Ҳурматли юртдошлар! Қадрли сафдошлар!
Мана, 2018 йил ҳам тарихга айланмоқда. Саноқли дақиқалардан кейин сайёрамизга 2019 йил кириб келади.
Ӯтаётган йилимизни сарҳисоб қиларканмиз, бу йилда ӯзбекистонликлар бир-биридан қизиқ воқеа, ҳодисаларга гувоҳ бӯлди. Тан олиш керакки, поёнига етаётган йил юртдошларимиз учун ӯтган йиллардагидан кӯра анча оғир кечди. Ӯзбек халқи ӯтган йиллардагидек иқтисодий аҳвол яхшиланишини, сиёсий муҳит ойдинлашишини, ҳаётимизни фаровонлик забт этишини, ижтимоий, маънавий-маърифий, маиший муаммолар қисман бӯлса-да ҳал этилишини орзу қилиб, умидлар оғушида яшади.
Ӯтаётган йилда бир-биридан ташвишли, бир-биридан хатарли қонунлар қабул қилинди, амалиётга тадбиқ этилди, қимматчилик авж нуқтага чиқди ва бу омил давом этмоқда.
Орқада қолаётган йил мухолифатдаги Ӯзбекистон «Бирдамлик» Халқ демократик ҳаракати учун ҳам осон йил бӯлмади. Амалдаги Ӯзбекистон ҳукумати «Бирдамлик» ХДҲ фаолиятини чеклаш билан астойдил шуғулланди, Ҳаракатимизнинг эмин-эркин ишлашига, сиёсий майдонда ӯз ӯрнига эга бӯлишига ҳар хил усуллар орқали қаршилик қилиб келди.
2018 йилда «Бирдамлик» фаоллари ва аъзолари кучли босим ва таъқибларга дуч келди. Лекин шундай қийинчиликларга, адолатсизликларга қарамасдан, биз «Бирдамлик» ХДҲни ӯз олдимизга қӯйган мақсадимизга кӯра Партияга айлантириш ташаббусимиздан орқага чекинмадик. Бизга ӯтказилган ҳар хил босим ва таъқиблар сиёсий фаолиятимизга раҳна сола олмади ва ишонамизки, бундан кейин ҳам раҳна сола олмайди.
«Бирдамлик» ХДҲ мамлакатимиздаги сиёсий муҳит ниҳоятда қийинлигига, ҳукуматнинг мухолифатга тоқатсизлигига қарамасдан 15-16 ноябрь кунлари қӯшни Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида ӯзининг Иккинчи қурултойини ӯтказишга журъат эта олди, бел боғлай олди. Гарчи Қурултойнинг ӯтказилишига Ӯзбекистон ва Қозоғистон давлат ҳукуматлари жиддий тӯсқинлик қилган бӯлса-да, «Бирдамлик» ӯз олдига қӯйган мақсадларига эришди. Ӯзбекистон ҳукуматининг биз билан ҳисоблашиши бизга ғалаба келтирди, биз ғалаба қозондик! 15-16 ноябрь кунлари мухолифатдаги «Бирдамлик» ХДҲ Партияга айланди. Иккинчи Қурултой муваффақиятли ӯтди. Қурултойда янги ташкил топган партиянинг Низом ва Дастурлари тасдиқланди, келгуси режалар муҳокама қилинди. Шу боисдан 2018 йилни «Бирдамлик» сиёсий ташкилоти учун омадли йил бӯлди, дея айта оламиз. Шу билан бирга, поёнига етаётган йилда «Бирдамлик» ХДПга ихтиёрий равишда аъзо бӯлувчилар сони аввалгидан янада кӯпайганини ҳам ютуғимиз деб қабул қилсак бӯлади.
Қадрли ватандошлар, азиз сафдошлар!
Кириб келаётган 2019 йилда биз «Бирдамлик» ХДП бундан ҳам улкан ютуқларга эришамиз, деган ниятдамиз. Мана шундай эзгу ниятларимизни рӯёбга чиқариш учун биз бир тану бир жон бӯлиб курашишимиз тақозо этилади. Ӯзбекистонимизни ҳақиқий демократик, қонунлар устувор бӯлган, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан бақувват давлатга айлантириш йӯлида «Бирдамлик» атрофидаги жипсдорлигимиз янада мустаҳкамланишига тилакдошман. Бу йӯлда Сиз азизларга сабр-тоқат, бардошлик, матонатлилик тилайман.
2019 йил барчамизнинг хонадонимизга қувонч ва шодлик, зафар ва муваффақият, бахт ва омад олиб кирсин! Ҳаммангизга соғлик-саломатлик, узоқ умр ёр бӯлсин. Юртимиз тинч, хонадонларимиз обод бӯлсин!
Янги йилингиз муборак бӯлсин!
Баҳодир Хон Туркистон,
«Бирдамлик» ХДП етакчиси ва асосчиси