Таваллуд кунингиз муборак бўлсин!

Баҳодиржон!!!

Таваллуд кунингиз муборак бўлсин!

Bahodir Choriyev do'stlari davrasidaШундай Сизнинг қутлиқ кунда менинг айтганларимни, худди отангиз айтганидай тушунинг, чунки худо раҳматига олган бўлсин Падари Бузрукворингиз Хасан ака ва Волидаи мукаррамангиз Норой янгамизни таниган барча шахрисабзликлар ҳурматларига лойиқ бўлишса, улар ўз фарзандларини хам яхши инсонлар қаторидан кўришни ният қилиб тарбиялаганлар ва бу йўлдаги уларнинг чеккан узоқ ва баракали захматларининг бекор кетмаганидан улар жуда миннатор эканлигини кўрган барча дўст ва биродарларингиз дунёнинг қайси бурчакларида бўлмасин Сизга катта муваффақиятлар билан мустаҳкам саломатлик тилаган ҳолда ўз табрикларини йўлламоқдалар.
Отангиз Хасан ака билан Сизнинг Шахрисабз туман ҳокимиятида учрашиб қолганимиздан, у киши билан дилдан яқин бўлиб қолганимизни укаларингиз билишмасада, сиз яхши биласиз, негаки нима гапирсак ҳам гапларимиз ва фикрлашимизнинг ягона йўналишда бўлиб кўп йилларни кечирганимизни бугун мен эслаб, у киши билан учрашишнинг иложсизлигидан ва соғинганимдан ва қандайдир қимматли нарсам сувга оқиб кетгандай бўлиб қоламан. Лекин Сизларнинг тотув ва сиҳат саломатлигингизни ва ўзларингиздан кўпайиб  улкан ишларни аҳиллик билан бажариб келаётгандарингизни кўриб ачинган кўнглим дилимдан кўтарилиб узоқ умир ва ишларингга барака тилайман ва барибир Хасан аканинг соппа соғ эканлари холда унинг Сизлар билан гапларимиз бир жойдан чиқиб кўп вақтни ўтказиб, хазил мутояба ва шахмат билан кеч бўлганини ёки тог отаётганини ҳам сезмай қолган вақтларни эслайбераман.

 Хасан ака чиндан хазилкаш, дилкаш, лов этса ўчиши қийинроқ, қўрқишни билмайдиган дангал ва менга у кишининг энг ёқадиган томонлари адолатпарвар инсон эдилар.

Эссиз шундай забардаст соғ ва тетик, олов қалб, халқ деса жонини аямайдиган Хасан ака каби инсонларни излаб топиб, уларни қамаб азоб берадиган, «золим пошшо»нинг қахрли ва шафқатсиз қийноқлари  кишиларнинг кўплари қамоқдан чиққанларидан сал ўтмай вафот этадилар ва унинг барча орттирган дўстлари ким қаерда бўлмасин, у киши диктатор Каримовнинг халққа қилаётган аёвсиз зулмларини қаттиқ танқид қилгани ва бор хақиқатни айтгани учун, Хасан аканинг аввал фермер хўжалигини сурбетларча талашиб, сўнг қамаб, унинг қисқа вақт ўтмасдан хеч ким кутмагандаги ўлимини ҳам, ёвуз диктаторининг яширин буюртмаси билан амалга оширилган эканини сезган ҳолда, барча каби унинг яқин дўстлари қалтираб жипслашган муштумларимизни қисиб қолавердик.

Шундай қора кундан уч кун ўтиб, муҳолифатнинг оташ қалб укамиз файласуф олими Абдуфаттоҳ Маннаповнинг дадалари Тўлаган ота ҳам касалхонадан янги соғайиб чиққан пайтларида Хасан отанинг вафотларини эшитган кунлари хафа бўлганлари учунми, тонгга яқин жон таслим қилибдилар.

Ўзбек халқига қирон келтирган бу золимнинг қизини «Озодлик»да ёқлаб чиққанингиздан нафратланиб ўша куни мен сизга тушунмай нималарни вайсаб юборганимни ҳам ўзим билмай қолдим, бунинг учун мени авф этасиз, чунки Баҳодиржон, нима қилай юрагимдагиларни тўкиб солдимда холос

Кейин телефонимни отиб юбориб ҳаёл қилдим, дарров Хасан аканинг гаплари эсимга келди, бир гапим ёқмади шекилли, тарбия топмай, отасиз ўсган етимлигим учунми ёки, қуш уясида кўрганини қилар эканми билмайман, Хасан ака ҳам бир тортишиб қолганимизда: Ёдгор ака, сиз мендан баттар жиззаки экансизку, ахир ўйлаб кўринг, хар бир одамда оз бўлсада кечиримлилик ва «бағри кенг»лик ҳам бўлиши керакку, деганларида ўзимни босолмай қолганлигимни сезиб, Хасан акадан кечирим сўраб кетаман деб ўринларидан сапчиб турган кишига ялиниб, жойларига зўрға қайта ўтирғизганимни эслаб, чуқур афсусга ботдим..

Бундай сўзларимни бугун айтмасам кеч бўлиши ва сиз мени бутун умирга кечирмаслигиниз мумкинлиги учун бу Сизга кутилмаган табрик бўлди ва бунинг учун ҳам Сиз «чақалоқдан» кечирим яна сўрамоқчиман. Мен сиздан уч йилча бурун айтганда: Баҳодиржон давлатни бошқариш осон нарса эмас, яна қанақа давлатни, биров бузиб кетган давлатни тиклаш, ахир бу шахматдаги доналарни тиклаш эмаску, деганимда бироз ўйлаб:  Ака, мен ҳам кичкинагина «давлат»ни, Шахрисабздаги «Кеш»жамоа хўжалигини бошқариб кўрганман,  кўп нарсаларни ўрганса бўлар экан инсонга, аммо Каримовнинг тузими: Келажак ёшларимизники деб туриб, ёшларнинг хатоларини тузатишга «бағри кенглик» қилиб ёрдам берайлик, демасдан айни қалби олов билаклари кучга тўлган ёшларимизни бўлмағур баҳоналар билан минглаб ёшларни қамаб қатоғон қиляпдику,   айниқса менинг ўғирликни фош этишда чидамсиз эканим учун, Каримов тузимига аралашиб кетолмаганим учун ҳам кўролмай қамашди.

Лекин мамлакатни обод ва фаровон қилиб халққа мумкин бўлган енгиллик, уларнинг озод ва эркин яшашларига шароитлар яратиб, Ўзбекистон иқтисодини равнақ топишида учрайдиган муаммоларни ҳал қилишда ақлим этмаган ерларда Каримовдай ўзим биламан деб чираниб юраберсам, яна ўша қоронғулик, қашшоқликка юз тутишимиз керакми?

Мен қандай бет билан шармандалик қилиб, ўзи йўқ «ютуқлар ва ғалабалар» тўғрисида алжирамаслик учун давлатимиз халқи орасидаги унинг доно олимлари тадбиркорларигача яқин муносабатда алоқаларни юзага келтирган давлатни бошқариш тарафдориман, чунки халқимга бор кучимни йиғиб хизмат қилишга қасам ичиб уни оқлашим керак акс ҳолда, мен ватаним олдида оқпадарлик қилиш бу юзсизлик билан атрофимдаги сафдошларимга ҳам шармандалик эмасми мен Алишер бобомиз айтганларку: «Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим» деб, олимлар биринчидан ақли баркамол инсонлар, иккинчидан улар халқимизнинг барча тилак ва орзуларини амалга оширишдаги энг унумли омилларни ва кашфиётларнининг бунёдкорлари билан маслаҳатлашиб давлатни бошқарсам, бунинг қаери хато.

Каримов фақат ўзи билимдон, унинг гапи гап, академикми, унга бир тийин бўлса, унинг устига «юртбошиман» деб «ўғрибошилик қилса, мана 24 йил ўтиб? Ўзбекистонда бирор яхши томонга бурилиш бўлдими?  Ана шу ерда сизнинг гапларингиз тўппа тўғри, эканига ишонч қилиб навбатдаги қалампир сепилган гапларимни дарҳол тўхтадим.

Чунки менда ҳам қаранг аста секинлик билан ўша дўстим Хасан аканинг гаплари таъсир этиб, улар ҳам айтганларидек  ўзимнинг «бағрикенглик»қилабошлаганимдан ўзим мамнун эдим. Энди гапнинг индоллоси, диктатор Каримовни ағдариш сизга албатта мендан кўра аниқроқ ва қимматли информациялар келабошлаган,  мен хохлар эдимки, бир соат бўлса ҳам тезроқ диктатор Каримовни лавозмидан ағдариб Ўзбекистон Республикасини хаққоний МУСТАҚИЛ ва ДЕМОКРАТИК Республикага айлантириш киришиб ва  ўзбек халқи озод ва эркинлик ва фаровонликка  чиқариш йўлидаги курашда муваффақиятларга эришиб, ўзингизга келажакда ғайрат ва сихат саломатлик тилаб қоламан.

Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг

78 ёшга яқинлашаётган Фахрийси,
        мустақил журналист Ёдгор Турлибеков 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares