Жиззах вилоят ИИБ ходимлари Алиқул Саримсоқовга зудлик билан Зоминга қайтишини амир қилди

FotoFlexer_Photo“Бирдамлик”нинг Жиззах вилоят бўлими етакчиси Алиқул Саримсоқов тиниб-тинчимайдиган фаоллардан бири.

У 20 йилдирки ўз вилоятдоши бош вазир Шавкат Мирзаёв билан беллашиб келади.

Бу гал ҳам Қурилтой олди Алиқул Саримсоқовни бир неча кун олдин пойтахтга бош вазир билан бўлган курашлар сурони бошлаб келганди.

25 апрел куни кечга яқин Саримсоқовнинг қўл телефони чақириб қолди.

Жиззах ИИБ идораси ходимларининг чорлови бўлган ушбу қўнғироқ эгаси Алиқул Саримсоқовга ҳеч бир сабаб кўрматмасдан зудлик билан ортига, Жиззахга қайтишини ва ИИБ идорасига учрашиши лозимлигини буюрди.

“Сиз 26 апрел куни эрталаб соат 9.00 да ички ишлар идорасида бўлишингиз шарт” дея амир қилди гўшак ортидаги овоз. Сабаб, важ-карсонлар кўрсатилмади.

– Гарчи айни дамда Тошкентда бўлсам-да Қурилтойда иштирок эта олмайдиган кўринаман. Негадир мени Жиззахдан ИИБ идорасига чақиришмоқда. Соат 9.00 га етиб боришим шарт экан. Қайтишга мажбур бўлмоқдаман, – дейди масала моҳиятидан мутлақо бехабар Алиқул Саримсоқов ҳайрону лол ҳолатда.

Маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг фикрича, Жиззах влиоят ички ишлар идоралари ходимлари Саримсоқовнинг Қурилтойда иштирок этишига халал бериш мақсадида ҳеч бир сабабсиз ортга қайтишини талаб қилишмоқда.

Ҳеч қандай ғайриқонуний ҳаракат қилмаган, ноқонуний ишга қўл урмаган фуқарони телефон орқали ортига – Жиззахга қайтаришга уринишдан, ИИБ идорасига ҳеч бир важсиз чақиришдан муддао не?

Таъқибнинг навбатдаги турими бу?

 

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати матбуот Хизмати

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares