ТАНҚИД КЕЛАЖАК МЕВАСИ ЭКАНИГА УМИД

 

(Пойтахт Вашингтондаги Озод Европа ва Озодлик Радиоларининг Бош қароргоҳига ташриф)

15 – май 2014 йил, кундузи, АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида жойлашган Озод Европа ва Озодлик Радиоларининг Бош қароргоҳига (Radio Free Europe and Radio Liberty) Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг раис Баҳодир Чориев, Ҳаракатнинг сиёсий ишлар бўйича масъули Абдуфаттоҳ Маннопов, Ҳаракат  Бошқарув Ҳайъатининг аъзоси Ботир Норбоев ташриф этди. Улар Радионинг Мулоқотлар бўлимининг Алоқа Мудири жаноб Мартинс Званерс (Martins Zvaners) билан учрашишди.    

 Озод Европа ва Озодлик Радиолари

Учрашувда Баҳодир Чориев, Абдуфаттоҳ Маннопов, Ботир Норбоев “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг ўн йил давомида Ўзбекистоннинг якка хокими ва унинг мустабид тузумига қарши олиб борган ва бораётган серқирра сиёсий, амалий, назарий ва ташкилий нозўравон кураши, жорий йилнинг 26 – 27 апрелида ўтган Ҳаракатнинг Қурултойи борасида гапириб беришди.

Уларни Озод Европа ва Озодлик Радиоларининг Бош қароргоҳига бошлаб келган асосий сабаб, Радионинг Алишер Сиддиқ бошчилик қилаётган, Ўзбек Хизмати фаолиятидан қониқмаслик эканини  таъкидлашди. Бу қониқмаслик заминида ётган баъзи сабабларни эслатиб ўтмоқчимиз:

1) Алишер Сиддиқ ва ака – ука Бобожоновлар жонбозликлари туфайли, Радионинг Ўзбек Хизмати фаолияти “Сариқ радио ва нашрни” эслатаётгани, ушбу Хизмат Ўзбекистондаги муҳим, долзарб муаммоларни четлаб, майда – чуйда, ўта бачкана, ўзбеклар руҳиятига зид мавзуларни кўтариш ва маълумотларни тарқатиш билан кўп вақт ўтказишларидан келиб чиқади.

2) Радионинг Ўзбек Хизмати фаолиятида жуда кам вақт ва диққат, Каримов диктатурасининг зулми, адолатсизликлари ва ёлғонини, нозўравон фуқаровий кураш орқали бартараф этишга белбоғлаган, Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатига берилади. Маълум эътибор бўлса, у албатта хатолар, уйдирмалар билан аралаш амалга оширилади.

3) Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг Қурултойига журналистлар Галима Буҳарбоева Берлиндан (Германия), Марина Яновская Москвадан (Россия), Раҳимтой Бегалиев  Чимкентдан  (Қозоғистон), Ульям Райт Лос-Анжелосдан (Калифорния, АҚШ) келишди. Лекин “Озодлик”дан ҳеч ким келгани йўқ.

4) Ҳеч ким келмагани у ёқда турсин, “Озодлик” Қурултой ҳақида нотўғри маълумотларни баралла тарқатиб, “Бирдамлик” Қурултойининг обрўсини тўкишга хизмат қилди.  “Озодлик” айтгани: Сент-Луисдаги қурултойда Ўзбекистон ташқарисида истиқомат қилаётган мухолиф қарашдаги йигирма чоғли ўзбекистонлик иштирок этди”.     ( Қаранг: http://www.ozodlik.org/content/article/25364787.html  )

5) Юқоридаги иддаонинг мутлақо ёлғонлигини Қурултойда иштирок этган  журналист Марина Яновскаянинг қуйидаги кўрсатмаси очиқлайди: “Ўтган дам олиш кунлари АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг Қурултойи бўлиб ўтди, унда элликка яқин АҚШ, Канада, Россия, Қозоғистон ва Германиядан келган кишилар иштирок этишди”. (Қаранг: http://www.fergananews.com/news/22132 ) Марина Яновская фақат Туркиядан келган Қурултой вакилини ёддан чиқарган, холос.

 

6) “Озодлик” тарқатган маълумот: Нозўравон кураш йўлини танлаган “Бирдамлик” қурултойида Баҳодир Чориев яна бир овоздан ҳаракат лидери этиб сайланди”.

(Қаранг:   http://www.ozodlik.org/content/news/25364601.html     )

7) Қурултойда иштирок этган  журналист Марина Яновская эса қуйидагиларни ёзди: “Қизиқарли, он-лайндаги овоз беришда Чориев номзодига битта қарши ва иккита бетараф бўлди. Лекин бу умумий манзарани буза олмади”. (Қаранг: http://www.fergananews.com/news/22132 )

Демак, Баҳодир Чориевни “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг раиси этиб сайлаш демократик бўлган ва унга бир Қурултой вакили қарши, икки вакил бетараф бўлишига қарамай, у кўпчилик овоз билан сайланган.    “Озодлик” бу масалада ҳам нотўғри маълумотни тарқатган.

8) Қурултойда муҳокама қилинган Дастур ва унинг кўрсатмаларини ҳаётга тадбеҳ қилиш ҳақидаги бош маъруза, Низом ва у борасидаги маъруза “Озодлик” тарафидан ҳатто эсланмади. “Озодлик”нинг Қурултойимиз борасида берган маълумоти хатолар билан тўла, юзаки, номига бўлди.

Бу эса демократия, ҳуррият уруғларини сепиб, уларни ўстириб келаётган Озод Европа ва Озодлик Радиосининг, шаҳобчаси бўлмиш Ўзбек Хизмати олдига қўйган мақсад ва вазифаларига зид эканлиги ҳаммага тушинарли бўлса керак. Танқид келажак меваси дейишади, балки бу тўғридир.

Учрашув ҳамкорлик, ҳамдардлик  руҳида ва дўстона ўтди.

 “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИНИНГ МАТБУОТ МАРКАЗИ

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares