«Бирдамлик» Халқ демократик партиясининг Ӯзбекистондаги фаоллари Тошкентда навбатдаги йиғилишини ӯтказдилар. Йиғилишда Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги фаоллари иштирок этди.
Мажлисда «Бирдамлик» ХДПнинг охирги Қурултойида қабул қилинган Низом ва дастурлари бӯйича мамлакатимизда қилиниши лозим бӯлган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бирга, йиғилишда «Бирдамлик» ХДПга ихтиёрий равишда аъзо бӯлувчиларни жалб қилишда сусткашликка йӯл қӯйилмаслик масалалари ҳақида сӯз борди, уларни ва Партия фаолияти билан қизиқувчиларни Партиянинг Низом ва дастурлари билан яқиндан таништириш лозимлигига алоҳида урғу берилди.
Партия раҳбарияти «Бирдамлик» ХДПнинг mulkdor.com, birdamlik.info сайтлари ва интернетдаги бошқа саҳифалари ҳамда Телеграмдаги канали фаолияти олдингидан кӯра қисман сустлашганини, мухбирлар ва фаоллар долзарб мақолалар ва хабарлар ёзишда сустлик қилаётганини куйинчаклик билан таъкидлади.
Муҳокама чоғида Партиянинг журналистлари uz. доменидан янги сайт яратишни ва рўйхатдан ўтган сайтга қонуний журналистларни ишга қабул қилиш таклифини илгари суришди. Мана шундай имкониятлардан унумли фойдаланилса, келажакда ўқувчилар сони кескин ошишини билдиришди.
Йиғилишда «Бирдамлик» ХДП етакчиси, таниқли сиёсатчи ва ӯзбек мухолифатининг энг фаол вакили Баҳодир Хон Туркистоннинг «Наврӯз» байрами муносабати билан табриги тадбирда иштирок этган ва эта олмаган барча фаолларга етказилди. Анжуман сӯнгида «бирдамлик»чилар байрам дастурхонига таклиф этилди.
«Бирдамлик» ХДПнинг Матбуот хизмати