“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати мақсад йўлида ўзларини ҳоҳ ўтга, ҳоҳ тошқин тўлқинга ота оладиган, сув келса симириб, тош келса кемирадиган ўта қатъиятли инсонлардан ташкил топган.
Ҳаракатнинг Навоий вилоят фаоллари Камола Суннатова ва Дилдора Боймуродовалар ана шундай ўтюрак фаоллар сарасига киради.
Илгари хабар берганимиздек, гарчи уйи куч ишлатар тизимлар қуршовида қолган бўлишига қарамасдан, ИИБ ходимларининг дўқ-пўписаларини писанд қилмаган “Бирдамлик”чилар Кармана туман ИИБ Жиноят Қидирув бўлими ходими Зоҳид Уроқовнинг қабулидан чиқибоқ, уйларига қараб эмас, аксинча, Қурилтойда иштирок этиш мақсадида айланма йўллар орқали Тошкент томон қочиб қолишга мажбур бўлишганди.
Маҳаллий вақт билан соат 16.45 ларда “Бирдамлик” фаоллари ўтирган жамоат транспорти Самарқанд постида обдон текширувдан ўтказилди.
Сўнги хабарларга кўра, Камола Суннатова ва Дилдора Боймуродоваларни Самарқанд ДАН постида яна ўша – Кармана туман ИИБ жиноят Қидирув бўлими ходими Зоҳид Ўроқов кутиб олган.
Бу гал Самарқнад ДАН постида Карманалик ҳамкасбига кимсан Навоий вилоят Ички ишлар бошқармаси жиноят Қидирув бошқармаси бошлиғи Соҳиб Равшановнинг шахсан ўзлари ҳамроҳлиқ қилган.
Жиноятчиларга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Соҳиб Равшанов жанобларига ўзга муҳим юмушлар қуриб қолган шекилли, айни дамда улар бор диққат эътиборларини “Бирдамлик”чиларга, Қурилтойда иштирок этиш истагидаги фаолларга тўрт ташлашга қаратганлар.
Самарқанд ДАН постида қўлга олинган “Бирдамлик” фаолларининг фуқаролик паспортлари Навоий вилоят ИИБ Жиноят Қидирув бошқармаси бошлиғи жаноб Соҳиб Равшанов томонидан куч билан тортиб олинди ва Тошкент сафарига отланган Камола Суннатова ва Дилдора Боймуродовалар айни дамда куч ишлатиш йўли билан Навоий вилоят ИИБ идорасига олиб кетилмоқда.
Воқеалар тафсилотидан огоҳ бўлишни истаган журналист ҳамкасбларимиз +99898 7782060 – рақами соҳиби бўлган Навоий вилоят ИИБ Жиноят Қидирув бошқармасининг зўравон ходимлари билан боғланиб кўришлари мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, Каримов ҳукуматининг кучи ногирон, бева аёллар ва балоғатга етмаган ёшларни қўрқитиш, уларга йўлтўсарлик қилиш, ўтакаларини ёриб, айбсиз айбдор қилиш, қонун номидан ғайриқонуний иш қилишдан ўзга бирор бир савобли юмушга асло етмаган, етмайди ҳам.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот Хизмати