Мухолифатчиларнинг Координация Маркази

Д A С Т У Р

 

 

Дунёда моддият кўп нарсалардан устун туради. Ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаётида моддий имкониятларга эришиш муҳим ўрин эгаллайди. Шу боисдан, аксарият ғоялар, мафкуралар, дастурлар моддият билан боғлиқ ҳолда яратилади, моддият устида қурилади ва бу омил мутлақо нормал ҳолат саналади.

Табиийки, моддият тушунчаси мухолифатчиликда ҳам устувор кучга эга. Буни баъзи инсонларнинг мухолифат сафига моддий аҳволини яхшилаш ниятида кириб келиши тасдиқлайди. Шунингдек, ҳуқуқсизлик ва ҳар хил адолатсизликлар натижасида моддий имкониятларини йўқотган кишилар ҳам мухолифат майдонидан ўзлари учун пана излашга мажбур бўладилар.

Жамиятда мана шундай ҳолатлар мавжудлигини инобатга олиб, биз 2024-йилнинг 10-октябридан бошлаб, мамлакат ичидаги ва ташқарисидаги Ўзбек мухолифатчиларини Мирзиёев тузумига қарши курашга чақириш, чиркин тузум устидан ғалаба қозонишга ундаш мақсадида Мухолифатчиларнинг Координация Маркази (бундан кейин МКМ) — МКМни ташкил қилишга қарор қилдик.

МКМнинг асосий вазифалари:

– бутун дунёдаги Ўзбек мухолифатини бирлаштириш;

– амалдаги зулмкор сиёсий тузум —диктатор Мирзиёев ва тўдаси томонидан бошқарилаётган тузумга узил-кесил барҳам бериш;

– Каримов-Мирзиёев бошқаруви даврида барча чин мухолифатчиларга етказилган моддий, иқтисодий, маънавий зарарларни ҳисоблаб чиқиш;

– Каримов-Мирзиёев бошқаруви даврида чин мухолифатчиларга етказилган моддий, иқтисодий ва маънавий зарарларни тузум раҳнамолари ва уларнинг ҳамкорлари ҳамда оила аъзолари орттирган ноқонуний бойлик, мол-мулклар ҳисобидан мухолифатчига тўлиқ ундириб бериш;

– Каримов-Мирзиёев бошқаруви даврида ҳар хил туҳмат ва бўхтонлар асосида қамоққа олинган мухолифат вакилларини реабилитация қилиш, уларга қамоқда қолган йиллари учун тегишли бадал ундириб бериш;

– Каримов-Мирзиёев бошқаруви даврида сиёсий таъқиб ва босимлар туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган чин мухолифатчиларнинг сиёсий, ҳуқуқий обрўсини тиклаш, улардан ноқонуний тортиб олинган Ўзбекистон фуқароси мақомини қайтариш ва мухолифатчиларга йўқотган йиллари учун бадал ундириб бериш;

– Каримов-Мирзиёев бошқаруви даврида ўғирланган, талон-тарож қилинган ерости ва ерусти бойликларидан олинган ва йўқотилган даромадларни тўлиқ ҳисоблаш ва даромадлар қаерга йўналтирилганини, агар камомад мавжуд деб топилган бўлса унинг қандай келиб чиққанини аниқлаш, шунингдек, топилган ва тўда томонидан ўзлаштирилган даромадларни халққа тенг тақсимлаш;

– Каримов даврида тузилган ва имзоланган, Мирзиёев даврида қайта тузилган ва имзоланган “Табиий газ қазиб чиқариш ва сотиш тўғрисида”ги Шартномани бекор қилишда иштирок этиш;

– Каримов-Мирзиёев даврида ерусти бойлиги — “инсон ресурси” сифатида сотилиши ортидан талафотга ва зарарга учраган меҳнат мигрантларига етказилган зарарларни қоплаб бериш.

Янги тузилган МКМ юқорида келтирилган вазифаларни ағдарилган Мирзиёев тузуми ўрнига келган ва мухолифатдан ташкил топган янги ва адолатли ҳукуматга тақдим қилиб, ҳукумат ёрдамида қонуний, яъни адолатли суд ҳукми асосида чора кўради.

Мухолифатчиларнинг Координация Маркази — МКМ:

– ўзини мухолифат вакили деб ҳисоблаган;

– МКМга мурожаат қилган ва рўйхатдан ўтган;

– зулмга қарши курашиш йўлида моддий бойликларини йўқотган;

– барча имкониятларидан маҳрум бўлган;

– сиёсий тузум етказган зулм ортидан кўрган моддий ва маънавий зарарларини факт ва далиллар асосида аниқ ва таниқ кўрсатган;

– буларнинг барчасини мухолифатдаги бирор бир сиёсий ташкилотга аъзолиги билан тасдиқлай оладиган барча юртдошларимизга ўзларига етказилган моддий зарарларни қоплаш учун етарли даражада имкон беради;

– МКМ, бундан ташқари, мухолифатчиларни янги моддий манфаатларга эришишда қўллаб-қувватлайди.

МКМдан рўйхатдан ўтган ҳар бир мухолифат фаолининг аризаси ўрганилгач ва тасдиқ топгач улар кўрган моддий ва маънавий зарар миқдори умумий ҳисоботга қўшилади.

МКМдан рўйхатдан ўтган мухолифаат фаоллари ўз аризаларида ўзларига моддий зарар келтирган Ўзбекистондаги амалдорнинг (амалдорларнинг) исм-шарифини, лавозимини, бошқарув субъекти номини тўлиқ келтириши шарт.

МКМдан рўйхатдан ўтган мухолифат фаоли мамлакатда сиёсий тузум ўзгаргандан ва бошқарувга янги ҳукумат келгандан кейин тузумдан ўзлари кўрган моддий зарарларни ундиришни истаса МКМ ёрдамида судга мурожаат қила олади.

МКМ янгидан шакллантирилган суд тизими қарори асосида мухолифат вакилига етказилган моддий зарарни (зарарларни) айнан уларга моддий зарар етказган амалдорнинг ноқонуний тўплаган бойликларини ундириш ҳисобидан жабрланувчининг талабини қондиради.

Aгар амалдор ихтиёрида даъвогар мухолифат фаолининг зарарини тўлиқ қоплаб бериш учун бошқа моддий бойлик қолмаса, унда МКМ янги ҳукумат ва суддан жабрланувчига етказилган моддий зарарни бошқа амалдор ҳисобидан ундириш бўйича суддан янги қарор чиқаришини сўрайди. Ҳар қандай тақдирда даъвогар —мухолифат фаолининг моддий зарарни қоплаш бўйича даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилади. Бироқ бу борада моддий зарарларини тўлиқ ундириш истагида бўлган мухолифат фаолидан сиёсий жиҳатдан ҳамиша фаол бўлиш талаб қилинади, акс ҳолда унинг даъвоси тўлиқ қаноатлантирилмаслиги мумкин.

Мухолифат сафига янгидан қўшилган ва шу пайтгача ҳеч қандай моддий зарар кўрмаган мухолифат фаоллари келгуси сиёсий фаолияти давомида амалдорларнинг саъй-ҳаракатлари билан моддий зарар кўргудек бўлса, улар ўзларига етказилган моддий зарарларни моддий зарар етказган давлат амалдоридан ундиришга ҳақли. Бундай ҳолатда амалдорнинг уй-жойи, мулки, бойликлари зарарларни қоплаш учун манба бўла олади.

МКМ мухолифат сафига янгидан қўшилган фаолларга эҳтиёжга монанд ҳолда янги ҳукумат томонидан уларга бепул турар-жой, квартира, участка, автомобиль бериш чораларини тадбиқ этади. Бу ишлар Каримов-Мирзиёев тарафдорлари ва қўлловчиларидан, Мирзиёев ва унинг оиласи, қариндошларидан мусодара қилинган барча мол-мулклар ҳисобидан ҳал этилиб, мухолифатчилар ўртасида тенг тақсимланади.

Ўз вақтида Мирзиёев командасидан чиқиб, мухолифат билан бирга халқ ҳимоясига ўтган давлат амалдорларининг мол-мулки, бойликлари тўлиқ ёки қисман сақланиб қолиши ҳамда янги ҳукумат томонидан қонунийлаштирилиб, легаллаштирилиб берилиши, шунингдек, уларнинг гуноҳи кечирилиши мумкин. Шу боисдан, МКМ куч ишлатар тизимлари ходимларига зудлик билан Мирзиёев тузумига хизмат қилишни тўхтатишни сўрайди ва огоҳлантиради.

Маълумки, Ўзбекистонда ҳеч бир давлат амалдори ойлик маоши ҳисобидан уй-жой ёки автомобиль сотиб ололмайди. Бундай мол-мулк эгасига айланиш учун амалдор 99 % даромадни коррупция ва порахўрлик ортидан топишга мажбур бўлади. Бу эса, барча амалдорларнинг мол-мулки, бойлиги таркибида халқнинг пули ҳам мавжудлигини англатади ҳамда талаб ва даъво қилишга бемалол асос бўлади.

Мухолифатчиларни координациялаш маркази асосан мухолифатчиларни ҳимоя қилиш билан шуғуллангани учун асосий эътиборни мухолифатчиларга қаратади. Лекин МКМ Каримов-Мирзиёев даври амалдорлари ва ҳар иккала президентнинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари, қуда-андалари, дўст-бирадорлари ўзлаштирган бойликларда 37 миллион халқнинг улуши борлигини тан олади ва агар бошқарувга келган янги ҳукумат 32 йилдан бери ўзлаштирилган, талон-тарож қилинган, растрата йўли билан ўмарилган барча бойликларни мусодара қилиб халққа тенг тақсимлаш ғоясини илгари сурса, унда МКМ янги ҳукуматга хайрихоҳ бўлади.

МКМ амалдорларнинг ноқонуний топган бойлик, пул, мол-мулкларини қонуний мусодара қилдиришга эришиш орқали мамлакатда камбағалликни қисқартириш, қашшоқликка барҳам беришга ҳисса қўшиб, соҳада адолатга эришилишига ёрдам беради.

Дарҳақиқат, аҳолининг катта қисмида моддиятга интилиш юксак кўрсатгичга эга эмас, аммо улар мамлакатда ҳокимият ўзгаришидан, сиёсий ва бошқа ислоҳотлар амалга оширилишидан, қонунчилик яхши ишлашидан, иқтисодиётнинг ривожланишидан, ойликларнинг ошишидан манфаатдор. Бу каби орзуларнинг рўёбга чиқиши учун эса, албатта, сиёсий фаоллик лозим бўлади. Шу сабабли юртдошларимизга МКМга аъзо бўлишни таклиф қиламиз. Зотан, ҳаммамиз орзуларимиз ушашилиши учун курашишга ва фаравон яшашга ҳақлимиз!

Мухолифатчиларнинг Координация Маркази раҳбари,
Баҳодир Хон Туркистон

 

Email: birdamlik@gmail.com

10-январь, 2025 йил.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info