Ӯзбек халқида «Бӯладиган бола 15 ёшда бошман дейди, бӯлмайдиган бола эллик ёшда ёшман дейди», деган пурмаъно мақол бор. Бугун ӯзининг 15 ёшини нишонлаётган «Бирдамлик» Халқ Демократик партиясини мазкур мақолдан келиб чиққан ҳолда ва албатта кӯпчилик сиёсатчилару зиёлилар тавсифига биноан «бӯладиган бола» деб эътироф этсак, хато бӯлмас. Бу эътирофларимизни «Бирдамлик» ХДП ӯтган 15 йил давомида сиёсий майдонда ӯз нуфузига эга бӯлгани, паст-баланд йӯллардан дадил одимлаб келаётгани, мамлакатда сиёсий вазият оғир бўлишига қарамасдан илк ташкил топган кунида танлаган позициясидан ортга қайтмагани, аксинча позицияларини янада такомиллаштириб бораёгани яққол тасдиқлайди.
Ўз фаолиятини 2004 йил 10-апрелда бошлаган «Бирдамлик» Халқ Демократик партияси ўтган йиллар ичида эл-юрт орасида ўз обрўйига, мартабасига эга бўлиб, нуфузли сиёсий ташкилотга айланди. Бетиним саъй-ҳаракатларимиз туфайли «Бирдамлик» дунёдаги машҳур сиёсий элита вакиллари ва сиёсат оламидаги донгдор арбоблар тилига тушди. Бугун 15 ёшини нишонлаётган «Бирдамлик» Халқ Демократик партияси учун, айниқса, ӯтган 2018 йил синовли йил бӯлди.
2018 йил 15-ноябрда биз «Бирдамлик»нинг навбатдаги Қурултойини Ӯзбекистоннинг янги ҳукуматининг ҳар қандай қаршиликларига, босим ва таъқибларига, таҳдидларига қарамасдан белгиланган куни юксак савияда, кӯтаринки руҳда ӯтказишга эришдик. Худди шу куни «Бирдамлик» Халқ демократик ҳаракатини «Бирдамлик» Халқ Демократик партиясига айлантиришга муваффақ бӯлдик.
Гарчи, «Бирдамлик»нинг қӯшни Қозоғистон Республикасидаги Чимкент шаҳрида бӯлиб ӯтиши белгиланган Қурултойига Ӯзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари жиддий қаршилик қилган бӯлса-да, мени Ӯзбекистон ва Қозоғистонга киришимга жиддий қаршилик қилиб, чегарадан ӯтказмаган бӯлса-да, биз аъзоларимиз билан бирга, барибир ӯз олдимизга қӯйган мақсадларимизга эришиб, бизнинг демократик тамойилларимизга қарши бӯлган Шавкат Мирзиёев етакчилигидаги амалдаги ҳукумат устидан ҳақиқий сиёсий ғалаба қозондик.
Эслатиб ӯтамиз, ҳар қандай зулму зӯравонликларга қарамасдан «Бирдамлик» шу кунга қадар учта қурултойини ӯтказишга муваффақ бӯлган сиёсий ташкилотдир. «Бирдамлик»нинг 2009 йилда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган Биринчи Қурултойида бошқа вилоятлардаги фаолларнинг иштирок этишига қаттиқ қаршилик кӯрсатилди. Шу сабабли «Бирдамлик»нинг Биринчи Қурултойи Конференция шаклида қолдирилди. Ниҳоят, биз Иккинчи Қурултойни АҚШнинг Сент-Льюс шаҳрида 2014 йилнинг 26-27 апрель кунларида ўтказишга муваффақ бўлдик. Учинчи Қурултойни эса юқорида таъкидлаганимдек, ӯтган йилнинг 15-ноябрида уюшқоқлик билан ӯтказдик.
Ўтган йиллар давомида «Бирдамлик» ХДПнинг сафи сезиларли даражада кенгайди.
Бугун мамлакатимизда ҳуқуқий, адолатли, демократик давлат барпо этишга, мулкдорликка асосланган қудратли жамият қуришга ҳисса қўшиш мақсадида астойдил ҳаракат қилаётган, сиёсий, иқтисодий ва бошқа ислоҳотларга оид қатор ғоялари билан халқ ичида мартабаси ошиб бораётган «Бирдамлик» ХДП ўзининг 15 йиллигини нишонламоқда.
Ишончимиз комилки, «Бирдамлик» ХДП келгусида ўз олдига қўйган мақсадларга, албатта эришади. Фурсатдан фойдаланиб, мен Партиямизнинг барча фаолларини ҳамда бизга хайрихоҳ дӯст-биродорларимизни ҳамда барча маслакдошларимизни «Бирдамлик» ХДПнинг 15 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.
Сизларга мустаҳкам соғлик, метин ирода ва олдимизга қӯйган мақсадларимизга эришиш йӯлида сабот ва матонат тилайман.
15 ёшинг муборак бўлсин, «Бирдамлик»!
Баҳодир Хон Туркистон,
«Бирдамлик» Халқ Демократик партиясининг лидери.