш сари интилиш, уларнинг дарду ноласини, қувончу шукуҳини моҳирона илғаш, фақат меҳнат ва яна меҳнат қилиш эвазига эришган.

Баҳодир Чориев халқининг бой, бадавлат, тадбиркору мулкдор, ишбилармон, омилкор, ҳар бир юртдошининг ўз ишига эга бўлишини, она-юртини ривожланган, тараққий топган демократик давлатлар қаторида кўришни, барча соҳа-ю жабҳаларда адолат устувор кучга эга бўлишини, сайловлар демократик тамойилларга мос тарзда адолатли ўтишини сидқидилдан хоҳлади. Бироқ, афсуски, унинг бу каби хоҳиш-истаклари «адолатпеша» ҳукмрон доира вакилларига кўпам ёқавермади. Натижада Ўзбегим деб ўзининг тинч-осуда ҳаётидан воз кечган бир инсоннинг бошига кетма-кет қора кунлар ёғилди. Қора курси, панжара орти… Шу тариқа Баҳодир Ҳасан ўғли бошини қуйи эгиб, киндик қони тўкилган, болалиги, пошшалиги кечган, олтин даври бўлмиш ёшлиги ўтган севимли диёридан, меҳнати синган, пешана тери тўкилган воҳасидан, заминидан бош олиб кетди…

Қуйида айни пайтда АҚШда яшаётган сиёсий арбоб, мухолифат фаоли, «Бирдамлик» Халқ-демократик ҳаракатининг асосчиси ва лидери Баҳодир Чориев билан суҳбатимизни ўқинг.

— Баҳодир Ҳасанович, 2004 йилнинг 10-апрелида илк фаолиятини бошлаган «Бирдамлик» Халқ-демократик ҳаракати бугун нафақат Ўзбекистонда, шу билан бирга, узоқ-яқин хорижий давлатларда ҳам ўз нуфузига эга Ҳаракатга айланишга улгурди. Бундай обрў-эътиборга осонликча эришмаганликларингизни фаолиятларингиздан хабардор кишилар яхши билишади. Айтингчи, Ҳаракатга асос солаётган пайтларингизда ўз олдиларингизга қандай мақсадлар қўйган эдингизлар?

— 2001 йилнинг 2 январида Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан адолатсиз, ноҳақ қамалишим ортидан ҳаётим остин-устун бўлиб кетди. Тергов, суд жараёнлари, қамоқдалигимда кўрган-кечирганларим ҳамда кейинчалик «Кеш» очиқ турдаги ҳиссадорлик жамиятининг менга қарашли 60.5% акцияларини ҳокимият, ҳатто вазирликларнинг аралашуви билан тортиб олишга бўлган уринишлар менинг мавжуд тузумга нисбатан фикримни тамомила ўзгартириб юборди. Мен шу тариқа Ўзбекистондаги мавжуд тузум сиёсий ислоҳотларга муҳтож, деган қарорга келдим.

2003 йилдан бошлаб пикет ва сиёсий тадбирларда фаол қатнашишни бошладим. Бу давр ичида Ўзбекистондаги мавжуд мухолифат ташкилотлари вакиллари, шу жумладан, уларнинг кўзга кўринган фаоллари билан яқиндан танишдим. Кузатувларим жараёнида «мамлакатда мухолифат бор, аммо Каримов режимига қарши кучли стратегия, сиёсий платформа зарур», деган тўхтамга келдим. Мухолифатчилар позициясини кузатиб борарканман, бу давр ичида ана шундай гуруҳлардан биронтасининг фаолияти мени ўзларига жалб қила олмади. Мени нозўравон кураш стратегияси ниҳоятда қизиқтирарди. Шу сабабли 2004 йилнинг 10-апрелида нозўравон курашга таянган «Бирдамлик» ҳаракатини ташкил этдим. Кейинчалик биз «Бирдамлик» Халқ-демократик ҳаракатига айландик.

Яширмайман, сиёсий фаолиятимни бошлаган чоғимда менда умуман сиёсий амбиция йўқ эди. Фақат бир мақсад: ўзбек мухолифатига етишмаётган, унга зарур бўлган сиёсий платформани ташкил этиш ва мухолифатни ушбу платформага таклиф қилиш эди. Афсуски, бу борада мени ўзбек мухолифати яхши тушунмади ёки тушунишни истамади. Улар ўзларича менинг сиёсий фаолиятларимни салбий баҳолар, ҳатто баъзи бирлари «Бирдамлик» ҳаракатини ҳукумат тузиб берган, деган ёлғон хабарларни тарқатиб юрарди. Энг ачинарлиси, шу пайтларда бизга бир томондан ҳукумат турли хил босимлар ўтказиб келган бўлса, иккинчи томондан «Эрк» ва «Бирлик» партияларининг етакчилари ва унга яқин бўлган ҳамфикрлари фаолиятимизга қарши курашиб келди. Улар ҳар хил бўхтон ва ёлғонлар тарқатиб, бизга нисбатан душманона кайфиятда бўлиб, фойдасиз курашиб келди. Вақт олий ҳакам, бугун кимнинг кимлиги ҳаммага аниқ ва равшан бўлиб қолди. Ахир биз Ҳаракатга мухолифатдаги партиялар ёки ҳукуматдаги бир ҳовуч амалдорлар билан курашиш мақсадида эмас, балки ўзбек халқининг фаровонлигини ошириш, юртимизда мулкдорлар сонини кўпайтириш, элимизни ҳуқуқий-демократик давлатга айлантиришга ҳисса қўшиш ниятида асос солган эдик.

— Кўпчилик «Бирдамлик» ХДҲнинг шу пайтгача фақат ўз кучи ва салоҳиятига, тажриба ва билимига таянган ҳолда Президент Ислом Каримовнинг режимига қарши нозўравон усул билан курашиб келганидан воқиф. Бугун Сизу бизнинг орамизда Каримов йўқ. Президентнинг бемаврид ҳаётдан кўз юмуши Ўзбекистонда сиёсий вазиятни тубдан ўзгартириб юборди, десак хато бўлмас. Бу омил сиёсий амбицияларингизга таъсир қилмадими, яъни келгусида Ўзбекистонда бўлиб ўтажак Президент сайловларида иштирок этишга оид фикрларингизни ўзгартириб юбормадими?

— Биз, албатта келажакда президент сайловларига қатнашишга ҳаракат қиламиз. Каримовнинг тўсатдан вафот этиши биз учун ҳам кутилмаган ҳол бўлди. Лекин шунга қарамай биз доимо ташкилотимиз ва ўзимизнинг ғоя ва мақсадларимиз устида ишлаб келдик. Бугунги кунда биз ўзбек мухолифати ичида энг кучли ва ташкилотчилиги пухта йўлга қўйилган Ҳаракатмиз. Партияга айланишга деярли тайёр ҳолда турибмиз. Бироқ бугун молиявий томондан қўлимиз анча калталик қилмоқда. Етарли даражада маблағ ва молия тополсак, биз, албатта сайловга қатнашамиз. Аммо ҳозирги ҳукумат бизни сайловларга қатнаштирмасликка, фаолиятимизга сунъий тўсиқлар қўйишга интилиши аниқ. Ҳукумат барибир ана шундай тутум тутади, бизга қарши бош кўтаради, деб биз қўл қовуштириб ўтирмаймиз. Агар биз молиявий масалаларни ҳал қилолсак, сайловларда фаоллигимиз анча ошади. Бугунги кунда ҳамма нарса молияга боғлиқ!

— 2015 йилда мамлакатимизда бўлиб ўтган Президент сайловида чет давлатларда яшаётган мухолифат лидерлари сайловга ўз номзодларини қўйиш учун астойдил чоғланганди. Улар орасида Сиз ҳам бор эдингиз. Аммо мавжуд тузум дастаклари Сизларнинг Президент сайловида иштирок этишларингизга тиш-тирноғи билан қарши чиққач хорижда Виртуал сайлов комиссияси ташкил этилганди ва Сиз 9 нафар номзод орасидан виртуал сайлов ғолиби, деб топилгандингиз. Назаримда, Сизнинг виртуал сайлов ғолиби бўлишингизга бошқа номзодлар билан ўтказилган дебатлардаги мустаҳкам позициянгиз ва кучли сайловолди дастурингиз туртки берганди. Амалдаги диктатура ўрнига оммавий мулкдорликка, қонун устуворлигига асосланган давлат қуришга доир ғояларингиз, пахта монополиясини бекор қилишга, тадбиркорликни ривожлантириш учун тўсиқ бўлаётган сунъий омилларга, кичик ва ўрта бизнесни кенг ёйишга оид позицияларингиз кўпчиликка мақбул келган эди. Бу сафарги дастурингиз ҳақида гапириб бера оласизми?

— Бу сафаргиси ҳам деярли олдингисидай, аммо бу сафар биз кўпроқ маорифни ислоҳот қилишга эътибор қаратяпмиз. Кенгроқ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларга ҳам ўрин берилган. Яъни, келажакда Ўзбекистон Мулкдорликка асосланган демократик давлат бўлсин!

— Баҳодир Ҳасанович, мамлакатда адолатли сайлов ўтказилишига эришилса ва бунинг натижасида «Бирдамлик» Халқ-демократик ҳаракати ҳукумат тепасига келса, у ҳолда Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида қандай ўзгаришлар юз беради?

— Биз ўз дастуримиз ва режамизда келтирилган барча қисмларни бажаришга ҳаракат қиламиз. Бунинг натижасида Ўзбекистон ривожланаётган давлатлар қаторидан ўрин олади. Маориф, тиббиёт, маданият соҳалари тубдан ислоҳ қилиниши натижасида аҳвол ижобий томонга ўзгаради. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш омиллари кескин яхшиланади. Иқтисодиёт ривожланади. Қўшни давлатлар билан иқтисодий интеграцияга киришамиз. Ўзбекистон дунё бозорига ўз брендлари билан кириб, ўз ўрнини топади. Валюта кирими ортади, мамлакатда пахта монополияси бекор қилинади, ерлар хусусийлаштирилади. Валюта қора бозорига барҳам берилади. Мамлакатда ишсизлик тугатилади. Коррупция йўқ қилинади. Мамлакатда демократик қадриятлар кучаяди, матбуот, сўз эркинлиги, ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кенгаяди.

— Сизнингча, Марказий Осиё минтақасида жойлашган давлатлар ва халқларининг энг катта муаммоси нимада?

— Менимча, энг катта муаммо давлат бошқарувидаги яккаҳокимлик. Агар минтақа давлатлари кучли демократик платформага ўрнашиб, яккаҳокимликдан воз кечса минтақада муаммолар кўлами камаяди ва ҳар қандай бюрократик ҳаракатларга аста-секин барҳам берилади.

Суҳбатдош: Рўзибой Азимий

Copyright © 2018 Birdamlik.Info